Read the book: «Суиқасддан сўнгги сукут ёхуд Чингизхондан Черчиллгача»
НУРАЛИ ҚОБУЛ
СУИҚАСДДАН СЎНГГИ СУКУТ
ёхуд
ЧИНГИЗХОНДАН ЧЕРЧИЛЛГАЧА
Роман-памфлет
Иккинчи китоб
Донолар қаршисида тилингни тий,
Авлиёлар қаршисида дилингини тий.
Машойихлар ҳикмати
Буюк тақдир – буюк қулликдир.
Сенека
“Asaxiy books” лойиҳаси доирасида чоп қилинди. Тошкент, 2022 йил
Ушбу электрон китоб учун муаллифлик ҳуқуқи “Asaxiy books” лойиҳасига тегишли бўлиб, “Asaxiy books” рухсатисиз уни ҳар қандай шаклда тарқатиш Ўзбекистон Республикаси қонунларига биноан тақиқланади.
1. Белдан пастга тушган сиёсат ёхуд отангни ўлдирганга…
Сиёсат – маблағсиз даромаддир.
Отасўзи
Сиз сиёсат билан шуғулланмасангиз ҳам, сиёсат сиз билан шуғулланади.
Монталамбер
Сиёсий қобилият – эртага, индин, келгуси ҳафта, бир ой ва бир йилдан кейин нималар бўлишини олдиндан башорат эта олишингиз, сўнгра эса бу ишларнинг нега амалга ошмаганлигини изоҳлай билишингиз демакдир.
ЧЕРЧИЛЛЬ
– “Нурли қуёш” колхозида табелчи эдим, – дея ҳикояларини бошлардилар раҳматли дадам чуқур нафас олиб, ғамгин оҳангда. – Шомга яқин тизза бўйи қору қаҳратонда қора терга тушган отини чоптириб, раис Шодмон ўрис ҳовлимизга кириб келди.
– Тез бўл, Холбўта! Сени биринчи секретарь Эргаш Холматов чақираётир! Отимга мингаш, ўзим олиб бораман! – деди раис ғолибона оҳангда.
– Райкомнинг менда нима иши бор? Коммунист бўлмасам. Оддий бир табелчи бўлсам, – раиснинг авзойига қараб шошиб қолдилар дадам.
– Мен билмайман, иним. Райком чақиртирибдими, демак муҳим бир гапи бор. Райком чақирганда сени мени қўявер, Ойқор тоғидаги малла айиғу кулранг бўрилар ҳам ғизиллаб етиб боради, – чорловнинг муҳимлигини таъкидлайди Шодмон ўрис.
– Сиз билсангиз керак, Шодмон ака, айтинг? Райкомнинг менда нима иши бор? – сўрайдилар дадам улар отга мингашиб йўлга тушар экан бу чақиртирувнинг хайри аломатдан эмаслигини сезгандай.
– Кўкдагини ўзи, ердагини райком билади, иним. Мен қайдан билай? Районда тўртта колхознинг раиси йўқ. Балки шулардан биттасига раис бўлиб кетарсан! – оғзини тўлдириб гапни айлантиради раис.
– Э-э, қўйсангиз-чи! Мендан раис чиқармиди?!
– Нега чиқмасин?! Оломонлик Эргаш этикдўзданки раис чиққанда, хат-саводи бор сендай табелчидан бемалол чиқиши мумкин.
– Илтимос, Шодмон ака. Менга ёрдам беринг! Раислик қўлимдан келмайди. Холматов сизди айтганингизни қилади. Мени тинч қўйсин.
– Қайдам, иним. Булар мени, халқни айтгани нари турсин, худонинг айтганиниям килишмайди. Нима деса индамай хўп деявер. Бошинга бирор ташвиш орттириб юрма.
Раис шундай дедию, бирдан дами ичига тушиб кетди. У коммунист ва раис бўлатуриб, худо деган сўзни оғзига олиб қўйган эди.
– Мени худо деганимни бировга айтиб юрмагин тағин, Холбўта. Одам гапирганда билиб билмай айтиб юборади-да, – дами ичига тушиб кетган эди раиснинг.
– Нега айтаман, Шодмон ака. Тушунаман, – дейди дадам қўрқа-писа.
Дадам раиснинг ташрифидан астойдил қўрққанларининг бошқа сабаби ҳам бўлган. У киши саккиз ёшда эканлар ўттиз еттинчи йилдан оталари – мулла Қобил Иброҳим ўғлини олиб кетган тўрт киши орасида қишлоқ советининг вакили сифатида худди шу киши – Шодмон ўрис ҳам бор эди.
Самарқанддан келган рус начальникларига сидқу садоқат ила елиб-югуриб хизмат қилганлиги учун уни овулдошлари орқаворотдан Шодмон ўрис дея аташарди.
Ўшанда дадам Шаҳзода энамга эргашиб отасининг орқасидан Девқўрғонгача йиғлаб борганлар.
Оталари икки йил ўтгач, Сибирь сургунидан қайтган. Бу ҳақиқатни раҳматли Шаҳзода энам шундай изоҳ этар эдилар.
– Улар ўша Сибирия деган ўрмондаги турмага боришибди. Ҳаммани қилган айби ҳақидаги қоғоз бор эмишу, бобонгники йўқ эмиш. “Нима айб қилгансан” деб сўрашсалар “билмасам” дер эмишлар бечора бобонг. Охири сутлар қоғозини тополмай, уйига жавоб беришибди. Пойизда қозоқ чўлида юриб юртга қайтишибди. Поезддаги катта ўғрилар бобонга ўхшаган бечорларга бир ҳафта сув беришмабди. Одам бир ҳафта сув ичмаса, ичак-чавоғи чириб кетар экан. Уйга бир ҳолу аҳволда кириб келганларида кўзимиз тушиб, ҳушимиздан кетай деб қолгандик. Соч-соқоли ўсиб кетган, кир-чир, эски матрас деган кўрпа билан уят жойиминан шамоллаган кўкрагини боғлаб олган. Кийим-кечак йўқ, сазойи бир аҳволда. Биздан рози-ризочилик тилаб, ичим ёниб кетяпти, дейдилар. Кун иссиқ, даданг акаси билан бориб, ҳар куни Ойқортоғнинг музидан олиб келади. Шу музни кўкракларига қўйиб ётардилар, бечора. Оғизларига совуқ сув томизамиз. Шу алфозда тўққиз кун ётдилар. Ўнинчи кун тонгга яқин Оллоҳга омонатларини топширдилар. Тўрт етим билан Иқбол энанг иккимиз кўчада қолдик.
Шаҳзода энам бобомнинг биринчи завжалари бўлганлар. Фарзанд кўрмагач, бобомизга ўзлари бош-қош бўлиб, Иқбол энамизни олиб берганлар ва болаларини ўзлари тарбиялаганлар. Мана сизга ҳақиқий шарқ ва мусулмон аёлининг инсонийлиги ҳамда бағрикенглиги. Иқболой энам ҳаётдан эрта кўз юмганлари учун бизлар ҳам Шаҳзода энамнинг тарбияларидан баҳраманд бўлганмиз.
Дадамни отига бемаҳал миндириб кетган Шодмон ўрисга кўзи тушган икки энамизнинг шом туби қоронғу бўлади. Юракларини ҳовучлаганча кўзларида ёш билан худди бобомни кузатаётгандек дадамни ҳам йўлчи этиб қоладилар.
– Ғаллакондаги йилқичилик фермасига мудир бўлиб борасан, Қобулов! – дейди ғўлабирдан келган қора юзли, танасига нисбатан калласи каттароқ райкомнинг биринчи секретари Эргаш Холматов.
– Бу иш қўлимдан келмайди, райком бово! Олдинги уч мудир ҳам қамалиб кетди. Икки энам бор. Энди уйландим. Менга раҳм қилинг! – зорланади дадам.
– Давлатнинг молини еб қўйгандан кейин қамалади-да. Шунинг учун емаслик керак! – овозини баландлатади биринчи котиб.
– Жон райком бово! Мени…
– Гапни кўпайтирма! Райкомнинг буйруғини бажармайдиган одам ҳали онасидан туғилмаган. Борасан дедимми, борасан! Агар айтганимни қилмай, бормайдиган бўлсанг, Ўсматнинг сувини ичмайсан! Тушундингми?
– Хўп! Майли! Тушундим, райком бово! – дейдилар дадам раҳбарнинг қаҳрини қўзғатмаслик учун рози бўлиб.
– Кўндингми? – дейди бу ишдан хабардорлигини яширмай жилмаяр экан раис Шодмон ўрис.
– Ҳа! – дейдилар дадам гапни узатмай.
– Бўпти! Унда эртага эрталаб идорага кел! Бирга фермага борамиз! Отларни қабул қилиб оласан! – буюради раис дадамни пойи-пиёда қолдириб, оти жиловини уйи томон бураркан.
“Ўсматнинг сувини ичмайсан!”
Қалин қорда уйга аранг етиб келгунча шу сўзни ўзларича муҳокама этадилар дадам. “Ўсматнинг сувини ичмайсан!” Демак, бу қамаласан, деганими?! Бошқа гап эмас.
Келиб бўлган воқеани энамларга айтадилар. Энам маслаҳат учун Ҳамза ва Абдусалом амакиларни чақирадилар.
– Ўсматнинг сувини ичмайсан дегани, отангнинг орқасидан Сибирияга жўнатаман дегани, амаки! – дейди бу воқеадан ҳаяжонланган Ҳамза амаки. – Фурсатни ғанимат билиб, кечаси қочиш керак. Турмуш шундай экан. Ферма мудири бўлсанг ҳам қамаласан, йўқ десанг ҳам. Қочишдан бошқа чора йўқ! Ўзбекистонда бўлсанг топтириши мумкин. Сталинободгами, Регаргами қочиш керак. Мен ҳам сиз билан бирга кетаман. Рози бўлса Абдусалом ҳам юрсин!
– Майли, мен ҳам бораман! – кўнади Абдусалом амаки.
Топган-тутганини бўғчага туккан уч эркак ва уч аёл тун қоронғусида йўлга тушадилар. Андижон-Душанбе поездини пойлаб, бир неча кун Ғаллаорол станцияси атрофида яшириниб яшайдилар. Ва бир аммалаб, ит азобида Тожикистонинг Регар районига, қирқинчи йиллар охирида кўчиб кетган амакилари Расуловлар яшайдиган қишлоққа етиб борадилар. Опам София Регарда туғилади.
Уч қочқин оила Регарда икки ярим йил яшайди. Ўсматдан келган одамлардан улар Қорақишлоқ райони тугатилганини ва партия кометитетининг биринчи секретари Эргаш Холматов Самарқанд вилоятидаги Пойариқ районига биринчи котиб бўлганлигини эшитиб, юртга қайтмоқликка қарор қиладилар.
Ихтиёрий сургундан қайтган дадамга янги раис яна ферма мудирлигини таклиф этади. Бироқ йилқичилик эмас, қорамолчилик фермасини. Йўқ десалар яна Сталинободга қайтиб кетиш керак.
Йўқ демаса, бир каллаварам подачи сигирни туғдира олмай ўлдириб қўйса ҳам у эмас, ўз ишига масъулиятсизлик ва совуққонлик билан қараганлик айби билан мудир жазоланар эди.
Дадам ноилож рози бўладилар ва узоқ давом этган терговлардан зўрға қутулиб қоладилар.
Эргаш Холматов деганда доимо сергак тортадиган дадам бу одам ҳақидаги ҳар бир гап-сўзни эътибордан қочирмай юрадилар.
– Сени сургунга йўллаган Эргаш Холматов ҳақидаги гапни эшитдингми? – дейди райкомнинг бюро мажлисидан қайтиб келган раис бир кун кулиб. – Эркин деган ўғлининг қўлини ҳалоллагани, коммунист бўла туриб эскилик сарқитларига қарши курашиш ўрнига ўзи хатога йўл қўйганлиги учун партиядан ўчирилиб, биринчи секретарликдан бўшатилибди. Самарқанд обкоми бюроси шу масалани муҳокама қилибди. Ёмон қарғаган экансизлар-да.
– Биз нега қарғаймиз?! У бечораям давлатнинг айтганини қилган-да, – ҳайрон бўладилар дадам.
Шу-шу Эргаш Холматовни сургунчи амаки-тамакилар унутадилар.
Орадан чорак аср муддат кечади. Партияга тикланиб, Мирзачўлда “Самарқанд” совхозини ташкил этган Эргаш Холматов чўлқувар директор ва Социалистик Меҳнат Қаҳрамони сифатида яна газета саҳифаларида кўрина бошлади.
Доимий равишда газета-журнал ўқиб борадиган дадам энди кулиб ўша воқеаларни эслар ва Регар даштларида сургунда кечган оғир пайтларини ҳикоя қилиб берардилар.
Минг тўққиз юз етмиш иккинчи йилда тугатилган Қорақишлоқ райони Шароф Рашидовнинг рағбати билан Бахмал номида яна қайта тикланди. Мен ҳам туманнинг янги ташкил этилган “Ғалаба байроғи” газетасида катта мухбир сифатида иш бошладим.
Сўнгра вилоят “Жиззах ҳақиқати”, минг тўққиз юз етмиш олтинчи йили эса область партия комитетининг пропаганда бўлимига матбуот бўйича инструктор бўлиб ўтдим.
Биз хонада икки киши, бўлим мудирининг ўринбосари Абдумажид Эргашев иккимиз ўтирар эдик.
Ёнимиздаги хонада саноат ва қурилиш бўлимининг мудири Э.Э. Холматов ўтирарди.
Бу ўша қўли ҳалолланганда отаси Эргаш Холматов партиядан ўчиб, райкомнинг биринчилигидан кетган қаҳрамон – Эркин Эргашевич Холматов эди. Етмиш олтинчи йилнинг охирига борганда Бахмал район партия комитетининг биринчи секретари Холмўмин Мамараҳимов яна эски домлалиги, Ғаллаорол район маориф бўлими мудирлигига қайтиб, ўрнига Эргаш Холматов сайланди.
От айланиб қозиғини топган, Эргаш Холматовнинг ноҳақ партиявий жазо олиб ишдан кетганлигини яхши билган Шароф Рашидов адолатни қарор топтириб, эски сафдошини аввалги ўрнига тиклаган эди.
Худди шу пайтдан бошлаб, болалигимдан бери оиламизда номи тилга олинганда барча бирдек сергак тортадиган одам билан гаплашиб, мулоқотга киришдим. Бахмалдан сўнг Эргаш ака Зомин районига раҳбар бўлиб бордилар ва узоқ йиллар ишладилар. У киши ва Аҳад Соибназаров раҳбарлигида Зомин сув омбори бунёд этилди.
Доимо Зоминга борганимда мени самимият-ла қаршилаб, уйларидан, чечамизга ош дамлатиб келардилар. Ярим кечагача суҳбатлашардик.
Бироқ нечоғли яқин ва самимий суҳбатдош бўлмайлик, отам билан ораларида бўлиб ўтган воқеани эслатмадим. Кечмиш даврларга ўша замону сиёсат кўзи ила боқиб, бўлажак қаҳрамонимни борлигича қабул қилдим ва у киши ҳақида очерк ёздим. Бадиий битикларимда фойдаландим ва ҳар замон отамнинг “У кишида айб йўқ. У бечора ҳам давлатнинг сиёсатини юргизган-да” деган кечиримли оҳангдаги сўзларини ёдда тутдим.
Бошқа битикчиларни билмадиму мен ўзгалар ҳақида доимо жўшиб ёза оламан. Бироқ бобом, Шаҳзода энам, отам ва онамга келганда юрагим тўлиб, йиғим бўғзимга тиқилиб қолади.
Бунинг сабаби бор экан, дадам раҳматли кимга неки яхшилик қилсалар, ҳеч кимга, ҳаттоки онамга ҳам айтмас эканлар. Шунинг учун ҳам биз у кишининг хайрли ишларидан бехабар қолган эканмиз.
– Жўра, эсингиздами, интернатга тўққизинчи синфга ўқишга борганимизда, мен билан Қўчқорга иссиқ овқат беришар, сизга беришмас эди, – деди бир куни гурунглашиб ўтирганимизда синфдош дўстим Бобомурод.
– Ҳа, эсимда. Нима эди? – ҳайрон бўлиб сўрадим.
– Ўшанда авом раҳматли мени ва Қўчқорни директоримиз Қўзиевга тайинлаб, бу иккиси етим. Менинг ўғлимга овқат бермасаларинг ҳам майли. Шу икки етимга овқат беринглар, дея кўзларига ёш олиб, рўйхатга киритиб келган эканлар, – деди-да, болалар каби елкаси силкиниб йиғлаб юборди. – Ўзлари ҳам етим ўсганлар-да!
Шу пайтгача эшитмаганим бу гапдан ҳайрату қайғуда мен ҳам дўстимга қўшилдим.
Ўша пайтда узоқ қишлоқларда ўрта мактаблар оз эди. Ўқишни давом эттирувчилар учун Жиззах районининг Оққўрғон маҳалласидаги 8-ўрта мактаб-интернатда бу имконият бор эди. Ётоқхонада отасиз ё онасиз ўқувчиларга овқат берилар, ота-онаси борлар ўз кунини кўрарди.
Мен бир ҳафталик тирикчилигим учун уйдан олтита нон, бир юмалоқ тузли қорин сарёғи, уч сўм пул олиб кетар эдим.
Синфдошларимиз кечқурун иссиқ овқат ейишганда биз нон билан чой ичардик. Тушда эса йигирма тийинга битта сомса олиб, беш тийинлик бўлка нон билан ер эдим.
Ўнинчи синфга ўтганимда шамоллаб, шифохонага тушиб қолдим.
– Бола тузук-қуруқ овқат емаган, шунинг учун касаллик уни енгган, – деди доктор мени кўргани келган дадамга.
Шундан сўнг бир ҳафталик маошим уч сўмдан беш сўмга чиқди. Кейин билсам қишлоғимиздаги доно маслаҳатчиларнинг “Болага кўп пул берманг, шаҳарда бузилиб кетади” деган сўзига амал қилган отам мени шу тариқа тарбияламоқчи бўлан эканлар.
Энди эса яна ўша, кечмиш замонларнинг муаммоли масалаларидан бўлган фарзандлар қўлини ҳалоллаш мавзусига қайтсак. Бу нарса иссиқ ўлкаларда яшаган арабу яҳудий, ҳатто Миср фиръавнлари замонидан бери тиббий профилактик тадбир сифатида ихтиёрий равишда амалга ошириб келинган. Бу ишнинг ҳеч бир дину маданият, партияю ҳукуматга алоқаси йўқ.
Бироқ атеизм байроқ қилинган тузум ва режимда унга ислом динининг зарарли сарқити сифатида қаралган. Эргаш Холматовдек эҳтиётсизлик қилганлар қаттиқ жазоланганлар. Аслида Эргаш ака ҳам ўғлини қишлоғига юбориб, яширин хатна қилдирган. Бироқ кўп ҳурматли душманлари Эркин Холматов билан ўйнаб юрган болаларига тайинлаб, унинг қўли ҳалолланганини билиб олиб, КПССга ёзганлар. Москва ва КПСС эса Эркин Холматовнинг хатнаси билан жиддий шуғулланган ва тегишли қарор қабул қилган.
Хатна қатағонидан капалаги учиб кетган энг катта раҳбарлардан бошлаб аксар бошлиқлар бу ишдан воз кечиб қўя қолишган.
Бу қурбонлар хатна ишига муносабат юмшаган замонларда қўлларини ҳалоллаб олишгандир, балки…
Рақиб ғанимлар эса кечаю кундуз болаларини катта раҳбарларнинг ўғиллари борадиган жойларга юбориб, худди Эркин Холматов каби иштонларини ечишларини пойлашган.
Мана, сизга қилажак ҳеч бир иш қолмаганидек, сиёсатнинг белдан пастга тушиши.
2. Беклик элга яраша ёхуд Михаил Горбачевнинг эски костюми
Қилич билан қазилган ерда гул унмас.
Отасўзи
Жуда ҳам одил ва ҳаддан зиёд оқил бўлма – ваҳимага тушиш сенга нимага керак.
ЭККЛЕССИАСТ
1991 йил 19 сентябридаги ГКЧП воқеасидан сўнг СССРда вазият ўзгариб кетди. Давлат ва ҳокимият тизгинини ушлаб турган КПССнинг барбод бўлиши усиз ҳам инқирозга юз тутаётган сиёсий ва иқтисодий тузумни жарлик ёқасига келтирди.
Давлат тўнтаришига уринишга дахлдор деб топилган СССР Олий Советининг ҳар икки палатаси таркиби бекор қилинди. Республикалар халқ депутатларидан янгидан СССР Олий Кенгаши учун вакиллар сайланди.
Квота бўйича Ўзбекистонга йигирма битта ўрин берилган эди. Қўмиталарда кўриб чиқилиб Президент тасдиғидан ўтган йигирма бир Ўзбекистон халқ депутатининг номзоди рўйхатини парламент раиси тасдиқлаш учун овозга қўйди.
Рўйхатда депутат Муҳаммад Солиҳ (Салой Мадаминов) номи ҳам бор эди. У минбарга чиқиб ўз ваколатидан воз кечди. Шу пайт маданият қўмитасининг раиси ёзувчи Пиримқул Қодиров сўз олиб, ҳамкасбимиз ўрнига менинг номзодимни тавсия этди.
Бу пайтгача, ўттизинчи июнда бизнинг Мустақиллик декларацияси ва 30 августда Мустақиллик эълон қилинган эди.
Хуллас, Ўзбекистондан СССР халқ депутати этиб сайланган йигирма бир киши ўша пайтдаги бош вазир Шукрулло Мирсаидов бошчилигида Москва йўлини тутдик.
Қайд учун Кремлга яқинлашишимиз билан бизни мухбирлар армияси қарши олди. Бироқ ҳеч бир ўзбекистонлик вакил юрак ютиб мухбирлар саволига жавоб бермас, ҳамма ўзини олиб қочарди. Мен ҳам ўзимни ватандошларим каби тутмоқдан уялдим ва мухбирлар қуршовида қолиб кетдим.
– Москвага нега келдингиз?
– Болтиқ бўйи республикалари вакиллари келишмади, сиз нечун ташриф буюрдингиз?
– Мақсадингиз нима?
Саволлар шу тахлит эди.
Аслида бизни қаршилаётган журналистларга ҳам, СССР парламентининг янги таркибини рўйхатга олаётган маъмурларга ҳам бизнинг ташрифимиз маъқул келмагандек эди, назаримда.
– Ҳарҳолда буюк бир империянинг тарқалиб кетишига гувоҳ бўлиш учун келдик, шекилли, – дедим тилимга бошқа калима келмай. – Яна нима дейишим мумкин?– саволларга савол билан жавоб бердим.
Мухбирлар ашқол-дашқолларини орқалаб мендан узоқлашдилар.
– Бопладингиз. Қайтиб ёнимизга йўламайдиган бўлишди, – деди савол-жавобларни эшитиб турган Шукрулло Мирсаидов.
– Бизни ҳеч ким кутмаётган экан. Келмасак ҳам бўларкан, – жавоб қилдим у кишига.
Шу тариқа Ўзбекистон вакилларининг СССР парламентидаги сўнгги фаолияти бошланди.
Қайддан сўнг, ҳар икки парламентнинг раҳбар органларига сайлов бошланди. Сайловдан олдин квота бўйича палата раислари ўринбосарлари ҳамда қўмита раислари лавозимлари белгиланди.
Ўзбекистонга Республика Совети раиси ўринбосарлиги ва халқаро ишлар қўмитаси раислиги тегди. Совет раиси ўринбосарлигига ўша пайтда Қашқадарё вилояти ҳокими бўлиб ишлаётган Алихон Раҳматович Отахонов сайланди. Халқаро ишлар қўмитаси раислигига эса мени сайладилар.
Ўзбекистонни минг бир армон билан ташлаб кетиб, охир-оқибатда юртига кела олмай ҳам қолган Рафиқ Нишонов ўрнига ҳамкасбимиз, қозоғистонлик номдор ёзувчи Анвар Алимжанов сайланди. Квота бўйича бу лавозим энди Қозоғистонга берилган эди. Иттифоқ палатасига эса Украина вакили Лубенченкони сайладилар.
Москвада фаолият кўрсатар эканмиз, табиийки ўша пайтдаги президент Михаил Горбачев билан учрашиб, масалаларни муҳокама килишга тўғри келар эди. Россиялик депутатлар орқали Горбачевни ағдариш учун тайёргарлик кўрилаётгани ҳақидаги миш-мишлар қулоғимизга чалинарди.
Бундай гап-сўзлар унга ҳам етиб борган шекилли, Михаил Горбачевнинг ҳам аҳволи руҳияси жойида эмас эди.
Охирги учрашувга Алихон Отахонов билан йўл олаётгандик. Мен ҳам борайин, шу Горбачевни кўрайин, дея академик Аҳмадали Асқаров ҳам бизга қўшилди.
Горбачев СССРни сақлаб қолиш ҳақида узоқ гапиргани эсимда. Одатда у бир соат гапирса ҳам нима дегани кишининг эсида қолмас эди. Хайриятки, Фидель Кастрога ўхшаб тўрт-беш соатлаб нутқ отмайди, дея ҳазиллашар эдик бир-биримизга.
Унинг эгнида тўқ кулранг эски костюм бор эди. Разм солиб қарасам енгининг учи титилиб кетган. Ҳайрон бўлдим. Мен ҳам одатда эски, ўрганиб қолган кийимларимни кийишни хуш кўраман. Бироқ кимсан СССРдек давлатнинг президенти…
Шундай улкан ва қудратли давлату мамлакатнинг тарқалиб кетишига ўзини сабабчи билиб, тузук-қуруқ кийинишга ҳам аҳволи руҳияси етишмагандир, хаёлимдан кечди.
Шунда у бизга янги СССР Конфедерацияси ташкил этилажагини, бош вазир этиб Нурсултон Назарбоев тайинланиши ҳақида гапирган эди.
Ельцин, Кравченко ва Шушкевичнинг Беловежье ўрмонида, 1921 йилда “СССР давлатини тузиш” ҳақидаги англашма, қарорни бекор қилишлари СССРнинг сўнгги президенти Михаил Горбачев ниятини сувга туширди.
Зотан, бошию охири йўқ нутқларидан ҳам, даври даврон оқими туфайли сиёсат саҳнасига чиқиб қолган бу кишининг фикрлаш даражаси, зеҳну закосининг уфқи маълум эди.
Уч-тўрт соат гапирса-да, киши юрагига тегадиган, бир неча жумла оригинал фикр айта олмас, эски лаппакни айлантираверарди.
Михаил Сергеевич Горбачев кечмиш замоннинг байроқ кўтариб чопгувчи типик комсомол ёшларидан эди. Бироқ татар миллатига мансуб хотини Раиса Максимовна Титаренко ақлли, ҳисоб-китобли хоним бўлиб, ипини тортиб турмаса ўтлаб кетгувчи эрини йўналтириб, йўлга солиб юрган. Вилоят партия қўмитасининг биринчи секретарининг, кўрган оиланинг қизи бўлган Раиса Максимовна эрининг феъл-атворидаги қусурларни билар ва бундан хижолат чекарди.
Миша Горбачев ҳар йили Краснодар ўлкаси ва Сочи тарафга истироҳат учун борадиган Леонид Ильич Брежневнинг Берияси – Юрий Андроповнинг назарига тушди.
Юрий Владимирович Фёдор Михайлович Достоевскийнинг “Всегда в истории России послушные собаки были в почёте” деган даҳшатли фикрини яхши билар эди. Силлиқ ва сипо, хотини чизиб берган йўлдан тўппа-тўғри юрадиган Горбачев Лаврентий Павлович Берия ҳалафининг кўнглидаги одам эди.
Ўша давр шарт-шароити, раҳбар қодирлар иқтидору салоҳиятининг даражаси нуқтаи назаридан бундан-да ақллироқ ва ишбилармонроқ арбобни топиб бўлмасди.
Мавжуд тузумнинг нотабиий ғоялар асосида ўқиб вояга етган, соцализму коммунизм деганини унинг асосчилари саналмиш Ленину Сталин деган доҳийлари ҳам тушунмаган жамиятда фақат шундай, кенг дунёвий фалсафаларни ўқиб-ўрганмаган, оламга ана шу тор сунъий дарчадан қарайдиган инкубатор жўжалари каби бир-бирига ўхшаш ва бир хилда фикрлайдиган арбоблар етиштирилар эди.
Россия сиёсатида глобал дунёвий фикрловчи икки катта шахсият ва арбоб бор эди. Булар Анатолий Собчак билан Александр Яковлев эди. Қолганлари ўша – бўл тайёр, доим тайёр шиори остида етишган октябрят, пионер, комсомол ва коммунистлар эдилар. Булар орасида коммунистик идеологиядан бошқа илм, дин ва фалсафаларни ўқиб-ўрганувчи, бу ёруғ дунёда марксизм-ленинизм деган утопиядан бошқа мантиғу фалсафалар ҳам борлигини билиб ўрганишни истайдиган кишилар йўқ ҳисоб эди. Тор, бир ёқлама фикрловчи одам узоққа бормайди. Сўзсиз ҳаётнинг биринчи ва иккинчи синовларида қоқилади. Фаросатсиз одам умр бўйи аросатда, ҳаммадан хавфсираб, раҳбар бўлса ўз халқидан қўрқиб яшайди.
Анатолий Собчакнинг узоқни кўра билиши ўз исботини топди. Борис Ельциннинг куни Собчак кашф этган қодир Владимир Путинга қолди.
Борис Ельцин Путинга қадар ҳалаф излаб, Черномирдину Примаков, Кириенкою Степашин каби бош вазирларни қўлқоп каби алмаштиришди.
Кудрину Немцов каби лидерлик даъвосидаги арбоблар ҳам ўйиндан чиқиб кетди.
Анатолий Собчакдан хавфсираган Ельцин уни таъқиб этиб, устидан жиноий иш очмоқ амрини берди.
Бу тазйиқу босимдан чўчиган Собчак Россияни тарк этди ва Парижда юрак хуружидан вафот этди.
Екатеринбургнинг марказий майдонини кезар эканмиз, Николай иккинчи оила аъзолари билан отиб ташланган черков ертўласига тушдик. Ертўла эски ҳолича турар, черков биноси эса янги қурилгандек эди. Йўлдошларимдан бунинг боисини сўрадим.
– Борис Ельцин Свердловск обкомининг биринчи секретарлигида черковни буздириб ташлади, – жавоб берди ҳамроҳим. – Зиёратчилар оқими кўп бўлганлиги учун президент бўлгач, гуноҳини ювиш мақсадида черковни қайта тиклашни буюрди. Сўнгра Москвада Сталин йиқитган Қутқарувчи Исо черковини ҳам тиклаттирди.
Россия Федерацияси дохил барча республикалардаги қодирлар шундай салла ўрнига калла олиш таълимини кўрган, идрок доирасига сиғмаган ва ақли етмаган нарсага душманлик кўзи билан қараш руҳида тарбияланган эдилар. Марказга фикрловчи, ташаббусчи, ўз халқи ва ватани манфаатини жони дилдан ҳимоя этиб курашгувчи комилу фозил, оқилу одил қодирлар керак эмас эди. Даражаси юксак бўлмаган раҳбар эса ўзидан-да паст савиядаги кишиларни атрофига йиғади.
Тож кийган бош ақлланур деганларидек, шу пайтгача бирор-бир арбобнинг ўзида ақл-идрок етишмаслигидан шикоят қилганлигини туйганмисиз?
Бироқ Рашидов даврининг ғоявий секретари, техник-инженер Оқил Салимов адабиёт ва санъатни чуқур билмаслигини тан олиб, русчалаб “Болалар, бу масалаларни мен тушунмайман. Ўзларингиз ҳал қилаверинглар” дея ўз ишини билган мутахассисларга халақит бермасликка ҳаракат этарди. Одамлар шунисига ҳам раҳмат дейишарди. У киши табиатан миллатнинг туб катта манфаат ва мақсадларидан узоқроқ, техник бир шахсият бўлса-да, ўзи идора этган соҳада кимсанинг ноҳақ бурни қонашига йўл қўймас эди.
Оддий халқ ўша пайтларда пахтазорга бориб колхозчиларнинг ғарибона оби-ёвғони қайнаётган каттакон қозонни “Шу ҳам овқатми?” – дея ағдарган (ваҳоланки, бутун Ўзбекистонда далада ишловчилар шундай овқат ер эдилар) бош вазир Нормуҳаммади Худойбердиев ва унинг биринчи ўринбосари, тўрт оғиз сўзни қўшиб, жумла тузиб гапира олмайдиган мироб Исмоил Жўрабековларни катта давлат ва жамият арбоби деб билардилар. Сиёсатнинг туб моҳиятини англаган кам сонли кишиларгина бу арбобларнинг асл қиёфаси ва даражасини фарқлардилар холос. Боиси бир-икки кишининг истагу хоҳиши билан шундай арбоблар ясаларди.
Худди Михаил Иванович Калинин СССР Олий Советининг раиси ўлароқ Сталиннинг ёнида қўр тўкиб ўтириб, жуфти ҳалоли Жемчужина чет эл разведкасининг агенти сифатида Сибир қамоқхонасида фаррошлик қилгани каби.
Бу тузум даҳолари ҳақиқий оқилу фозил, ботиру жасур шахсиятларни кўрганда шайтонлар эдилар. Ҳар қандай йўл ва восита билан бундай кишилар Ҳабиб Абдуллаев каби йўлдан олиб ташланарди.
Давр ва давронлар шундай. Замонанг тулки бўлса, този бўлиб қув, дейдилар.
Эл эса доимо борига барака, йўғига ҳаракат қилиб келган.
Беклик элга яраша, теклик эса белга ярашадир.
Битикда битилгани каби…
Тентаккаким тел берсанг,
Мақтар мудом уруғин.
Тўқайнинг шоҳи тулки,
Шарафлайди қуйруғин.
Дунёда, ҳар бир ишнинг,
Бордир йўнтам-йўриғи.
Ўзин билган ҳеч қачон,
Қуритмайди чориғин.
Гоҳда тулпорлар қолиб,
Ўзар отнинг ориғи.
Битигингдан белгили,
Рангинг оқу сариғи.
Равон оқса умрнинг,
Ҳаёт деган ариғи.
Ғўрадан ҳалво битар,
Ёмби бўлар тариғинг.
Олам тўла оломон.
Ким Рим, Макка йўриги.
Ҳосад кўзин кўр этар,
Пешонангнинг ёруғи.
3.Дитрих Геншер эътирофи ёхуд Аҳмад Яссавий нега ер остига кириб кетган ва Тошкентда Шекспирни инкор этган этикдўзлар
Упорство – достоинство осла.
Рус мақоли
Қассобнинг тушига эчки кирар.
Отасўзи
Ёзувчиларнинг Дўрмон боғи ва бу ердаги ёзувчилар маҳалласи турли қизиқ воқеалар, ривоят ҳамда латифалар туғилган қадрли бир маскандир.
Минг тўққиз юзинчи йил бошида бу ерга бир рус генерали дамқисма хасталигига дучор бўлган аёли соғлигини ўйлаб, вилла қуради. Бу муҳташам бино ва унинг қаршисидаги юз йигирма йиллик каштан ва чинорлар ҳамон савлат тўкиб турибди. Эътиборсизлигу қаровсизлик оқибатида икки тарихий липа – жўка дарахти йўқ бўлиб кетди.
Ўттизинчи йиллар охирида Республика Олий Кенгашининг раиси Йўлдош Охунбобоевга шу бинодан дача сифатида фойдаланиш тавсия этилади. Бироқ республика оқсоқоли чор императори генерали яшаган уйга кўчиб киришга чўчийди.
Генерал вилласининг кун чиқиш томонида янги бино тикланади ва атрофдаги ерлар Олий Кенгаш раиси боғи ихтиёрига берилади.
– Бунча ер бизга кўплик қилади, Ҳамиджон. Ярмини олиб, ёзувчиларимиз учун ижод уйи қилсангиз бўлади. Генерал ёзлиги ортига бир неча хоналик меҳмонхона қуришга ҳам кўмак этасиз, – дейди Йўлдош ота Ҳамид Олимжонга.
Шу тариқа Қибрай туманининг Арғин қишлоғи яқинидаги хушҳаво манзилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг ижод уйи ташкил этилади. Ҳамид Олимжон ўша пайтда ҳам кўпчилиги ижарада яшаб юрган ижодкорлар учун бир илҳом қайноғи бўлган гўша яратиш ишига астойдил киришади. У пайтда бу каби ишлар учун масъул ташкилот – Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошида Адабиёт фонди бўлиб, унинг раиси Чустий домла эканлар.
Ҳамид Олимжоннинг Уйғун билан Дўрмондан қайтаркан автоҳалокатда фожиали ҳалок бўлиши бутун Ўзбекистонни ларзага солади. Ўша пайтдаги Республика раҳбари кўзида ёш билан Ҳамид Олимжоннинг бошида ўтиради. Вафотидан сўнг ижод уйига Ҳамид Олимжон номи берилади.
Йўлдош Охунбобоев, Акмал Икромов, Файзулла Хўжаев, Собир Раҳимов ва Шароф Рашидовларнинг номлари районлардан, шоиру ёзувчилар оти мактаблардан олиб ташланиши компаниясида Ҳамид Олимжон номи ҳам ижод уйидан олиб ташланди.
Ижод уйининг биқинидаги республика Олий Кенгаши раислари яшаб келган тарихий бинода Йўлдош Охунбобоев, Шароф Рашидов, Амин Ниёзов, Ёдгор Насриддинова, Назар Матжонов ва Иномжон Усмонхўжаевлар истиқомат қилганлар. Ҳозир бу бино ташландиқ ҳолда бўлиб, “Қибрай” санаторияси маъмуриятига қарашлидир.
Санаториянинг арчазорли йўлакларида кезар эканмиз кечмишда уюшмани бошқарган Жамол ака (Жамол Камол) бир воқеани айтиб қолдилар.
– Икки мингинчи йиллар эди, – деди одатига кўра Жамол ака тўхтаб қўл ҳаракати билан фикрини тушунтирар экан. – Биласиз, мен Вильям Шекспир асарларини инглиз тилидан она тилимизга таржима қилганман. Бу пайтда бизда китоб чоп этиш ҳам, ўқиш ҳам инқирозга юз тутган эди. Ҳатто мактабларда ўқийман деган ўқувчи, ўқитаман деган ўқитувчи ҳам сийрак тортиб қолганди. Бир дўстимизнинг ҳомийлигида Шекспир таржимасини оз нусхада бўлса-да чоп эттирдик. Республикада китоб савдоси тизими Рустам Шоғуломов каби шоввозлар томонидан барбод этилиб, “Ўзкитоб” бирлашмаси йўқ қилинган эди. Китобни сотиш учун машинамга солиб, темир-терсак, латта-путта тўпловчи лўли каби йўлга тушдим. Шаҳар айланиб ўша пайтдаги театр ва рассомчилик институтига бордим. Таниқли олим, институт ректори Усмон Қорабоевнинг ҳузурига кирдим. Мени илиқ қаршилаб, арзимни эшитди ва кўмак этмоқ учун олий даргоҳнинг хўжалик ишлари бўйича проректорини хоналарига чорлади. Келтирганим китобларни сотмоқ учун ёрдам беришини буюрди. Бу китобни студентлар ўқиши кераклигини таъкидлади. Мен Усмон Қорабоев билан хайр-хўшлашиб, проректор ортидан унинг хонасига йўналдим.
– Китобни сотиш учун биз таржимон билан эмас, авторнинг ўзи билан шартнома тузамиз. Домла, авторнинг ўзи келсин, – деди проректор китобни варақлаб кўрар экан.
– Мен тахтага айландим. Мана сизга театр рассомчилик олий ўқув юрти проректорининг даражаси. Энди бу институтда таълим олган талабаларнинг аҳволу савиясини мушоҳада этаверинг. Мен институт раҳбарига муаллиф бундан бир неча юз йил бурун вафот этганлигини, Тошкентга кела олмаслигини шармандаларча қора терга тушиб англатдим. У эса киприги қилт этмай, ҳеч бир хижолат чекмай эшитди.
Бутун дунё бўйлаб Германия вице-канцлери ва ташқи ишлар вазири Дитрих Геншернинг бир машҳур сўзини айтиб юрадилар.
– Мен совет раҳбарларининг ёмон гапиришларини билар эдим. Бироқ уларнинг ёмон ўқиганларини билмас эканман, – деган эди Геншер Юрий Андроповдан сўнг совет давлати ва КПСС бошига кечган Константин Устинович Черненко билан бўлган суҳбатдан сўнг.
Сергей Есенин таъбири билан айтганда, балиқ бошидан деган гап тўғри, агарда мен шоир бўлмасам, бўлар эдим безори, ўғри…
Балиқлар бошидан чириган эдилар. Мамлакатда саводсизлик тугатилган, дея эълон этилган бўлса-да, чаласаводлик икки қўлини соллаганича кезарди. Худди ҳозиргига ўхшаб.
Вилоятлардаги бир педагогика институтининг тил бўйича профессори мендан “Абдулла Қаҳҳор яхши юрибдими?” дея сўраганида ҳайратдан ёқа ушлаб, тилимга калима келмаган.
Биз барча нуқсону камчиликлар, разиллигу ботилликларнинг туб илдизи саводсизлигу чаласаводликка, жоҳиллигу гумроҳликка бориб тақалишини англаб етмас эканмиз, ишимиз бароридан келиб, миллат фикри ойдинлик ва адолат сари йўналмайди.
Улуснинг улуслиги эса унинг мавжудлиги билан эмас, не мақсадлар йўлида мужодала этиб, ҳақу ҳақиқат, адлу адолатга бўлган муносабату садоқат, унга амал қила билмоқ салоҳияти билан белгиланади.
Инсон табиати, феъл-атвори ғалати. Уни тушунмоқ мушкул. Қўйиб берсангиз, одатда тоғда сурув боқиб юрган саводсиз чўпон ҳам сизга ваъз ўқиши мумкин.
Бироқ не қадар қўнишмасин, саводсизлигини биласиз ва бу инсондан кимсага зарар келмайди-ку, дея ўзингизга таскин берасиз.
Аммо энг ёмони чаласаводликдир. Чаласавод ўзини ҳаммадан ақлли ва доно санайди. Дунёга икки бора қайта келганингизда ҳам унга ҳеч нарсани англатиб бўлмайди. Буни руслар “Упорство – достоинство осла” дейдилар.
Мутахассисларнинг фикрларига кўра, тили узунларнинг фикри калтароқ, фикри узунларнинг тили қисқароқ бўлар экан. Шуларни ўзимча мушоҳада этар эканман, Писаревнинг “Рус Рафаэли бўлгандан кўра рус этикдўзи бўлган фойдалироқдир” деган фикри миямда чарх уради. У Рафаэлнинг асарларидан халққа фойда йўқ, у миллатнинг қорнини тўйғазмайди демоқчи, албатта. Некрасов ҳам “Пушкиндан кўра бир бурда пишлоқ афзал” деганда ҳам шуни назарда тутган. Бироқ у эртага Пушкинни ўқиганлар ўзининг битикларини улоқтиришини ўйлаб кўрмаган бўлиши мумкин, ўша дамда. Шоирлар товадаги қушни эмас, ҳаводагини кўзлаб етти қават осмонда юрадилар-да.
Камю эътироф этганидек, Шекспир этикдўзлар жамиятни бошқаради, деган фикр нафақат адолатсизлик, балки хомхаёлдан бошқа нарса эмас, бироқ Шекспирни мутлақо инкор қилган этикдўзлар жамияти бундан ҳам даҳшатлироқ фожиадир. Этикдўзни инкор қилган Шекспир мустабидликнинг қуролига, Шекспирни инкор этган этикдўз эса қулликнинг қуролига айланади. Ҳар қандай ижодкорлик моҳият – эътиборига кўра хўжайинлик ва қулликни инкор қилади. Биз бугунги кунда яшаётган мустабидлик ва қуллик фақат бутун жамиятда ижодий руҳ ҳукмрон бўлгандагина мутлоқ барҳам топади.
Эътибор берган бўлсангиз шу пайтгача дунё сиёсатида оқилу донолар эмас, Гитлер, Муссолини ва Сталин каби фашистлар, Франко ва Пиночет каби қўли қон ҳарбийлар, Пол Пот ва Иенг Сари каби ашаддий қонхўрлар, ғояси учун тириклайин машинада судратилиб парчаланган Чегевара ва Кастро каби фанатиклар, Хрушчёв ва Саакашвили мисол тасодифий довдирлар муҳим роль ўйнаганлар.
Уларга қўлланма, қонуну конституцияни ёзиб берган, хат-саводини чиқариб, кўзини очган бечора фозилу комил шахсиятлар очдан ўлмаслик, оила, бола-чақа деган мавжудотни боқиш учун ана шу шайтон малайларига бўйин эгиб, қуллуқ қилишга мажбур бўлганлар.
Пири Туркистон Аҳмад Яссавий недан ақли закоси тўлган, пайғамбар ёшида ер остига кириб кетди. Аҳмад Югнакий зориллаганидек, бирорта ҳалол, тўғри, адолатли ва садоқатли дўст-ёр, яқину шогирди уни англай олмагани боис, ер юзидан кўра тупроқ остини афзал билди.
Бу жаҳон мулкида мен,
Тўғри ҳолат кўрмадим.
Ҳарна кўрдим, эгри кўрдим,
Ўзга бобад кўрмадим.
Бандаларда сийму зар,
Бекларда адолат кўрмадим.
Ошинолар суҳбатида,
Ҳам садоқат кўрмадим.
Ҳеч кишида Ҳаққа лойиқ,
Бир ибодат кўрмадим.
Бу битикларни битар экан Воқиф ҳам Аҳмад Яссавийни ерга киритган ҳисларни туйган бўлса ажаб эмас.
Киши муккамалият сари одимлаб, Ҳаққа ета боргани сари ёлғизлашади, хасталашади. Тарки дунё қилади.
Бироқ, мен бўлмасам осмон қулаб тушади, халқ бундай озод ва фаровон яшамайди дея заҳн этгувчилар билиб билмайдиларки…
Кўзинг очиқдир мудом,
Беклар сени бозорлар.
Мақтовингни келтирар,
Маҳалла, кўй, гузарлар.
Дам етарки ҳар недан,
Бўлажаксан безорлар.
Ётники ёндан ўтар,
Ўздан келар озорлар.
Жону дилим деганинг,
Жигарингни эзарлар.
Тулпорлар четда қолиб,
Яғир отлар ўзарлар.
Замон забтига олар,
Бедовлар ҳам озарлар.
Худо билан сўйлашиб,
Турганлар ҳам тўзарлар.
Нотавонлар жам бўлиб,
Мардларга чоҳ қазарлар.
Тахту тахта ён-ёна,
Ёғоч отни безарлар.
Мункар-накир қасрини
Чўкич ила бузарлар.
Фоний дунё молидан,
Кўнгилларин узарлар.
Хайри гуноҳинг битар,
Қай бир котиб ёзарлар.
Авлодларга қолар тек,
Ёлғиз, мунгли мозорлар.
4. Цицерон цилиндри ёхуд устози аъзам Антон Павлович Чеховнинг ташхиси ва Азиз Несиннинг хатоси
Нодон бўлиб туюлганларнинг бариси, туюлмаганларнинг ярмиси нодон.
ГРАСИАН
Ақлли киши дунёга мослашади, нодон дунёни ўзига мослаштиришга ҳаракат қилади. Шунинг учун ҳам ривожланиш нодонларга боғлиқ.
Бернард ШОУ
Рональд Рейган Америка қўшма штатларининг президенти этиб сайлангач, икки катта давлат – АҚШ ва СССР орасидаги муносабатлар янада кескинлашди. Бунга актёрликдан президентлик мақомига етишган Рейганнинг “СССР – империя зла” деган гапи сабаб бўлди.
Бироқ сиёсат ва мулоқот маданиятига амал қилиб ўрганган Рейган СССР каби ёпиқ мамлакатнинг раҳбарлари билан учрашиш, англашиш ниятини бот-бот такрорлар эди.
У Ғарб учун мудом сир ва мавҳум бўлиб келган Шарқ йўлбошчилари билан гаплашиб, уларнинг асил ниятларини билмоқ, ўрганмоқ истарди. Шу ниятда у дастлаб Леонид Брежнев билан музокаралар олиб бормоққа ҳаракат этди. Бироқ игна ва дори қуввати билан юриб гапирадиган Леонид Ильич омонатини топширди.
Қўлтиғида стабилизатор буйрак билан юрадиган Юрий Андропов ҳам Рональд Рейган билан гаплашиб музокара олиб борадиган аҳволда эмас эди. Охир-оқибатда Юрий Владимирович ҳам Кремль девори ёнидаги салафлари ёнига келиб қўшилди.
Сиёсий бюро Андроповдан бўшаган бош раҳбар лавозимига Леонид Ильич: “Из всех моих собак самая верная – Костя Черненко, схватывает все на лету” дея баҳо берган Константин Устинович Черненкони сайлайди.
Бу воқеани бош секретарнинг набираси Любовь Брежнева шундай ҳикоя қилади.
“Однажды мы с отцом приехали к ниму на дачу. У него был Черненко. Тут же приближали собаки. Дядя держал их для охоты.
Черненко, у которого была астма (Он избегал кошек и собак), сразу ретировался, сославшись на массу дел. Когда тот ушел, ген.сек. стал загонят собак в вольер и со смехом заметил:
– Из всех моих собак самая верная – Костя Черненко: схвативает все на лету.
Леонид Ильич вафодор кўппаги ўрнида кўрган Черненконинг ҳам бир оёғи ерда бўлса, бир оёғи гўрда эди. У ҳам бир йилга етиб-етмайди.
Кремлнинг бош раҳбарлари билан учрашишни беклаб чарчаган АҚШ президенти Рональд Рейган ниҳоят ёрилади.
– Мен улар билан учрашишни кутиб чарчадим. Улар эса ўлмоқдан чарчамадилар.
Ниҳоят, давлат ва ҳукумат бошига соғлом, бемалол гапириб, докладларни булбул каби ўқийдиган Михаил Горбачев келади.
Деҳли ва Аградаги Бобурийлар саройида девони ом ва девони хос бўлган. Девони хосда амиру вазирлар, чопару элчилар қабул қилинган. Девони омда эса оддий халқ, фақиру фуқаро арзлари тингланган.
Кейинчалик биз оддий халқ дея атаганимиз бизга ошу нон етказиб турган меҳнаткаш эл-улусдир. Шоҳдан гадойга қадар оддий деҳқон элидан экмак ейди, дейди ҳазрат Навоий.
Цицероннинг “Дунё аҳмоқларга тўла” деган фикрини ўқиганимда бир муддат ўйланиб тараддудланганман. Наҳотки, нодону абдол кишилар шу қадар кўп бўлса, дея узоқ мушоҳада этганман.
Сўнгра машҳур турк ёзувчиси Азиз Несиннинг судлангани воқеасини эшитгач, яна ёдимга Цицероннинг фикри келди.
Мамлакатимизда яшаётган кишиларнинг етмиш фоизи аҳмоқ, дея ёзади Азиз Несин бир мақоласида.
Буни ўқиган ва эшитган одамлар жунбушга келадилар ва ёзувчини маҳкамага берадилар.
– Суд ҳайъати ва одамлардан кечирим сўрайман. Мен нотўғри айтган эканман, – дейди судга чақирилган ёзувчи.
– Майли, нотўғри фикрингиз учун даъвочилардан кечирим сўранг! Жиноят ишини ёпамиз! – дейди маҳкама раиси ишнинг осон кўчганидан суюниб.
– Йўқ, мен даъвочилардан кечирим сўрамоқчи эмасман, фоизни нотўғри сўйлаганим учун кечирим сўрамоқчиман, – дейди Азиз Несин.
– Англамадим? Не демоқчисиз? – сўрайди судья.
– Мен абдолларни етмиш фоиз дея заҳн этар эканман. Шу фикримдан сўнг уларнинг муносабати ва хатти-ҳаракатларини кўриб аҳмоқлар етмиш эмас, тўқсон фоиз эканлигини англадим, – жавоб қилади ёзувчи.
Бу бўлиб ўтган реал воқеага асосланган ҳикоядир. Уни ҳар ким ўз ақли фаросати, фикрлаш даражасидан келиб чиқиб мушоҳада этади, албатта.
Азиз Несин ўзидан икки минг йил бурун яшаган Марк Туллий Цицероннинг фикрини такрорлаган эди холос. Бу қарашни Азиз Несин замондоши Бертран Рассел инглизларга хос киборлик билан юмшоқроқ оҳангда ифода этади. Кўпчиликнинг нодонлигини эътиборга олсак, кенг тарқалган нуқтаи назар оқилона эмас, аҳмоқона ҳисобланади. Халқ кўп, лекин инсонлар оз деганда Диоген ҳам шуни назарда тутган бўлса керак.
Суҳбатларимизнинг бирида Ислом ака менга “Фалончи олим биз миллат сифатида шаклланмаганмиз” дебди. Бу фикрга сиз қандай қарайсиз?” деб сўради.
Олим тўғри сўйлаган. Бироқ унинг хатоси шундан иборатки, у бу фикрни халойиқнинг юзига айтган. Сиз, ўша олим ва мен суҳбатларимизда бу фикрни ўртага ташлаб, муҳокама этишимиз мумкин. Бироқ халққа паст назар билан қараб, сен ҳали халқ эмассан, деб бўлмайди. Бундай ҳақоратдан унинг руҳи тушиб, баттар бўлади.
Элнинг яхши сўзу иш ила кўнглини кўтариб нуқсонини ҳам одобу ахлоқ доирасида ётиқ оҳангда айтиб, суяб гапириш керак, дея суҳбатдошим саволини жавоблантирдим.
Азиз Несиннинг хатоси ҳам шундан иборат эди. Усиз ҳам парча экмак пешида чопиб, кунини зўрға кўриб юрган бева-бечора кишиларнинг бетига қараб ерга уриб, сен ундайсану бундайсан деб бўлмайди.
Элу элат, халқни юксалтиришнинг тек йўли унинг орзу-умидларига қанот бахш этиб, дардига дармон бўлмоқдир. У сиздан ошу нон бекламайди. Бир оғиз ширин сўз, биргина меҳр-муҳаббатли нигоҳ кутади.
Ана шу инсоний ҳис-туйғудан мосуво айрим вилоят ва туман ҳокимларининг қўл остидаги маъмуру фермерларни ҳақоратлаб калтаклаётганларини эшитиб, тепа сочимиз тик бўлмоқда.
Бундай кимсалар эрта бир куни халқ ва Ҳақнинг қаҳрига учраб, учоворага қўшила олмай қоладилар.
Бироқ бу кетишда Азиз Несиннинг ҳақу ноҳақлиги мудом муҳокамаю мунозара этиладиган кўринади. Жюль Верн таъкидлаганидек, интеллект ва дунёқараши билан бошқалардан устун бўлган ҳар қандай киши, ўз истаги ёки эркидан ташқари бошқалар учун ҳам жавоб бериши керак. Зотан, давлат, мамлакат, партия ва жамоат ташкилотлари шунинг учун тузилади.
Интернет асри бутун дунёни ўзгартириб юборди. Фан ва техника оламида тушга кирмаяжак ихтиро ва янгиликлар кашф этилмоқда.
Аммо инсоният кўчиб бориб Марс ёки Юпитерда яшамаса ҳам оқилу жоҳил, доною нодон ёнма-ён эканлигини тан олмасликнинг иложи йўқ экан. Буни Станислав Лев, интернетга кирмасдан бурун мен дунёда шунча аҳмоқлар борлигини билмаган эдим, дея эътироф этади. Ва биз ҳам ҳануз Цицерон цилиндрини узоқ айлантириб, Азиз Несинни суд қилмоқда давом этаверамиз, шекилли.
Лев Толстойнинг икки жилддан иборат “Дневники” битигини биласиз, албатта. Менда ҳам йигирматадан ортиқ дафтар тўла шу тарздаги қайдларим бор. “Ёзувчининг ён дафтари” номида бу қораламаларга тартиб бериш ниятидаман.
Шу дафтарларни варақлар эканман, бундан қирқ йил бурун ёзиб қўйганим, Антон Павлович Чеховнинг фикрига кўзим тушди ва Азиз Несин домла ҳам барчамизнинг устозу аъзамимиз Чеховнинг фикрини такрорлаган эканлар-да, деган хаёлга бордим. Балки Чехов ҳам образи орқали берган бу фикрини бирор-бир файласуфдан эшитгандир. Гап пессимизмда ҳам, оптимизмда ҳам эмас, балки кишиларнинг юздан тўқсон тўққизининг фаҳму фаросати йўқлигида, дея ташхис қўйган экан буюк ёзувчи ва табиб.
Антон Павлович Чехов бу фикрини сўйлаганларига ҳам анча-мунча замонлар кечди. Жаҳон ҳикоячиларининг пири қайд этган фоиз бир неча фоизга камайганидир, балки. Аммо саводсизлигу чаламуллалик ҳамон тизза бўйи, назаримда. Бу чаласаводлар галаю оломонида бирор-бир саводли, тўғри ва ақлли гап айтишга интилмоқ кўп ҳурматли эшак ўғрисига айланмоқ демакдир.
Мана бу битик эса ўзини улғайтириб вояга етказган одамларни оёқ учи билан кўрсатувчи нобакорлар ҳақидадир.
Не қадар пасту баланд,
Тобонинг маълум сенинг.
Оёғинг аранг босган,
Товонинг маълум сенинг.
Астари йўқ, аврасиз,
Чопонинг маълум сенинг.
Шажара-башара, соп,
Сопонинг маълум сенинг.
Сас-садосиз илкисдан,
Қопонинг маълум сенинг.
Қўлу виждон қонини,
Ёпонинг маълум сенинг.
Буғдой, машоқ, ҳам сари
Сомонинг маълум сенинг.
Қуёшни тўсар булут,
Туманинг маълум сенинг.
Ўлан каби кўринмас,
Гумонинг маълум сенинг.
Кўринмиш каби ўлан,
Уммонинг маълум сенинг.
Етим ҳаққини ебон,
Топгонинг маълум сенинг.
Икки дунёда тушар,
Қопқонинг маълум сенинг.
5. Амал ва ажал ёхуд президентлар ҳам ўладилар
Эъзозламоқ имкони борида салтанатни ёш меросхўрга топширмай, салласига чалишиб йиқилиб тушгунча тахтга ёпишиб оладигон шоҳлар замонида одамларда эътиқод ва истак ўти сусаяди, ёшларнинг ахлоқи бузилади.
АЛ-ХОРАЗМИЙ
Кишини шунчалик кўтарурлар гоҳ,
Пастга туширишга йўл қолмас, э воҳ.
ТУСИЙ
Кечмиш империялар, давлатлар ва сулолалар тарихидан маълумки, мамлакатлар ва салтанатлар қисмату қадарини халқлар эмас, шахслар ҳал этиб келганлар.
Парламентар ёки республика бошқарув тизимлари, халқ ҳокимияти ва демократия эътиқодлари не қадар шаклланмасин, бир шахснинг фаолиятига боғлиқ, бир кишининг хоҳиш-иродаси ҳамон жамиятда ҳал қилувчи куч бўлиб қолмоқда.
Одамлар ҳам сайлаган раҳбарларига “От қўйиб шу манзилга етдингми? Тамом! Миллату мамлакатнинг увол-савоби сенинг бўйнингда” дея ота-онасидан луқма кутган палапон каби оғзини очиб тураверишга ўрганиб қоладилар, шекилли.
Энг оғири ва машаққатлиси сиёсатда тоза бўлиб қолмоқдир. Бу ўйин кўнгилчанлик ва самимийликни кўтармайди. Қандай йўл билан бўлмасин, ҳар қандай шарт-шароит, макону замонда ҳадафлар йўлида собит юриб, манзилга рақиблардан кўра тезроқ етиб бормоқ керак. Акс ҳолда илгари етиб борганлар сизни жазолайдилар. Чин отасўзи билан айтганда, улар император, сиз эса ўғрига айланасиз.
Бу манзилга қўлу виждонни қон қилмай етиб бормоқ эса ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Тузум ва жамиятлардан қатъий назар, бу гирдоб қурбон талаб этаверади. Шунинг учун тупроққа айланганларидан сўнг камдан-кам ҳукмдорлар ҳақида илиқ сўзларини айтадилар.
Одатда, кечмишда ва бугун ҳам қаттиққўл ҳукмдорлар узоқ муддат салтанат сурадилар. Дейлик, у ўн беш ёки йигирма йил мулки давлат тепасида турди. Ҳар йил биттадан хато ёки жиноят қилса йигирма йилда буларнинг сони йигирматага етади. Кўзи тириклигида оқиллигу қаҳрамонлик дея талқин этилган бу қилмишлар устига тупроқ тортилгандан сўнг жиноят эканлиги очилиб қолади ва йигирмата хато ҳамда жиноят бир кишига кўплик қилади. Натижада норози халойиқ гўрига ғишт қалайди ва у ёмон отлиққа чиқади. Характерли томони шундаки, аксар машҳур султон ва президентлар ўз ажаллари билан ўлмайдилар. Энг яқинлари томонларидан маҳв этиладилар.
Қонуний Султон Сулаймондек хонни Ёқуб пошшо заҳарлаб ўлдирган бўлса, Султон Аҳмадни катта энаси заҳарлайди. Исмоил Сафавийни жияни корини қилган бўлса, Тож Маҳалдек жаҳон хариқасиниг ижодкори Шоҳжаҳон ўғли Аврангзебнинг хонабандлигида жон беради. Мирзо Улуғбекнинг қатлига ўғли Абдуллатиф фатво чиқартирган эрса, Анвар Саодату Жон Кеннедилар рақибларининг ўқига учганлар.
Совуқ ақл ила ўйлаб қарасангиз, Леонид Брежнев ва Шароф Рашидов каби узоқ сиёсий умр гузаронлик қилган ҳамда ўз ажали ила тана тупроғини она тупроққа топширмоқ ҳам бир неъмат эканлигининг фарқига бориш мумкин. Буни буюк озар шоири Самад Вурғун жуда аниқ ва адолатли тасвирлаган.
Ўлим! Эй воҳ! Бу неъматдир!
Бу бир шонли саодатдур!
Агар бевақт ўлар бўлсам,
Рақибим бахтиёр ўлсун!
Инсонлар асосан ҳаётдан сабоқ олиб яшайдилар. Айниқса китоб ўқимайдиганлар. Агар ҳаётданки олмасанг таълим, сабоқ бера олмас ҳеч бир муаллим деганларидек, ҳаёт таълимини англаб етмаган киши унинг моҳиятини ҳам тушунмай ўтиб кетади.
Қуш уйқуси мисол умримизда биз саодатли онлар баробарида қайғули, айрилиқли дамларни ҳам бошдан кечирамизки, буларнинг ақли идрокимизда бурилиш ясаган энг даҳшатли, биз руҳан ҳозир бўлмаганимиз ҳолат, бу – ўлим.
Киши эсини таниганидан бери, бир умр ёнида юрган ота-онаси ўлимини ҳам ғоят оғир қаршилайди. Бу айрилиққа ҳозир бўлмайди. Тасаввурига сиғдира олмайди.
Узоқ йиллар ҳукм сурган, мулку мамлакатни ётқизиб-турғизадиган кишининг қайтиши эса бутун бир халқ ҳаётига таъсир этади. Аксар ҳолларда бу қайтиш мамлакатнинг ривожланишига, тараққий этишига олиб келади.
Боиси, ҳар қандай ҳукмдор, халқ менинг сояи давлатим, давру давронимда шундай тўкис, фаровон ҳаётга эришди ва яшамоқда дея заҳн этади ва бу ярим ёлғону ярим ҳақиқатга астойдил ишониб яшайди.
Шу ўринда “ривожланган социализм” даврининг “доҳийси” Леонид Брежнев ҳаётининг сўнгги дамлари ўқувчига ибрат ва сабоқ воситаси ўлароқ хизмат қилиши мумкин. Бу қисмату қадар ҳақида сизга кейинги бобда ҳикоя қиламан.
Навбатдаги бобда икки жаҳонгир шахсият – Амир Темур ва Наполеонларни сўнг манзилга олиб борган хатолари ҳақида сўзламоқчиман.
Воқеа ва ҳодисалар натижасини олдиндан сеза олиш қобилиятига эга бўлган Амир Темур ўттиз беш йиллик салтанати давомида теран закоси, узоқ йиллик сиёсий ва саваш тажрибаси, ўз хатти-ҳаракатига танқидий ёндоша билмоқ феъли атвори билан шундай улкан давлат ва мамлакатни ғоят аниқ ҳисоб-китоб билан бошқармоқнинг уддасидан чиқа билди.
Бу фақат кучли, иродали, инсоний ва раҳбарлик истеъдоди юксак шахсиятларга насиб этажак давлатдорлик, тахту салтанат, давру даврон эди.
Одатда қўрқоқ, ожиз ва кучсиз, чаласавод, билимсиз киши ва раҳбарлар, ҳукмдорлар танқиддан Азроилдан қўрқандек чўчийдилар.
Уни танқид қилган одам ҳақ бўлади ва у бу танқид оқибатида бор-будидан айрилиб, шоҳликдан гадойликка тушиб қолиши, ҳатто жуда ақллию тенгсиз санаб келган бошидан ажралишни ўйлаб, ҳар қандай зулму қотилликка қўл уришдан чекинмайди.
Темур бундай ожизу нотавон ҳукмдорлар сирасига кирмас эди. Маҳмуд Шаҳоб ва Насриддин Арамир каби улус этагида намоз ўқийдиган шахсиятларни саройига олий маслаҳатчи сифатида таклиф этиб, машварату қурултойларда ўзлари ҳақ деб билган фикрларни айтиш, Амир Темурнинг ўзи дохил вазиру амирларнинг хато ва камчиликларини сўйлаб, янглиш сўзларига муносабат билдириб туришни юклаган. Ҳар қандай очиқ ва аччиқ танқиду фикрдан ҳеч ким хафа ва норози бўлмаган. Сабаб ақли идрокда ноқис, журъату жасоратда қусурли қишилар буюк жаҳонгирнинг яқинига йўлай олмаган.
Амир Темур олчоқ, эрта бир куни адолату ватан, улусу уммат, хоқону давлатини Кўппакхоннинг кўппакийсига сотажак кишиларнинг асил башарасини бир боқишда англаган ва яқинига йўлатмаган. Қабулига жуда кўп одам келганлиги боис сарой рассомлари арзга келувчиларнинг расмларини давомли равишда чизиб, улуғ хоқонга тақдим этиб турганлар. Бу суратларга назар ташлаган ҳукмдор аввал турқига, сўнгра уруғига боқ, ранг кўр – ҳол сўр, шажарам – башарам, туси бордан туйрилма каби отасўзларига амал қилиб, одамлар билан мулоқотга киришган. Бироқ яхшию ёмон, очу тўқ, хоину сотқин, ким бўлмасин, имкон қадар бурнини қонатмаган. Катта гуноҳ қилганларни уч маротабагача кечирган. Тўртинчи бора жиноят қилса юртдан бадарға қилган ёки қисмати қадарнинг ҳукмига топширган.
Олиму уламолар, битикчию меъморлар, шоиру наққошлар каби ноёб истеъдод эгаларини эса ҳар қандай айбу гуноҳ қилсаларда кечирган. Бундай шахсиятларнинг ҳар куни туғилмаслигини, бир йигит қирқ йилда бунёд бўлишини ва инсон умри икки ўттиздан иборатлигини яхши билган.
Етим-есир, бева-бечора, фақиру фуқаро ҳақини еган амиру маъмур, молиячию солиқчиларни эса қаттиқ жазолаган. Бир ҳамкасбининг жинояти учун оёғи ёки бошидан осилганини кўрган мансабдор очидан ўлса ҳам шу каби жиноятга қўл урмаган. Гоҳида жазолар меъёридан ошиқроқ бўлган. Маъмурлар хулоса чиқармоқликлари, сабоқ олмоқликлари учун шундай қилинган.
Ҳозирги Европа гуманистларига ўхшаб, олтмиш-етмиш нафар бегуноҳни ўлдирган одамхўр қотиллар қамоқхонада боқиб ўтирилмаган. Териси шилинган. Сабаби давлат, ҳукумат ва халқ бундай руҳан хасталардан жамиятни тозалаш керак деб билган. Бундай чикатилолардан насл-насаб тарқамаслиги керак деб ўйлаган ва тўғри қилган. Спартак ҳам миллат наслини тоза, соф сақламоқ учун шундай тадбирларни қўллаган.
Ҳукмдорлар узоқ салтанат сурганлари сари тепаси ўйиқ, бечора халқ уни илоҳийлаштираверади. Бу бойлик ва мавқе, дуою олқиш, ширин сўзу мақтовлардан кўзини ёғ босган, худонинг ҳам ўзидан бошқани кўрмаслигига ишониб қолган ҳукмдор “Менинг отимдир Хизр, неки қилсам тўғридир” дея заҳн этиб, не тарзда содир бўлмасин сўнгги манзил томон оёғи тойиб бораётганини сезиб-сезмай қолади.
Инсон бешикда ётар,
Мозорда ётмоқ учун.
Қаҳрамонлар жон берар,
Юртни яшатмоқ учун.
деган сўнгги он, даму дақиқа келади. Охирги ҳисоб-китоб қилинади. Буюк Темур сўнг васиятида тилга келтирганидек, менгаки вафо қилмаган дунё, сизга ҳам вафо қилмас…
…Анқара тўқнашувида қаршисида бутун Европа, христиан дунёси ва папаси титраб турган Султон Йилдирим Боязидни тиз чўктириб асир олган Амир Темурнинг бу фатҳу зафари бутун дунёни ларзага келтирган эди.
Буюк Турон хоқони элчиларини ўн йилдан бери хонабанд этиб ўтирган Миср малиги Носируддин Фаражнинг ҳам пайтавасига қурт тушган, Темур элчиларига ялтоқланганча илтифоту мурувват қўрсатиб, жомеларда хутбалар Амир Темур номига ўқилиб, зарбхонада исми шарифи ила жилоланган тангалар қуйилаётганини билдиради.
Шомда араб амирлари ўзаро англашиб, унинг кўнглини олмоқ учун улуғ хоқонга тутун қайтариб келган Султон Аҳмад Жалойир ва оққўйинли туркманларнинг улуғ амири Қора Юсуфни зиндонга ташлайдилар.
Фаранг ва Буюк Британия, Олмон, Леону Кастилия қироллари Жаҳонгирга миннатдорчилик мактубларини битмоққа киришадилар.
Бироқ Амир Темурнинг ўша пайтда Европани халос этганлигини, Россия, Москвани Олтин Ўрда зулму босқинидан сақлаб қолганлигини ҳамма ҳам ҳис этиб англай олмас эди. Буни Амир Соҳибқироннинг ўзи ҳам ўйлаб кўрмагандир. Ҳозиргидек каби ахборот узатиш тармоғи йўқ эди. Чин императори ўлганлигини фаранг қироли беш йилдан сўнг эшитарди. Унда ҳам шу тарафдан бирор-бир савдогар келса ёки фаранг тужжори қайтса.
Амир Темур Александр Македонский ва Чингизхон эришган фатҳу зафарларни қозонган, чек-чегарасиз ўлка ва мамлакатларни забт этиб, ғарбий денгизларга чиққан эди. Ғарб ва шимол денгизларига чиқмоқ Чингизхоннинг ҳам орзуси эди. Унинг авлоди ва қўшини Днепр дарёсига қадар келди. Хазар (у пайтда Дарёи Кулзум) ва Қора денгизга улашдилар. Бироқ ундан нарига ўта олмадилар.
Темур шу пайтгача ҳеч бир ҳукмдор забт эта олмаган Измит қалъасини фатҳ этиб, бирйўла Оқ денгизу Ўрта ер (у вақтда Дарёи Муҳит), Эгейу Мармар денгизларига чиққанди.
Айни шу дам ва дақиқада ҳеч бир ҳукмдор унинг қаршисида тура олмас эди. Ҳатто ўзини бу ёруғ дунёнинг тек соҳиби, Чин-мочинни олам маркази, ўзини Осмон ўғли деб билган, теварак-атроф халқларини “Осмон ўғлининг ўгай инилари ва болалари” деб атаган Чин императори ҳам кўзига кўринмасди.
Ярим асрдан бери бетиним савашиб келган ва енилги нималигини билмас буюк хумоюн ўрду жанг саънати ҳамда ғолиб келмоқ санъату маҳоратининг чўққисига чиққан, ҳар қандай рақиб ишини кўз очиб-юмгунча битирмоқнинг ҳадисини олган эди.
Анқара жанги етти йиллик юришнинг сўнги эди. Усмонлилар йўқ этган Қаҳрамон ўғиллари, Ойдинўғиллари ва Ментешеўғиллари каби қатор турк бекликларини тиклаган, Султон соҳибқирон Усмонли давлати ва мамлакати увол-савобини Йилдирим Боязиднинг ўғиллари Иса, Муса, Меҳмет, Сулаймон каби шаҳзодларга топшириб, тулпори жиловини Турон сари буради.
Вафот этмаганида давлатнинг бошига султон Йилдирим Боязиднинг ўзи кечарди.
Улуғ хоқон Қорабоғда экан, юртга қайтгач, жаҳон меъморчилигининг дурдонаси, Оқсаройни очиб, атроф ҳукмдорларини бу тантанали кунга даъват этмоқни ният қилди. Қўшни давлатлар султонларига мактуб битди. Бу ҳукмдорлар орасида Чин императори ҳам бор эди. Хоқон ўзини тангрининг ердаги тек сояси санаган бу подшоҳдан жавоб мактубини кутарди.
Улуғ хоқон бошкентга етиб келишидан кўп ўтмай Чин элчилари ҳам Самарқандга ташриф буюрдилар.
Турон султони чинлик қўноқларни хуш қаршилади. Бироқ элчи Ань Чжидаонинг мактубини тилмоч Шарофиддин Дизакий паст овозда ўқиб бергач, авзойи бузилди.
Ўзини ер юзининг ҳукмдори санаган Фағфур (мусулмон мамлакатларида Чин императорини шу номда атар эдилар)нинг мактуби дўқ-пўписа оҳангида эди.
“Тиклаганинг қандайдир саройни кўрмоқ учун мени даъват этибсан! Аввал ўзинг келиб менинг саройларимни кўриб кет ва бизга тўлаяжак ўлпонни зудлик ила жўнат!” – деган дағдағали жумлалари бор эди мактубда.
– Юртингизни кўрмоқ орзусида эрдик. Тангри насиб этса бориб қолгаймиз. Шунда ҳадяларини ўзимиз олиб боргаймиз! – деди улуғ хоқон тишини тишига қўйиб. – Унга қадар Осмон ўғлига биздан салом сўйлаб тургайсиз! – ҳукмдор қўноқпарварлик тамойилига амал қилиб, қаҳрига эрк бермай чинлик элчиларни энг пастга ўтқазишга ишорат этаркан.
Бу ҳақоратомуз мактубдан сўнг Жаҳонгирнинг Чин сафари қатъийлашди.
Икки юз минглик ўрдуга юриш ҳозирлигини кўриш амри берилди.
Бироқ киши ва олий ҳукмдорлар шон-шуҳратнинг юксак чўққисида эканлар, бу мулки давлат, бу тахти салтанат ҳам омонат эканлигини, мансабу унвон, рутбаю амал – амаллаб турмоқ, сўнгра бошқа бирига топширмоқ эканлигини астойдил ўйламоққа вақти замонлари бўлавермайди. Буюк Темур Чин юришига отланиб ҳисоб-китобда янглишгани каби ундан беш юз йил сўнгра Москвани фатҳ этган Наполеон Бонапарт Темур англаган буюк хатар – Россия совуғи ўрдусини хароб этажагини англамади ва ярим миллионли қўшини тутдек тўкилди.
Ҳаёт қонуни, умрнинг оқар дарёси шундай. Кун ўтмоғи, тирикчиликнинг кечмоғи учун бозорга борилади. Бозор ёнидан ўтган йўл эса мозорда тугайди.
Шоҳлигу гадолик, ҳар неки илму амалдан сўнг одам зоти юрак ҳовучлаб кутган ажал элчиси азроил келади.
Оту аврот савдоси,
Эр умрин селимидир.
Фалак чархи тулпорнинг
Солланган ёлимидир.
Ҳаёт аталмиш сароб,
Зўр армон кўлимидир.
Аё бир ҳурлиқонинг
Хипчадек белимидир.
Йигит кўксидаги дард
Эл арзи ҳолимидир.
Қуш уйқусидек умр,
Кўпкари солимидир.
Тирикликда ўла бил,
Шарафинг қолимидир.
Яхшида ёмон ўтар
Топажак феълимидир.
Ким қилмагай, топмагай,
Итга ит ўлимидир.
6. Буюкларнинг буюк хатолари ёхуд Амир Темур ва Наполеон ҳамда Айтматову Ҳофиз Шерозий
Буюк Темур жаҳонни ўнжа ақли ила, сўнгра силоҳи ила фатҳ этди. Амир Темурнинг узангисини ушлаб туриб отига минишига кўмаклашсам, ўзимни бахтиёр ҳис этардим. Турк дунёсида ундан буюк шахсият йўқ.
ОТАТУРК
Франция! Армия! Авангард! Жозеффина!
Наполеоннинг ўлими олдидан айтган сўнгги сўзлари
Чин императорининг мактуби Амир Темурнинг қалбида чўғланиб турган оташни аланга олдирган эди. Кўзини очиб унга бир сабоқ бериб қўймок керак, деган қарори янада қатъийлашганди. Зотан, яъжужу маъжуж ғоят ақлли бир қавм. Бироқ уларда фаросат эксиклиги бўлади. Ҳатто уларда бу сўзнинг таржимаси ҳам йўқ дейдилар. Фаросат соҳиби бўлган бир подшоҳ иккинчи бир ҳукмдорга бундай мазмунда битик битмайди.
Лион ва Кастилия, Рум ва Миср, Ҳинд ва Русия, Дашти Қипчоғу Чин элчилари шарафига тартиб этилган зиёфатдан сўнг Усмонли турклари беги амир Шайх Рамазон билан боғ айланишга чиққан жаҳонгирнинг ақлидан шу ўйлар кечарди.
Улуғ хоқон ҳурматли Усмонли амири Шайх Рамазон билан ёнма-ён қадам ташларди. Темур салтанати даврида Чинга беш маротаба бориб келган хос элчи ва махфий, чин тилини чинлар каби билувчи Шарофиддин Дизакий одоб сақлаб орқада борарди.
Шарофиддин Дизакийнинг буюк бобоси Фахруддин Дизакий Чингизхоннинг элчи ва савдогарлари билан Алоуддин Хоразмшоҳ ҳузурига келган ва Ўтрор ҳокими Хоразмшоҳнинг волидаси Туркон хотуннинг амакиси Инолчиқ Қипчоқ томонидан ўлдирилган эди.
Чингизхоннинг Турон юртига босиб келишига сабаб бўлган бу қонли воқеа миллатни сарсон, мамлакатни вайрон қилган, юрту улус мўғуллар босқину яғмосига маъруз қолган эди.
Халифа ан-Носир ҳам ўзидан кетган Хоразмшоҳнинг таъзирини бермоқ учун Чингизхонга махфий мактуб йўллаган, ғайримуслимларни мусулмонлар устига босиб келишига даъват этганди.
Шу тариқа Турон юрти мўғул истилосию истибдодининг қурбонига айланганди.
– Қавми Чин ҳақидаги билгиларингизни менга сўйлай биласизми? Фағфур ҳаддидан ошмоқда. Ҳаддидан ошган ҳалок ўлур, деган отасўзи уларда йўққа ўхшайди, амир жаноблари, – йўлка ўртасида туриб Усмонли элчисини сўроққа тутди Темур. – Қорабоғда қишлаганимизда сизнинг тарихимиз ҳақидаги мароқли ҳикояларингизни ҳали ҳануз хотирлаймиз.
Ҳушёр ва зийрак амир Рамазон сергак тортди. Илгари ҳам гап орасида улуғ хоқон Чин подшолари ва мамлакати ҳақида сўраб-суриштирган эди. Авзойидан ул юртга юриш қиладиганга ўхшайди. Бу жуда хатарли ва не ила сўнучланажаги номаълум бир юришдир. Бу сафар ҳақида ўзининг салбий фикрини билдирган Кўксаройнинг энг еткили беги амир Боботурк Шоҳруҳияга ҳоким этиб жўнатилди. Демак, бу хусусда хоқоннинг фикрига қарши бориб бўлмайди. Теварак-атрофдагилардан билгилар олиб, не қадар маслаҳат сўрамасин, бу юришга қатъий қарор берган чоғи. Темур оғзига бир сўзни олиб, бир ишга аҳди қарор қилдими, тамом. Унга қарши бориб бўлмайди. Ҳис-туйғулари ва теран закоси шу пайтгача уни алдамаган. Балки бу сафар ҳам ҳар галгидек ошиғи олчи тушар.
– Зоти олийларига маълумки, улар ота-боболаримиз билан азал-азалдан жиққамушт бўлиб келганлар, улуғ хоқоним. Билга қооннинг Чин сари юрманг, улар инжулари ва хонимлари ила сизларни маҳв этадилар деган васиятига аждодларимиз доимо ҳам амал қилмаганлар. Бизнинг боболаримиз Тангритоғу Ўтукан яйловларини минг бир ҳасрату армон, кўзда ёшу дуоларида тош билан тарк этиб, ғарб сари йўлга чиққанлар. Кечмиш тарихимиздан белгилики, Чин ҳукмдорлари турли усуллар билан шарқий турк хоқонлигини тугатадилар. Хоқонлик куч-қудратда экан, дўстона алоқалар ўрнатиб, ғоят илиқ қўшничилик муносабатларини йўлга қўядилар. Ақли бошда эмас кўзида бўлган турк хоқонлари сутга чайгандек оппоқ, малаксиймо чин маликаларини кўргач, уларнинг сеҳрли нигоҳлари қаршисида таслим бўладилар. Хоқонлару жабғулар, уларнинг қардошу ўғиллари Чин ҳукмдорларига куёв бўла бошлайди. Куёв ҳукмдорларга пора-шилға бериб, турли унвонлар тақдим этиб, ўзларига ағдарадилар. Бу кишиларни ишга солиб, турк хоқонлари ва жабғуларини бир-бирлари билан савашга киритадилар. Шу тариқа, аста-секин Буюк турк хоқонлигининг ерларини босиб олдилар. Ҳатто Еттисув ва Фарғона водийсига қадар босиб келиб талаганлар. Ҳозир ҳам Хазар денгизига қадар бўлган ерларни бизники дея даъво қиладилар. Буни мендан кўра муҳтарам буюк элчимиз Шарофиддинбей ҳазратлари янада яхшироқ биладилар, – дея орқароқда қимтиниб турган Дизакийга қаради амир Шайх Рамазон.
Шу гап тўғрими дегандек хоқон қўл қовуштириб турган Дизакийга қаради.
– Шундайдир, Султон Соҳибқирон ҳазрати олийлари. Улар бу даъволаридан ҳозир ҳам воз кечганлари йўқ, – жавоб қилди Дизакий ўнг элини кўксига қўйиб.
– Биздан ўлпон талаб қилибди ул кофир фағфур. Шу пайтгача элчи ва туҳфалар алмашиб, муносабатларимиз бинойидек давом этаётган эди. Ҳайронман? – Дизакийга қараб турарди хоқон.
– Хабарингиз бор, улуғ султоним! Сиз ила мулоқотда бўлиб турган Чин подшоҳи Той Зуй вафот этди. Ота тахтига барча қардошларини ва валиаҳд акасини ҳам мавҳ этган Дай Минг деган ўғли ўтирган. Ёш валиаҳдлар энди тахтга ўтирганларида шундай, юлдузларни кўзлаб бир оз ўзларидан кетадилар. Вақти замони етиб ёки бошларига бирор тўқат (мушт) есалар, босилиб қоладилар, – сўзлари тарози босарди буюк элчининг.
– Тўғри сўйлайдурсиз, Шарофиддинбек. Ёш ва тажрибасиз фағфур шу тўқатни биздан ейди чоғи, – юришда давом этди хоқон. – У билан орани очиқ қилмоқ пайти келганга ўхшайдир.
Тарихдан сўз очиб, бугунги муносабатлар ҳақида фикр билдирмаган амир Шайх Рамазон мавзу муҳокамасидан чекингандай ҳамон сукут сақлар, улуғ хоқон хоҳиш-иродасига қарши бормоқ мумкин эмаслигини яхши билган Шарофиддин Дизакийнинг ҳам дарди ичида эди. Чин чек-чегарасиз бир улкан мамлакат. Ўғузхон, Турк хоқонлари ва Чингизхоннинг мўғулларидан сўнг ҳеч ким журъат этиб ул юртга бостириб бора олмаган. Ақл бовар қилмас узунликдаги Чин деворини ҳам турклардан ҳимояланмоқ учун қурганлар. Узоқ йиллар сўғишу савашсиз, жангу жадалсиз яшагани учун ҳам кўпайиб кетган. Ўрдуси ҳам биздан бир неча баробар ортиқ. Қолаверса, етти йиллик урушдан қайтган Турон қўшини чарчаган. Ҳали-бери ўзига келмайди. У мамлакатнинг ички вилоятларига кириб бўлмайди. Турк ва мўғулларга қарашли ҳудудларни забт этсак-да, юртга қайтишимиз билан яна эгаллайдилар.
Шарофиддин Дизакий ақлидан кечаётган бу фикрларни юрак ютиб улуғ хоқонга сўйлай олмас эди.
Қиш киришига уч кун қолганида Турон қўшини довулу наққоралар садоси остида Самарқанддан чиқди. Мавлоно Бадриддин етакчилигидаги мунажжимлар узоқ баҳсу мунозарадан сўнг зоижа тузиб, шу кунни белгилаган эдилар.
Бостириб ёғаётган қор ва бирдан тушган совуққа қарамай қўшин Ўтрорда қишлаб, баҳор кириши билан Чин сафарига чиқиши керак эди.
Бироқ тақдирга такбир йўқдир.
Амир Шайх Рамазон истиҳола қилиб сўйлай олмаган, Чин бўйича хос буюк элчи Шарофиддин Дизакий тилга келтиришга чўчиган ва бу юришга очиқ қарши чиққани учун Шоҳруҳияга жўнатилган амир Боботуркнинг ақлига келган ва қўрққанлари фожиа юз берган эди.
Мамлакат яқин эллик йилда бундай қаҳратон қишни кўрмаганди. Тафтишчилар очлигу сафолатдан ўлган ва қочиб кетган суворийу сипоҳийлар ҳисобидан адашиб кетган, юзлаб-минглаб аскарлар совуқ урган қулоғу бурунларидан айрилган, қаҳратонда тарракдек қотиб қолганларни қор билан кўмиб қўйишарди.
Бироқ бу даҳшатли ҳолатни бор бўй-басти билан улуғ хоқонга етказмас эдилар. Фақат оғир аҳволдан изтироб чеккан амирзода Улуғбек қўрқа-писа бобосига ўрдуда емак-ичмак етишмаётганини айта олди холос.
Энг даҳшатлиси, совуқдан-да баттар мағлубиятга дучор этган бу қаҳратон етти иқлим хоқони саналмиш жаҳонгирнинг жонига ҳам мол бўлган эди.
Ўпкаси қаттиқ шамоллаган ва ичи тўхтовсиз кета бошлаган улуғ султон бир неча кун ўтгач, тана тупроғини она тупроққа топширди.
Юзлаб, минглаб даҳшатли жангу жадаллардан омон чиққан жон, қаҳратонга таслим бўлган эди.
Улуғ хоқон Москвага етиб келганида қаршисида чексиз гўзал ўрмонлар турар, Турон ўрдуси ҳеч бир қаршиликсиз совуқ денгизларга қадар бориши мумкин эди. Бироқ бу ҳудудларга бориб қайтгунга қадар совуқ тушиб қўшиннинг аҳволи мушкуллашиши мумкин. Бу ерларнинг қаҳратони эса ўз-ўзидан маълум.
Улуғ хоқон қўшинга ортга қайтиш амрини берди.
Бироқ Амир Темурдан уч юз ўн олти йил сўнг Москвага босиб келган Наполеон Бонапарт шу оддий ҳақиқатни англаб етиб, ҳисобга олмади.
– Унга қарши қўшинни қўйиб ҳалок этмоғимизга лузум йўқ, зоти олийлари. Бу босқинчининг ишини рус қишининг ўзи ҳал этади. Армияни шаҳардан олиб чиқамиз, – деди Кутузов подшоҳ Александр Иккинчига.
Наполеон беш юз минглик қўшин билан Москвага кирди. Ёғочдан қилинган Москва Кремлига ўт қўйишни буюрди.
Бироқ Спасск минораси оташининг самоларга етган алангаси ҳам очу ночор, қаҳратонда тарашадек қотиб ўлаётган француз ва бошқа Европа давлатлари қўшинини қутқара олмади.
Ҳовлиқма жаҳонгир эллик минг чоғли суворийси билан аранг Парижга етиб борди.
Энди эса уни Ватерлоо мағлубияти кутарди. Бу мағлубият тамал тоши Москвада қўйилганини англамаган Наполеон ҳамон саф тортган қўшини қаршисида оғзи кўпириб нутқ отарди…
Буюклар шон-шуҳратнинг шоҳсупасига кўтарилганларида, қолаверса, ҳукмронлик даъвосидаги ҳар қандай шахс ҳам гапи гап, сўзи сўз бўлганидан кейин беихтиёр ҳукмронликни суиистеъмол қила бошлайди.
Сиёсатда ақлсизлик камчилик ҳисобланавермайди – дейди Наполеон Бонапарт.
Жаҳонгир ўзича ҳақдир балки. Бироқ ҳукмдордан қўрққан халқ бу ақлсизликларни унинг кўзи очиқлигида сўйламайди. Ўлгандан кейин эса гўрига ғишт қалайди.
Гўё у ўзининг буюк хатоси туфайли Аё Елена оролига сургун қилиниб, заҳарланиб, ёмон хасталик билан ўлиб кетишини олдиндан кўра билгандек: хатолардан кейин ҳам, бахтсизликлардан кейин ҳам – буюк киши доимо топилади дейди.
Наполеондан сўнг буюк ва қаҳрамон киши топилди ва унга Парижда ҳайкал қўйдилар.
Бу Россия императори Александр Иккинчи эди.
Оддий омма, ўртамиёна ва ундан ҳам паст даражада фикрловчилар иқтидору қобилияти, солиҳлигу донишмандлигидан қатъий назар кишиларни улар эгаллаган мансабу мартабаларининг даражаси билан ўлчайдилар.
СССР деган буюк империянинг собиқ бош раҳбари Никита Сергеевич Хрушчёв кўчага улоқтирилганида бир шиша ароқ олиш учун ўзини қўриқлаб юрган милиционерни магазинга юборганида, унинг даражаси оддий бир колхоз раисидан фарқ этмаслигини биладилар ва наҳотки тепамизда шу одам турган бўлса-я, дея баҳслаша бошлайдилар. Бироқ бу мунозарачиларнинг ҳеч бири масаланинг мантиқий фалсафасини англаб етмайдилар.
“Нимага у сенинг кўзингга шунчалик буюк туюлади?” дея савол беради файласуф Сенека сизу бизга. “Сен уни эгаллаган мансаби билан ўлчаганинг учун” дея саволига ўзи жавоб беради бундан икки минг йил бурун.
Бирорта ҳам ҳақиқий буюк киши ўзини ҳеч қачон буюк ҳисобламаган, дея қайд этади Хэзлитт.
Бироқ биз буюклик билан суюкликнинг фарқига бормайдиган, воқеа, ҳодиса, кимса ва шахсларни ўзимизнинг ноқис тафаккуримиз, Тўйтепадан нарига ўтмас дунёқарашимиз билан ўлчаб, вақтинча, амаллаб туриши керак бўлган бир лавозим билан ўлчаб, ҳукм чиқарамиз.
Қўлбола, сохта буюкларимиз ўйинчоқ шартўплар каби ёрилиб, кимлиги бор бўйи басти билан фошу ошкор бўлганда эса ўзимиз яратган буюкни танимаганга олиб, шаталоқ отиб қочамиз.
Бу буюкнинг устига чизиқ тортилиши унга хизмат қилган, шотирлик шарту талабларини ўрнига қўйган бизни безовта этаверади. Боиси, ўша буюкнинг ёнида ўзимизни ҳам ундан кам санамай байтал қамчилаганимизда. Шундай экан, нима учун собиқ буюкнинг собиқ шотири ҳам буюкликка даъвогарлик қилмаслиги керак? Ёки кимлигидан қатъий назар тарих саҳифаларида буюклар сафида қайд этилмаслиги лозим?
Улуғ устозимиз Чингиз Айтматов билан суҳбатлашганимизда у киши Амир Темур ва Мирзо Улуғбек ҳақида кўп сўраб-суриштирар, турк улусининг бу тенгсиз шахсиятлари ҳақида билганларини ўртоқлашар эдилар.
Буюк хоқон Темурнинг Хўжа Ҳофиз Шерозий билан бўлган учрашуву суҳбатларининг оғиздан-оғизга, қоғоздан-қоғозга ўтган турли вариантлари бор.
Бу тарихий кўришувнинг бадиий тасвирини “Темурийлар” эпопеясида ўқувчиларга тақдим этганман.
Сизга эса Темур, Ататурк каби турк халқларининг улкан шахсияти Чингиз Айтматов таърифларида бу ҳикоятни диққатингизга ҳавола этмоқ истадим.
– Ёшлик пайтларимда буюк жаҳонгир Амир Темур тўғрисида бир ҳикоят эшитган эдим.
Бу ғоят ибратли ривоят ҳамон эсимдан чиқмайди.
Буюк ҳукмдор бошқа қутлуғ ишлар қаторида Бухоро ва Самарқандда наққошлик санъати ривожланишига алоҳида ғамхўрлик қилади. Унинг даврида кўплаб улкан мачитлар, карвонсаройлар, мадраса ва Хўжа Аҳмад Яссавий турбаси каби иншоотлар барпо этилади. Аста-секин қўл остидаги ўлкаларни илм-фан марказига айлантиради. Амир Темур боғлари, ҳовузли оромгоҳлари тўғрисида хорижий ўлкалардан ташриф буюрган элчилар ва сайёҳлар тўлқинланиб ёзишган.
Ҳукмдор ҳақида кўпдан-кўп ҳикоят, ривоят ва афсоналар мавжуд. Шулардан бири Амир Темур ва Ҳофиз Шерозий учрашуви ҳақидадир.
Амир Темур Самарқанду Бухорони жаҳон ва диннинг пойтахтига айлантирганда шерозлик шоир Ҳофиз:
“Агар кўнглимни ром этса, ўшал шерозлик турк жонони,
Ҳинду холига бахш этгум Самарқанду Бухорони!” деган гўзал мисраларни ажойиб бир ғазалида ифода этади.
Амир Темур сафардан қайтаётиб Шероз шимолига қўш ташлайди.
– Эшитишимга қараганда, устоз Ҳофиз Шерозий Шерозда эмишлар! Ул табаррук зотни ҳузуримизга чорланг! Бир гўзалнинг қора холига бизнинг икки буюк шаҳримизни бериб юборгувчи ҳотамтой шоир билан суҳбатлашайлик!
Мулозимлар шоирнинг оёғини ерга теккизмай улуғ хоқон ҳузурига келтирибдилар.
– Самарқанду Бухорони маъшуқасига тортиқ қилиб юборган ошиқ сенмисан? – сўроққа тутибди ҳукмдор. – Биргина хол учун шундай икки бошкент шаҳарни-я?
Шунда Хўжа Ҳофиз Шерозий:
– Эй давлатпаноҳ, улуғ хоқон ҳазрати олийлари! – дея илтижо қилади. – Туриш-турмушимни кўриб турибсиз! Камбағалнинг қўли очиқ бўлади! Сув ҳам қаттиқ ерда туради! Сахийлигим тутиб кетиб, турк гўзалини кўкларга кўтармоқчи бўлиб сиз олампаноҳ барпо этган икки жаҳон зийнати бўлмиш шаҳарни қандай тортиқ қилиб юборганимни ўзим ҳам билмай қолибман! Шу боис ҳам юпун бир аҳволда жаҳон султонининг қаршисида турибман! – дея жавоб берибди Ҳофиз Шерозий. – Бир қошиқ қонимдан кечинг!
Амир Темур абгор либосдаги шоирга бошдан-оёқ разм солибди. Эгнида жулдур чопон, бошида дарвешлар кулоҳи, оёғида ийиғи чиқиб кетган чиптаковуш.
– Ҳа, тўғри сўйлайдурсан, шоир. Камбағалнинг кети очиқ бўлади! Жуда олийжаноб инсон экансан! – дебди ҳукмдор шоирнинг самимиятидан завқланиб. – Агар мен буюк амир бўлсам, сен буюк битикчисан! Умрингнинг сўнггига қадар саройимнинг тўри сеники! Менинг ёнимда юравер! Муҳтожлик нелигини билмай, гўзал битиклар битавергин!
Ўйга толиб бир муддат сукут сақлаган жаҳонгир мулозимларига назар ташлаб, сўз қотади:
– Ўз шоирини излаб юрган подшонинг қўл остидаги халқ бахтли бўлади. Бироқ, ўз ҳукмдорини излаб юрган шоирнинг халқи бахтсиздир! Менинг ушбу сўзларим ҳаргиз ёдингизда бўлсин!
Кичикларнинг душманлари ҳам, дўстлари ҳам кичик бўлади. Жумладан, хато ва нуқсонлари ҳам. Бу хатолардан ўзи ва атрофидагилар зарар кўрадилар холос. Кўпчилик бундан эткиланмайди. Зотан, дунё тарихи – бу буюкларнинг таржимаи ҳолидир деган фикр жуда тўғридир.
Буюкларнинг хатолари буюк бўлади ва буюк фалокатларга олиб келиши мумкин. Хато қилмоқликдан эса шоҳу гадо, доною нодон дея ҳеч ким муҳофаза этилмаган.
Бир аҳмоқ қудуққа ташлаган тошни юзта ақлли ололмайди деган гап буюклар учун эмас, ўзини доно санаган чаласавод нодонлар учун айтилгандир.
…Хоқони саид Шоҳрух султон ота тахтига кўз тиккан, қиблагоҳининг сўнгги бош вазири улуғ амир Шайх Нуриддин, Султон Соҳибқироннинг болалик дўсти, улуғ амир Худойдод Ҳусайний, амакиваччаси мирзо Халил Султон ва жияни Султон Ҳусайнларни ўн йил деганида минг бир машаққат, жангу жадал билан бартараф этади.
Отамерос Турон салтанати, Самарқанд тахти, қутлуғ Кўктош, юлдузлар султони шаҳзода Улуғбекка насиб этди.
Шаҳар кўчаларида дарбадар кезувчи дарвешлар устозлари Шоҳи Қаландарнинг шу пайтгача айтмай қўйган айтувини яна сўйлай бошлаган эдилар.
Кўктошга орти теккан,
Ҳар каски Темур ўлмас.
Қулмижозлар зирвада,
Энди Ватан бир ўлмас.
Кўктошга орти теккан,
Ҳар каски Темур ўлмас.
Фосиқ сўзи сўз экан,
Улус мудом ҳур ўлмас.
Кўктошга орти теккан,
Ҳар каски Темур ўлмас.
Эл бўлмаган элатнинг,
Хиргойиси ир ўлмас.
Кўктошга орти теккан,
Ҳар каски Темур ўлмас.
Аҳди мавҳум улуснинг,
Иймонида нур ўлмас.
Кўктошга орти теккан,
Ҳар каски Темур ўлмас.
Ватансиз қавмларнинг,
Саҳроси бўз қир ўлмас.
Кўктошга орти теккан,
Ҳар каски Темур ўлмас.
Юртга хоин бош экан,
Ата Турон бир ўлмас.
7. Тошкентда жон чеккан Брежнев ёхуд Ҳайдар Алиевнинг бир соатлик қадаҳ сўзи
Сиёсатда ақлсизлик камчилик ҳисобланмайди.
НАПОЛЕОН
– Брежнев нима учун уч бора (бир маротаба Социалистик Меҳнат Қаҳрамони), Совет Иттифоқи Қаҳрамонлиги ва маршал рутбасини олган?
– Кремлни забт этгани учун!
Кечмиш анекдоти
Минг тўққиз юз саксонинчи йил кузларида Озарбайжонда Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилди. Оқил Умрзоқович Салимов бошлиқ делегация Бокуга ташриф буюрди. Бизга қадар Бокуга Леонид Ильич Брежнев келиб кетган, бутун шаҳар ва мамлакат унинг портретлари, сўзлари ва асарлари “Целина”, “Возрождение” ва “Малая земля”га қўйилган паннолар билан тўлган, биз шу пайтгача бундай манзарани кўрмаган эдик. Бош раҳбар китобларига қўйилган панно-ёдгорликлар шаҳар манзарасини тўсиб қўйгандек эди.
Ҳайдар Алиевнинг бир соатлик маърузасининг маъноси – Леонид Брежнев шарафига мақтов, унинг Озарбайжонга келиб кетиши буюк тарихий воқеа эканлиги ва Ўзбекистон пахта етиштиришда Иттифоқда биринчи бўлса, Озарбайжоннинг узумчилик бўйича биринчи ўринга чиқиши ҳақида эди.
Кўп ўтмай, саксон иккинчи йилнинг баҳорида, Наврўз байрамида Леонид Ильич Тошкентга ташриф буюрди. Тошкент ҳам биз кўрган Боку тусини олган бўлса-да “Дорогой Леонид Ильич!”ни шарафлаш борасида озарий қардошларимизга ета олмасди.
Йигирма учинчи март куни бош раҳбар Тошкентдаги бир неча заводларни бориб кўрди, бош секретарни толиқтирмаслик учун авиация заводидаги учрашувни бекор қилишди.
– Тушликкача ҳали анча вақт борга ўхшайди, Шароф Рашидович! Заводга борамиз деб сўз берганмиз! Одамлар тўпланиб, учрашувга тайёрланиб, бизни кутаётган бўлишса керак. Боришимиз лозим, назаримда. Ҳар хил гап-сўзлар тарқалиши мумкин, қани кетдик, – деди Брежнев ёнида турган Шароф Рашидов ва бюро аъзоларига.
– Леонид Ильич! Заводга бориш мумкин эмас! – эътироз билдирди қўрима бошлиғи генерал Рябенко – қўримани бекор қилганмиз! Уни қайтариш учун вақт керак!
– Сенга ўн беш дақиқа муддат! – қўрима бошлиғи сўзини кесди бош секретар. – Қўримани қайтар!
Ўн икки тонналик, ўқ ўтмайдиган “Зил”лар кортежи Тошкент авиация заводига етиб келганида денгиз каби тўлқинланаётган одамларга кўзи тушган Рябенко ёнида турган, Леонид Ильичнинг шахсий тан қўриқчисига деди.
– Ортга қайтайлик! Вазият чатоққа ўхшайди.
– Қўйсанг-чи! Бу гапни Ильичга айтиб бўладими? – жавоб қилди полковник Медведевнинг ҳам капалаги учиб.
Меҳмонлар учрашув тайин этилган йиғиш цехига етиб боришди. “Буран” космик кемаси йиғиладиган цехда одам чумолидек қайнарди.
Юзларча ишчилар қурилиш нарвонлари устига чиқиб, афсонавий раҳбарни кўрмоққа интилар, ит эгасига боқмас бир ҳолат ҳукмрон эди.
Қўрима қуршовидаги Леонид Брежнев ва ҳамроҳлари самолёт қаноти остидан учрашув майдончаси томон бир аммалаб ўтиб олган, қўноқларни ўраган ҳалқа хатарли равишда торайиб борарди.
Оломон астойдил босиб келавергач, хавфсизлик хизмати ишга киришди ва босимни тўхтатиб қолмоқ учун одамларни орқага итара бошлашди.
Леонид Ильич Рашидов билан самолётнинг тагидан эндигина чиққан эди. Самолётни териш учун тикланган леса-нарвонлар устидаги ортиқча одамни кўтара олмай гурсиллаганча ағанади. Нарвоннинг узунлиги самолётнинг бўйи қадар бўлиб эни тўрт метр эди.
Брежнев ҳам, Рашидов ҳам қўримаю улар билан келган барча кишилар одамлар остида қолиб кетган, қиёмат-қойим юз берганди.
Нарвон ағдарилиб ерга тушишига одам бўйи қолганда Москва ва Тошкент қўрима хизматлари ходимлари Брежнев турган жойда ўзларини қалқон қилиб ёғочларни аранг тутиб қолишди.
Нарвон устидаги кишилар нўхат доналари каби ерга отилар, жисмонан бақувват қўрима муҳофизлари ҳамон лесаларни кўтариб туришарди.
Ўн чоғли қўрима офицерларининг жасорати туфайли Леонид Брежнев ва Шароф Рашидовнинг ҳаёти қутқариб қолинган, энди эса бир аммалаб уларни бу жаҳаннамдан олиб чиқиб кетиш керак эди.
Не фалокат юз берганлигини қўришга ошиққан оломон ҳамон босиб келар, бирор-бир тадбир қўллаб улар тўхтатилмаса, фожиа такрорланар эди.
Оғриётган елкасини ушлаганча карахт ҳолда турган Леонид Ильичнинг қулоғи шилиниб кетган чеккасидан шариллаб қон оқарди.
– Юра оласизми, Леонид Ильич? – сўради кутилмаганда фожиадан ранги рўйи оқариб кетган Шароф Рашидов зўрға тили айланиб. – Ёки кўтариб чиқишсинми?
– Ҳечқиси йўқ. Юра оламан. Фақат елкам қаттиқ оғриётир, – деди Брежнев шундоққина ёнида, бетонда ҳушсиз ётган ёш қўриқчига тикилиб боқаркан. – Буни тезроқ госпиталга олиб боринг!
Оломон ҳамон тўрт томондан босиб келар, ҳеч кимнинг хаёли жойида эмас эди.
– Тарқалинг! – дея қичқирди генерал Рябенко қўлига пистолетни олиб ҳаволантирар экан. – Ким яқинлашса отиб ташлайман!
Генерал тўппончасини олганча ёрдамчилари кўмагида “Зил”лар турган томон йўл очишга киришган эди.
Елкасига олти метрлар чамаси юксакликдан тушган оғирликдан бош секретарнинг ўнг ўмрови синганди.
Дока билан ўралган, атрофини оқ халатли докторлар ўраган Леонид Ильич нурсиз нигоҳини шифтга қадаганича аранг кўзини очиб-юмарди.
– Менга Москвани, Юрий Владимировични боғласинлар, генерал! –деди у хиррилаган овозда қўрима қўмондони Медведевга.
Генерал Медведев телефон гўшагини зўрға қўлини қимирлатаётган Брежневга узатди.
– Юра, қандайсан? Бу ерда заводда мен билан бир бахтсиз ҳодиса юз берди! Сендан илтимос, шу воқеа баҳонасида ҳеч кимнинг бошини олма! Жазолама, ўзим айбдорман! Қанчалик эътироз билдиришмасин, огоҳлантирмай боришга мен мажбур этдим. Мени чекистлар қутқариб қолишди!
– Зудлик билан Москвага қайтмасак бўлмайди! Даволанишни Кремль шифохонасида давом эттиришимиз керак! – деди хастанинг бош учида ҳақ деб ўтирган шахсий табиби.
Ўзбекистонлик докторлар ҳам жўр бўлишиб москвалик ҳамкасбларини қўллаб-қувватладилар.
– Йўқ! Шошилинч қайтишимизга лузум йўқ! Мен ўзимни яхши ҳис этмоқдаман! Бу воқеадан сўнг пойтахтга апил-тапил қайтишимиз турли миш-мишларнинг урчишига сабаб бўлади. Мен эртага “Халқлар дўстлиги” саройида нутқ сўзлаб, Ўзбекистон байроғига орден тақишим керак! Йўқ! Бўлмайди! Қоламиз! – табиблар фикрини рад этди Брежнев.
Эртаси куни биз саройнинг биринчи қаторида ўтирар эканмиз, оёқларини зўрға кўтариб босаётган, қўллари ҳаракатсиз Леонид Ильич шундоққина олдимиздан ўтди. Тўрт қўрима офицери оғиб кетса суягудек даражада унга шу қадар яқин юрар, унинг ҳар бир хатти-ҳаракатини кўздан қочиришмас эди.
Қўлини қимирлатганда юзида оғриқ азоби сезилар, ҳаракатсиз турганда жони азобланишдан тўхтагандек туюларди. Республика байроғига орден тақиш эса бу дунёнинг азобига айланган, устозининг аҳволини сезиб турган Шароф Рашидович ҳам қора терга тушганди. Леонид Ильич Москвага қайтгач, қайта рентген қилдилар. Рентген суратини кўрган врачлар ҳайрон эди. Умровдаги ёриқ ажаралиб, суяклар айрилиб кетганди.
– Уруш кўрган одамлар шундай чайир, кучли ва иродали бўлади, Леонид Ильич! – деди СССРнинг бош врачи Чазов муштарийсининг мардлигига тан бериб кўнглини кўтарар экан.
Тошкентда Леонид Ильич Брежневнинг устига ўзи эсини таниганидан бери хизмат қилиб келган ва ўн саккиз йил бошида турган буюк ҳокимият қулаб тушган эди.
Бу бахтсизликнинг бош секретарь учун сўнгги фалокатга айланишига саккиз ой, Ўзбекистонинг бош раҳбари Шароф Рашидовга эса ўн саккиз ой қолганди.
Улар ҳам ҳануз бу ҳақда ўйламай салтанат тулпорини чопар, ҳар иккисининг ҳаётида ҳал қилувчи роль ўйнагувчи шахс Андропов Иттифоқнинг бош врачи, СССР соғлиқни сақлаш министрининг ўринбосари, Кремлнинг тўртинчи, соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Чазов билан Москвадаги махфий квартирасида суҳбатлашарди.
Ҳозирги эски бою янги бойлар, замонавий машиналару мафия боссларининг юриш-туриши, ўзимиздагию хориждаги қасру саройлари ҳақида эшитиб кўрар экансиз, Хрушчёву Брежнев, Андропову Горбачёв, Усмон Юсупову Муҳиддинов, Рашидову Усмонхўжаев, Черненкою Нишоновлар анча-мунча камтар ва мутавозе ҳаёт кечирганликларини эътироф этиб, ўқувчига сўйламак, битикчи ўлароқ вазифамиздир.
Шароф Рашидович билан илк бор кўришиб суҳбатлашганимизда дастурхонда нон, печенье ва карамел конфети бор эди. Буни дўст ва ҳамкасбларимга айтганимда “Ие, пошшолар ҳам биз ейдиган нарсаларни ейишар экан-да?” дея ҳайрон бўлишгани эсимда.
Леонид Брежневнинг Тошкент сафарлари ҳам сархуш Никита Хрушчёвники каби ҳангомаларга бой ва қизиқарлидир.
Никита Хрушчёв Ҳиндистон, Покистон ва Афғонистонни қамраган узоқ сафаридан сўнг Душанбе, ундан сўнг Тошкентга келади. Душанбедан чиққан доҳий самолётда маишатни давом эттириб, кетма-кет ароқни урар ва қизил балиқ, оқу қора икраларни туширарди. Тошкентда эса ўша пайтдаги Республиканинг бош раҳбари Нуриддин Акрамович Муҳиддинов бошчилигида катта митингга тайёргарлик кўриларди.
Ниҳоят, Иттифоқ бошлиғини ташиган учоқ Тошкент қўналғасига инади. Олий кайфиятдаги даҳо митинг майдонига йўл олади ва оёғининг чанги билан минбарга кўтарилиб, маърузасини бошлайди.
– Ҳурматли тожиклар…
– Қадрли Никита Сергеевич, тожиклар эмас, ўзбеклар. Сиз Ўзбекистондасиз, – шипшийди Муҳиддинов.
– Муҳтарам ўзбеклар! Тожиклар сизларга алангали саломларини етказишни сўрадилар! – гапни буриб кетади Никита Хрушчёв вазиятдан чиқмоқ учун.
Қозоқ қардошларимиз билан суҳбатлашсангиз сизга Брежнев билан Рашидовнинг бирга чой ичгани ҳангомасини завқ билан ҳикоя қилишади. Мен ҳам бу латифани илк бор Олмаотада эшитганман.
Брежнев Тошкентга келганида доимо Рашидов билан бирга емак еяркан. Илк келганида нонушта қилишар экан, Рашидов чойни уч марта қайтаргач пиёлада ўзига қуйиб, иккинчисини қўноққа узатибди. Буни бизда лой, мой ва чой дейдилар. Мезбоннинг ҳаракатини кузатиб турган меҳмон:
– Ҳа-а, Шароф, ўзингни пиёлангни уч бора чайдинг, меникини эса бир марта ҳам чаймадинг-а, – деган экан.
Ҳар бир ғоя, маданият, жамияту қавмлар сиғиниб яшамоқлари учун ҳеч қандай хос фазилатлари йўқ, ўзлари каби, бироқ ҳаёт оқимида тепаларига келиб қолган кишилардан пайғамбар ва авлиёлар, вали ва даҳолар ясашган.
Усмонли ва бошқа ҳукмдорлар фармонларини ўрганар экансиз, юз йигирма тўрт минг пайғамбар номи билан дея фармойишларини бошлайдилар. Муҳаммад Алайҳиссалом сўнгги пайғамбар дея эълон этилмаганида ким билади, бу рўйхатга ўзича “Руҳнома” деган китоб ёзиб, муқаддас дея эълон эттирган Туркманбошию биз билган билмаган анча-мунча арбоблар ҳам қўшилармиди?
Русларда халқ кўрмайди, бироқ ҳис этади деган ота сўзи бор. Биз ўзимизни не куйга солиб, не шакл-шамойилда элга тақдим этишга уринмайлик, улуснинг онги очиқ ойдинлари барчасини кўриб, билиб ва сезиб турадилар.
Бор яхши хислатларимиз ва қусурларимиз билан инсонмиз. Инсон каби инсон ўла билмоқ эса ҳар кимнинг қўлидан келавермайди.
Зотан…
Етим хаққи еганингни,
Қўл, комлигинг яхши билур.
Хақ танимам деганингни,
Сел, дамлигинг яхши билур.
Кўндаланг келса ютарсан
Дўл, томлигинг яхши билур.
Елкаси офтоб кўрмаган,
Дол, ёмлигинг яхши билур.
Лойинг қай бир балчиқдандир,
Кўл, қумлигинг яхши билур.
Фатвочи устозинг разил,
Бел, думлигинг яхши билур.
Нафсинг бузуқ, аксинг қуруқ,
Тул, камлигинг яхши билур.
Нарху навонг неча хуруш,
Пул, сўмлигинг яхши билур.
Зулм ўнгида сусган шайтон,
Қул, шумлигинг яхши билур.
Алайҳилаъналар ичра,
Кул, шамлигинг яхши билур.
Хом хаёлларни кўп сурма,
Тил хомлигинг яхши билур.
Адолатдан ҳеч лоф урма
Эл, кимлигинг яхши билур.
The free sample has ended.