Муваффақиятли инсонларнинг 7 кўникмаси

Text
Read preview
Mark as finished
How to read the book after purchase
  • Read only on LitRes Read
Муваффақиятли инсонларнинг 7 кўникмаси
Font:Smaller АаLarger Aa

1 қисм
Парадигма ва тамойиллар

ИЧКАРИДАН – ТАШҚАРИГА

Бу дунёда тўғри яшашдан айрича мукаммаллик мавжуд эмас.

ДЕВИД СТАР ЖОРДАН

Камина йигирма беш йилдан буён тадбиркорлик, олий таълим, никоҳ ва оила масалалари билан шуғулланаман. Бу вақт мобайнида ақл бовар қилмас зоҳирий муваффақиятларга эришган шахслар билан мулоқотда бўлдим. Уларнинг кўпчилиги бошқалар билан соғлом алоқа ўрнатиш, шахсий хотиржамлик ва самарадорликка ич-ичидан муҳтож эди.

Улар эътироф этган мана бу муаммолар сизга ҳам таниш бўлса керак:

– Мен карьера масаласида ўз олдимга қўйган барча мақсадларимга эришиб, улкан муваффақият қозоняпман. Лекин бу шахсий ҳаётим эвазига бўлди. Мен энди рафиқам ва болаларимга гўё бегонадекман. Ҳатто ўзимни ҳам таний олмай қоламан, ўзим учун аслида нима муҳимлигини ҳам аниқ билмайман. Шунда ўзимга савол бераман – эришганларим чиндан ҳам шунча қурбонликка арзийдими?

– Мен яна парҳез қилишни бошладим – шу йил ҳисобида бу бешинчиси. Ортиқча вазнга эгалигимни яхши биламан ва ўзгаришни, қоматимни тартибга келтиришни истайман. Шунга дахлдор нима янги маълумот учраса, қолдирмай ўқиб бораман, олдимга қатъий мақсад қўяман, ўзимни руҳлантириб, парҳез қилиш қўлимдан келишига ўзимни ишонтираман. Аммо барибир охиригача уддалай олмайман. Парҳез бошлаганимдан бир неча ҳафта ўтгач, иштиёқим сўнади. Мен шунчаки ўзимга берган ваъдамни бажаришга ожизлик қиламан.

– Самарали бошқарувни ўргатувчи бир нечта курсларга қатнашдим. Ходимларимга нисбатан талабчанман, лекин уларга ҳамиша тўғри ва дўстона муносабатда бўлишга астойдил ҳаракат қиламан. Таассуфки, улардаги садоқат ҳиссини туймайман. Тобим қочиб, бир кун ишга бормасам, барча ходимлар асосий вақтини иш қолиб, гап сотиб ўтказадигандек гўё. Нима учун уларни мустақил ва масъулиятли бўлишга ўргата олмайман? Наҳот ўзим истагандек хислатларга эга ишчиларни топишни ҳам эплолмасам?

– Ўсмир ўғлим жуда қайсар, боз устига, гиёҳванд моддаларга ружу қўйган. Қанча уринмай, менга умуман қулоқ солмайди. Нима қилсам бўлади бу вазиятда?

– Бажаришим керак бўлган ишлар жуда кўп, вақтим етмайди. Ҳафтада етти кун, йигирма тўрт соат кучли босим остида ва муаммолар гирдобида юргандек бўламан. Буларга барҳам бериш учун вақтни тўғри тақсимлаш бўйича семинарларда иштирок этдим, турли хил усулларни синаб кўрдим. Қайсидир маънода улар менга ёрдам берди. Шундай бўлса ҳам, ҳаётим ҳануз ўзим истагандек бахтли, самарали ва осуда эмас.

– Фарзандларимни меҳнаткашликка ўргатишни истайман. Аммо уларга бирор юмушни бажартириш давомида ҳар бир ҳаракатини кузатишимга, адоғи йўқ нолишларини тинглашимга тўғри келади. Бу ишларни ўзим бажарсам, осонроқ битади. Нега энди болалар ўз юмушларини ўзлари истаб, хурсандчилик билан бажармайди?

– Мен бандман – чиндан ҳам бандман. Лекин баъзан қилаётган ишларим охир-оқибат ниманидир ўзгартирармикан деб ўйлаб қоламан. Мен чин юракдан ҳаётимда мазмун борлигига, менинг мавжудлигим муҳим аҳамият касб этишига ишонгим келади.

– Дўстларим ёки қариндошларим муваффақиятга эришаётганини, ютуқлари туфайли эътироф этилаётганини кўриб, хурсанд бўламан ва завқ-шавқ билан уларни табриклайман. Бошқа тарафдан, ичимни ит тирнай бошлайди. Нега ўзимни бундай ҳис қиламан?

– Менинг иродам жуда кучли. Аниқ биламан: деярли барча муносабатларда натижани ўзим назорат қила оламан. Кўпинча бошқаларни ўзим истаган ечимга кўндириш орқали бунга эришаман. Ҳар бир вазиятни кўздан кечириб, фикрим ҳаммага бирдек маъқул бўлади деган хаёлга бораман. Шу билан бирга, ўзимни ноқулай ҳис қиламан. Бошқалар мен ва менинг фикрларим ҳақида қандай ўйларкин деб қизиқаман.

– Оилавий ҳаётим издан чиқди. Турмуш ўртоғим билан уришмаймиз, жанжаллашмаймиз; биз шунчаки ортиқ бир-биримизни севмаймиз, холос. Вазиятни тўғрилашга уриндик, мутахассислардан маслаҳат олдик. Бари – бефойда. Қачонлардир бўлган ҳис-туйғуларни қайтара олмайдиганга ўхшаймиз.

Буларнинг бари жуда чуқур ва оғриқли муаммолардир. Уларни қисқа муддатда ҳал қилишнинг асло иложи йўқ.

Бир неча йил муқаддам, рафиқам Сандра иккимиз худди шунга ўхшаш муаммо билан курашгандик. Ўғилларимиздан бирининг мактабдаги ўқиши оқсарди. Унинг ўзлаштириши пасайиб кетган, синовлардан муваффақиятли ўтиш тугул, ҳатто тест йўриқномаларини ҳам эплаб тушуна олмасди. Боз устига, одамлар билан муносабатда жуда ғўр бўлиб, тез-тез яқинларининг юзини ерга қаратиб қўярди. Шунингдек, фарзандимизнинг жисмоний ҳолатига ҳам ҳавас қилиб бўлмасди. У заиф, озғин ва бесўнақай эди. Масалан, оддийгина бейсбол ўйинида, таёқни копток ҳавога ирғитилмасидан аввалроқ силкитиб юборарди. Бошқалар уни мазах қиларди.

Сандра билан ўғлимизга қандай ёрдам беришга бошимиз қотганди. Муваффақиятли бўлиш ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида, жумладан, ота-оналик бурчини адо этишда ҳам муҳим эканлигини ҳис қилдик. Шунинг учун фарзандимизга бўлган муносабатимизни ўзгартириб, унинг хулқи билан жиддий шуғуллана бошладик. Ижобий фикрлаш усулларидан фойдаланиб, ҳар бир юмушда руҳий далда беришга интилдик. Мисол учун, бейсбол ўйнаётган ўғлимизга шундай дердик: «Бўлақол, болам! Сен буни уддалайсан! Сенга ишонамиз! Иккала қўлинг билан бейсбол таёғини ушла ва бироз баландроқ тут. Коптокдан кўзингни узма. Копток сенга яқинлашмагунча, таёқни силкитма». Шундан кейин, агар ўйинда бироз яхшиланиш кузатсак, уни янада кўпроқ рағбатлантирдик: «Баракалла, ўғлим! Шундай давом эттир!»

Фарзандимизнинг устидан кулганларга:

– Болани тинч қўйинг: у эндигина ўрганяпти, – деб танбеҳ берардик. Шундай дамларда ўғлимизнинг мижжаси ёшга тўлар, ҳеч қачон бу иш қўлидан келмаслигини, умуман, бейсболни жинидан бешбаттар ёмон кўришини айтиб йиғларди.

Хуллас, фарзандимизни муваффақиятли қилиш учун уринишларимиз зое кетгач, чиндан ҳам ташвишга тушиб қолдик. Унинг ўзига бўлган ишончи тобора пасайиб борарди. Ўғлимизни руҳлантиришга, хайрихоҳлигимизни кўрсатишга ҳар қанча ҳаракат қилмайлик, такрор ва такрор муваффақиятсизликка учрадик. Шунда ниҳоят бир қадам ортга чекиниб, вазиятга бошқа томондан қарашга қарор қилдик.

Айнан ўша пайтлари касбий фаолиятимда янги лойиҳага жалб этилдим. Бу лойиҳа етакчиликни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқишдан иборат эди. Мижозлар турфа хил бўлиб, улар бутун мамлакат бўйлаб тарқалганди. Хусусан, мен IBM компаниясининг Ижровий ривожлантириш лойиҳаси иштирокчиларига мўлжалланган ўқув-машғулот дастури тайёрлашга киришдим. Икки ой давом этадиган дастур мулоқот ва идрок мавзусида эди.

Шу мавзу юзасидан изланиб, тақдимотлар тайёрлар эканман, идрокнинг шаклланиш ва ишлаш механизмига қизиқиб қолдим. Шу боис, «Умидворлик назарияси», шунингдек, ўз-ўзини бажо келтирувчи башоратлар, бошқача айтганда, «Пигмалион эффекти»ни чуқур ўрганиб чиқдим. Идрокимиз нақадар чуқур аҳамиятга эга эканлигини англаб етдим. Ўрганганларимдан маълум бўлдики, биз атрофни, ундаги вазиятларни махсус линза орқали кўрамиз. Шундай экан, бирор ҳодисани таҳлил қилаётганда, нафақат вазиятга, балки вазиятни кўрсатаётган линзага ҳам эътибор қаратишимиз зарур. Чунки ана шу линза дунёни идрок этишимизда асосий восита ҳисобланади.

IBM компаниясида ўқув машғулотларим ҳамда бошимиздаги ташвиш ҳақида Сандра билан гаплашар эканман, иккимиз бир ҳақиқатни тушуна бошладик: ўғлимизга ёрдам бериш учун қилаётган ишларимиз ва уни аслида қандай кўришимиз ўртасида уйғунлик йўқ экан. Биз ички ҳиссиётларимизни виждонан таҳлил қилдик. Тан олиш керак, фарзандимизни чиндан ҳам қолоқ ва ношуд бола деб ўйлар эдик. Уни муваффақиятли қилиш учун уринишларимиз самара бермаётгани бежиз эмасди. Муомала ва муносабатимиз, меъёрдан ортиқ рағбатлантиришлар орқали биз боламизга: «Сен лаёқатли эмассан! Сен ҳимояга муҳтожсан», – демоқда эдик.

Шу тариқа рафиқам билан тушуна бошладикки, вазиятни ўзгартириш учун дастлаб ўзимизни ўзгартиришимиз зарур экан. Ўзимизни самарали ўзгартиришимиз учун эса аввало идрокимизни ўзгартирмоғимиз талаб қилинарди.

ШАХС ВА ФЕЪЛ-АТВОР ЭТИКАСИ

Идрок борасида изланиш олиб бориш билан бир қаторда, мен 1776 йилдан бери Америка Қўшма Штатларида чоп этилган муваффақият сирлари тўғрисидаги адабиётларни ўрганишга шўнғидим. Камина ўзини такомиллаштириш, оммабоп психология, ўз-ўзига ёрдам бериш каби мавзулар ёритилган юзлаб китоб, мақола ва эсселарни ўқиб ёки кўздан кечириб чиқдим. Озод ва демократик бу халқ вакиллари муваффақиятли ҳаёт калити деб ҳисоблаган омилларни жамладим.

Тадқиқотим мобайнида 200 йил аввал битилган муваффақиятга оид асарлар билан танишар эканман, ўша давр адабиёти мазмуни ҳайратланарли даражада ўзгача бўлганини кўрдим. Оилам, шунингдек, йиллар давомида мен бирга ишлаган кўплаб одамларнинг ҳаёти ва муносабатларида ўзим гувоҳ бўлган изтироблар туфайли сўнгги 50 йил ичида чоп этилган муваффақиятга доир адабиётлар жуда саёз эканлигига тобора амин бўлиб бордим. Бошқача айтганда, муваффақият сирлари ҳақида ёзилган замонавий адабиётлар жамиятда ижтимоий имиж яратиш усуллари, одамларни қийнайдиган жиддий муаммоларга тезкор, бироқ юзаки ечим топиш чоралари билан тўлибтошган эди. Бу худди боши қаттиқ оғриётган одамга аспирин беришдек гап. Аспирин бош оғриғини вақтинча тўхтатиши мумкин, лекин сурункали касалликларга даво бўлмаслиги шубҳасиз. Худди шу каби, замонавий адабиётларда битилган ечимлар муваффақиятга эришиш йўлида шахс дуч келадиган қийинчиликларни вақтинча енгиллатади, лекин муваффақиятсизликнинг асл сабабини бартараф қилмайди.

Бунга қарама-қарши ўлароқ, дастлабки 150 йил давомида чоп этилган деярли барча адабиётлар муваффақиятнинг асоси сифатида феъл-атвор этикаси, яъни ҳалоллик, камтарлик, садоқат, мулойимлик, жасорат, адолат, сабртоқат, ишбилармонлик, соддадиллик каби хислатлар ва «Олтин қоида»ни ўзлаштиришни асосий ўринга қўйган. Бенжамин Франклиннинг автобиографияси ана шундай адабиётнинг ёрқин намунасидир. Унда бир инсоннинг ўз табиатига муайян тамойил ва кўникмаларни қандай сингдиргани ҳикоя қилинади.

 

Феъл-атвор этикасига кўра, самарали яшаш учун бирламчи тамойиллар мавжуд. Одамлар шу тамойилларни ўрганиб, туб феъл-атворига сингдира олсагина ҳақиқий муваффақият ва чексиз саодатга эришади деб ҳисобланган.

Бироқ Биринчи жаҳон урушидан сўнг, қарашлар ўзгариб, муваффақият асоси сифатида феъл-атвор этикаси эмас, балки шахс этикаси олдинга чиқди. Унга кўра, муваффақиятга жамиятда шахсий имижга эга бўлиш, ўзгалар билан муносабатларни силлиқловчи муомала ва хулқ орқали эришилар эди. Шахс этикаси икки асосий йўналишни ўз ичига оларди: 1. Инсон ва жамият ўртасидаги алоқа усуллари; 2. Ижобий руҳий муносабат (ИРМ). Бу фалсафанинг баъзи ғоялари: «Сизнинг муносабатингиз сизнинг юксаклигингизни белгилайди!», «Табассум хўмрайишдан кўра кўпроқ дўст келтиради!», «Инсон онги ўзи англаган ва ишонган ҳар қандай нарсага эриша олади» каби илҳомлантирувчи ва кучли шиорларда ўз ифодасини топганди.

Бироқ шахс этикасининг бошқа жиҳатлари очиқчасига манипуляция ва алдовга йўғрилган эди. Одамлар бошқаларга ёқиш учун ёлғон гапиришга, ўзлари истаган нарсага эришиш учун сохта маълумотлар тўқиб чиқаришга ёки қудратли кўринишга, қўрқитишга одатланиб қолди.

Ушбу адабиётларнинг айримларида феъл-атвор муваффақиятнинг бош калити эмас, шунчаки таркибий қисми деб ҳисобланган. Шунинг учун уларда феълатвор этикаси номигагина эсланиб, асосий эътибор муваффақиятсизликка тезкор ечим топиш усуллари, мулоқот маҳорати ва ижобий муносабатларга қаратилган.

Рафиқам иккимиз ўғлимиздаги муаммоларни ҳал қилиш учун қўллаётган чораларимизнинг англанмаган манбаи аслида шахс этикаси эканлигини тушуна бошладим. Шахс ва феъл-атвор этикаси орасидаги фарқни чуқурроқ англаганим сари, фарзандларимизнинг хулқига қараб жамиятдаги ўрнимиз баҳоланади деган хато талабни миямизга сингдириб олганимизни, ўғлимиз эса бу талабга жавоб бера олмаганини фаҳмладим. Биз одамларга яхши, ғамхўр ота-она эканимизни исботлаш учун боламизни борича қабул қилишдан воз кечган эдик. Аслини олганда, ўғлимиз бахти борасидаги хавотиримиздан кўра, муаммони кўриш ва ечиш усулимизда кўп гап бор эди.

Хулосаларимни рафиқам билан бўлишгач, иккимиз ҳам феъл-атворимиз ва ўйларимиз ўғлимизга қаттиқ таъсир қилишига амин бўлдик. Ижтимоий таққослаш омиллари ички қадриятларимиз билан ҳамоҳанг бўлмаса, бу шартли севгига ва охир-оқибат боламизнинг ўз-ўзини қадрлаш туйғуси пасайиб кетишига олиб келиши мумкин эди. Шундай қилиб, биз бундан буёғига бор диққатимизни фарзандимизни муваффақиятли қилиш учун қўллаётган чораларимизга эмас, балки ўзимизга, туб омилларимизга ва ўғлимизни тушунишга қаратдик. Фарзандимизни ўзгартиришга уринмай, аксинча, уни ўз ҳолига қўйдик – ўзини англашига, мустақил бўлишига ва қадр-қимматини ҳис қилишига имкон яратдик.

Шундан сўнг, теран фикрлаш, иймон ва ибодат ҳамроҳлигида ўғлимизнинг ўзига хос хусусиятларини кўра бошладик. У вақти-соати етиб юзага чиқадиган қатлам-қатлам иқтидор соҳиби эди. Биз хотиржам тортиб, фарзандимиз ўз йўлини ўзи топишига тўсиқ бўлмасликка келишдик. Бундан буён ота-она сифатидаги ролимиз уни қадрлаш, яхши кўриш ва борича қабул қилишдан иборат бўлди. Шу билан бирга, ички ҳиссиётларимизни виждонан жиловлаб, бизнинг қадр-қимматимиз фарзандларимизнинг барчага «мақбул» келиши билан ўлчанмаслигига ўзимизни тайёрладик.

Фарзандимиз ҳақидаги эски тушунчалардан воз кечиб, қадриятга асосланган мотивларни ривожлантирганимиздан сўнг, янгича ҳис-туйғулар пайдо бўла бошлади. Энди ўғлимизни бошқалар билан таққослаш ёки муҳокама қилиш ўрнига, унинг ҳар бир хатти-ҳаракатидан завқланардик. Биз боламизни ўз тасаввуримизга ёки жамият андазаларига мослаштиришга ҳаракат қилишни тўхтатдик. Чунки у ҳар томонлама соғлом эканлигига, ўз ҳаётини ўзи эплай олишига кўзимиз етди. Кимлардир унинг устидан кулса, бошқа эътибор бермадик.

Ўғлимиз ҳамиша қанотимиз остида улғайгани, энди эса ҳимоясиз қолаётганлиги сабаб илк оғриқли изтиробларни бошдан кечирди. Буни бизга изҳор этганида, индамай эшитдик, лекин ҳеч қандай жавоб қайтармадик. Бу орқали «Сен муҳофазага муҳтож эмассан! Сенда мутлақо муаммо йўқ!» дея унга билдирдик.

Шу тариқа ҳафталар, ойлар ўтди. Фарзандимизнинг ўзига ишончи анча юксалди ва ўзини борича қабул қилишни ўрганди. Унинг иқтидори ўз ҳолича ўса бошлади. Вақтисоати келганда, жамият мезонларига жавоб берадиган – ақлий, жисмоний ва ижтимоий жиҳатдан баркамол шахсга айланди. Ўтаётган йиллар давомида у талабаларнинг турли уюшмаларига етакчи этиб сайланди, мамлакатнинг энг яхши спортчиларидан бири бўлди ҳамда уйга аъло баҳолар тўла табель билан қайта бошлади. Ўғлимизда шаклланган жозибадор ва софдил шахсият одамлар билан қийинчиликсиз алоқа боғлашга имкон берди.

Ҳозир рафиқам билан ишонамизки, жигарбандимиз эришган ютуқлар шунчаки бир ижтимоий мукофотга жавобан эмас, балки ўзига нисбатан ҳис-туйғуларининг ёрқин ифодаси эди. Бу мен учун ҳам, Сандра учун ҳам ажойиб тажриба бўлди ва бошқа фарзандларимизни тарбиялашда муҳим қўлланма вазифасини ўтади. Биз муваффақиятга эришишнинг феъл-атвор этикаси ҳамда шахс этикаси ўртасидаги фарқни билиб олдик. Бизнинг қарашларимизни муқаддас матндан олинган қуйидаги сатр жуда яхши ифода этади: «Қалбингизга шундай иштиёқ билан ишлов берингки, ҳаётий муаммолар ундан чиқиб кетсин».

БИРЛАМЧИ ВА ИККИЛАМЧИ ҚУДРАТ

Ўғлим билан бўлган воқеа, идрок бўйича тадқиқотим ва муваффақиятга оид адабиётларни мутолаа қилганларим бирлашиб, ҳаётда барча нарса ойдинлашувчи лаҳзадан иборат «Аҳа!» ҳолатини вужудга келтирди. Мен кутилмаганда шахс этикасининг кучли таъсирини кўришга муваффақ бўлгандим. Бундан ташқари, мен тўғри деб биладиган нарсалар – болалигимда сингдирилган тушунчалар, қадр-қиммат борасидаги ботиний қарашларим – ҳамда кундалик муаммоларга тезкор ечим топишга мўлжалланган фалсафалар орасидаги тафовутлар юзага чиққанди. Бу жуда нозик тавофутларни кўпинча онгли равишда аниқлаб бўлмасди. Камина нима учун ўзим ўқитаётган ва самарали деб билган нарсалар тезкор ечим фалсафаларига зид келишини чуқурроқ тушуниб етдим.

Мен шахс этикасининг таркибий қисмлари – шахсий ривожланиш, мулоқот маҳорати машғулотлари, шунингдек, ижобий фикрлаш ва таъсир кўрсатишга йўналтирилган таълим бефойда деб айтишдан йироқман. Аслини олганда, баъзан улар муваффақият учун керакли ҳамдир. Мен уларга ишонаман. Аммо юқоридаги таркибий қисмлар муваффақиятнинг иккиламчи омилидир, бирламчи эмас. Муаммо шунда эдики, бор салоҳиятимизни ишга солиб, замонавий ҳаёт деб аталмиш иморат деворини қуришга шунчалик берилиб кетганимиздан, шу деворни тутиб турувчи пойдеворни ёддан чиқардик. Ваҳоланки, бу пойдевор ўтмиш аждодларимиз томонидан бой тажрибага асосланиб қурилган эди. Ё бўлмаса, далага бориб, ўзимиз экмаган буғдойни ўришга шунчалар кўп вақт сарфладикки, буғдой экиш заруриятини унутдик. Феъл-атворим табиатан бузуқ бўла туриб, бошқа одамларни ўзим истаган ишни қилишга, яхши ишлашга, илҳомлантиришга, мени ва бир-бирини яхши кўришга ундаш йўлида носамимийлик ва иккиюзламачиликка йўғрилган стратегиялардан фойдаланмаслигим керак. Бу ҳолатда мустаҳкам муваффақиятга эриша олмайман. Мендаги иккиюзламачилик кун келиб ишончсизликка сабаб бўлади. Ўшанда мен бажарадиган ҳамма нарса – ҳатто инсонлар билан самарали алоқа ўрнатишнинг энг машҳур усулларини қўллаганимда ҳам, ҳийлакорлик сифатида қабул қилинади. Нутқим нақадар аъло, ниятим нақадар яхши бўлмасин, ишончсизлик бор жойда доимий муваффақият пойдеворини қуриш имконсиз. Фақат эзгуликкина муваффақиятли бўлиш учун қўллайдиган услубларга ҳаёт бағишлайди.

Услубларга диққат қаратиш худди йўл-йўлакай, юзаки тайёргарлик кўриб имтиҳонга киришга ўхшайди. Баъзан йиқилмайсиз, яхши баҳо олиш эҳтимолингиз ҳам бор. Лекин бунинг келажаги йўқ. Ҳар куни жиддий шуғулланмасангиз, на ўрганаётган фанингизнинг чин билимдонига айланасиз, на онгингизни ривожлантира оласиз.

Баҳор чоғи фермага бориш, уруғ экишни унутиб, ёз бўйи ўйнаб-кулиб юриш ва куз келганда йўқ ҳосилни йиғиб олишга уриниш нақадар бемаъни бўлиши ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Ферма – табиий тизим. Найрангни тан олмайди – меҳнат қилсангиз, натижага эришасиз. Ҳамиша экканингизни ўрасиз; бошқача бўлиши мумкин эмас. Ушбу тамойил инсонларнинг ўзини тутиши, шунингдек, бошқалар билан алоқаси борасида ҳам бирдек амал қилади. Чунки хулқ-атвор ва муносабат «Ҳосил Қонуни»га асосланган табиий тизим ҳисобланади. Қисқа муддатли воқеликларда – айтайлик, мактаб каби сунъий ижтимоий тизимда – одамлар ўйлаб топган «ўйин қоидалари»га амал қилиб, манипуляция қилишни ўргансангиз, вазиятни ўз ҳисобингизга ҳал қилишни уддалайсиз. Бир марталик ёки узоққа чўзилмайдиган мулоқотда шахсият этикасидан фойдаланиш, жозибали ва моҳир кўриниш, ўзингизни суҳбатдошнинг ҳаётига қизиқаётгандек тутиш орқали ёқимли таассурот қолдириш имконияти мавжуд. Иккиламчи омиллардан иборат шахс этикаси қисқа муносабатлар жараёнида иш бериши мумкин, бироқ узоқ муддатли муносабатлар учун яроқсиз бўлади. Агар сизда тўғрилик, самимийлик сингари хислатлар бўлмаса, кун келиб ҳаёт қийинчиликлари асл башарангизни ошкор қилиб қўяди. Натижада қисқа муддатли муваффақият ўрнини барбод бўлган муносабатлар эгаллайди.

Иккиламчи қудрат соҳиблари, бошқача айтганда, иқтидори туфайли жамиятда танилган кўплаб инсонларнинг феъл-атворида бирламчи қудрат ёки софдиллик етишмайди. Эртами-кеч, улар бизнес ҳамкори, турмуш ўртоғи, дўсти ёки ўсмир фарзанди кабилар билан бўлган ҳар бир узоқ муддатли муносабатда шахсий инқирозни бошдан кечиради. Аслида мулоқот қилишни феъл-атворимизга қўйиб беришимиз керак. Эмерсон айтганидек: «Феълингиз қулоқларим остида шу қадар қаттиқ қичқирадики, сизнинг нутқингизни тинглай олмайман».

Албатта, орамизда кучли феъл-атворга эга, бироқ мулоқот маҳоратини яхши ўзлаштирмаган инсонлар ҳам топилади. Улардаги ушбу хусусият ҳаётий муносабатлари сифатига таъсир кўрсатиши шубҳасиз. Лекин, барибир, бу таъсир иккиламчи бўлиб, ўта салбий оқибатларга етакламайди.

Ниҳоят сўнгги таҳлил: бизнинг феъл-атворимиз гапсўзимиз ёки амалларимиздан кўра самаралироқ мулоқот қилади. Биз ҳаммамиз буни биламиз. Ўзингиз ўйлаб кўринг: энг яқин инсонингизга нега ишонасиз? Жавоб оддий: чунки унинг феълини яхши биласиз. Унинг сўзамол бўлиш-бўлмаслиги, мулоқотни билиш-билмаслигидан қатъи назар, сиз шунчаки унга ишонасиз ва муносабат сақлайсиз.

Уилям Жорданнинг сўзи билан айтганда: «Ҳар бир бандага кўринмас куч ато этилган – у орқали инсон ўз ҳаётига таъсир кўрсатади. Ижобий ёки салбий таъсирга эга бу куч – инсоннинг ички «мен»идан муттасил таралиб турувчи қувватдир».

ПАРАДИГМА ҚУДРАТИ

«Муваффақиятли инсонларнинг етти кўникмаси» асари инсон самарадорлигининг фундаментал тамойилларини ўзида мужассамлаштирган. Бу кўникмалар асосий ва бирламчи бўлиб, бахт ва муваффақиятга элтувчи тўғри тамойилларнинг ўзлаштирилишини ифодалайди.

Лекин ушбу «Етти одат»ни ўзлаштиришдан аввал, биз шахсий «парадигма»ларимизни англашимиз, «Парадигма ўзгариши» қандай амалга оширилишини тушунишимиз зарур.

Феъл-атвор этикаси ҳам, шахс этикаси ҳам ижтимоий парадигма намунасидир. «Парадигма» сўзи асли юнончадир. Аслида илмий атама бўлган бу сўз бугунга келиб модель, назария, идрок, фараз ёки дунёқараш маъносида фойдаланилади. Умумий маънода, парадигма бу – дунёни «кўриш» усулимиз ҳисобланади; фақат, тўғри маънода визуал кўриш эмас, балки идрок этиш, тушуниш ва талқин қилиш услубимиздир.

Бизнинг вазиятда, парадигмаларни осон тушуниш учун уларни харита сифатида тасаввур қилиш керак. Барчамизга маълумки, харита – реал ҳудуд эмас, у ҳудуддаги маълум томонларнинг аксидир. Парадигма ҳам худди шундай – бирор нарсанинг модели, изоҳи ёки назарияси саналади.

Фараз қилинг, сиз Чикаго марказидаги бирор жойга бормоқчисиз. Манзилингизга етишда шаҳар кўчалари туширилган харита асқатиши турган гап. Лекин сизга нотўғри харита берилди. Техник хатолик туфайли қўлингиздаги «Чикаго» деб ёзилган харита аслида «Детроит» шаҳриники бўлиб чиқди. Бутунлай бошқа харитадан фойдаланиб, кўзлаган манзилингизга етиб бориш нақадар ортиқча оворагарчилик бўлишини тасаввур қиляпсизми?

Бундай вазиятда ҳаракатингизга ишлов бериб, тезлигингизни икки баробар оширишингиз, қунт билан олдинга интилишингиз мумкин. Бироқ уринишларингиз сизни нотўғри манзилга тезроқ олиб боради, холос.

Балки, вазиятга муносабатингизни ўзгартириб, воқеанинг ижобий томонларини кўришга интиларсиз. Бу ҳам тўғри манзилни топиб боришингизни таъминламайди. Балки бунга аҳамият бермассиз. Муносабатингиз шунчалик ижобийлигидан, қаерда бўлсангиз ҳам хурсанд бўласиз.

Гап шундаки, юқоридаги икки услубдан қай бирини қўлламанг, барибир ютқазасиз. Чунки муаммонинг асоси сизнинг ҳаракатингиз ёки муносабатингиз эмас, балки харитангиз хатолигидир.

Агар сизда Чикагонинг ҳақиқий харитаси бўлса, ҳаракатингиз катта аҳамият касб этади; йўл-йўлакай қийинчиликларга дуч келсангиз, муносабатингиз уларни енгиб ўтишга кўмаклашади. Демак, манзилга етиш учун сиздан талаб қилинадиган энг биринчи ва энг муҳим талаб – тўғри харитага эга бўлишдир.

 

Ҳар биримизнинг бошимизда ана шундай кўплаб хариталар бор. Бу хариталарни икки асосий гуруҳга ажратиш мумкин:

1. Воқеликни бор ҳолича кўрсатувчи хариталар, бошқача айтганда, ҳақиқатлар;

2. Воқеликни қандай бўлиши керак бўлса, шундай кўрсатувчи хариталар, бошқача айтганда, қадриятлар.

Биз бошимиздан ўтган ҳар бир воқеани мана шу руҳий хариталар орқали талқин этамиз. Одатда, хариталарнинг тўғри ёки нотўғри экани ҳақида ўйлаб ўтирмаймиз; чунки уларнинг мавжудлигидан деярли бехабар бўламиз. Бирор воқеликни кўраётганда, у ростдан ҳам шундайлиги ёки шундай бўлиши кераклигини тахмин қиламиз, холос.

Ана шу тахминлардан эса воқеликка муносабатимиз ва хатти-ҳаракатимиз шаклланади. Бундан келиб чиқадики, фикрларимиз ва ҳаракатларимизнинг бош манбаи вазиятни қандай идрок этишимиз ҳисобланади.

Мавзуни давом эттиришдан аввал, сизни ақлий ва ҳиссий тажриба ўтказишга таклиф қиламан. Бир неча сония вақт ажратиб, қуйидаги суратга назар солинг.


Энди эса келаси расмга эътибор қилинг ва нима кўрганингизни диққат билан тасвирлаб беринг.



Хўш, кимни кўрдингиз? Аёл кишиними? Унинг ёши нечида деб ўйлайсиз? Ташқи кўриниши қандай? Эгнида қандай кийим бор? Уни қандай образда тасаввур қиласиз?

Ҳойнаҳой, иккинчи расмни кўриб, тахминан, 25 ёшдаги жуда ёқимтой, одмироқ кийинган, нафосатли, бурни хушбичим аёлни тасвирласангиз керак. Агар бўйдоқ бўлсангиз, аёлни учрашувга таклиф қилишингиз мумкин. Аёллар либослари билан шуғулланувчи тадбиркор бўлсангиз, уни модель образида кўрарсиз эҳтимол.

Аммо, лекин, бироқ… Сизга «Ноҳақсиз», десам, ишонасизми? Бу камида 60-70 ёшли жуда ғамгин, бурни узун кампирнинг сурати, у модель бўлишга ярамайди, аксинча, ёрдамга муҳтож десам-чи?

Бу ерда ким ҳақ? Расмга яна бир назар солинг. Кампирни кўряпсизми? Агар жавобингиз йўқ бўлса, яна уриниб кўринг.

Кампирнинг узун бурнини илғадингизми? Шол рўмолини-чи?

Агар иккимиз юзма-юз гаплашаётган бўлганимизда, суратни муҳокама қилиб, унда нима кўрганимизни бирбиримизга тасвирлаб берардик. Сиз менга, мен сизга нима кўрганимизни аниқ исботламагунча тортишув давом этиши турган гап эди.

Ҳозир бунинг иложи йўқлиги туфайли марҳамат қилиб галдаги расмни синчиклаб текширинг. Сўнг тепадаги расмга қайта эътибор қаратинг.



Энди пайқадингизми қария аёлни? Ўқишни давом эттиришдан аввал, уни кўришингиз ўта муҳим. Бу машққа мен бир неча йиллар муқаддам Ҳарвард Бизнес Мактабида дуч келганман. Ўқитувчимиз бир хил нарсани кўрган икки одам мудом баҳслашиши, лекин аслида иккиси ҳам ҳақ бўлиши мумкинлигини кўрсатиш учун ундан фойдаланганди. Кўпчилик мантиқий деб ўйлаган ушбу машқ аслида психология билан боғлиқ эди.

Ўшанда, ўқитувчи хонага катта ҳажмдаги бир талай карта олиб келганди. Карталарнинг ярмида сиз 19-саҳифада кўрган ёш аёл, қолган қисмида эса ўша саҳифада кўрганингиз иккинчи тасвир – қари кампир тасвири бор эди.

Ўқитувчи хонадаги талабаларни икки гуруҳга бўлди. Сўнгра биринчи гуруҳга ёш аёл, иккинчи гуруҳга кампир акс этган карталарни тарқатгач, биздан ўн сония мобайнида суратга диққат билан тикилишимизни айтди. Керакли вақт ўтгач, карталарни қайтариб олди ва катта экранда 20-саҳифадаги расмни кўрсатди. Ўқитувчи биздан экранда нима кўраётганимизни тасвирлаб беришни сўради. Шунда ғалати ҳол юз берди. Гарчанд, экранда ягона расм бўлсада, у талабалар томонидан икки хил талқин қилина бошлади. Дастлаб, ёш аёл сурати туширилган картани кўрган талабалар катта экранга қараб ёш аёлни, кампир суратига 10 сония тикилиб турган талабалар эса қария кампирни тасвирлай кетди.

Профессор ҳар иккала гуруҳдан биттадан талабани турғизиб, бир-бирига ўз фикрини аниқроқ тушунтиришни илтимос қилди. Улар бошлаган мунозара тобора қизий бошлади.

– «Қария аёл» деганда нимани назарда тутяпсан? Ахир 22-25 ёшдан нарига бормайди-ку бу қиз! – дерди куйибпишиб биринчи талаба.

– Қўйсанг-чи! Ҳазиллашяпсанми, оғайни? Ахир, унинг ёши камида 80 га қараб кетяпти, шекилли?! – деб эътироз билдирарди иккинчи талаба.

– Томинг жойидами, ошна? Расмдаги аёл жуда ёш. Жон деб уни учрашувга таклиф қилардим! Ташқи кўриниши ёқимтойгина, – биринчи талаба бўш келмай тортишарди.

– Ёқимтойгина? Кўзинг кўр бўлиб қолдими, нима бало? Алвастига ўхшайди-ку! – деб хуноби чиқарди иккинчи талабанинг.

Баҳснинг охири кўринмасди. Ҳар бир талаба ўзининг жавоби тўғри эканлигига юз фоиз ишониб, ўз нуқтаи назарини сабот билан ҳимоя қиларди. Талабаларнинг аксарияти дарс бошланганида ўқитувчининг хаттиҳаракатидан расмда чиндан қандайдир жумбоқ яширинганини тахмин қиларди. Шунга қарамай, баҳс давомида улар ўз фикридан воз кечишни истамасди. Фақат саноқли талабаларгина экрандаги расмга бошқа тарафдан назар солишга уриниб кўрди.

Беҳуда тортишув ниҳоясига етмагач, талабалардан бири экран ёнига бориб, расмдаги чизиқларни қўли билан кўрсатиб, изоҳ берди:

– Мана бу ёш аёлнинг маржони бўлади.

Иккинчи талаба эса эътироз билдирди:

– Бу маржон эмас, қари кампирнинг оғзи!

Шундан сўнг, улар ўзини босиб, расмлар ўртасидаги муайян фарқларни босиқлик билан муҳокама қила бошлади. Орадан бир муддат ўтди. Ниҳоят, ҳар иккала талаба ҳам бирин-кетин битта расмда акс этган икки хил тасвирни идрок этишга муваффақ бўлди. Улар мулоқотини сокинлик, мулоҳаза ва ҳурмат билан давом эттирар экан, биз бир-биримизнинг нуқтаи назаримизни тушуна олдик, лекин барибир нигоҳимизни экрандан узиб, бироз муддат ўтиб қайта қарасак, кўз олдимизда дастлаб бизга берилган картадаги тасвир шаклланарди дейишди.

Мен одамлар ва ташкилотлар билан ишлашда юқоридаги идрок машқидан тез-тез фойдаланиб тураман. Чунки у ҳам шахсий, ҳам шахслараро самарадорлик борасидаги кўплаб тушунчаларни изоҳлаб беради. Биринчидан, ушбу машқ мавжуд шарт-шароит бизнинг идрокимиз ва парадигмаларимизга қанчалик кучли таъсир этишини кўрсатади. Жуда қисқа муддат – атиги ўн сония картага қараганимиз бутун бошли тасвирни қандай кўришимизни белгилаб берар экан, унда бутун умр давом этадиган шарт-шароитлар-чи? Оила, мактаб, черков, иш муҳити, дўстлар, ҳамкасблар ва шахс этикаси сингари маълум ижтимоий парадигмаларнинг барчаси ҳаётимизда мавжуд таъсир турлари ҳисобланади. Улар сездирмасдан онгостимизга таъсир ўтказиб, бевосита дунёқарашимизни, парадигмаларимизни ҳамда хариталаримизни шакллантиради.

Юқоридаги машқ, шунингдек, парадигмалар бизнинг муносабатимиз ва хулқ-атворимиз манбаи эканлигини кўрсатади. Биз парадигмаларимиздан ташқарида дадил ҳаракатлана олмаймиз. Чунки идрок қилганимиздан бошқача гапириш ва ҳаракат қилиш яхлитликни йўқотишимизга олиб келади. Масалан, сиз экранда ёш аёлни кўрсангиз, шубҳасиз, унга кўчани кесиб ўтишга ёрдам бериш ҳақида тасаввур қилишингиз жуда мушкул. Демак, аёлга нисбатан муносабатингиз ва хатти-ҳаракатингиз уни қай йўсинда идрок қилишингиз билан ҳамоҳанг бўлади.

Шахс этикасининг энг асосий камчилиги ана шунда кўринади. Муносабат ва хулқ-атворимиз шаклланадиган парадигмаларимизни ўрганмас эканмиз, хаттиҳаракатимизни ўзгартиришга уриниш беҳудалигича қолади.

Идрок машқининг яна бир афзал жиҳати шундаки, у парадигмаларимиз бошқа инсонлар билан мулоқотимизга таъсир қилишини очиб беради. Машқ сўнгида биз аниқ ва холисона кўриб турган маълум воқеани бошқалар ҳам ўз нуқтаи назаридан тўғри кўриши мумкинлигини англаймиз. Бошқача айтганда, «Қаерда турганимиз ўтирган жойимизга боғлиқ» эканини фаҳмлаймиз.

Ҳар биримиз ўзимизни ҳодисаларни борича идрок этадиган, яъни холис инсон сифатида тасаввур қиламиз. Лекин ҳақиқат бироз бошқачароқ. Биз дунёни ўз ҳолича кўрмаймиз. Аксинча, ўзимиз қандай бўлсак, дунё кўз ўнгимизда шундай шаклланади. Нима кўраётганимизни айтиш учун оғиз жуфтлаганимизда, биз аслида ўзимизни, идрокимизни, парадигмаларимизни тасвирлашни бошлаймиз. Бошқа одамлар бизнинг фикримизга қўшилмаса, дарҳол улар ҳақида нотўғри фикрга борамиз. Лекин юқоридаги идрок машқидан кўриниб турганидек, самимий, ақлли инсонлар ҳам бир ҳодисани икки хил кўриши одатий ҳол. Сабаби оддий: ҳар бир шахс ўз тажрибасига асосланган индивидуал линзага эгадир.