Танланган асарлар

Text
Read preview
Mark as finished
How to read the book after purchase
  • Read only on LitRes Read
Font:Smaller АаLarger Aa

Анвар ялтоқланиб бир дадасига, бир ойисига қарар, қаторга бориб ўтиришни ҳам, ўтирмасликни ҳам билмас эди. Меҳмонлардан бири луқма ташлади:

– Расулмат ака, Анварга анави Назарбекдаги воқеани айтиб беринг. Бобосининг невараси бўлгандан кейин билиб қўйсин-да.

– Қайсини? Ҳалиги Тўланхўжа билан бойни боплаганиними?

– Иий, қахари суққури… хи-хи-хи. – Атий кўзларидан ёш оққанча қийқириб кулди, – ўлам, ўлам…

– Ҳа-я, айтгандай, Атий сиз ҳам бор эдингиз-а, ўшанда?

– Как бўлмийм? Мин онга Замонға тилмоч эдим, бит. Как бўлмийм? – деди Атий кулгидан аранг тўхтаб. – Ўрисчани бирда билмий ул. Командирларнинг сўзларини таржима этип, мин онинг ёнида бир йилча юрдим бит.

– Сиз депода мастеровой бўлиб юрмабмидингиз?

– Мастеровой эмас, мин онда совсем саби идим. Ўн дурт ёшинда, – деди Атий жиддий тортиб. – Мен онда Иван Николаевич деган бир мастеровойга помошник идим. Темир-терсакдан кўра, листовкаларни кўброқ таширдим. Связной идим. Кейин мини онда Замоннинг олдина тилмоч итиб юбордилар. Фурқатнинг бобоси Қодирда биз билан иди. Мин била тенг у кахари суққури. У-да, кўп нарсани била.

– Шунақами? – деди Расулмат ака.– Сиз ҳам муштдай бўлиб кўп нарсани бошингиздан ўтказибсиз-да, а?

– Шулай-шулай…– деди Атий, кампирим кўриб қўйсин, дегандай ориққина қаддини кўтарди. – Ий у замонлар…

– Шундай қилиб, хи-хи-хи… албатта бу гапдан Атийнинг хабари бор, бир куни десангиз… Йигирманчи йилмиди ё йигирма иккинчи йилмиди, Омон махсум отряди Назарбекка борса…

– Анвар!!!

Бутун жисми қулоққа айланиб, ўртада тикка турган Анвар ғайришуурий тарзда орқасига ўгирилди.

– Тўхтаб тур…–дея қўл силтади. Қараса, Маҳфуза қўлида қандайдир қоғоз ушлаб олган, ғира-ширада тузукроқ кўринмади, ҳадеб чақирарди:

– Бу ёққа чиқ!..

Бир сирли гап борга ўхшайди. Анвар иккиланиб қолди, чиқай деса, бобоси ҳақидаги қизиқ гапни эшитмай қоладиган, чиқмай деса, Маҳфуза имлаб чақиряпти. Кулиб чақираётганига қараганда қизиқ гап борга ўхшайди. «Қўлидаги қоғоз нима экан? Бирон зарур гап чиқиб қолди шекилли». У эшикка чиқди.

– Нима дейсан?

Маҳфуза шошмай қўлларини фартуғига артди-да, ҳалиги қоғозни кўрсатди:

– Бу нима?

Анварнинг ранги оқариб кетди. «Гулхан» журналидан Фурқатнинг номига келган хат эди.

– Бу нима деб сўраяпман сендан? – деди зарда аралаш Маҳфуза.

– Анвар шошиб қолиб сўради:

– Қаёқдан олдинг?

– Ҳозир Зуҳрани уйларига кузатиб қайтиб кираётиб, бундай қарасам йўлакда осилиб турган курткангнинг чўнтагидан ярми чиқиб турган экан. Нима экан бу деб олиб қарасам… Хўш, қаёқдан олдинг?

– Э, Зуҳра кетиб қолдими? – деди у гапни чалғитмоқчи бўлиб.

– Гапни бурма. Қаёқдан олдинг?

– Нима ишинг бор сенинг? Қани буёққа чўз-чи, – деди Анвар сал паст тушиб. Зуҳранинг кетиб қолганидан хурсанд бўлди. Негаки, бу хархашага гувоҳ бўлмагани маъқул-да!

Унинг паст тушганидан «хатни Фурқатларнинг почта қутисидан ўғирлаб олган» гумон қилиб, Маҳфуза баланд келди:

– Ҳозир Фурқатга олиб чиқиб кўрсатиб, шарманда қилайми, а?

Анварнинг жон-пони чиқиб кетди. Аввал қўл кўтармоқчи бўлди, уйда меҳмонлар борлигини эслаб, ноилож ялинишга тушди:

– Жон Маҳфуза, ўзимнинг яхши синглимсан-ку, бу ёққа бер…

– Бериб бўпман!..

– Жон Маҳфуза… Энди ёмонлик қилмайман. Ўлай агар, чин сўзим…

– Сенда чин сўз нима қилади? – Анвар паст тушган сайин Маҳфуза авжга минарди. – Мана кўрасан, хатни Фурқатга олиб чиқаман-у, ҳамма қилғиликларингни болаларга ёяман.

– Жон Маҳфуза, ундай қилма! Хатни бу ёққа бер. Ҳамма айтганингни қиламан…

– Ростданми?

– Рост!

– Ундай бўлса… – Маҳфуза фартуғини еча бошлади. Анвар ҳеч нарсага тушунмай ҳайрон бўлиб турар эди. – Ма, манавини олдингга тутиб, идиш-товоқларни юв!

– Кейин хатни берасанми?

– Йўқ, ҳозирча хат менда туради.

– Фурқатга айтмайсанми?

– Айтмайман. Агар айтганларимни қилсанг… Бўлмаса…

– Хўп, ювганим бўлсин.

Анвар фартукни олдига тутиб, идиш-товоқларни шақир-шуқур қилиб ювар, эҳтиётсизлиги туфайли қўлга тушиб, бобоси ҳақидаги қизиқ ҳангомани эшитишдан маҳрум бўлганига ич-ичидан ачинар эди. Маҳфуза эса икки қўлини белига тираб, унинг тепасидан жилмас: «Ундоқ юв, бундоқ арт» деб буйруқ бериб турар эди. Хуллас, шу бугун Анвар идиш-товоқ ювавериб, ҳолдан тойди, алламаҳалда каравотига бориб уйқуга кетди.

Эрталаб туриши билан ойисининг қош-қовоғига қаради. Худди ёғай деб турган булутга ўхшарди. У ичидан: «Ёғадиган булут ахир ёғмай тинчимайди», деб ўйлади-да, ишини пухта қилиб юз-қўлини ювиб кирди. Ҳар эҳтимолга қарши «булут ёғиб қолгудай бўлса, кечагидақа доғда қолмай», деб кирза этигини ҳам, қалин курткасини ҳам кийди, ҳатто папкасини ҳам дарвозахона ёнига – тайинли жойга қўйиб, сўнг чойга ўтирди. Бу маҳалда дадаси аллақачон ишга кетган эди. Стол атрофида ойиси, синглиси Маҳфуза, ўзи эди холос. Улар индамай ўтириб чой ҳўплардилар. Анвар зимдан ойисининг авзойига разм солди: у негадир кўкариб кетган, асабдан бўлса керак, лаблари пир-пир учар эди. Анвар қўрқиб кетди. Дарров бир гап айтиб чалғитмаса бўлмайдиган.

– Ойи, – деди Анвар «юмшоқ супурги» бўлиб олиб. – Бобом нима иш қилган эканлар, Назарбекда?

Бусиз ҳам ўғлининг кеча ўринсиз меҳмон чақириб, ташвишга қўйганидан ёрилай деб турган Меҳри опа «пов» этиб ёнди-кетди. Ёнига олиб келиб ўтирган эканми, ўқлоғи билан Анварнинг бошига тушириб қолди.

– Мана бундай иш қилган экан бобонг, мана бундай!

Анвар қўққисдан тушган калтак зарбидан бирпас ўзини йўқотиб анграйиб турди-ю, ойисининг яна ўқлоғини ўқталиб, столни айланиб келаётганини кўриб, ура қочди, «Булут ёғди!»

– Сен яшшамагур, шошмайтур ҳали!

Хайрият кўча эшик очиқ экан, бўлмаса кечагидақа девор ошаман деб қўлга тушармиди! У шу қочганича ўпкасини қўлтиқлаб Фурқатларникига чиқди. Эшик олдида бирпас нафасини ростлади. Ўқлоғи қаттиқ теккан шекилли, башарасини бужмайтириб, бошини силаб кўрди. Озгина ғурра бўлибди. Ҳечқиси йўқ. Бунақани кўрмабдими Анвар. Неча марталаб ғурра бўлган бу шўрлик бош. Тузалиб кетади. Сўнг қулоқчинини бостириб кийиб, эшикдаги қўнғироқ тугмачасини босди. «Яхшиям ойим ургани. Бўлмаса қандай қилиб чиқиб кетар эдим, – деб ўйлади у. – Заб баҳона бўлди-да!»

– Сенми? – деди Фурқат эшикни очиб. Кўринишдан у ҳали чойини ҳам ичиб бўлмаганга ўхшарди. Кийинмабди ҳам.

– Ҳа?

– Назарбекка бораман. Биласанми, сенинг бобонг ҳам Расулмат амакининг айтишларига қараганда, Назарбекда урушган эканлар. Атий ҳам бирга урушган экан.

– Атий ҳам дедингми? Қайси Атий? Ўша ўзимизнинг почтальон Атийми?

– Ҳа-да!

– Шунақами? Бўпти мен кийиниб чиқай… – деб орқасига бурилди-ю, негадир бир гап эсига тушгандай тўхтаб, Анварга ўгирилди. – Ие, мактаб-чи! Мактаб нима бўлади?!

– Бир кунга ҳеч нима қилмайди. Ма, менинг папкамни ҳам уйларингга олиб кириб қўй.

– Уйдагиларга нима деймиз?

– Хат ёзиб кетамиз…

– Қандай бўларкин?

– Қаҳрамонларни топсак, ҳеч ким индамайди, – деди Анвар ишонч билан. – Қайтанга бобонгни ҳам кўриб келамиз.

Фурқат бобосини эшитиб, индамай уйга кириб кетди. Тўғри-да, бугун шанба, эртага дам олиш куни. Бугун йўлга чиқишса бир кун тунаб, эртага ҳаммасини билиб қайтишади.

II

Анвар мана шуларни кўз олдига келтириб, хаёл суриб ўтирар экан, Фурқат унинг биқинига туртди. У шундагина автобусда келаётганини фаҳмлади. У, Фурқат анави мўйловдор амакига жой бер, деб туртди шекилли, деган хаёлга бориб, шартта ўрнидан турди:

– Амаки, келинг, ўтиринг.

– Раҳмат, ўғлим, боядан бери қаёқда эдинг?– деди мўйловли киши пичинг қилиб.

Анвар қизариб кетди. Чунки автобус манзилга етиб келган эди. У бир катта иморат қаршисида ғийқиллаб тўхтади. Фурқат тушаётиб:

– Ана, бобомлар! – деб ҳовлиқиб қолди.

– Ўзинг ҳам чолни кўрсанг бувам дейдиган бўп қопсан-да! – деб тўнғиллади Анвар.

–Ўлай агар, ана! Магазинга кириб кетдилар, – деди Фурқат уни астойдил ишонтирмоқчи бўлиб.

– Майли, бўпти, юр…

Улар олдинма-кейин лой ва қотиб қолган қор уюмларини кечиб, йўлнинг нариги чеккасидаги магазинга киришди.

– Э-э, ўргилай. Келсинлар, келсинлар, – деди пештахта ортида турган олтмишлар чамасидаги, тўладан келган хушсурат, ингичка мўйловли киши тилла тишларини кўрсатиб илжаяр экан. – Қодир ота, суюнчи чўзинг, мулла Фурқат келдилар. Набирангиз.

Қодир ота бу маҳалда қарғашойи қийиқчасига уч-тўрт бўлак чой, икки дона кир совун, йигирматача гугуртни тугаётган эди.

– Ассалому алайкум, бобо, – дея Фурқат бобосининг бағрига ўзини отди. Анвар ҳам салом берди. Қодир ота Фурқатнинг пешонасидан ўпди. Анварнинг саломига алик олди. Неварасидан уйдагиларнинг ҳол-аҳволини сўради. Анварга ўнг қўлини соябон қилиб бир тикилиб қўйди. Танимади чоғи.

– Хўб келибсизлар-да, ўргилайлар, гиргиттонлар, – деди яна ҳалиги пештахта ортида турган хушсурат киши илжайиб.

– Кимнинг боласисан, ўғлим? –деди Қодир ота тағин Анварга тикилиб.

– Нурмат амакининг ўғли, – деди Фурқат бобосига ўртоғини таништириб.

– Э, шунақа демайсанми? Ўзимнинг болам экансан-ку, танимай ўтирибман-а!– деди Қодир ота кулиб.– Қаричилик, қаричилик. Ўзинг ҳам катта йигит бўлиб кетибсан-да. Қалай, уйдагиларинг омонми?

– Раҳмат, сўраб юборишди, – деди Анвар ёлғон сўзлаб.

– Ҳа, саломат бўлишсин, – деди Қодир ота. Сўнг бир нима эсига тушди шекилли, қих-қих кулиб қўшиб қўйди:– Бобонг раҳматли кўп қизиқ одам эди-да…

– Ким, у, Қодир ота? Мен танийманми? – гапга суқилди магазинчи.

– Танийсан, мулла Жавлонхўжа, танийсан… Қиз… – деди Қодир ота тугунини қўлига олиб.– У кишини танимаган одам бор эканми? Казо-казоларнинг додини берган Замонали-да! Ўша одамнинг невараси бўлади бу!

Бирдан магазинчининг рангидан қон қочди. Қодир отага ҳам, болаларга ҳам ола қаради. Қодир ота унинг қарашини сезмади шекилли:

– Қани, оппоқларим, кетдик, – деганча ҳассасини дўқиллатиб магазиндан чиқди. Фурқат дарров бобосининг қўлидан тугунни олди.

 

Назарбекнинг кўчалари паст-баланд, баъзи жойларига сув тўпланиб, музлаб қолган, кўчанинг кунгай томонлари эса, офтоб тушиб эриб, чилп-чилп лой бўлиб ётар эди. Зийрак Анвар йўл-йўлакай: «Ҳалиги магазинчи бобомнинг номини эшитганда нега ранги қув ўчди экан?» – деб ўйлаб борар, ўзича бу гапнинг тагида албатта бир сир борлигига ишонар, буни ҳозир Қодир бободан сўрашга ийманар эди.

Кўча эшик ёнида уларни икки юзи қип-қизил, яп-янги эгни-бошининг у ер-бу ерига лой сачраган, қулоқчинининг боғичини орқасига қилиб боғлаб олган пучуққина бир бола кутиб олди. Фурқатнинг гапига қараганда у бола бобосининг ён қўшниси, бояги сермулозамат магазинчининг ўғли экан. Улар салом-аликдан сўнг Қодир отанинг кетидан ичкарига киришди. Сарви хола неварасини кўриб хурсанд бўлганидан ўзини қўярга жой тополмай қолди. Анвардан уйдагиларининг аҳволини сўради. Қодир ота тугундан бўшаган рўмолини силкиб туриб:

– Энди, болаларим, менинг бир жойга бориб келадиган ишим бор. Сенлар манави Сатторхўжа билан ўйнаб туратуринглар. Мен тезда қайтаман. Кейин бафуржа гурунглашамиз. Хўпми? – деди.

Болалар бошларини силкишди. Анвар ёшгина боланинг номига «хўжа» сўзи қўшилганига таажжуб қилдими, ялт этиб унга қаради.

Қодир ота кетгач, болалар дарвоза олдига – кунчувоққа чиқишди. Анча вақтгача уларнинг гаплари қовушмади. Бу орада Сарви хола невараларини икки марта чойга таклиф қилди. «Бобом келсинлар, кейин…», – деб киришмади улар. Анвар билан Фурқат бу ёққа нима мақсадда келишганини Сатторхўжага айтишмади. Ахир бу иккаласининг сири эди-да!

Бир оз ўтгач, Сатторхўжа тилла суви юритилган соатига қаради:

– Юринглар бизникига. Ҳозир мультфильм бошланади, – деди мақтанганнамо. – Телевизоримиз рангли…

Оддий телевизор бўлганида киришмас эди-ю, аммо Фурқат билан Анвар рангли телевизор қанақа бўлишини ҳали кўришмаган эди, қаршилик билдиришмади, секин Сатторхўжага эргашишди. Кираверишда улар қадди сал букилган, чуваккина, эгнида қора бахмал камзул, оқ дока рўмоли тагидан бошини гулли шоҳи қийиқ билан боғлаб олган, оёғига амиркон маҳси-кавуш кийган кампирга дуч келишди. Болалар салом беришган эди, кампир нимадир деб минғирлаб ўтди-кетди. Ким билади, балки ана шу минғирлаши саломга алик олганидир.

Сатторхўжаларнинг ҳовлисига кирган болаларнинг оғзи ланг очилиб қолди. Бунақа жой Тошкентда бўлса, камида беш-олти оиланинг ҳовлиси бўлар эди. Бу чеккада данғиллама уйлар, айвонлар, у чеккада катта оғилхона, унинг ёнида узун бостирма. Бостирманинг бир ёнига симтўрлар тутиб қўйилган товуқхона қурилган. Ичи тўла товуқ… Оғилхонада биққидек семиз той турибди гижинглаб. Нариги томонда иккита сигир кавш қайтариб ётибди…

Улар ичкари уйга киришганида яна ҳанг-манг бўлиб қолишди: зал деворида чўғдек гилам осиғлиқ турибди. Бурчакда «Ригонда» деган радиола, ундан берироқда чиройли сервант. Отинг қурғур нима эди? «Хельга» дейдими-ей? Ишқилиб шунақароқ. Немисларникимиш. Бу тарафда каттакон телевизор турибди. «Бизлар ҳам телевизоримиз бор деб юрган эканмиз-да. Мана буни телевизор деса бўлади. Буни қара, ўзиям «Электрон» деганидан экан», деб ўйлади Анвар. Сатторхўжа телевизорнинг қандайдир кнопкасини босди. Бир оз ўтгач, аввал музика товуши янграб, сўнг экран бир ёришиб ўчди-ю, кейин ҳамма ранги ўз ўрнига тушиб, сурат пайдо бўлди. Фурқат билан Анвар «вуй-й», деб юборишди. Улар берилиб кетиб, мультфильмлар тугаб, хоккей бошланганини ҳам сезмай қолишган эди.

…Бир маҳал эшик очилиб, бояги сермулозамат магазинчининг боши кўринди. У ҳе йўқ, бе йўқ, бирдан ўғлига қараб ўшқирди:

– Нимага бу қаланғи-қасанғиларни йиғиб, уйни ифлос қилиб ўтирибсан! – у шундай деди-ю, тўрга ўтиб, зарда билан телевизорни ўчириб қўйди. – Борларинг, томоша тугади! Ҳе, шум бўлмай кетларинг…

Анвар билан Фурқат унинг муомаласига анграйиб қолишди. Қизиқ, боя «гиргиттонлар», «ўргилайлар» деб оғзидан бол томиб турган одам шуми, ё бошқами?..

Улар ҳайрат бармоқларини тишлаганча, кўчага чиқишганида аллақачон кун ботиб, чигирткалар чириллаётган экан. Сатторхўжа дадасидан қўрққан бўлса керак, кўчага чиқмади. Фурқат билан Анвар Қодир отаникига кириб келишганида, уй ичи нимқоронғи бўлиб қолган, Сарви хола ошхонада ўралашиб юргани учун ҳали уйнинг чироғи ёқилмаган экан. Фурқат бориб дарров чироқни ёқди. Хона ичи чароғон бўлиб қолди. Бобоси ҳам хонтахта ёнида ётиб, жиндек пинакка кетиб қолган шекилли, чироқ ёқилгач, кўзларини уқалаб, қаддини ростлади.

– Ҳа, чироқларим, жа ўртоқларингникида узоқ қолиб кетдиларинг?..

Болалар миқ этишмади. Чол ҳайрон бўлгани кўйи уларга саволомуз қараб турганида, Сарви хола лаганда шилпилдоқ кўтариб кириб қолди. Ҳаммаёқни димоқни қитиқловчи хушбўй сур гўшт ҳиди тутиб кетди. Шундагина болалар қоринлари роса очганини пайқашди.

– Бу дейман, невараларингни сийлабсан-да, кампир, – деди Қодир ота шилпилдоқнинг устидаги лаҳм сур гўштларни олиб тўғрар экан. – Шилпилдоқ қилибсан.

– Яхши кўраман-да, тойчоқларимни, – деди Сарви хола гул-гул яшнаб. – Шуларни деб қилдим.

Камтарингина бу хонадондаги чолу кампирнинг муомаласи билан шоҳона уйдаги ҳалиги қурумсоқларнинг муомаласини ҳеч қиёслаб бўлмас эди. Бу хонадондаги соддалик билан меҳрибонлик қайда-ю, у хонадондаги киборлик билан зиқналик қайда! Осмон билан ерчалик фарқи бор! Нега ундай экан-а?

Шаҳар болалари эмасми, Фурқат билан Анвар лагандаги шилпилдоқ тугамасданоқ тўйиб, қўлларини артишди.

– Э, олинглар ахир! Бувинг сенларни деб қилди шунча овқатни, – деди Қодир ота астойдил қистаб.– Э, мазаларинг йўқ, шаҳарбаччалар. Ё Сатторхўжа меҳмон қилдими, а?

– Йў-ўқ, ўзимиз тўйдик, – деди Фурқат.

Анвар қўлини бўз сочиққа артар экан, энди гапириш мавриди келди, деб ўйлаб Қодир отадан сўради:

– Бобо, бу Жавлонхўжа ака қанақа одам ўзи?

Фурқат билан Анвар унинг боя магазинида «ўргилайлар, гиргиттонлар», деб айланиб-ўргилгани-ю, кейин гап Анварнинг бобоси ҳақида борганида, бирдан ранги оқариб кетгани ва ниҳоят ҳалигина уйида қилган қўрслигигача оқизмай-томизмай айтиб беришди. Чол яна одатдагидек «қих-қих»лаб кулди.

– Аслида мендан хатолик ўтди, чироқларим, – деди у болалардаги сочиқни қўлига олиб, обдан бармоқларини орасигача эринмай артаркан. Кейин давом этди: – Анварнинг бобоси ким эканлигини айтмаслигим керак эди, мен эса айтиб қўйдим.

– Нега бобо?

– Негалиги шуки, Жавлонхўжанинг отаси Тўланхўжа ўша пайтда катта бойлардан бири эди. Асосан шаҳарда турарди-ю, аммо-лекин кейинги пайтларда бир ёшгина хотинга уйланиб… Кўрган бўлсаларинг керак, уйидаги кампирни. Ўшанга, қих… Ўша пайтда ўн олти-ўн етти ёшда эди бу кампиршо… Шундай қилиб, у хумпар қишлоғимиздаги дала ҳовлисига аҳён-аҳёнда чиқиб ётиб кетарди. Янги ҳукумат кучга кирганидан кейин мол-мулкидан айрилиб қолмай деб, тиш-тирноғи билан курашди баччағар: ҳукуматга қарши унсурларни уйига яширди, уларни пул, қурол билан таъминлаб тураркан у ярамас. Бу сирни сенинг бобонг аскар тортиб чиқиб очган.

– Қандай қилиб?

– Қих-хи-х…

Анварнинг жаҳли чиқиб кетди. Нуқул гап бобоси қилган ишларга бориб тақалганда, ҳамма қиқир-қиқир кулади. У қандай қизиқ ишлар қилганини бирорталари тузукроқ айтиб беришмайди. Ҳа, айтишсин-да, у ҳам мириқиб кулсин. Анвар чидаб туролмай:

– Бобо, нега гап бобомга келганида нуқул «қих-қих»лаб куласиз, нима бўлганини айтмайсиз… – деди жиддий хафа бўлган қиёфада. – Кеча бизникида Атий ҳам, ану Расулмат амаки ҳам: «Бобонг тушмагур кўп қизиқ одам ўтган эди-да!» деб қиқирлаб кулишганди. Нима ишлар қилганлар бобом?

– Атий деганинг ким бўлди тағин? – дея ўйчанлик билан сўраб қолди Қодир ота.

– Атий деганим Атий-да. Ану маҳалламизда хат ташувчилик қилиб юрадиган татар чол бор-ку… – деб тушунтиришга ҳаракат қилди Анвар.

– Э, уни Атий дейсанларми? – деди Қодир ота ҳайрон бўлиб. – У хумпар яхши юрибдими? Бизлар уни Руфат тилмоч дердик. Ерга урсанг коптокдек осмонга сапчийдиган йигит. Фамилияси Хайруллин. Руфат Хайруллинни танимайдиган одам йўқ эди. Ҳа, айтгандай, у ҳам бор эди ўшанда. Бобонг билан ўрис командирга тилмочлик қилиб турган. Гапирдими, а? Эсида бор экан-да, унинг.

– Қодир ота нималарнидир эслаб, пича ўйга чўмди. Кейин, айтсам айтиб бера қолай, барибир мен айтмасам Руфатдан эшитишади, деган қарорга келди.

– Воқеа мана бундай бўлган эди…

III

Йигирма биринчи йилнинг саратон кунлари эди. Атроф бамисоли тандирдек қизиб турарди. Ҳамма уй-уйига тиқилиб олган. Қишлоқ нотинч. «Бугун анави қишлоқни, эртага манави қишлоқни тўнабди» деган нохуш хабарлар тез-тез эшитилиб турарди. Аммо Назарбек тинч эди. Ўша пайтда қишлоқ шўросининг бошлиғи Маткарим деган кишининг важоҳатидан одам қўрқар эди: эгнида қора чарм камзул, бошида қора чарм шапка, галифе шим. Ёнбошига маузер осиб олиб, отга минганда унча-бунча одам тоб беролмай қоларди. Йўлда учраганлар: «Шўро келяпти, шўро келяпти!» – деб бир четга чиқиб турар, у ўтиб кетгунча қимир этишмасди. Шунақа зўр одам бошлиқ бўлган қишлоққа бегоналар кела олармиди? Ҳечам-да! Шундан бўлса керак, ҳамма унинг ҳурматини жойига қўйиб, ҳақига дуо қилишар эди.

Бир куни, нақ чошгоҳ пайтида Қодирларнинг ҳовлисини биров тақиллатиб қолди. Ҳаммадан илгари оёқ-қўли чаққон Қодир чиқиб очган эди, қараса, хайр-садақа сўраб юрган гадой экан. Бу маҳалда нима кўп, гадой кўп. Қодирнинг сал энсаси қотди.

– Баҳовуддин йўлига… Садақаи раддибало… – деди ҳалиги одам. У шундай деди-ю, негадир теварак-атрофга олазарак қараб қўйди. Қодир бирпас унинг афт-ангорига тикилиб турди-да, индамай кириб кетаётган эди, ҳалиги гадой шошиб-пишиб: – Тўхта, Қодир, – деб қолди.

Қодир ҳайрон бўлиб орқасига ўгирилди. Ҳалиги гадой лип этиб ичкарига кирди-ю, чаққонлик билан дарвозани ёпди. Сўнг Қодирга:

– Тоғанг дуо қилиб юборди, – деди кулиб.

– Қайси тоғам?!

– Қайси бўларди, – Замонали-да, – у шундай деди-да, хотиржам қалпоғини бошидан олди, сўнг бир юлқиган эди, иягидаги соқоли ҳам ечилди. Қодир донг қотиб қолди. Бундай қарса, ўша қишлоқлик муаллим! Ориф муаллим!

– Ия?!

– Жим… – деди у кўрсаткич бармоғини оғзига олиб бориб. – Шундай қилиш лозим бўлиб қолди. Гап бундай: сен бир амаллаб, ўйнаб юрган бўлиб, Тўланбой дала ҳовлисидами, йўқми, билиб берасан. Узунқулоқ гапларга қараганда, шу ердамиш, деб эшитдик. Эҳтиёт бўл.

– Қандай қилиб?

– Буёғини ҳам ўйлаб қўйганмиз: секин бориб унинг эшигини тақиллатасан. Албатта эшигини қароли очади. Анави Эгам сўйлоқ. У ўлардай қўрқоқ, аммо жуда қўли очиқ йигит. Паншаха керак бўлиб қолди, бериб турар экансиз, дадам айтди, дейсан. Берса, билгинки, бой уйида йўқ. Борди-ю, безовталаниб, сўраган нарсангни бермаса, жеркиса, унда бой уйда бўлгани, қўрққани. Тушундингми?

– Тушундим.

– Тушунган бўлсанг, бора қол. Мен сени шу ерда кутиб тураман.

Тўланбойнинг дала ҳовлиси қишлоқнинг бир чеккасида, Қодирнинг ҳовлисига яқин жойда эди. Атрофи баланд қўрғон, ичкари-ташқари ҳовли, қўрғон тевараги баланд тераклар билан қуршалган, ҳовли ичида мевали дарахтлар, турли анвойи гуллар ўсиб ётар эди. Ҳовлидан бир қулоқ сув шариллаб оқиб турар, Қодир бу ҳовлига иш юзасидан уч-тўрт марта кириб чиққан эди. У ҳаяжонда, муҳим топшириқ билан кўчанинг кўпчиб ётган тупроғини поп-поп қилиб босиб келар, теварак-атрофда тирик жон қўринмас, ҳамма жон-жониворлар иссиқдан инларига уриб кетишган. Назарида, дов-дарахтлар ҳам саратон иссиғидан ҳансираб тургандай… Тупроқ ҳам қизигандан қизиб кетган. Қодир оёқлари куйиб зўрға келарди. У Тўланбойнинг ҳовлисига яқинлашгани сайин юраги гуп-гуп урар, ҳаяжонланарди.

Ниҳоят у етиб келди. Қалин тахтадан ишланиб, темир»белбоғ»лар билан мустаҳкамланган дарвоза олдида бир зум тўхтаб қолди. Бундай разм солса, дарвоза тақа-тақ берк. Теварак-атрофда чигирткаларнинг чириллашидан бошқа товуш эшитилмасди. Қодир бирпас индамай турди-да, сўнг таваккал қилиб, эшикни тақиллатди. Хиёл ўтмай, эркак кишининг йўталгани, сўнг тап-тап оёқ товуши эшитилди. Ит ғингшигандай бўлди.

– Нари тур, Олапар, – деди ҳалиги эркак. Бу ўша Эгам сўйлоқнинг товуши эди.

Эшик зулфини шиқирлади: аввал тепасидаги, сўнг пастдагиси… Эшик ғийт этиб очилиб, Эгам сўйлоқнинг титиғи чиққан дўппи кийган хумдай боши кўринди. У бир нимадан безовталанар, гавдаси ичкарида-ю, боши ташқарида турарди. Нима гап, дегандай имо қилди.

– Ассалому алайкум, Эгам ака, – деди Қодир одоб билан. – Дадам юбордилар. Бирпасга иккита паншахангизни бериб турар экансиз.

Эгам сўйлоқ қуюқ мўйловини бураб:

– Э, бор, ишингни қил, – деди-ю, эшикни шартта ёпди. Илгакни солаётиб, ичкарида тўнғиллади. – Нарса сўрашга топган пайтини қара-ю…

Қодир атайлаб тағин эшикни бир-икки бор тақиллатди. Ҳеч қандай садо чиқмади.

У қайтиб келиб, бор гапни оқизмай-томизмай Ориф муаллимга айтиб берди. Ориф муаллим калласини лиқиллатиб, ўзича нималарнидир ўйлаб турди-да:

– Ҳай, майли. Сенга катта раҳмат, – деб бояги жандаларини, қалпоғини шошилмай кийди, ясама соқолини, мўйловини ўрнатди. – Бу гапларни ҳеч ким билмаслиги керак. Хўпми? Хайр!

 

У кетди.

… Пешин намози маҳали ўнтача отлиқ кўча чангитиб чопиб ўтди. Бу маҳалда иссиқнинг тафти сал қайтгани учунми ё бошқа сабабми, кўчада одамлар ғимирлаб қолган эди. Ҳамма ҳайрон, йўл чеккасига чиқиб, аскарларни томоша қилиб туришарди. Отлиқлар тўғри бориб Тўланхўжанинг қўрғонини қуршаб олишди. Сўнг уч-тўрт отлиқ аскар девор ошишди-ю, ичкаридан дарвозани очишди. Ичкарига Замонали бошлиқ тўртта аскар шиддат билан кирди. Эгам сўйлоқ қўрқувдан дағ-дағ титраб, бостирма устунига суяниб турар эди.

– Хўжайининг қани? – деб сўради Замонали ундан. У маузерини яланғочлаб ушлаб олган эди.

Эгам сўйлоқнинг тили калимага келмасди. Яна бир бор сўраганидан сўнг, ичкариги ҳовлига қараб, боши билан имо қилди. Замонали ўша ёққа ўқдек отилди. Сал ўтмай ичкаридан аёл кишининг чинқириғи эшитилди, сўнг эркак кишининг бўғиқ товуши чиқди:

– Ит эмган!.. Қўлни единг!.. Вой…

Бу Тўланхўжанинг товуши эди.

Зум ўтмай Замонали Тўланхўжани банди қилиб олиб чиқди. Буни кўрган аскарлар теварак-атрофдан йиғилган текин томошабинлар кулиб юборишди. Тўланхўжанинг қўллари орқасига қайириб боғланган, бошяланг, эгнида оппоқ сурп кўйлак… негадир лозими оёқларига кишан бўлиб ўралиб келар эди. Замоналиси тушмагур уни қўлга олганида шошиб қолганми ё арқон тополмаганми ёки ўзи асли қизиқчи йигит тағин бир қизиқчилик қилгиси келдими, шартта иштонбоғини суғуриб олибди-ю, қўлларини орқасига қайириб, ўша иштонбоғи билан боғлабди. Боғичсиз лозим тушиб, оёғига кишан бўлибди-қолибди…

Уч-тўртта аскар ҳовлини, уйларни тинтув қилиб, ҳеч нарса тополмай чиқди. Кейин оғилхоналарни тинтишди, баъзи гумон қилган жойларга узун-узун темир қозиқлар тиқиб кўришди. Ҳеч вақо топишолмади, елка қисиб қайтиб келишди. Бу маҳалда Тўланхўжани дарвозахона остига олиб келишган, лозими аллақачон оёғидан сидирилиб тушиб қолган эди. Шу ернинг ўзида Замонали сўроқ қила бошлади уни:

– Қуроллар қаерда?

– Қанақа қурол?! – ўзини билмаганликка олди Тўланхўжа.

– Қанақа бўларди? Тунов куни сизнинг ақчангизга инглизлардан сотиб олинган қуролни айтяпман. Қаерда ўша қурол?

– Мен унақа қуролни билмайман.

– Биласан!!!

Замонали бехосдан маузернинг тепкисини ҳавога қаратиб босиб юборди. Унинг аччиқ товуши ўқ товуши билан бирга чиқди:

– Биласан!!!

Тўланхўжанинг капалаги учиб кетди. Ўтирган жойида сакраб тушди. Юраги чиқиб кетаёзди. Жон ширинлик қилди чоғи, ялина бошлади:

– Айтаман, айтаман… Фақат мени ўлдирманглар…

– Қуролни топсанг, айбинг енгиллашади.

– Топаман…

– Қаерда улар?

– Бўрижарда, ғорда. Оғзига шох-шабба ёпиб қўйилган. Мени ўлдирманглар…

– Қани, юр! Кўрсатасан бизларга.

– Шу аҳволда-я? Раҳм-шафқат қилинглар, мусулмонлар…

–Яшириб қўйган шунча қуролларингни бизга раҳм-шафқат қилгани сотиб олганмидинг? – деди Замонали маузерни ўқталиб.– Қани юр, кўрсат қаердалигини!

Тўланбойнинг тили калимага келмай қолди. У лозимсиз, ялангоёқ, итоат билан олдинга тушди. Отлиқ аскарлар орқада, милтиқларини тўғрилаб шай келишяпти. Замонали отда, қўлида яланғоч маузер. Кўчага одам тўлиб кетибди. Тўланхўжанинг аҳволини кўриб, қиқир-қиқир кулишади, кўплари унга лаънат тошини ёғдиришади:

– Бу кунингдан баттар бўл!

– Ҳақиқат бор экан-ку!

– Ўл-а!..

– Ҳечқурса лозимини ҳам кийдирмабди?!

Кўча бўйлаб анча юрилгач, олдиндан бир отлиқ кела бошлади. Яқинга келганда танишди: бу қишлоқ шўросининг раиси Маткарим эди. Важоҳатидан от ҳуркарди. У чопиб кела солиб, аскарларга мурожаат қилди:

– Бу қанақа масхарабозлик! – деди Маткарим шўро зўраки кулиб. Кейин Замоналига қараб: – Қизиқчилигингиз қолмади-қолмади-да!деб қўйди.

Тўланхўжа Маткарим шўрога нажот истаб термилар, назарида шўро уни ҳозир қўлларини ечиб қутқариб олиб кетадигандай эди.

– Бу масхарабозлик эмас, – деди Замонали олдинга чиқиб.– Бу кишини қўлга олдик. Баъзи маълумотларга кўра, Тўланхўжа инглизлардан қурол-яроғ сотиб олиб, бу ердаги ўз одамларига берган.

– Бўлмаган гап!– деди Маткарим шўро бирдан жиддий тортиб. – Ҳали бу гапларни исботлаш керак, ўртоқ Замонали.

Тўланхўжа ялтоқланиб бир Маткарим шўрога, бир Замоналига қарар, ҳозир ўзининг озод бўлишига шубҳа қилмас эди.

– Исботланди. Ҳозир қуролларни қаерга яширганини айтиб берди. Шуни олгани кетяпмиз, – деди Замонали хотиржамлик билан. – Тағин қандай исбот керак бўлади?

Маткарим шўронинг мўйловлари диккайиб кетди.

– Вой ит эмган, вой ярамас, унсур, – деб қора чарм камзулининг ёнбошида осилиб турган тўппончасини ғилофидан зудлик билан суғуриб олиб, Тўланхўжага ўқ узди.

Тўланхўжа гуп этиб йиқилди: икки қўли орқасига боғланган, оқ сурп кўйлагининг олди қоп-қора қон, тупроққа беланган афт-башарасини сал кўтариб, бужмайганича ингради:

– Ит эмган… Ўзингникига ўқ узасанми ҳали!..

Шундоққина ёнма-ён турган Замонали зудлик билан Маткарим шўронинг тўппонча тутган қўлини шаппа ушлади.

– Бу нима қилганингиз?

– Қўйиб юбор, бу ярамасни ўзим бир ёқли қиламан!.. – У тиришиб Замоналининг метин қўлларидан чиқиб кетишга ҳаракат қилар, аммо қимир этолмас, оғзи ҳам сўздан тинмас эди. – Революция душманларига шафқат йўқ!.. Қўйиб юбор, қўйиб юбор деяпман! Мен у ярамасни…

Маткарим шўро ҳам анча бақувват эди. Замоналига бўй бермай тағин тўппончасининг тепкисини босди. Бу гал ўқ ҳавога кетди. Олишув бошланди. Аскарлар аввалига ҳанг-манг бўлиб туришди-да, кейин Замоналига ёрдамга шошилишди. Бирпасда Маткарим шўрони қуролсизлантиришди. Отдан туширишди. Ҳамма ўпкаси оғзига сиғмай ҳансирарди.

– Ундан кўра, Тўланхўжа билан шерик эдим, айбим очилмаслиги учун отдим, деб қўя қолмайсизми, тақсир? – деди Замонали ҳансираб.–Қамоққа олиндингиз. Ушланглар, йигитлар.

– Нима деяётганингни ўзинг биласанми? – Маткарим шўро баланд келди. – Мен-а, қишлоқ шўросининг раиси-я! Ҳали бу гапларинг учун жавоб берасан!

– Жавоб берсак бераверамиз, – деди Замонали хотиржамлик билан. – Манавининг қўлини орқасига қилиб маҳкам боғланглар. Тўланхўжанинг қўлларини ечиб, отга ўнгаринглар. Тез бўлинглар! Кетамиз. Ҳали яширилган қуролларни ҳам топишимиз керак жарликдан.

Аскарлар Маткарим шўронинг қўлларини орқасига боғлаб, отга миндирганларида унинг илгариги важоҳатидан асар ҳам қолмаган, мўйловлари ҳам пастга шалвираб, қўйдек ювош тортиб қолган эди. Тўланхўжанинг аҳволини кўриб, ҳайрон бўлиб турган қишлоқ аҳли ўзлари астойдил ишонган Маткарим шўронинг қўлга олингани ва унинг аскарлар қуршовида кутилмаганда итоатгўй бўлиб қолганидан ёқаларини ушлаб туришар эди.

Замонали бошлиқ аскарлар битта банди-ю, битта ярадорни олиб, қишлоқ чеккасига, Бўрижарга қараб кетишди…

IV

– Мана шунақа гаплар, – деб тугатди ҳикоясини Қодир ота. – Бу мен гувоҳ бўлган биттагина воқеа, холос. Ўша пайтда қанча-қанча гаплар бўлган, эҳ-ҳе…

Фурқат билан Анвар бобоси айтиб берган ҳалиги воқеанинг таъсиридан чиқолмай, миқ этмай ўтиришар эди.

– У хумпар… Жавлонхўжани айтяпман-да, – деди тағин гапига аниқлик киритиб Қодир ота, – ҳанузгача отасининг бу шармандагарчилигидан номус қилади. Ўзи-ку, ўша пайтда мана шу бир бурда бўлиб қолган Умрининг қорнида қолган эди. Бу гапни кейин, эсини танигандан кейин одамлардан эшитган… Кўрмайсанми, ҳали ҳам отасининг лозимсиз кўчада шарманда бўлганини эшитса, кўкариб кетади. Шунинг учун бобонгнинг номини эшитиши билан… – Қодир ота яна бир оз тин олди. Фурқат билан Анвар уни гапдан чалғитишдан чўчиб, жим ўтиришар эди. У тағин бир нарсани эслади шекилли, мийиғида кулиб қўйди.–Бу воқеадан сўнг одамлар анча вақтгача кулиб юришди. Бунақа воқеа эсдан чиқади, дейсанми? Кейинчалик қишлоқда қўшиқ ҳам тўқишганди. Ҳозир эслашга уриниб кўрамиз. Нимайди? Ҳа мана бундай:

 
Турмуш гўзал бўлмас асло,
Танбур, дутор созисиз,
Тўланхўжа каби расво,
Ўтди бундан лозимсиз.
 

Бу қўшиқни эшитиб, Анвар билан Фурқат ҳам қиқирлаб кулиб юборишди.

Ҳангоманинг қизиғига тушиб кетиб, Сарви хола олиб кирган чой пиёлаларга қуйилганича совиб қолди, Анвар билан Фурқат миқ этмай бобосининг оғзига тикилиб ўтиришарди. Қодир ота олдида турган чойни бир ҳўплаб:

– Бай-бай-бай… Чой совиб қолса бемаза бўлади-да, – деди хотинига қараб. Сарви хола дарров ўрнидан туриб, чойнакни кўтариб, ташқарига чиқиб кетди. Қодир ота пиёласини нарироққа суриб қўйиб, болаларга қаради: – Ана, бўталоқларим, бор гап шу.

Фурқат билан Анвар бир-бирларига қараб олишди. Чамаси улар бир нарсани сўрамоқчи-ю, бобосини чарчатиб қўйишдан ийманишаётган эди. Қодир ота буни дарров пайқади. Саволомуз тикилди.