Read the book: «Шеър сайёраси»

Font::
 
Шоир қанотига ўт кетган қушдир,
Унга дон кўрсатманг, беринг осмонни.
То ёниб бўлгунча ёришсин олам,
Токи куйдирмасин куйган жаҳонни.
 

БОБОЛАРНИНГ АЙТГАНИ

 
Мерганлар тонг чоғи қояга етгай,
Булоқли бир ажиб сояга етгай,
Ким ўз манзилига етгай қай маҳал,
Бир йигит қирқ йилда вояга етгай.
 
 
Унинг йўлларининг олқиши бордир,
Кимгадир зор бўлиб боқиши бордир.
Не-не илонларнинг чақиши бордир,
Барча чаққанларнинг заҳмати кетгай,
Бир йигит қирқ йилда вояга етгай.
 
 
Мард киши умидвор ҳар дам Худойдан,
Ҳикмат топмагайсан қуруқ дод-войдан.
Бир қултум сув ичса Оққапчиғайдан,
Карвонларнинг бари манзилга етгай,
Бир йигит қирқ йилда вояга етгай.
 
 
Гоҳ бошидан юлдуз ёғду сочгайдир,
Гоҳо шамсу қамар бирдан ўчгайдир,
Ҳар кимнинг либосин қисмат бичгайдир,
Қисмат бичган либос қай маҳал битгай,
Бир йигит қирқ йилда вояга етгай.
 
 
Кимни ҳоритмаган умр жафоси,
Сабрнинг ортида унинг шифоси,
Саксонга кираётган Ғани бобоси,
Улуғ давраларда бир ҳикмат айтгай:
Бир йигит қирқ йилда вояга етгай.
 

ШЕЪР ЙЎЛИ

 
Сенга роз айтмоқнинг йўли шу бўлди,
Фақат рост айтмоқнинг йўли шу бўлди.
Тингладинг, тушундинг, аммо жим турдинг,
Нетай, боз айтмоқнинг йўли шу бўлди.
 
 
Ўзига етганнинг йўли биттадир,
Узундир, улкандир аршдан каттадир.
Рўпарангдан ҳеч ким чиқмас бу йўлда,
Бир тақдир бир бора юриб ўтадир.
 
 
Дунёга келишнинг йўли шу бўлди,
Тақдирни билишнинг йўли шу бўлди.
Қувониб, ўксиниб, ўт бўлиб ёниб,
Рози бўп ўлишнинг йўли шу бўлди.
 

КИРИШ

 
Бир тирсак келарди камоннинг ўқи,
Бир бўғин келади ҳозирги ажал.
Узун шеърларимда узун дардлар бор,
Қисқа сатрларим кўзёшдай тугал.
 

БУ ДАШТЛАРГА…

Азиз Онажоним хотирасига!


 
Бизнинг даштга баҳор эрта келар эди,
Оқ турналар азиз қўшни бўлар эди.
 
 
Ёнбошлаган яшил чопон бобо қирлар,
Елкасига миндирарди айтиб сирлар.
 
 
Ёмғирларнинг энтикишин тинглардим мен,
Шамолларнинг ташвишини англардим мен.
 
 
Онажоним шамол каби кезар эди,
Тандирга нон ёпиб, офтоб узар эди.
 
 
Меҳрибоним булут билан диллашарди,
Ёмғир тинар, сўнг ғилминди қилишарди.
 
 
Қора саҳар оқ ниятлар элар эди,
Мактабхалтам орзу билан тўлар эди.
 
 
Олти болам – олти шаҳар дер эди-да,
Олти ёшда етим қолган ҳур эди-да…
 
 
Ёниб чироқ, туриб туёқ бўлсин, дерди,
Мен кам дедим, хирмонларинг тўлсин, дерди.
Ўқиш-ёзиш билмас эди – тақдир қисган,
Бу дунёнинг тошлоғида гулдай ўсган.
 
 
Шаҳид кетган оғасини қўмсар эди,
Чорижондан тирноқ йўқ, деб эслар эди.
 
 
Қиёматга уч кўза сув ғамлаганди,
Тақдир уч бор «болам»латиб алдаганди.
 
 
Отам эса сукунатнинг ўғли эди,
Етти яшар гўдак каби тўғри эди.
 
 
Уйимизга меҳмон эди қалдирғочлар,
Шомни ирим қилишарди симёғочлар.
 
 
Дилгир онам ун гардларди бойўғлига,
Кафтларидан сир оқарди тун бағрига.
 
 
Тушларимда камалаклар яшар эди,
Тилларимга ҳар кун бир сўз қўшар эди.
 
 
Оппоқ сутнинг қаймоғидай оқ тонгларда,
Гул кўнглимни чўмилтирган ул онларда…
 
 
Меҳр эмиб, менинг кўнглим катта бўлди,
«Алпомиш»лар, «Кунтуғмиш»лар ёдда бўлди.
 
 
Сўнг танишдим саволи кўп олам билан,
Ўзим билмай хайрлашдим онам билан.
 
 
Чиқиб кетдим мен меҳрнинг меҳваридан,
Жудо бўлдим коинотим гавҳаридан.
 
 
Тандирдаги нонқўйгичда қўлин изи,
Худойим-эй! Қани ўзи, қани ўзи?..
Қўзигулдай тоза кўнглим бор эди-я,
Полвон онам, султон онам бор эди-я…
 
 
Онагинам ёмғир каби ёғиб ўтди,
Азим дунё бир томонга оғиб кетди.
 
 
Билдим: умр охири йўқ соғинишдир
Ва ё онам эккан тутдан учган қушдир.
 
 
Юрган эдим ғам ҳақида шеърлар ёзиб,
Лек билмасдим қандай бўлар ғамнинг ўзи.
 
 
Она, сенинг борлигингдан шоир бўлдим,
Йўқлигингдан ғам селида тойир бўлдим.
 
 
Тол бешиклар кўкрагингга ботгани-чун,
Тол таёқлар кўкрагимга ботди бугун.
 
 
Қаро ерни қайириб босиб юрмадинг-а,
Сенсиз қувонч татимади, кўрмадинг-а…
 
 
Нени орзу қилиш керак, билмайдирман,
Ёлғончида энди орзу қилмайдирман.
 
 
Лопиллаган тобутингда кетди борим,
Куйиб-тутаб кетаётир ушбу шеърим.
 
 
Қизалоғим чеҳрасидан излагайман,
Тополмайман, кулиб туриб бўзлагайман.
 
 
Дейман: «Момонг кўкка учди – юлдуз бўлди»,
Тонгда дейди: «Момо, келинг, кундуз бўлди».
 
 
Тўн қависа, чирозлари шеър эди-я,
Шоир онам, чевар онам бор эди-я!
Онажоним шамолдайин елиб ўтди,
Мард келганди, мард яшади – ғолиб ўтди.
 
 
Эй, ёронлар, юрганимга ишонманглар,
Шеърлар айтсам, тирик, дея қувонманглар.
 
 
…Бу даштларга баҳор эрта келар эди,
Турна учса, дил ҳавасга тўлар эди.
 
 
Энди сира учгим келмай қолган менинг,
Орзуйимни замин ютиб олган менинг.
 
 
Энди кўзим кўкка ёниб боқолмайди,
Ерни суйган одам қанот қоқолмайди.
 
 
Бу ер бир пайт оддий тупроқ маскан эди,
Илдиз отдим – Она деган Ватан энди.
 

ЭВЕРЕСТ ЧЎҚҚИСИГА ТАЛПИНГАН АЛПИНИСТГА!

 
Тоғлар – Худо шерлари,
Хуриллашиб ётмишлар.
Унинг елкаларига
Товонларим ботмишлар.
 
 
Алплар алпонг-талпонглаб,
Тирмашади полвонлар.
Арслон уйғониб қолса
Не қиларкин нодонлар?..
 
 
«Сўнгги гапни барибир
Тоғнинг ўзи айтади!»
Хўрсиниб қўяр сардор
Ва илдамлаб кетади.
 
 
Ё, Раб! Асрагил Ўзинг!
Кафтингда тутгил, Эгам!
Арслоннинг тишин кўрдим,
Икки қўлим – бир ёқам!
Икки қўлим – бир ёқам!
 

«Кошки, тушунмасам, кошки, сезмасам…»

 
Кошки, тушунмасам, кошки, сезмасам,
Кўзлари тубида маккор бир севинч.
Истиғноларида, ёлғонларида
Соғинч, алам ҳамда туганмас ўкинч…
 
 
Кошки, нигоҳида кулгу шаклида
Қўрқув ва задалик бўлмаса эди.
Кошки, «Чин ошиқлар бор» деб ёлворган
Менинг юрагимни тингласа эди.
 
 
Кошки, кўзларининг туб-тубларида
Музлаб ётмасайди бахтсиз ошиқлар.
Кошки, лабларидан учган оҳларга
Қўшилиб чиқолса дилдан оғриқлар.
 
 
Кошки, чин бўлсайди унинг кўзёши,
Кошки, кўзёш таъмин билмасам эдим.
Йўлимиз кесишган маст оқшомларда
Мени мошин уриб – кўрмасам эдим.
 
 
Кошки, тушунмасам эди, унинг ҳам
Қалбининг бир чети қоронғу, яра.
Ахир, менинг додим етиб боргунча,
Қанча майхона бор йўлимда, қара…
 
 
Майли, кетаверсин… Ҳа, кетаверсин,
Тўзонлар чулғаган ҳаёт бағрида.
Мен эса қалбимни куйлаб ўтаман,
У йиғлаб туради дилнинг қаърида…
 
 
Шу ўзи етади… Кошки, шу етса…
Унинг-ку, овунчи бордир, шубҳасиз.
Лекин юпанчи йўқ, буни биламан,
Қолганини билиб нима қиласиз?!
 

«Тентак отга қўшилган…»

 
Тентак отга қўшилган
Бўш арава, бўш арава.
Тепаликдан пастга қараб
Гижинглайди, гижинглайди.
Отни суриб бораётир
Бўш арава, хўш арава.
Томошабин қарсак урар,
Кимдир кўксин ғижимлайди.
От ўйлайди: “Бу дунёнинг
Бор юкини тортгум ўзим!”
Нишабликда, лол турганча
Ёшга тўлиб борар кўзим.
 

ҲОЛИМ
туркумидан бир шеър

 
Силовсиндай силкиниб
Қор оралаб кетяпман.
Сездингми, ай, қиморбоз,
Ёнгинангдан ўтяпман.
 
 
Юрагимни жом қилдинг,
Устихонимни бир най.
Най чалар маст улфатлар,
Бағри қондир, ҳойнаҳой.
 
 
Бир гулнинг доғи билан
Нопармон бўлмиш сийнам.
Мени юпатолмасдан
Юпанмай ўтди онам.
 
 
Қор кўзимни олади,
Манзилдан йўқдир хабар.
Кафтимга ёши томиб
Фалакдан боқар Жаббор!
 
 
Соғиниб кетаяпман,
Ҳижронга ботаяпман.
Дилдаги оқ ниятни
Коса сутдек тутяпман.
 
 
Силовсиндай силкиниб
Ўтиб кетгум ёнингдан.
Руҳимга сингиб кетган
Аламларинг ёдимда.
 
 
Ойдан йўл сўраб кўрдим,
Қуёшдан кутдим имо.
Юлдузлар қиррасида
Фаришта бермас садо.
 
 
Ё, Раб! Кўзларимни арт,
Мушкулим этгин осон.
Манзилни топмоғим шарт,
Ўзинг қўлла, Художон!
Ўзинг йўл бер, Художон!
 

«Мен маст эдим, онагинам рўза эди…»

 
Мен маст эдим, онагинам рўза эди,
Ер ёнарди, саратон ё жавзо эди.
 
 
Қуёш тегиб ўтар эди қирларимга,
Тер ёмғирдай ёғар эди шўрларимга.
 
 
Жума куни, пешиндан сўнг, аср чоғи,
Липилларди ҳаётимнинг шамчироғи.
 
 
Акам келди, отдан тушди – даштда эди,
Лаби қотган, лек аламнок шаштда эди.
 
 
Ўрма қамчи елкам узра чизди йўллар,
Бу йўлларни ювиб кетди тентак селлар.
 
 
Қамчиларнинг оғриқларин сезмасдим мен,
Кўзларимни онажондан узмасдим мен.
 
 
«Сени кўриб, кулган кўзим тўлмасмиди,
Қайроқтошдай бир тош туғсам бўлмасмиди?!
 
 
Бундай одам бўлгунингча ўлгин, болам,
Ўлма, болам, ортгинамда қолгин, болам!»
 
 
«Бундай одам» дегани у қандай одам?»
Саволимни такрорлашга қўймас оғам.
 
 
«Одам нима? Қандай нарса, қаерда бор?»
Томоғимдан бўғар Дунё – кўп ичи тор.
 
 
Одам недир? Билмай ўтиб кетсин дейди,
Шу такаббур рафтор бир кун бошин ейди.
 
 
Одам – ният! Яратганнинг оқ нияти,
Одам – номус! Табиатнинг ҳамияти.
 
 
Одам – дуо! Гоҳ-гоҳида ижобатдир.
Одам баъзан таҳоратсиз ибодатдир!
 
 
Одам ҳали битмай турган иморатдир,
Одам гоҳо ибодатсиз таҳоратдир.
 
 
Бу туришда Одам уйи битмагайдир,
Ибодатлар ижобатга етмагайдир.
 
 
Одам йўлдир, ундан омон ўтиш керак!
Бошқа йўл йўқ, аждаҳо бор, нетиш керак?
 
 
Одам гўдак чоғларида учар эди,
Ўлгунича кир дунёни қучар энди.
 
 
Одам – тандир, Тангрим ўтин қалаб қўйган,
Одам нафсдир! Талх жаҳонни ялаб тўйган.
 
 
Бу тандирда қандай қилиб нон пишади?
Олов керак! Қачон ҳасрат етишади?
 
 
Одам олов излаб юрган мусофирдир,
Совуқ қотган, қорни очган, йўли тордир.
 
 
Бир кечага жой сўрайди, бера кўрма,
Уйингга ўт қўйиб кетса, йиғлаб юрма.
 
 
Одам – идиш! Ичи тўла хомашёдир!
Ул пишгунча ёлғон дунё – чин дунёдир!
 
 
Одам овоз, қоронғуда жаранглаган!
Кунботишдан кунчиқишга аланглаган.
 
 
Одам нима? Одам кимдир, қаердадир?
Масжид ёки майхонада, қабрдадир!
 
 
Одам – савол! Жавоби дил тубидадир!
Ул уммонни билмаган ранж хобидадир.
 
 
Одам қулфдир! Кимдир уни очиш керак!
Олмосдай қурч, олмосдай мўрт калит керак!
 
 
Ул калитни ютиб қўйган ўғрибоши,
Шундан кейин мохов бўлган юзу қоши.
 
 
Одам бунда жуда кўпдир, жуда камдир!
Ҳам қўрқувдир, ҳам умиддир, ҳам аламдир!
 
 
Мен одамлар оролида мусофирман,
Гоҳ ўғриман, гоҳ даллолман, гоҳ тожирман!»
 
 
Шул сўзларни айтиб бўлдим, шом етишди,
Акам, онам, ҳаммаси ҳовридан тушди.
 
 
…Кўп йил ўтди… инсоф эли мени кутди,
Мен азобни, сабр мени жим овутди.
 
 
Рўза эдим. Онагинам бемор эди.
Қуёш эса зўр ҳижронга хумор эди.
 
 
«Рамазонда омонатин олсин» дерди,
«Қозоқларда юрганларим келсин», дерди.
 
 
…Мана, бўлди. Биродарлар йиғлаб бўлдим!
Ишқсиз умр – кесак экан, шуни билдим!
 
 
Денгиз сари фақат сув деб бормоқ ҳайфдир,
Изтироб ва соғинч ҳаққи, яшаш кайфдир!
 

БЕДОР НАБИРАГА АЙТИЛГАН ЭРТАК

 
«Бир бор эмиш, бир йўқ эмиш» – йўқ замонда,
Бул гапларни айтгувчи ҳам йўқмиш анда,
Шул эртакни эшитгувчи ломаконда,
Чиним айтсам, бундай эртак йўқ давронда…
 
 
…«Одам» деган қопда ташлаб кетган эмиш,
Қимирламай аллазамон ётган эмиш,
 
 
Баъзилари қоп оғзидан чиққан эмиш,
Айримлари чиқмай ғазна йиққан эмиш.
 
 
Қопга сиғмай қолганлари ҳам бор эмиш,
Шуёғи ҳам бехаридор – абгор эмиш.
 
 
Аввал ерга тегар экан тўрт туёғи,
Сўнг заминдан узилибди жуфт оёғи.
 
 
Қанотларни туш кўрармиш беҳушлари,
Бино бўлмай парвоз этган сархушлари.
 
 
Букри бели милён йилда рост бўлганмиш,
Гоҳ бир дамда тупроқдан ҳам паст бўлганмиш.
 
I
 
Коинотнинг бир четида ўлтирармиш,
Бир-бирига қизиқсиниб мўлтирармиш,
Совуқларда ғор тубида қалтирармиш,
Кўкка боқса, қароғлари ялтирармиш.
 
 
Қорни очса, елкасига ёй илармиш,
Қорни тўйса, бир-бирини ов қилармиш.
 
 
Дарахтдан туш, деб ёлвормиш оналари,
Ғор оғзидан қайтаролмас оталари.
 
 
Дарахтдан то тушгунича минг-минг фасл,
Ғорга кириб чиқмай қолмиш неча насл.
 
 
Баъзиларин кўкрагида дил бўлармиш,
Бундайини қолгани тошбўрон қилармиш.
 
 
(Бехосият бўлса керак – ўздан кўрсин,
Эл қатори тошмунчоқни тақиб юрсин!)
 
 
Баъзиларин кўзларида йўл бўлармиш,
Баъзиларин нигоҳида тил бўлармиш.
 
 
Баъзилари сокин тунни тинглар эмиш,
Баъзилари шамоллардек йиғлар эмиш.
 
 
Эмиш-эмиш, шундай эмиш, қандай эмиш,
Бундайлари қолганига бўлмиш емиш.
 
 
Мен ҳам бир пайт сабий эдим – айтардилар,
Тонг отганда айтганидан қайтардилар.
 
 
Мен уларнинг сўзларини олиб қолдим,
Ўзларини бўшаб қолган қопга солдим.
 
 
Шунча юкни олиб ёлғиз кетаяпман,
Бу оламдан ровий бўлиб ўтаяпман.
 
II
 
Баъзилари танҳоликда тоқ ўтармиш,
Ғорга кириб, тунлари парвоз этармиш.
 
 
(Учганини ким кўрибди, жинми, шайтон?
Қўнган пайти қанотини юл, оломон!)
 
 
Баъзилари қиз бўлармиш, баъзиси ул,
Бир хилига ўзгасининг хасми маъқул.
 
 
Баъзилари ҳур қиз келиб, ҳур кетармиш,
Айримлари ҳурлигида ул кутармиш.
 
 
Баъзилари қўрқмайдиган бўлар эмиш,
Баъзилари чақмайдиган бўлар эмиш.
 
 
Баъзилари кечалари кўрмас эмиш,
Айримлари ит эмишу, ҳурмас эмиш.
 
 
Айримлари тунда олов ёқар эмиш,
Тонгда уни шу гулханда ёқар эмиш.
 
 
Қизиқ эмиш, шундай ишлар ёқар эмиш,
Гоҳи ёмғир, гоҳида қор ёғар эмиш.
 
 
Баъзиларин эркаклари бўлар эмиш,
Баъзиларин эрмаклари бўлар эмиш,
Ҳаммасининг эртаклари бўлар эмиш.
 
 
Айримларин аёллари бўлар эмиш,
Айримларин ҳаёлари бўлар эмиш,
Озми-кўпми хаёллари бўлар эмиш.
 
 
Баъзилари тириклайин туғар эмиш,
Баъзилари ўликлайин туғар эмиш.
 
 
Баъзилари уста эмиш, зўр маъбудкаш,
Баъзилари маъбудидай кўчирмакаш.
 
 
Бировлари омоч ҳайдаб, дон экармиш,
Омоч синса, у ҳам тўхтаб, нос чекармиш.
 
 
Баъзилари мингта қўйни боқар эмиш,
Гар санаса, бир минг битта чиқар эмиш.
 
 
Баъзилари ухлар эмиш, туш кўрармиш,
Бир қулоч бўз ё бир тишлам гўшт кўрармиш.
 
 
Тушларида олар эмиш, берар эмиш,
Тонг отганда безрайишиб турар эмиш.
 
 
Айримлари ёшин яшаб ўлар эмиш,
Айримлари ёшин ошаб ўлар эмиш.
 
 
«Уруш-уруш», «Яраш-яраш» ўйнар бари,
Араз қилиб келмас эмиш ўлганлари.
 
 
Кўкка чиқиб-тушиб турар пайғамбари,
Дарсни ташлаб, чиқиб-кирар малимлари…
 
III
 
– Мен билмасдим, савод чиқди аста-секин,
Ўриларкан ҳар қандайин беор экин.
 
 
Ўроқчининг қўли сира толмагайдир,
Бунинг сирин гумроҳ гиёҳ билмагайдир.
 
 
Уйғон, қўзим, бу эртагим бедор учун,
Йўқ жойлари оғрийдиган бемор учун!
 
 
– Бобо, сени ёмон кўриб бораяпман,
Недир бўлди, кўз юмсам ҳам кўраяпман!
 

ХХI АСРГА АЙТАРИМ

 
Замин бекор айланмас экан,
Вақт фазода фитна тугади.
Юлдузларнинг гоҳи-гоҳида
Ер шарига кўзи тегади.
 
 
Йўқ, шунчаки нур сочмас қуёш,
Тутқун сингил – Ой тўлмас бекор.
Товонимга кирган тиканнинг
Юпитерда ҳисоботи бор.
 
 
Тили бўлса айтсин денгизлар,
Эси бўлса тушунсин одам.
Юпанч учун келмас кундузлар,
Қўрқув учун туғилмас тун ҳам.
 
 
Йўқ, бекорга айланмайди Арз,
Ғам, шодликда мувозанат бор.
Фақат қайтиб қутилинар қарз,
Катта, жуда катта ҳисоб бор.
 
 
Жуда катта даргоҳ бор – бешак,
Жуда улуғ нигоҳни кўрдим.
Бобом отган она Мамонтнинг
Гуноҳига мен қўрқиб турдим.
 
 
Томирдаги қоним кўп қадим,
Гарчи кўп бор тиғ урди риё.
Бухорийнинг таҳоратидан
Қолган сувга юз чайгил, Дунё.
 
 
Эй, сен, кўкка бир бор боқмаган,
Руҳи – банди, мудраган юрак.
 
 
Боланг «нон» деб қўл чўзган пайти,
Сенга Қуддус нимага керак!?
 
 
Панамангни ечгин бошингдан,
Мен дўппимни олай қўлимга.
Маҳатмани отган қотил ҳам
Кимга ўхшар, сенгами, менга?
 
 
Бунда чекма – димиқди олам,
Руҳиятни тутунлар қучди.
Уйғонолмай чирпанар болам,
Оёқлари Озонни тешди.
 
 
Брунони ёқиб, сўнг унинг
Ёруғида ўқ йўнган, эй, кин,
Шарқ кўтарган машъала томон
Етсин дея айланар замин.
 
 
Бир карвонда кетаётирмиз,
Кетаяпмиз, йўлдошим, ишон.
Нечун совуқ зерикишингга
Пайғамбарлар бўлсинлар нишон?
 
 
Айтмай десам, айтмоқ – менга фарз,
Ёзмай десам, юрак тўла шеър.
Боққил, қандай кенгдир бу олам,
Қара қандай айланади ер,
Бешик каби чайқалади ер.
 

ТАВАЛЛО

 
Қувганин осон тутгувчи,
Қочгандан олисга кетгувчи,
Кутганни муҳтарам этгувчи,
Собирни мукаррам этгувчи,
Унутганни унутгувчи,
Охир нуқтани битгувчи,
Яратган Эгам, асрагил!
 
 
Игнанинг тешикларидан
Туянинг ўтганин кўргандим.
Оқ бошли бир илон экан,
Муллабобо деб боргандим,
Думи билан қамчи урди,
Шундан қўрқишни ўргандим,
Ё Раб, ўшал баҳорда мен
Энди олтига киргандим,
Охир лойим уқотгувчи,
Яратган Эгам, асрагил!
 
 
Онажон қўлимдан тутарди,
Калимамни ўргатарди,
Сўнг «Кунтуғмиш»ни айтарди,
Олов гуриллаб ётарди,
Аёз бўридай қотарди,
Отам юлдузни отарди,
Итлар қўрқувдай кетарди,
Уйқу инсофдай битарди,
Ўшал кечаларимни эслатган,
Яратган Эгам, асрагил!
«Алиф» деб саводим чиққанда,
Алифдек қад кериб боққанда,
 
 
Сулувлар кулгуси ёққанда,
Шамоли жонимни ёққанда,
Тепалар гуллола таққанда,
Ойсанам қўзисин боққанда,
Баҳодир говмишин соққанда,
Қўлимдан бир чаён чаққанда,
Уйгача етказиб келганим,
Яратган Эгам, асрагил!
 
 
Оғалар ҳарбийда юрганда,
Оламнинг ғарбида турганда,
Тушида ватанни кўрганда,
Оналар алаҳлаб турганда,
Ёшим китобга югурганда,
Ит калта-калта ҳурганда,
Арчани яшинлар урганда,
Оталар жим хаёл сурганда,
Ўйлаганларимни эслатган,
Яратган Эгам, асрагил!
 
 
Қувганин осон тутгувчи,
Қочгандан олисга кетгувчи,
Кутганни муҳтарам этгувчи,
Собирни мукаррам этгувчи,
Унутганни ҳам унутмовчи,
Охир нуқтани битгувчи,
Яратган Эгам, асрагил!
 

ИЗТИРОБ МАЙИГА!

 
…Одам унда бахтиёр эди,
(Ҳа, қачондир у бахтли бўлган,
Бу Тангримга сал малол келган.
Шошма, деган ва ўйлаб олган).
 
 
Одам жуда кўнгилчан эди,
Ишонувчан, саховатпеша,
Маймунларнинг думин ўрарди,
Илонга шеър айтиб берарди,
Ҳаммани ўзидай кўрарди.
 
 
Одам бир кун қуёшни топди,
Това тошга кулчалар ёпди,
Қувалашиб, қийқириб чопди,
Аёлининг кўзидан ўпди,
Аёли ҳам лўмбиллаб чопди.
(Бўйида бор эди-да унинг,
Бекор ўтмаган эди-да туни).
 
 
Тангрим бунга син солиб боқиб,
Коинотнинг мағзини чақиб,
Кечмишларни қайтадан ўқиб,
«Бахт ярашмас одам деганга,
У англамай қайтса қошимга,
У тушунмай қайтса, бу бекор,
У дард чекмай Одам бўлолмас!»
Дея наъра тортди Яратган!
Ер устини тутди бир туман,
Ер сатҳини қўпди зўр туман…
 
 
Одам шунда адашиб қолди,
Йўл тополмай суринди, толди,
Аёлидан хавотир бўлди,
Аёли ҳам хавотир олди.
 
 
Овозидан танимадилар,
Чалкаш йўлда олис кетдилар.
Овозлардан танимасдилар.
 
 
Одам туйди ҳижрон тотини,
Қамчилади довдир отини,
Йўқолганди унинг хотини,
(Алдаш осон одам зотини).
 
 
Одам турган жойида қотди,
Бир қашқирга отини сотди.
 
 
Пулин белга маҳкам боғлади,
Ўзин илк бор бахтсиз чоғлади.
 
 
Йўлга тушди майхона излаб,
Мавҳумотга дардини сўзлаб,
Қитъалардан ҳатлаб, кўп тезлаб,
Туман ичра юрагин тузлаб…
 
 
Шуйтиб, бир пайт келди шу ерга,
Мен ўтирган курсига чўкди,
Кўзларидан жолалар тўкди.
 
 
Бунда найранг қиларди биров,
Қалби қора, юзлари олов,
Кўп чиройли, моҳпора жонон,
Сўзларимга ишон, эй, ўғлон.
 
 
Шу сулувнинг зулфидан келган,
Бир бўй эди – руҳни маст қилган,
Қўлларида бир қадаҳ гулгун,
Паймонадай ул жоми тўлган,
 
 
Қадаҳида оғу бор эди,
Тилларида доғи эди,
Мудҳишона чоғи бор эди.
Одамга «бу – энг тотли» деди.
 
 
Оғу билан ғамин ўлдирди,
Одам бечорани кулдирди.
 
 
Одам қучди жонон белидан,
Чиқиб кетди инсоф элидан.
 
 
Жонон унинг бор ганжин олди,
Ўзин гуноҳ чоҳига солди.
 
 
Банди этди сархуш одамни,
Йўлин тўсди улуғ қадамнинг.
 
 
Одам кўзин очмади кейин,
(Кўзни очиш ҳамиша қийин.)
 
 
Одамни у яланғоч қилди,
Бу ҳолини коинот билди.
 
 
Тўнғизларни чорлади жонон:
«Мана, одам… буюк, покдомон.
 
 
Шу ҳолида қолмоқчи эмиш,
Тағин подшоҳ бўлмоқчи эмиш…»
 
 
Тўнғизларни галаси келди,
Тўнғиз одам устидан кулди.
 
 
Сўнг жазога этди мустаҳиқ:
«Мангу мастлик либоси тортиқ!»
 
 
Одам кўзин очмай жим ётди,
Оллоҳ… унинг қалбин уйғотди.
 
 
Кўзин очмай ётди шарманда,
Тўтиқушлар чалди чирманда.
Одам узоқ шундай ётибди,
Аммо қалби яшаётибди.
 
 
Кўзи юмуқ, очгилиги йўқ,
Шу ҳолдаям юрак-бағри чўғ.
 
 
Шу ҳолдаям бўлари бўлган,
Йиғлаб ётар, кўкраги тўлган.
 
 
Майхонада эса май сероб,
Бир кишига тугатиш азоб.
 
 
Дод! Қадаҳда жилмайиб турган,
Кўзим очсам, юзини бурган.
 
 
Кимлигимни энди билдингми,
Инсофга кел, тавба қилдингми?
 
 
Эй, фалакда хўрсинган Жаббор!
Мен тушундим, уйғотиб юбор!
 
 
Мен англадим нурни, рўёни,
Ўйин қилмам азиз дунёни.
 
 
Мен соғиндим, ёрим қаёнда?
Ҳаммаси ўзингга аён-да!
 
 
Кўтарилсин бу бадбахт туман,
Мен ичмайман тўнғизлар билан.
 
 
Ё Раб, кўнглим ғуссага тўлди,
Такаббурлик қилмайман – бўлди!
 
 
Шукр этаман шу итузумга,
Фақат шокир бўлгум ўзингга!
 
 
Мени уйғот, либосим қайда?
Ҳилпирайди бир нарса сойда!
У чакмоним – аёл тўқиган,
(У бир куни намоз ўқиган.)
Имон деган дарахт кўряпман,
Шохида чопоним – танияпман!
 
 
Ё Раб, чақалоқми йиғлаган,
Аёлимнинг кўзи ёриган!
 
 
Минг асрки, яланғоч ётдим,
Худойим, совқотдим, совқотдим!
 
 
Тангрим, олов ёқишни ўргат,
Мен одамга қайтмоқлигим шарт!
 
 
Омоч ҳайдаб донлар сепайин,
Аёлнинг кўзидан ўпайин!
 
 
Эй, жом, тешил, туга, эй, азоб,
Қўл чўзмасман, титрама, шароб.
 
 
…шул аҳд билан бу ердан кетдим,
Мен одамни зиёрат этдим.
 
 
Кўтарилди руҳимдан туман,
Дунё… мен йўғимда гуллаган.
 

«Дилни домуллога ўқишга бердим…»

 
Дилни домуллога ўқишга бердим,
Бир ҳарф ўрганмабди – ўттиз йилдан сўнг.
«Майнаси оч» деди, қайтариб берди,
Қайтариб келдим.
 
 
Бир полвон бобога олишга бердим,
Бир ҳадис билмабди ўттиз йил юриб.
«Илиги пуч» деди, қувиб юборди,
Овутиб келдим.
 
 
Ёвқур чавандозга қўшиб юбордим,
Ўттиз йил чангитди дала-қиримни.
Бир зот айирмабди ўттиз йил чопиб,
«Омади йўқ» деди, қўйиб юборди,
Етаклаб келдим.
 
 
Бир сулув қўлига бериб юбордим,
Гўдакдай опкетди эркалаб, суйиб.
Ўттиз йилдан кейин изладим, топдим,
Иккови ҳам куйган, иккита куюк.
«Бахтимиз йўқ» деди, йиғлаб юборди,
Йиғлаб юбордим.
 
 
Эшикдан сирғалиб кирар шарпадай,
Дарчамдан оламга боқар ўкиниб.
Кўзига боқишга кўзларим қўрқар,
У ҳам қаролмайди, сўзлаёлмайди,
«Эй, Дил, айтгулигинг қолдими?»
«Эй, Дил, айтгулигим қолдими?»
Дейман ичимда…
 

«Аста-аста оқаради тонг…»

 
Аста-аста оқаради тонг,
Аста-аста бўйлайди қуёш.
Аста-аста соч йиғар хаёл,
Аста-аста кўтарилар бош.
 
 
Аста-аста ташланар қадам,
Аста-аста бошланар кураш.
Аста-аста хўрсинар одам,
Аста-аста чарчайди яшаш.
 
 
Аста-аста силтанади қўл,
Аста-аста кемтилар юрак.
Аста-аста уйдан қочар йўл,
Аста-аста маст бўлар эркак.
 
 
Аста-аста зулфга оқ инар,
Аста-аста ёқалари ҳўл.
Аёл юзи тонгдай оқарар
Яноғида музлаб ётар сел.
 
 
Аста-аста эснайди юрак,
Аста-аста зўраяр шамол.
Изоҳлолмас, жим юрар эркак,
Изоҳ сўрмас, жим юрар аёл.
Аста-аста…
 

«Ойнинг телба бўлиб тўлишини кўр…»

 
Ойнинг телба бўлиб тўлишини кўр,
Кечанинг боримни олишини кўр.
Сенга таваллолар этмоқ истасам,
Жонимнинг бўғзимга келишини кўр.
 
 
Кўзинг узолмассан учган юлдуздан,
Ғарам-ғарам ғусса йиққан кундуздан,
Кутганим шулмиди, СЕНдан ва СИЗдан
Аста-аста кўнгил қолишини кўр.
 
 
Қуш бўлсанг, иссиқ юрт томон ўтгувчи,
Булутлар тўшига йиғлаб кетгувчи,
Қайтиб чиқмайдиган ойдек ботгувчи,
Юракнинг ҳам тили бўлишини кўр.
 
 
Бир боқса, оламнинг гуноҳин тўкиб,
Боқмаса, ҳажрига дунёлар чўкиб,
Қаноти ҳўл қушдай бағримни чўқиб,
Жонни томчи-томчи олишини кўр.
 
 
Товонлари ёниб, елкаси музлаб,
Исмин ўзи билмас, бир юпанч излаб,
Гапириниб, қайтариб, ўзига сўзлаб,
Бу сирни ҳамманинг билишини кўр.
 
 
Кулгуми, йиғими – бўғзин тўлдирган,
Қараб, чидаб бўлмас – дунё юз бурган.
Оғир ингроғидан ўзин сездирган,
Қорга ботган тошми – болишини кўр,
Ойнинг беҳудага тўлишини кўр.
 

«Майлими, кутганим, йитганим…»

 
Майлими, кутганим, йитганим,
Бошланиб-бошланмай битганим,
Қачондир руҳимдан кетганим,
Йўл бўлиб тураман, юриб кел,
Юракка айлан-у, уриб кел.
 
 
Майлими, ўзимдан бошланган,
Бир тутам тўзимдан ишланган,
Руҳимнинг чоҳига ташланган,
Туш кўрмай, билиб кел, сезиб кел,
Кўл бўлиб тураман, сузиб кел.
 
 
Майлими, киприги найқамиш,
Кўзлари ҳижрондан куйламиш,
Тушунмай, англамай йиғламиш,
Фарёд қил, дунёни бузиб кел
Ва янги бир дунё тузиб кел.
 
 
Озод эт жонимни буровдан,
Оғриқлар тилаган бировдан,
Деворим суяб қол нуровдан,
Кўк бўлиб тураман учиб кел,
Қувган мен, сен мендан қочиб кел.
 
 
Кундузим – кимсасиз биёбон,
Кечалар – тўхтаган бир даврон,
Осмоним – йиртилган соябон,
Қўйиб юбор уни, Художон,
Дил куйди – ёмғирдай томиб кел,
Очилиб қолганман – кўмиб кел,
Рухсат олиб қўйдим, фақат кел.
Рухсат бериб қўйдим, фақат кел,
Фақат кел…
Кел…
 

ҲОЛИМ

I
 
Қадаҳни ҳижроннинг гарди-ла артди,
Ўзига тўлдириб қуйди Шодмонқул.
 
 
Жон деди – юраги бўғзига келди,
Жонидан бунчалар тўйди Шодмонқул.
 
 
Фақат вафо топди Беминнатидан,
Бевафони бунча суйди Шодмонқул.
 
 
Ўзи ўтин ташиб, чўғлар келтирди,
Сўнгги бандигача куйди Шодмонқул.
 
 
Бўталоғи ўлган мояни соғди,
Ичмади – қисматин чайди Шодмонқул.
 
II
 
Бемурод оламнинг молини урдинг,
Беқора шу қалбинг бойдир, Шодмонқул.
 
 
Кўзёшинг лой этди тўрт томон йўлни,
Шу йўлда ёлғонни тойдир, Шодмонқул.
 
 
Кимнинг мотам куйи кимларга тўйдир,
Очкўз туйғуларни тўйдир, Шодмонқул.
 
 
Отанг айтолмаган сўзларни тингла,
Бу нидо энг мунис куйдир, Шодмонқул.
 
 
Воҳ! Шуни увуллаб айтиб юрибди –
– Одам шаклидаги найдир Шодмонқул.
 

««Бўлмасайди, бу оламда бари ўткинчи!»…»

 
«Бўлмасайди, бу оламда бари ўткинчи!»
Бўлмасайди, муҳаббатга айролиқ жавоб.
Бўлмасайди қарилик, хасталик, ўлим,
Келмасайди азобларнинг ортидан азоб.
 
 
Юрмасайди соясига эргашиб одам,
Дарахтларнинг сўзлашганин тушунса равон.
Бўлмасайди ибодатда риё ва макр,
Таҳрир этилавермаса ҳақ чеккан фармон.
 
 
Деразадан қараб турган қизалоқ каби
Ё ёмғирда титраётган ёлғиз барг мисол,
Нигоҳларда ниҳон бўлган туйғулар ҳаққи!
Юрак ва йўл ўртасида бўлмаса даллол.
 
 
Шодон қайтгач эҳромларнинг зиёратидан,
Ўз қабрига гул кўтариб боролса эди.
Маймунними томоша қип қафас ортидан
Аслида ким қафасбанддир – билолса эди.
 
 
Чуқур-чуқур хўрсинишни ўрганса эди,
Кўзёшлари юрагига етиб боролса.
Фақатгина онажони ўлмаса эди!
Болаликнинг тушларини қайта кўролса.
 
 
Қўрқмасайди ўзи билан ёлғиз қолишга,
Тангрисидан хабар олиб туролса эди.
Йўқлигидан надоматлар келса ортидан,
Борлигидан гоҳ-гоҳида уялса эди.
 
 
Ва кўнсайди… (кўнган билан кошки иш битса?)
Йўқ, кўнмаса… (кўнмаганга яна ҳам оғир.)
Ҳа, тушунса, яшаш – азоб, ҳеч роҳат эмас!
Ҳа, англаса – таскин майи зарур ва тахир.
Анчагина бахтли бўлар эди, балки, одамзод.
 

«Тангрим, мени «йўқ» де сўраганларга…»

 
Тангрим, мени «йўқ» де сўраганларга,
Манзилимни ўчир юракларидан.
Туш кўргандай бўлсин бул қари морбоз,
Сира кўринмайин истакларида.
 
 
Йўқ, қўл силтамадим, тушундим, холос,
Асли эрта чиқди менинг саводим.
Бунча кўнгли нозик кўнгил бергансан!
Руҳимнинг тақвосин бузди ҳаётим.
 
 
Тангрим, караминг кенг, қаттиқ яширгин,
Одам бўйи етмас жойларинг бор-ку!
Қушларнинг тушига мени яширгин,
Ваъдангда туғилмай яшаш ҳам бор-ку!
 
 
Юрагим совқотди, назар қил, Эгам,
Сўраганимни бер, сўрмагандан қўрқ!
Устимни ёпиб қўй, очилмас қилиб,
Биласан – устимни очгилиги йўқ!
 

НЎНОҚ ИЖРОЧИНИНГ АРЗИ ҲОЛИ

Режиссёр Баҳодир Йўлдошевга!


 
У ўзига азоб излаб борадир,
Кўкси ёниб, кўнгли музлаб борадир.
 
 
Йўл четида тошлар турар совқотиб,
У шул тошларга дард сўзлаб борадир.
 
 
Оламнинг қувончи унга-ку азиз,
У ўзга оламни излаб борадир.
 
 
Ғуссали жаҳонни юпатолмасдан,
Ўзи ҳам жимгина бўзлаб борадир.
 
 
Бир гулнинг порлаган баҳорин ёдлаб,
Хотирлаб, соғиниб, эслаб борадир.
 
 
Ўзини бу ерга меҳр чорлаган,
Шунга у дил доғлаб, аразлаб борадир.
 
 
Юрагини эса сеҳр чорлаган
Интиқиб, ўтиниб, тизлаб борадир.
 
 
Аразчини суяр бу кекса савдо,
Арази ёзилмай тезлаб борадир.
 
 
Аслида пешонанг шўр эди, оғам,
У яна бағрингни тузлаб берадир.
 
 
Олдидан чиққаннинг юрагин ёриб,
Чиқмаганга қўлин гизлаб борадир.
 
 
Сизга таниш кўзи фитнани билмас,
Елкадаги кўзи сўзлаб берадир.
 
 
Ғамлининг кўзлари кулишни билмас,
Ёноғи севинчни ихтиро қилмас,
Қошлари имони имо қилолмас,
Пинҳон ишқни элга ошкор этолмас,
Шул сабаб саҳнага юзлаб борадир.
 
 
Эй, қисмат, қоч, унинг йўлидан чиқма,
Юракдаги қутлуғ жомини тўкма,
Эй, ўлим аждари, жонинг ширинми?
Қўй, шуни чақма!
 
 
Тангрига бир қўшиқ созлаб борадир,
Тангри ҳам гоҳ қўшиқ қўмсаб турадир.
 

ҲОЛ

 
Кўнглим осмонига чиқди ғам ойи,
Ғуссадан қорилди вужудим лойи,
Ичимни илитди интиқлик чойи,
Кейин сеҳрлади соғинчнинг майи…
 
 
Ғам ойида тўйлар бошлаб юрибман,
Ғолиб Бойчибордай оёқ керибман.
Илкимни илкига жондай берибман,
Асли танҳолигим билмай турибман…
 
 
Ҳамма юзин бурган сўқмоқдан юрдим,
Соғинч қишлайдиган бир кулба қурдим.
Одам бормайдиган жойларга бордим,
Одам кўрмайдиган тушларни кўрдим…
 
 
Воҳ, мендан минг фарсаҳ нари қочдилар,
Тангрим муҳрлаган қулфни очдилар.
Кўнглимни уйқумда келиб янчдилар,
Сўнг уни оламга дондай сочдилар…
 
 
Ёлғизлик бўридек бўғзимдан олди,
Шеърларим тилимга келолмай қолди.
Шоирни изламанг, у адо бўлди,
Ё ўлди, ё қолди – бир бало бўлди…
 
 
Онаси ўлгандай бўзлади бир кун
Жаҳонда онаси йўқлиги учун.
Бедардлар даврасин ёритди бир тун
Жаҳонда оналар борлиги учун…
 
 
– Ҳеч банда бўлмагай дунёга устун!
– Устун бўлолмаса яшамоқ нечун?
– Ул ёқда ҳам сени ўйлайди тун-кун!
– Эҳтимол, ўзининг аҳволи нигун?
 
 
У шундай такаббур саволлар берди,
Ўзин ёниб турган оташга урди.
Одам юрмайдиган йўллардан юрди,
Одам кечмайдиган хаёллар сурди…
 
 
Мен ўзим кўрганман тонгдай отганин,
Қувонч қучоғида масрур ётганин,
Кўзлари қамашиб, қушдай қотганин,
Кўрганман – ой каби сокин ботганин…
Ҳа, кейин…
 
 
Қўлида соғинчдан тўлган пиёла,
Ортида жондордек эргашган нола.
Нигоридан оқар қоп-қора жола,
«Отам қачон келар?..» сўрайди бола…
 
 
Ёмғирли булутдай дил шеърга тўлди,
Ким ғолиб, ким мағлуб ҳисоби бўлди.
Мен ҳам безор бўлдим – у ёлғиз қолди,
Қиёмат ҳам яқин, не бўлса бўлди…
 
 
– Балки юракларда У содир бўлган?
– Юракда нималар содир бўлмаган?!
 

ОЛОМОН

 
Искандар Мисрни забт этди охир,
Юз буқа сўйдирди, қурбонлик берди.
Қадим музофотни айланиб юриб,
Шом чоғи энг катта эҳромга кирди.
 
 
Ортига қайтарди тансоқчиларни,
«Тонггача танҳоман, олманг хавотир!»
Қиличу совутин сиртда қолдириб,
Тош маъбад бағрига йўл олди ботир.
 
 
Базму жамшид қилди музаффар қўшин,
Ўлганлар ёдланди, шодланди борлар.
Тун бўйи май ичди тириклар бари,
Тун бўйи депсиниб чиқди тулпорлар.
 
 
Тонг қуёши бир газ етилган они,
Алағдалик ортди аҳли аъёнда.
Ҳануз эҳром ичра эди оламгир,
Зўр ваҳима қўпди ул оломонда.
 
 
Бир замон тош девор кетди қарсиллаб,
Эҳром эшигида подшоҳ кўринди.
Ҳали не бўлганин билмаган қавм
«Яшасин Искандар!» дея севинди.
 
 
Сўнг шоҳнинг юзига солдилар разм,
Недандир титрарди қўрқмас баҳодир.
Кўзида тириклик нишони сўнган,
Сочига оқ тушган, паришонхотир.
 
 
Уни ўраб олди дўстлар, сафдошлар,
Сув тутди, рад этиб олмади жомни.
Саволлар бежавоб, шоҳ сўзламасди,
Унинг шу жимлиги бузди оламни.
 
 
Етти кун бирорта сўз айтмади у,
Етти кун ҳеч кимни этмади қабул.
Фақат инграб чиқди етти узун тун,
Ярадор арслонни тингламоқ мушкул.
 
 
Ниҳоят юзланиб маҳрам зотларга
Сўз айтди – гўёки чайқалди денгиз.
«Не сир кўрганимни сўрманг ҳеч қачон,
Айтсам ҳам барибир ишонолмайсиз!»
 
 
…Мен бугун минг йиллик тарихни тинглаб,
Ўйчил кириб келдим кўҳна Чорсуга.
Кенг майдон саҳнида тош қотиб қолдим,
Кўрганимни айтсам қолгум кулгуга.
 
 
Жўмард шоҳ рад этган жомдай тўлди дил,
Айтмайман, айтсам ҳам ишонмас биров.
Искандар эҳромда кўрганин кўриб,
Юракка ўрлади бир мудҳиш олов.
 
 
Нени кўрдим, қўрқдим – Худога аён,
Эй, сен асрдошим, сўрайверма, бас!
Дўст-ку дўст, душманга этмасин раво,
Ҳа… шоҳнинг кўргани яхши нарсамас.
 

ҲАСРАТИМ

Ўзбекнинг полвон адиби Тоғай МУРОД хотирасига!


 
Бу юракда нелар бор,
Очиб кўрар замон йўқ.
Бошимга дўнар бургут,
Кўзи оч-у, қорни тўқ.
 
 
Манзил, ҳей, қандай манзил,
Юрак етилди оҳдан.
Ёшим қирққа етмасдан,
Қайтиб келдим жанггоҳдан.
 
 
Шамолга шалоқ бўлиб,
Эрмак бўлиб элакка.
Мени қўйинг, жўралар,
Тўзим тиланг юракка.
 
 
Отамнинг ҳасратига
Сандал каби исиниб.
Худонинг кенг уйида
Юрибманда қисиниб.
 
 
Бу юракда нелар бор,
Нелар йўқ бу юракда.
Тангрига хатлар ёзсам,
Қор ёғади фалакдан.
 
 
Галасидан айрилган
Бир бўрини кўргандим.
У менга ҳавас қилди,
Мен унга ҳавас қилдим.
 
 
Исмини ҳам билмайман,
Балки бир номсиз банда.
У менга бахт тилайди,
Бахтсизлик кўрмаганда.
 
 
Бу юрак – тилсиз шоир,
Дод демас, жим кетяпти.
Қизим фалакда туриб,
Менга мактуб битяпти.
 
 
Дунё, чин исминг нима,
Матлабинг не, тириклик?
Балки шу хароб умрим
Чумолига буюклик?!
 
 
Бу ланж, беор даврада,
Жонга май аро киргай.
Май баҳона сенга ҳам,
Қачонлардир сўз бергай.
 
 
Қўлга ўрганолмаган
Бўри – менинг юрагим.
Ўзимни мастга солсам,
Куйиб кетар кўкрагим.
 
 
Қўлга ўрганолмаган
Бўри увуллайди зор:
Очиб кўрар имкон йўқ,
Бу юракда нелар бор.
 

«Сезмаган эканман, соғинган эканман…»

 
Сезмаган эканман, соғинган эканман,
Оғриб юрган экан кўксимдаги дил,
Сира ҳам битмаган экансан, ярам,
Нигоҳингга тегиб қонади кўнгил…
 
 
Сезмаган эканман, ўлмаган эканман,
Кўзларингга қараб англадим бирдан.
Ўлиб кетганман деб юрар эканман,
Яна… нима кутай тақдирдан!
 
 
Сен салом бердингми, исминг айтдимми,
Эшитолмай қолдим, қулоғим батанг.
Юрагимда шундай бир шовқин турди
Нималар дейишдик, эслолмайман ҳам.
 
 
Эй, Худо! Сен борсан, ҳақсан – шубҳасиз!
Ё, Раббим, кўнглимни қара – бор экан.
Қачон кўзёш қилсам, куларди бу дил,
Унинг муддаоси бор экан.
 
 
Нима қилса бўлар бул бедавони,
Сотиб ё ўлдириб қутулиб бўлмас.
Менинг азобимнинг ҳисоби билан
Яшаб келяпти-ю, тан олмас.
 
 
…Ҳа, энди, яшасам бўлар бехижил,
Соғинишни билар эканман ҳатто.
Унинг кўзларининг сўзлашин тинглаб
Эсдан оғиб қолсам, йиғиб кет, Оллоҳ!
 
 
Масрур кетаяпман ёмғир оралаб,
Ёмғир-ла қутладинг, сезяпман, Раббим!
Дил ва соғинч ҳаққи, кенг даргоҳингда
Яшагим келяпти, жуда яшагим…
 

ХХI АСР ШОИРИГА ТАСКИН

 
– Кепқолинг, фақат мен орзу сотаман,
Манов, «Марсга учиш», бу – «Мангу яшаш!»
Мана, Оловуддин сеҳрли чироғи,
Манави «Соғиниш», буниси «Қўмсаш».
 
 
«Онани туш кўриш», «Ҳижрон» ва «Висол»,
Кепқолинг, фақат мен орзу сотаман.
«Йиғлаш», «Энтикиш» бор, «Чуқур хўрсиниш»,
Кўпроқ олганларга нархин ўтаман.
Опқолинг, сотаману кетаман!
 
 
– Нега бунча катта орзуларингиз,
Кўплари фасондан қолган, амаки.
«Эслолмаслик» йўқми, қиммат бўлса ҳам,
Хорижники бўлса, янаям яхши.
 
 
…Дод, молим ўтмайди, бозорим касод,
Юраги тор дунё раҳм қилмайди.
Шоирларга текин тарқатай десам,
Бошловчи шоирлар бунга келмайди,
Бу бозорни улар ҳали билмайди.
 

ЭСКИРМАЙДИГАН РИВОЯТ

(Ҳазрат Навоийдан тола нур)


 
Бир тождор бор эди, элпарвар, оқил,
Юртнинг ташвишида ўтган ҳар они.
Фуқаро кўнглига топган эди йўл,
Адолат ғиштидан бино қўрғони.
 
 
Қирқ бошли тулпордир сиёсат – бешак,
Қирқта жилови бор – ҳар бири ҳар ён.
Бирига эрк бериб, бирин сал тортиб,
Подшоҳ сергак эди, сезгир, устомон.
 
 
Макрга чап бериб, иғвони янчиб,
Ҳукм сурар эди мардона, ўктам.
Балки шу заҳматин мукофотига
Хизр йўқлар эди уни дамо дам.
 
 
Илоҳ нури билан қамашиб қалби,
Хизр-ла суҳбатдош бўлур эди шоҳ.
Чўнг бир ишоралар берарди набий,
Элнинг иқболидан этганча огоҳ.
 
 
…Бир кун шоҳ кўнглида бошланди ғулу,
Иброҳим1 қисмати келди ёдига.
«Ушбу тожу давлат, айшу фароғат,
Арзирми жаннатнинг гард тупроғига?!»
 
 
Олам ва одамнинг тарзини ўйлаб,
Кирди сўфийликнинг риёзатига.
Салтанат ташвишин топшириб буткул,
Юз бурди Тангрининг ибодатига.
 
 
Олис тоғ бағрини макон тутди ул,
Охиратин ўйлаб нолалар қилди.
Инсон кўзи тушмас ёбонда танҳо,
Ҳақнинг рағбатига эришмоқ бўлди.
 
 
Гарчи шу кундан сўнг ўзгарди олам,
Гарчи осудалик завқини туйди.
Аммо қанча интиқ бўлиб турса ҳам,
Уни энди Хизр йўқламай қўйди.
 
 
Йиллар ўтди, унинг аҳволи нигун,
Яратгандан тунлар йиғлаб сўради.
«Бир бор жамолини кўрсат ул зотнинг!»
Шоҳнинг юрагини қайғу ўради.
 
 
Томчи кўзёшнинг ҳам бордир ҳисоби,
Буюк мувозанат қургандир Эгам.
Бир тонг Ҳаққа етди шоҳнинг хитоби,
Хизр пайдо бўлди айни ўша дам.
 
 
Шоҳ юзи ёришди тонгдан ранг олиб,
Хизр-ла кўришди бўлганича шод.
«Нечун мени ёлғиз ташладинг, эй, дўст,
Нотавон кўнглимни айлаб нообод?»
 
 
Хизр жавоб қилди: «Эй, одил ўғлон!
Қисматига шоҳлик битилган тождор!
Ҳақнинг адолатин ўрнатмоқ учун
Сени бу оламга юборган Жаббор.
 
 
Сенсиз юрт аҳволи кўп ғариб, нолон,
Халқинг хор, элингда залолат ҳоким.
Бир мискин кўнглини олган пайтингни
Улуғ ибодат деб ҳукм этмиш Раббим!»
 
 
Хизр ғойиб бўлди, эҳтимол мангу,
Ғор лабида қолди шоҳ-дарвеш – вайрон.
Балки тахтга қайтган, балки ғорига,
Лек унинг қисмати ибрат бегумон.
 

«Ичимда бойқушнинг ини бор…»

 
Ичимда бойқушнинг ини бор,
(Ҳар неки уйқашдир тилакка.)
Жим бўл деб, май ичсам, бу қузғун
Юракни тортади газакка.
 
 
Ичимда бир тушнинг ини бор,
Руҳимни совурар кечалар.
«Жамолин бир кўрсат!» – ўтинсам,
Масхара қилади қанчалар.
 
 
Ичимда бир қишнинг манзили,
Сочимдан то товон музлатар.
Қўллари яхлаган дунёдан
Беҳуда лаҳча чўғ излатар.
 
 
Ичимда бир тошнинг зил ботган
Ўрни бор, ўзин ғам эритган.
Мен шунча ҳасратнинг остида
Юрибман, шу юриш ҳоритган.
 
 
Ичимда юрибман бир умр…
 

«Бўрон тинди, ёмғир юпанди…»

 
Бўрон тинди, ёмғир юпанди,
Сочин қайта таради шамол.
Аразини унутди, кулди
Кўзёшлари тугаган аёл.
 
 
Шаҳар қўлга олди кўзгусин,
Ажинига сурди упалар.
Чошгоҳ сочди тилла ёғдусин,
Гумон каби тўзди парқулар.
 
 
Кечикса ҳам келди, дилгир ва
Нимагадир бироз паришон.
Туйғуларнинг селида оқиб,
Яшамоқни қўмсаган инсон.
 
 
Севги эди орага тушиб,
Ҳаётини судхўрга тутган.
Келмаслиги аён бўлса ҳам
Яшамаган, фақат жим кутган.
 
 
Нималарни қилган башорат,
Нималардан умид эшган ул.
Арзон бериб ҳаловатини,
Оғриқларни қиммат олган қул.
 
 
Бўлса эди, бир тола нурдай
Жонин тутса – иситиб берса.
Меҳр эмас, таскин ҳам эмас,
Фақат бир бор, бир бора кўрса…
 
 
Томирида уйғонган қуюн,
Азиз умрин телба айлаган.
Тушунолмас, тушунтиролмас –
Тангри шундай қисмат сайлаган.
 
 
Бўрон тинди, хўрсинди сукут,
Ғорга кириб кетди қораёл.
Бўйнин қашиб жим қолди эркак,
Узик торни улади аёл.
 

«Телефонга қилмасам жавоб…»

 
Телефонга қилмасам жавоб,
Иш ўрнимда бўлмасам, балки,
Ўйлаётган бўладирман жим,
Ўлаётган бўламан ёки.
 
 
Иш ўрнимда ҳозиру нозир,
Қўнғироқдан куйлаб турсам – шаън.
Жисму таним ҳаётга тортиқ,
Ўзим… балки ўлганман чиндан.
 

СОВҚОТГАН

 
Биров кутаётгандай қизғин, шошилинч,
Уйлар орасида, тор йўлакларда,
Кўзлар умидданми, қўрқувдан нотинч,
Қавилган, қуралган хор тилаклар-ла.
 
 
Совқотган офтобнинг синиғи ботиб,
Кўлмакларни ҳатлаб, кўнгилни қатлаб,
Дарвеш ҳислар билан дилни иситиб,
Асрлаб, умрлаб, йиллаб, соатлаб…
 
 
Ёмғирда кўйлакдай ивиган, толғин,
Хаста кўрпасидай кирланган қорлар,
Қўрғошин томчилар, киприклар олтин,
Оламга бир ҳақир боқмиш беморлар.
 
 
Кўз очгиси келмай уйғонганича,
Кўз ҳам юмолмасдан шамгин ва аянч,
Руҳу тан дорида қиёматгача
Унут ялов каби заифдир юпанч.
 
 
Шаъфеталаб юрак – ор ханжарида
Кетмоқ ё қолмоқнинг ғамидан шошиб,
Дунё камолидан, руҳ жамолидан,
Ҳамда… ҳисобидан адашиб.
 
 
Орзулари узун, қўллари калта,
Ҳасратлари қаро, кечалари оқ.
 
 
Маҳтал туйғулардан қадаҳдай тўлган
Ғуссалари тугал, қувончлари тоқ.
 
 
Баҳорни туш кўриб олтин бармоғи,
Ойналарга шакл солмиш жажжи қўл.
Мангу тугамайди аччиқ сўроғи,
Яноқлари ҳам ҳўл, ёқаси ҳам ҳўл.
 
 
Кимдир кутаётгандай қизғин, шошилинч,
Андармон ҳисларнинг завқидан шошиб,
Тугал ғуссалару омонат юпанч
Кетмиш ҳисобидан адашиб…
 

КЕЧА МУСОФИРИ

 
Кўриниб турган чироқ, яқин келоласанми,
Совқотиб турган юлдуз, дилга қўноласанми,
Шивирлаб турган дарахт, мен-ла кетоласанми,
Хумори босилган ой, энди ботоласанми?
Суякдан ўтаяпти, жонимга етаяпти,
Онажон кутаяпти, онажон кутаяпти.
 
 
Шарқираб турган кеча, товуши тунни кесган,
Сув лабида бир неча ялпиз қўшиқдай ўсган,
Унинг дийдори билан менинг ўртамни тўсган,
Ё бир шоир юракли қадам чалкашиб босган
Бир из инграб турибди, йўлим тугамаяпти,
Отажон кутаяпти, отажон кутаяпти.
 
 
Кўзи тиниб борар ер – нурга бошқоронғи тул,
Қаро тўлқин тўшида қайиқдай чайқалар ул,
Бир япроқнинг додидан қадаҳ суниб ичар дил,
Кўксимга тумшуқ уриб, бўғзин най қилган булбул,
Сенинг оҳингдан кўкда Тангри ғам ютаяпти,
Оғажон кутаяпти, оғажон кутаяпти.
 
 
Бормоқчи эмас эдим, куттирмоқчимас эдим,
Адо дилга яна қон юттирмоқчимас эдим.
Қўл узатган умидни ситтирмоқчимас эдим,
Иккинчи ҳаётимни биттирмоқчимас эдим,
Билиб-билмай йўл тортдим, бардошим битаяпти,
Ёрижон кутаяпти, ёрижон кутаяпти.
 
 
Сўнгги баргдай титраган, орзулари қаварган,
Бир қатим нурни дилга қарз олмиш бир заргардан,
 
 
Озон қатламларидан келгувчи хушхабардан,
Сўз сўраб маҳтал турдим бир бемеҳр дилбардан,
Томчидек «тиқ-тиқ» этиб, бепарво ўтаяпти,
Уйимда эса мени улижон кутаяпти.
 
 
Баҳорни туш кўрган гул бармоқларин силайман,
Осмондек нигоҳидан тоза ният илғайман.
Йўлакка умид эккан кўзларини тинглайман,
Эзгу чизиқли кафтин тоза шеърдай англайман.
«Уйингга кетмайсанми?» – дилижон2 кутаяпти,
Манзилимда эса мени дилижон кутаяпти.
Бир сўз инграб турибди, йўлим тугамаяпти.
 

УМИД

 
Эй, шу тоғларни яратган,
Тонг чоғи тунни ухлатган,
Кундузни қушдай сайратган,
Қуёшни ерга қаратган,
Ойни улишга ўргатган,
Ерни бешикдай тебратган,
Яратган Эгам, хабар бер.
 
 
Кўксимда бино бир зиндон,
Унда банди бир нотавон,
Бандасин қўли етмас жон,
Тутқуннинг бағри нопармон,
Кўзлари туби йўқ бир осмон,
Барисин кўрётган, эй Султон,
Қўл чўзар Эгам, хабар бер.
 
 
Булутни чимматдай тортолган,
Қора нор – тунга юк ортолган,
Оқ тулпор – тонгга сув тутолган,
Қочгандан олисга кетолган,
Истаган чоғида етолган,
Муҳрини юракка битолган,
Сарҳадсиз Эгам, хабар бер.
 

«Бу дунёда шоирлар – чаппа келган қўзидир…»

 
Шоирни онаси икки нусхада туғса эди.
Бирови шеър ёзарди, бирови рўзғорга қарарди.
 
(Суҳбатдан)

 
Бу дунёда шоирлар – чаппа келган қўзидир,
Туғилмоқ, ўлмоқ аро оламларга сиғмайди.
Унинг онаси – Армон, Соғинч унинг қизидир,
Муҳтожлиги – юқумли, истеъдоди юқмайди.
 
 
Изтироби юқмайди, палак отмас қайғуси,
Қувончи ўртададир, ўртададир ўзи ҳам.
Гўзаллик – муҳаббатнинг бахтиқаро чўриси,
Шу бахтсизнинг беадоқ ғамига улар малҳам.
 
 
Шоир бир бор туғилар, бир бор ўлади шоир,
Ранглар, оҳанглар аро силқиб турар ёлғиз жон.
Ватанни қалбда бунёд этмоқлик унга тақдир,
Сени яхши кўраман, Юрак – Ватан – Онажон!
 

ҲАЙВОНОТ БОҒИДА

 
Қулоғини қашийди маймун,
Патларига тумшуқ урар қуш.
Кунчувоқда йўлбарс жим, ғамгин
Тўқайзорни кўриб ётар туш.
 
 
Боғчасидан таътилга чиққан
Гул қизалоқ термулар ҳайрон.
Онасининг қўлидан тутиб
Саволларга кўмар: «Онажон!
 
 
Нега тутиб турмиш буларни,
Ахир кўкда учмасми қушлар?
Нечун бунча маъюсдир бари,
Эшитилмас озод товушлар?»
 
 
Бу саволлар – мангу бежавоб,
Она дилгир: «Кеч ҳам бўлгандир.
Ташқаридан қулфлаб келгандик,
Бетоб отанг… кутаётгандир».
 

«Эй Бардош, эй Умид, Куч туғиб беринг…»

 
Эй Бардош, эй Умид, Куч туғиб беринг,
Қисматдан иқболмас, қўрқув сўрадим.
Тобут ясаб олдим сўнгакларимдан,
Мендан олдин марҳум бўлди юрагим.
 
 
Мен ғор излаяпман, дилдай теран ғор,
Унда Тангрим мангу бедор яшайди.
Соврилдим, беомон шаклсиз қолдим,
Ё Раб! Соям менга бунча ўхшайди.
 
 
Изладим, топмадим, толди нигорлар,
Кўзларим қўрғошин томчидан тўлди.
Қаршимдан саф тортиб келди беморлар,
Ортимдан бир аччиқ хўрсиниқ келди.
 
 
Келди ҳаётимга бир дардли нола,
Бу куйни чалишни ўрганолмадим.
Кир стол четида олтин пиёла
«Ҳайём!» деб чинқирди, уйғонолмадим.
 
 
Адашмоқ деган йўл бордир жаҳонда,
Излагувчи деган қавм бор – бешак.
Сабр, умид, қўрқув, бардош ичинда
Тобланиб, улғайиб бормоқда юрак.
 

«Бир эшон ва бир қора…»

Боборавшанхонга!


 
Бир эшон ва бир қора,
Йўқ-йўқ, икки бечора.
Гоҳи ғамгин, гоҳи шод,
Гоҳи тинч, гоҳ гирдибод.
 
 
Борарлар икков ёлғиз,
Йўлида зўр ялмоғиз.
Йўл умиддай беадоқ,
«Борми сенда уртўқмоқ?»
 
 
Икки кўланка – қора,
Борар икки оввора.
Совқотган йўл четлари,
Недан ғамгин бетлари.
 
 
Бир-бирига боқар лол,
Сўзлаш шартмас эҳтимол.
Тун бошланган кўзидан,
Кундуз қочган юзидан.
 
 
Айтадиган одам йўқ,
Лек недандир кўнгли тўқ.
Ният териб нигоҳи,
Кулиб бўзларлар гоҳи.
 
 
Ўтин ташиб совқотган,
Бўғзида олов қотган.
Бири маъюс, жилмайган,
Бири мустағрақ бўлган.
 
 
Бири ғамгин, мастона,
Нигоҳлари чистон-а?
Бирида умид бисёр,
Бири умид қарздор.
 
 
Ўрмон томон кетишар,
Кимнидир жим кутишар.
Ўтиб борар тоғлардан,
Боғбони йўқ боғлардан.
 
 
Кунчиқарни тусмоллаб,
Кунботарга имиллаб.
Кетар йўл чеккасидан,
Қуёшнинг орқасидан.
 
 
Борарлар шод ё маҳзун,
Йўли туганмас, узун.
Тераклардан йўл сўрар,
Сочилган ризқин терар.
 
 
Ризқмикин бу сочилган
Ё овчи атай қилган.
«Ов барибир яхши-да,
Ўлмайсан-ку беҳуда».
 
 
Бир-бирини овутиб,
Куйган дилни совитиб.
Кетиб борарлар мамнун,
Ким билсин, балки маҳзун?
 
 
Бири ишқдан сўйлайди,
Олисларга бўйлайди.
Энтикиб қўяр гоҳи,
Ҳайрон боқар ҳамроҳи.
 
 
Бири имондан сўзлар,
Бир улуғ висол кўзлар.
Бу сўздан оқиб ёши,
Жим қолади йўлдоши.
 
 
Икки тилда сўйлашар,
Бир нарсани ўйлашар.
Шундай ғамгин, бечора,
Бир эшон ва бир қора…
 

КУЗАК

 
Йиғлолмайди, лабин тишлар она дарахтлар,
Киприк қоқмас, хўрсинолмас, кўзлари тўлган.
Лаби титрар, кифти учар, оқарган юзи,
Куз оламнинг юрагига зўр видо солган.
Мезонларда ҳасратнинг оқ рақсини кўрдим,
Сойга боқдим – бир бахтсизнинг аксини кўрдим.
 
 
Юлдузларнинг қиррасида фаришталар жим,
Бош кўтармай Ой нур элар – бева эгачим.
Фақат барглар шивирлайди қўрқув тилида,
«Қутқар!» дея кўкрагимга муштлар юрагим.
Баҳор ўтган йўлда қолган бир изни кўрдим,
Изга расмин чизаётган бир қизни кўрдим.
 
 
Қанотига оқ тушаётган қушларни кўрдим,
Ўтовлари тенгланаётган қўшларни кўрдим.
Айтилмасдан, учуқ тошган тушларни кўрдим.
Ерга кириб кетсам деган даштларни кўрдим.
Сой ортидан тиззасига иягин тираб,
Қараб қолган болакайлар – тошларни кўрдим.
 
 
Кўнишга ҳеч кўнолмаган истагим билан,
Куртакликдан хазонгача дарагим билан,
Кўзларига кўзим тушди. Йўқ, қаролмадим,
Ўн ёшида қолиб кетган юрагим билан:
Орзулари гулдан қайтган хаёлни кўрдим,
Кўйлагининг гули ҳижрон аёлни кўрдим.
 
 
Қўлларини ортга қилиб жим борар тоғлар,
Бошлари хам, елкасида бўшдир сувлоқлар.
Жангда мағлуб баҳодирлар ғамгин қайтурлар,
Бул хабарни Ватанида қандай айтурлар!?
Шул тоғларда кекса, ёлғиз арслонни кўрдим,
Кўзларида бостирилган исённи кўрдим.
 
 
Бешигида кўзмунчоққа қўл чўзар болам,
Мезонлардан умид эшиб ўлтирар онам.
Узилган барг тўғри келиб юракка қўнди,
Дилгир отам офтобрўга ўтиб исинди.
Симдорларда қуримаган тўнимни кўрдим,
Умрим каби қисқараётган кунимни кўрдим.
 
 
Ботинимда юлдузларнинг сокин совиши,
Элас-элас кишнагандай тойлар товуши,
Эшитилмай қолаётган сойлар товуши,
Айвондаги эски индай бенаво юрак,
Менга етиб келмай қолди ойлар товуши,
Яқин бордим, қулоқ тутдим, энгашдим, турдим,
Эшитмадим, аммо ундан созини кўрдим,
Чалинмасдан тинглангувчи созини кўрдим.
Шохда мезон – шаҳид ялов, бўзини кўрдим!
Яратганнинг шундай буюк кузини кўрдим!
 
1.Иброҳим Адҳам назарда тутилмоқда.
2.Дилижон – улов маъносида.

The free sample has ended.

Age restriction:
12+
Release date on Litres:
29 June 2023
Volume:
131 p. 2 illustrations
ISBN:
978-9943-6782-6-2
Copyright Holder::
Adabiyot
Download format:

Similar books