Read the book: «АСАРЛАР (I жилд)»
ШОИРЛИКНИНГ ОҒИР ЮКИ
(Сирожиддин Саидов ҳақида)
Шоирлар ҳар хил туғилади.
Шоирларки бор, гўдак атак-чечак қилиб йўл юришни ўргангандек, кўп йиллар давомида шеърият алифбосини ўзлаштиради, ҳар хил шоирларга эргашиб кўради, изланади ва бора-бора қийналиб бўлса-да, ўз йўлини топиб олади.
Шоирларки бор, биринчи қадамлариданоқ ҳаммани лол қолдириб, туйғуларини, ҳисларини, фикрларини тутилмаган образларга буркаб, афсоналарнинг тушига кирмаган сўзларда куйлай бошлашади. Уларни “ёш шоир” деган тушунчага сиғдириш қийин. Улар ёши кичик бўлса-да, шуури, шеърий тафаккури балоғатга етган бўлади.
Назаримда, Сирожиддин Саидовни ана шундай “тайёр” шоирлар тоифасидан десак хато бўлмайди.
Мен унинг шеърларини биринчи навбатда бир йилча аввал ўқиган эдим ‒ улар менга жуда маъқул бўлганди. Шундан кейин унинг шеърлари билан учрашиш иштиёқида вақтли матбуотни кузата бошладим. Лекин негадир Сирожиддиннинг номи газета-журналларда кўринмади. Яқинда Сирожиддиннинг ўзи билан танишдик. У менга янги шеърларини келтириб берди. Бу шеърлар ҳам аввалгиларидан қолишмайдиган бақувват шеърлар эди. Шунда мен Сирожиддин шеърларидан кичик бир дастани эътиборингизга ҳавола қилишга журъат этдим.1
Сирожиддин ‒ сурхондарёлик. Табиийки, унинг кўпгина шеърлари Сурхондарё билан боғлиқ. Унинг поэтик образлари, анча-мунча шеърий деталлари шу воҳа одамларининг ҳаёти, шу воҳа табиати билан алоқадор. Лекин унинг поэтик тафаккури сира-сира Сурхондарё воҳаси билан чекланган эмас ‒ у ўз она юртининг заминида мустаҳкам туриб, дунё миқёсида, умумбашарият кўламида фикрлайди. Худди шу фазилат ‒ шеърларнинг умумбашарий ҳисларига тўлалиги, туйғуларнинг тиниқлиги, фикрларнинг теранлиги ва кутилмаганлиги, поэтик образларининг маънодорлиги, янгилиги Сирожиддин шеърларига алоҳида жозиба бағишлайди.
Ёш шоир адабиётимизда кўплаб марта тилга олинган нарсалар ҳақида ўз овози билан, ўз оҳангида гапиради ва унинг ўзига хослиги сизга маъқул келади. Мана унинг бир шеъри ‒ унда мадрасалар, миноралар, гумбазлар шоир назарида тарих наматининг устида чордона қуриб, чилим чекаётган чоллардай кўринади. Шоир халқнинг ўтмишидаги ҳаётини шундай поэтик образда ифодалайдики, у саҳифа-саҳифа тасаввур ўрнини боса олади:
Нонсиз тандирларнинг кўзлари билан
Ҳаётга ‒ ҳасратга боқар ҳовлилар.
Сирожиддин тафаккурида бундай оригинал образлар жуда енгил туғиладигандек кўринади ‒ унинг ҳамма шеърларида бундай образлар кўп. Лекин бу ҳар қанча муҳим бўлмасин, асосий масала эмас.
Шеърият оригинал поэтик образларсиз яланғоч ҳайкалдан ортиқ нарса эмас. Шеърни шеър қилиш учун, унга жон ато этмоқ учун поэтик образлар, деталлар билан бир қаторда теран фикр керак. Поэтик образ поэтик фикрни ифодалаш воситаси холос. Сирожиддин шеърлари шуниси билан қадрли. Бояги шеърда ўша мадрасалар, ўша гумбазлар халқнинг қадимий дардлари сифатида таърифланади. Шоир наздида мозий йўллари бошдан-оёқ халқ дарди тўшалган йўллардир, бу бениҳоя дардни “қирқ хотинли беклар тўшакдай тўшаб, йиғиштирмай” кетганлар. Шоир ана шу мозийни бугунги кунга қиёс қилади…
Шоир шеърларида инсон қалбининг турли қирралари ана шундай теран ва самимий куйланади. Китобхонда савол туғилиши мумкин – бу ёш шоирнинг бирор нуқсони борми ёки у камолот чўққиларига эришиб бўлганми? Бунга нима жавоб бериш мумкин?
Албатта, ижодда камолотнинг чеки бўлмайди. Ижодда ҳар бир эришилган маррадан кейин яна янги марралар келадики, уларни забт этиш янада қийинроқ ва машаққатлироқ бўлади. Ҳамма гап ижодкорнинг қандай маррага интилишида, ўз зиммасига нечоғлик оғир юк қўя билишида. Сирожиддиннинг ҳозирги шеърлари шундан далолат берадики, у ҳар қандай оғир юкни кўтара оладиган забардаст елкаларга эга. Мен ёш дўстим Сирожиддинга ижодда ойдин йўллар тилайман.
Озод ШАРАФИДДИНОВ1982 йил
ШЕЪРЛАР
РУҲИМ ХАРИТАСИ
ВАТАН МЕҲРИ
Гар одамлар сўрашса мендан:
Бу дунёда истагинг недир?
Не истайсан, амал ё шуҳрат,
Ё ҳисобсиз бойликми, билдир.
Лол бўлмасдан берурман жавоб:
Булар менга асло керакмас.
Ёлғиз истак қалбда ҳукмрон,
Ватан меҳри тарк этмаса бас.
1975
ОРЗУ
Орзуларинг жўшар қалбингда,
Орзу билан яшайсан ҳар он.
Кун келади орзунг ушалар,
Янги орзу бўлади меҳмон.
У кўкдаги Зуҳро сингари,
Жилва билан порлаб туради.
Тинчинг олиб, қалбга чўғ солиб,
Севгилингдай чорлаб туради.
1975
БАҲОР
Кунда Жувоз2 тоғларида уйғонади айиқлар,
Уйғонади какликлар,
Пайдо бўлар оҳулар.
Табиатнинг унутилган луғат китоби каби
Уйғонади
Кунда Жувоз тоғларида бобомнинг боғи.
Бу боғ ичра уйғонади бобомнинг кўзи янглиғ,
Икки уйғоқ кўзи янглиғ бир жуфт булоғи.
Кунда Жувоз тоғларида уйғонади айиқлар,
Уйғонади какликлар,
Пайдо бўлар оҳулар.
Ҳар тонг ҳаёт тимсолидай –
Бобом боғига келиб,
Бобомнинг жуфт булоғидан сув ичиб кетар улар.
1975
ЭСКИ УЙ
Ўтган йиллар ҳидин соғиниб,
Манзилларда бўлиб ўткинчи.
Оғушингга келдим толиқиб
Мен йўлларда адашган йўлчи.
Чақинлардай ўтган болалик
Энди бунда кўтармас сурон.
Мен бир пайтлар тебранган бешик
Сукунатда олмоқда ором.
Энди бунда янграмас алла –
Танглайимни кўтарган қўшиқ.
У дамларни қўмсадим яна
Деворингга ҳорғин бош қўйиб.
Болалик ҳам кетмиш раҳм қилмай,
Йиллар сени хароб этибди.
Сени, боланг ташлаб кетгандай,
Болалигинг ташлаб кетибди.
1975
ГУЛНОР БИЛАН ХАЙРЛАШУВ
Синфдошим Гулнорни кузатаётганда синфнинг
ҳамма қизлари… ва мен йиғладим (4-синф)
Болаликнинг сўнгги кўзёши!..
Мен ростдан йиғладим,
Болалар кулди,
Кулди йиғлаётган қизлар ҳам.
Ўқитувчи кулди,
Кулди директор.
Бутун мактаб кулди устимдан!
Улар кўчиб кетишди. Кулди
Гулнорнинг синфда бўш қолган ўрни…
Кейин… эслолмайман:
Йиғладимми, йўқ?..
Гулнор – болаликнинг сўнгги кўз ёши…
1975
БОЛАЛИК ДАРАХТИ
Менинг дарахтимни кесманг, отажон!
Қўйинг, гуллар очсин маъсум соғинчим.
Қўйинг, барглар ёзсин,
Тугсин мевалар,
Бу дарахт – севинчим,
Менинг овунчим.
Менинг дарахтимни кесманг, отажон.
Барча айб мендадир,
Бу дарахт нечун?
Одобсизлик қилганим-чун,
Ёдингиздами –
Адабимни бергандингиз бир хипчин билан,
Бу дарахт – ўша хипчин.
Алам қилгандайин гўё шу куни
Ерга қадагандим мен уни.
Пахса деворларни кўп қорлар босди,
Қорлардан сўнг эса баҳорлар босди.
Бу ниҳол кўкарди, бўй чўзди, ўсди.
Куртакдай кўнглимни бузманг, отажон,
Менинг дарахтимни кесманг, отажон.
Мен ҳам одам бўларман бир кун,
Шу дарахт сингари япроқлар ёзиб,
Гуллаб, завққа тўларман бир кун.
Кетгай дилингизнинг оғриқ доғлари,
Яшнаб шовуллагай умр боғлари.
Гарчи кичикдирман жисман, отажон,
Ҳаётни тушундим қисман, отажон.
Менинг дарахтимни кесманг, отажон,
Қўйинг, болалигим кесманг, отажон!
1976
БОЛАЛИК
Бир шаҳрим бор эди менинг, дўстларим,
Шаҳримнинг бор эди тиниқ осмони,
Тиниқ осмонида қолди кўзларим,
Кўзларимда қолди маъюс армоним.
Дўстларим, бир шаҳрим бор эди менинг,
Шаҳримнинг чанг эди кўча-кўйлари.
Кўча-кўйларида ўшал шаҳримнинг
Қайтмас бир фаслнинг қолди бўйлари.
Дўстларим, бор эди менинг бир шаҳрим,
Бир парча ўтлоғи бор эди – яшил.
Бир парча ўтлоғи ичра бир даврим,
Яшил даврим қолди, дўстларим, ахир!
Чўкиб кетаётган менмасмидим у,
Ким олиб чиқарди мени дарёдан?
Бир дарём бор эди, дўстлар, қани у?
Дўстлар, мен топмадим уни дунёдан.
Менинг бир дарахтим бор эди, дўстлар,
Хазонлар қоплабди теграларини.
Кўзёшга қоришиб етилган сўзлар,
Дўстлар, у дарахтнинг меваларими?
1976
ДАРАХТ
Х. Д.
Тушларимга кирар бир дарахт.
Ҳаволарда ёмғир ҳидлари,
Уланади тушларим ёдга.
Тушларимга кирган дарахтнинг
Илк япроғи келар ҳаётга.
Тушларимга кирар бир дарахт.
Ҳаволарда совуқ тараддуд,
Узилади тушларим ёддан.
Тушларимга кирган дарахтнинг
Сўнгги барги кетар ҳаётдан.
Тушларимга кирар бир дарахт.
Андуҳ каби қора, япроқсиз,
Уйғонаман – шўр ёш лабимда.
Тушларимга кирган дарахтнинг
Илдизлари инграр қалбимда.
1977
«Самолётлар учди. Учдилар йиллар…»
Самолётлар учди. Учдилар йиллар.
Поездлар, шаҳарлар қилдилар парвоз.
Дарахтлар учдилар, учди кенгликлар,
Учди неча баҳор. Учди неча ёз.
Учди масофалар олиб васлингни,
Ер ҳам парвоз этди, учди беармон.
Сен севги аталган гулгун фаслингни
Ўтли тезликлардан сақладинг омон.
Йиллар осмонида учдик, севгилим,
Етмоқ-чун манзилга – бир-биримизга.
Булутлар бағрини ёриб чиқдик жим,
Бизлар учиб кирдик тақдиримизга.
Биз тиндик. Қалб сенга кўксини тутди,
Сочингга кўмилиб яшар бармоқлар.
Йигирма ёшимни кўчалар ютди,
Ўн саккиз ёшингни кўмди сўқмоқлар.
Шаҳарлар биз учун учмагай энди,
Поездлар биз учун боғламас қанот.
Бизни ўзимизга қолдириб, тинди
Йиллар осмонида бизнинг самолёт.
Бу ёғи… қанотнинг кераги йўқдир,
Бу ёғи жимгина ёнгувчи олов.
Севгилим, олдинда неки манзил бор,
Юракларнинг ўзи етказар яёв.
1977
БОЛАЛИК БАЛЛАДАСИ
Бошлари кесилган аждаҳоларнинг,
Бир кўзли девларнинг жасадларини
Яланг оёқларим билан босиб
Мен эртакдан чиқдим.
Сирли ўрмон эди эртаклар, унда
Қарғалар дўппимни олиб қочдилар.
Қўлдаги кулчамни тулкилар еди,
Ялмоғизлар минди велосипедимни.
Новдаларда бойқушлардек ўтириб олган
Ялмоғизлар тиззаларига
Қўлларини уриб, мени кузатдилар
Қирқта қароқчининг ғорига томон.
Сўнгра қоровуллик қилдим қароқчиларнинг
Ўғирлаган олтинлари, хуржунларига.
Аммо қирқ биринчи қароқчи бўлиб
Уларнинг сафига қўшилмадим мен.
Бир кун келтиришди бир қизни,
Тайинлашди:
“Агар қочса бошинг кетади.
Биз тезда қайтамиз”.
Кетишди.
…Қочганимиз ёдимда фақат,
У қизнинг кўзлари, юзи унутдир,
Исин ҳам, исмин ҳам билмайман.
“ИЛ-18” номли темир Семурғда
Учиб кетдим кейин. Эртак – унутдир.
Қизни қутқарганим ёдимда фақат.
1978
СОҒИНЧ
(Синглимга хат)
Хатлар ёздим: “Бормисан, сингил,
Дарахтларим менинг омонми?
Мен омонман, танимоқдаман
Гоҳи баланд, гоҳ паст инсонни”.
Хатлар ёздинг: “Бормисан, ака,
Келгунингча етадими пул?
Хаёлларим менинг ҳам катта,
Тугатяпман ўнни мен бу йил”.
Хатлар ёздинг: “Ака, бормисан,
Тушунарсан балки мени ҳам:
Шаҳар бориб ўқимоқчиман,
Нетай, рухсат бермаслар онам”.
Сен хаёлсан дунёда, синглим,
Мен хаёлга бахш этгайман тил.
Йиллар ўтар – етарми йўлим,
Йўллар ўтар – етармикин йил?
Юрагимда туғилган шафқат
Камол топса агар бехато,
Йўлимдаги ҳар қандай ҳайрат
Мени бир кун қилгайдир адо.
Сенинг бўлса тақдиринг – Хаёл –
Конвертларда учиб келган қуш.
Сен дарахтсан – қийнаган савол,
Сен хаёлсан – кўринмас товуш.
Баҳор пайти аста силкиниб,
Туйғуларинг кўтарганда бош,
Қутлар сени биринчи бўлиб
Эрта кириб келган қалдирғоч.
Тушуниш бу – қийналиш демак,
Қийноқ гоҳ бахт, гоҳи пушаймон.
Тушунмасдан соф қолмоқ керак,
Сен соф қолгин, пок қол, сингилжон!
Соғинаман дарахтлар билан
Бирга баъзан меҳру қадрни.
Соғинаман хаёлингдай соф,
Хатларингда келган шаҳарни.
1978
ҚУЁШ ҚИЗИ
Бу қизнинг офтобда қорайган юзи
Ранг олиб яшади қиш бўйи қордан.
Бу қизнинг офтобда қорайган юзи
Қордай оппоқ бўлиб келди баҳорга.
Офтобда қорайган елкаларини
Қиш бўйи қорлардан яширди бу қиз.
Офтоб нури эмган билакларини
Қиш бўйи қорлардан яширди бу қиз.
Қиш бўйи бу қизнинг баданларини
Қорлардан яширди иссиқ палтолар.
Барибир, бажарди айтганларини,
Қизни оқартирди барибир қорлар!
Бу қиз ечинаркан кўзгу олдида
Лол қотиб термулди ўзига у кун:
– Елкамни қай йўсин кўриб қолди-я,
Қорлар баданимни кўрмаганди-ку?
Қуёш ўт пуркайди. Ёз. Кўриб қолдим
Қирғоқда бу қизнинг кўйлакларини.
У қуёшга тоблаб қорайтирарди
Қордай баданини, елкаларини.
1978
«Олис кечинмалар қаърида…»
Олис кечинмалар қаърида
Йўллар ҳайқириғи янгради бирдан.
Йўллар ҳайқириғи бағрида
Мендан узоқлашиб борар бир одам.
Хира кўлкасида мужассам қайғу.
Кетиб боради у руҳсиз, толиқиб.
У – севгидир, мендан норизо туйғу.
У – ёшликдир, кетар менга тош отиб.
Олис кечинмалар қаърида
У мен англолмаган шуурдир.
Йўллар ҳайқириғи бағрида
У – мен яшолмаган умрдир.
1978
«Бизлардан бўлмади ҳеч ким чемпион…»
Бизлардан бўлмади ҳеч ким чемпион,
Спортни тарк этди болалар кўпи.
Ҳануз мени қийнар у стадион,
Ҳануз мени қийнар у футбол тўпи.
Ҳануз мен қўмсайман йиллар кетида
Мендан айро тушган ул тетик ҳисни.
Ҳануз мен қўмсайман майдон четида
Чемпион бўлишим истаган қизни.
Ғолиб келганимда турди олқишлаб,
Мағлуб келганимда эгилди боши.
Чемпион бўлмадинг барибир, мактаб,
Чемпион бўлмадинг, командадошим.
Ҳайқирди радио, телевизорлар,
Кўкларга кўтариб Пелеларини.
Таъзирин берарди ота-оналар
Футбол, деб югурган болаларини.
У пайтлар қуш каби учиб юрардим,
Кеталар – оёққа бойланган қанот.
Бугун: катта майдон, лолдир қудратим –
Оғир ботинкалар кийгизди ҳаёт!
Мактаб, доим маъюс кўраман сени,
Қани олқишларинг, қутловчиларинг?
Чангларга беланган командам, қани
Чемпион бўлмаган футболчиларинг?
Футбол унутилди. Биров йўқолди
Яшашнинг бепоён майдонларида.
Биров илк севгим, деб йиғлади, толди,
Сўнг “чемпион” бўлди майхоналарда.
Футбол унутилди. Биров ташлади
Тақдирнинг тош каби елкасига қўл.
Биров пулдор бўлиб яшай бошлади,
Бировнинг бахтига етмай қолди пул.
Бўғзимга тиқилиб қолганда умрим,
Беғам кунларимни қўмсаган дамда.
Тизилиб келасан олдимга туриб,
Йилларга сочилиб кетган командам!
Қарайман ҳайратни кўзимга йиғиб,
Қарайман, нимадир тирнар кўксимни:
Тизилиб келасан – ўн битта йигит,
Майдон чеккасида турган қиз, қани?!.
1978
У ТОМОНДА…
У томонда бахтим қолдими?..
Р. П.
У томонда музлар эриди,
У томонда тошди дарёлар.
Тушларимга юлдузлар кирди,
Тушларимга кирди саҳролар.
У томонда – қишлоқ устида
Булутлар оқ, мовийдир ҳаво.
У томонда… баҳор тусида
Қайтиб келди қушлар сернаво.
Беш йил бўлди, кутиб-кузатдинг
Беш баҳорни бир ўзинг, она.
Беш йил бўлди, менсиз узатдинг
Беш баҳорни, азиз остона.
Беш йил бўлди, менсиз келар қиш,
Менсиз кетар йўлидан тўғри.
У томонда туғилган эмиш
Тенгдошимнинг иккинчи ўғли.
Беш йил бўлди, у томонда куз
Тополмасдан кетар изимни.
У томонда яшайди бир қиз
Унутолмай менинг исмимни…
1978, 1979
ОТАМГА…
Ота,
Ҳали тугамаган
Сиз учун уруш!
Сизга уйқу бермас ул мудҳиш уруш,
Қирғинбарот жанг!
Сизга уйқу бермас ярадор ўйлар.
Тунлар мажруҳ ўйларингизни
Тасмадокалардай ўрайди
Йўллар.
Йўллар.
Йўллар.
Ўйлар. Ўйлар… Ўйлар
Сталинград деворларидек
Қулайди.
Қулайди.
Қулайди.
Кечалар ой ҳамшира мисол
Хотирангиз яраларин
боғлаб юради.
Тун эмас, кечади
нотинч Саргузашт,
Юлдузлар ўчади.
Порлар шабнамлар.
Номсиз тепаликлар бўлиб
туюлар Сизга
Томлар устидаги ғарамлар.
Тонг. Ўроқ. Бедазор.
Қийноқли
Ўйга толиб қолдингиз нега?
Дала ортидаги сувсиз ариқлар
Олис окопларни эслатди Сизга.
Кечинмалар қамалида
ўксиб қолдингизми?
Ўқсиз қолдингизми?
Кўрасиз чинқирган
темир йўлларни,
Поездлардек ўтаётган йилларни.
Уларнинг бирови ‒
Сизнинг ёшлигингиз,
Поезд олиб кетади мени.
Энди бундан буён пичанлар
Сарғайиб ёд этади мени.
Юзларидан ҳаёт ранг олган
Келинчаклар, навжувонларнинг
Бахтлари ёд этади мени.
Қирда буғдой ўрган қизларнинг
Дардлари ёд этади мени,
Лаблари ёд этади мени,
Байтлари ёд этади мени.
Поезд олиб кетади мени –
Ўй ва ҳижрон диёри томон,
Дард ва армон баҳори томон.
1978
«Сариосиё осмонлари…»
Сариосиё осмонлари,
Мени унутинг!
Аммо эсда тутинг – қайтаман.
Бобом кўтарганда намоздан бошин,
Отам фотиҳага очганида қўл.
Сариосиё осмонлари,
Мени унутинг!
Аммо эсда тутинг – қайтаман.
Қайтаман шамолни кўксимга босиб,
Поезддан тушаман тонгни етаклаб.
Қайтаман, қўлдаги жомадонимга
Дафтарларим аро дилларим жойлаб.
Йиллардай ранг-баранг соғинчлариму
Гуллардай ранг-баранг йилларим жойлаб.
Сариосиё осмонлари,
Мени унутинг!
Аммо эсда тутинг – қайтаман,
Онамга тириклик саломин айта,
Сингилларим – гул-райҳонларим
Қуёш бешигидан уйғонган пайтда.
Ҳижрону фироқнинг кўнглини ғашлаб,
Қайтаман, қайтаман ҳаётни,
Донишманд, пурҳикмат ҳаётни
Елкаларим узра тўн каби ташлаб.
1979
«Сен масъуд дунёнинг борини…»
Сен масъуд дунёнинг борини
Ўйладинг. Яшадинг. Ўткардинг.
Бердинг қорачиқлар умрини,
Тунларни киприкда кўтардинг.
Фарзандлар кетдилар ҳар тараф,
Сокин қолди уйинг – англадинг.
Соғиндинг, соғинч-ла йўл қараб
Бир вужуд соғинчга айландинг.
Ҳаёт остонасин босмагай хазон,
Тириклик гоҳ тупроқ,
Гоҳ осмонийдир.
Саломлар абаддир, онажон,
Видолар фонийдир, фонийдир.
1979
ТУНГИ ЎРИМДАН СЎНГ
Ҳозир чўмилишга тушар етти қиз,
Пастга – сокин оқаётган сойга.
Ғарамда ялтирар ой зиёсида
Еттита ой ўроғи мисол,
Еттита ўроқ.
Етти хил кўйлакка соқчи харсанглар,
Етти хил кўйлакни асрайди қирғоқ.
Сувдаги ёлғиз ой сочилиб кетар,
Ўрнига етти ой киради сувга.
Етти гул баданнинг тафтини
Муздек оғушида эритади сой.
Тепада – қуп-қуруқ ғарам қўйнида
Ухлар эркаклар.
Эҳ, сиз эркаклар!
…Пастда ялтирайди ой зиёсида,
Қиличлардай ялтирайди ой зиёсида –
Елкалар!
Елкалар!
1979
ЎСМИРЛИК
Туним менинг – жунуним менинг,
Сочлари ёйилган қуюним менинг.
У тинмай шивирлар – юзлари олов:
Энди осон бўлар қийиним менинг.
Қўлларим лолдирлар елкаларида,
Илк бор туғён қилар тинимим менинг.
Илк бор томирларим тор келар қонга,
Илк бор торлик қилар кийимим менинг.
Нима бўлса бўлди!
Сочилиб кетар
Китобга асраган тийиним менинг.
Дунё ғойиб бўлар,
Қолар оқбадан
Туним менинг – қайиним менинг.
Ўсмирлигим менинг, не чирой кўрдинг?
Қаро сочларини мисли сой кўрдинг.
Ўсмирлигим менинг, ў шумим менинг,
Билмадим, ўнгмиди ё тушим менинг –
Лол эдим, ол эдим, безавол эдим,
Рўй берди энг телба жунуним менинг.
У-чи, шивирларди – юзлари олов:
– Жиннигинам менинг,
Мажнуним менинг!
1979
«Бир кун мени уйғотадилар…»
Бир кун мени уйғотадилар:
Дўстлар эмас, севгилим эмас,
Ё соатнинг чинқириғимас –
Акам каби азиз дарахтлар
Бир кун мени уйғотадилар!
Мени бир кун уйғотадилар.
Тарақлаб очилар бехос эшигим,
Бостириб киради сўнгра хонамга
Олислардан келган уч-тўртта дарахт.
Олислардан келган уч-тўртта дарахт –
Сўнгги дарахтлари болалигимнинг.
Мени уйғотади бир кун дарахтлар,
Тургин, дейишади, видолашайлик,
Бизни ҳам кесишяпти…
1979
БИТИРУВ КЕЧАСИДА
Жаранглар илк қадаҳлар,
Кулгулар жаранглайди.
Дилларнинг тори таранг –
Туйғулар жаранглайди.
Бизнинг куй-рақслардан
Жаранглайди осмонлар.
Юлдузлар тўкилади –
Жаранглар илк армонлар.
Фақат синфхоналарнинг
Сукутида бир видо:
Эртан кун тарқалурмиз
Дил – жудо, тақдир – жудо.
Алвидо, алгебра!
Тенгламалар қийнамас.
Биз гўлларча ўйлаймиз:
Бу томони қийин эмас!
Сенинг алвон кўйлагинг
Ёнғин янглиғ руҳима
Порлаб қолар.
Бир умр
Кўришмаймиз, Раҳима!
Ўйлаймиз: бизга муштоқ
Осмондай соф оламлар…
Мактаб боғида эса
Қизармоқда олмалар.
Ва – синф раҳбаримизнинг
Сўз деёлмай бизларга,
Кўзи, кулгичларида
Ялтираган ёшлари –
Кумуш нуқталар бўлиб
Томиб тушар йилларга!..
(1974) 1978
СИНФДОШИМ ИСКАНДАРНИНГ «ЯВА» МОТОЦИКЛИ ҲАҚИДА ХОТИРАЛАР
I
Биз нима йўқотдик у асфалтларда,
Бизлар нимани деб бунча қатнадик?
Синфдошлар «баҳо» деб мақтанганида,
Бизлар мотоцикл билан мақтандик.
Биз чопиб чиққанмиз эртак кўксидан,
Мактаб парталаридан,
Эгарланган тойнинг устига каби –
«ЯВА» устига!
Дарсга қўйишмасди уни биз билан,
Дераза ортида кутарди
Соатлаб,
Биз дарсдан чиққанда –
У олиб кетарди.
У олиб кетарди икки ўсмирни
Тезликдан иборат дунёлар томон.
У олиб кетарди тиниқ дўстликни
Тиниқ ва мусаффо дарёлар томон.
Биз нима йўқотдик у асфалтларда,
Биз нима сўрадик, нени кўзладик?
Ногаҳон «ЯВА»нинг кўзи олдида
Чироқдай порлади қизнинг кўзлари!
II
Мактаб битирувчилар ортидан қараб,
Орзу кузатади, камол кутади.
Искандар, мену сен ўтирган «ЯВА»
Қизнинг кўзларига қараб учади!
Сочилиб кетди-ку тенгдошларимиз,
Уларни келажак қучади.
Бизни қўйвормаган «ЯВА»миз
Қизнинг кўзларига қараб учади!
Нега индамайди синф раҳбаримиз –
Ўтади. Ўтади. Ўтади.
Бизнинг ўн йилимиз шаҳарга эмас,
Қизнинг кўзларига қараб учади!
Қизнинг кўзларига қараб учади,
Қанот пайдо қилган бир жуфт ёш юрак.
У қизнинг олдида кимдир тушади,
Кимдир «ЯВА» билан қайтмоғи керак.
Аммо… «ЯВА» билан сен қолдинг.
III
Искандар, ўшандан бошлаб мен кетдим,
Бўйсунмасдан кетдим шиддатларга мен.
Узоқлашиб кетдим, тезлашиб кетдим,
Чексиз, олис-олис муддатларга мен!
Искандар!
Ўшандан бошлаб яшайди
Руҳимда шиддатнинг синмас зарблари.
Бўғзимдан босади баъзан «ЯВА»нинг
Тезликлар яратган ғилдираклари!
Сен ҳам қолдирдинг-ку, қиз ҳам қолдирди,
Ўзиб кетибмиз-ку бугун ҳаммамиз!
Бизни «ЯВА»миздан жудо қилдирди
Йиллар «ЯВА»си!
IV
Бу хат мотоцикл номига:
«Сурхондарё вилояти,
Сариосиё туман,
«ЯВА»га».
Мен салом йўллайман мотоциклга,
Соғлиқларинг яхшими, дейман.
Камчиликлар йўқми?
Сени соғиндим!
Сўнгра:
«Кўришгунча омон бўл. Хайр…».
Табриклай олмайман уни ҳеч қачон,
Юборолмайман табрикномалар –
Қизил ҳарфлар билан календарда
Ёзилмаган «Мотоцикллар куни».
Унга телеграмма юборолмайман,
Шошилинч.
Келгин, деб ёзсам, келмайди.
Самолётга чиқаришмас, ҳаттоки
Умумий вагондан беришмайди жой.
Асли тушларимга отлар кириши,
Тулпорлар кириши шарт эди!
Мени хотирасиз уйқумдан
Уйғотиб юборар туш – мотоцикл:
Қўлларим бир-бирин рул каби
Маҳкам ушлаб олган –
дириллайдилар.
Мен ҳаёт тилайман отларга,
Тулпорларга тилайман ҳаёт,
Мен аёл тилайман тушларга, аёл!
Онаси ёнида бўлмаган
Кимсалар тун бўйи тўйиб чиқишсин
Ул титроқ кафтларнинг иссиқ меҳрига.
Асли тушларимга опам кириши,
Йиғлаши шарт эди бўйнимни қучиб:
«Укажон, бошимни кўтариб
Юролмаяпман – фарзандсизликдан…»
Мен фарзанд тилайман сенга, опажон!
Мабодо туғилса… туғилса агар
Исмини Ҳаёт қўй, Ҳаёт, деб ата!
Фақат мени кечир,
кўрмаганим учун сени тушимда.
Бу мактубим эса «ЯВА» номига,
Улғайгандан кейин ёзяпман уни.
Гўёки йўқолиб кетгай укамнинг
Номига ёзилган мактубдай бу хат.
Балки почтальон ҳам ҳайратланади
Қўлига етаркан конверт,
сўрайди:
– «ЯВА»га? «ЯВА» – бу кимнинг ўғли?..
1980