Read the book: «Гладиолус»

Font::

Ҳикоялар

ҚИЗИЛ ВА ЯШИЛ

Барча амаллар ниятга яраша бўлғусидир.

Имом Бухорийнинг
“Ал-жомиъ ас-саҳиҳ” китобидан.

Эрининг гапи Муслима Шариповнага оғир ботди, жуда оғир ботди, дили оғриди. “Шу гапни менинг эрим айтдими?” дегандай ажабланган, ранжиган кўйи унга қаради. Мэлс Тельманович эътибор ҳам бермади, одатдаги суҳбат каби креслога ястаниб телевизор кўришда давом этди…

Муслима Шариповна ўн йилдан бери касалхонада бош шифокор. Қанча машаққатларни бошидан ўтказмади. Уч йил олдин, эри автоҳалокатга учраганда, бош шифокорликдан озод қилинглар, майли, оддий врач бўлиб қолай, деб илтимос қилди. Энди ёшлар ишласин, деди. Йўқ, рухсат беришмади. “Ёшларга йўл берганингиз яхши, аммо сизнинг тажрибангиз зарур», деди бошқарма бошлиғи. Кейин қўшимча қилди: “Нима, сиз кексайиб қолдингизми? Бундай дейишга ҳали эрта сизга”.

Аслида бу гапда жон бор. Муслима Шариповна элликдан ошган бўлса-да, ёшликдаги чиройи, латофати сақланиб қолган, бир қарашдаёқ ҳар қандай эркакни ром этадиган шаҳло кўзлари ҳамон чарақлаб турар, қалдирғоч қанотидек қайрилма қошлари, лаби устидаги митти холи уни янада кўҳлик кўрсатарди. Бошида минг бир ташвиш: шифохонанинг югур-югурлари, ҳали Фалончиевнинг онаси оғир аҳволда кепти, ҳали Пистончининг ўғлини операция қилиш керак, шифохонада дорилар тугапти… Эҳ-ҳе, муаммоларнинг охири йўқ. Бунинг устига уйда ногирон эрга қараш, ёлғиз қизининг тақдирини ўйлаш… Бироқ сира ўзини олдирмади. Бирон кун йўқки, ўзига қарамай келган бўлса, бирон кун йўқки, уни кимдир тушкун кайфиятда кўрган бўлса. Доимо саҳнага чиқаётган хонанда каби ораста. Сипо, айни чоғда замонавий кийимлари унинг шамшод қоматига узукка кўз қўйгандай ярашади. Қадам босишлари ҳам ҳамиша бир хил – тез ҳам эмас, сокину секин ҳам эмас, гўё йиллар давомида машқ қилиб, фақат ўзигагина хос юриш услуби яратиб олгандай. Ҳар доим юзида ним табассум. Ходимлари билан ҳам, беморлар билан ҳам, очиқ чеҳра билан хушмуомала гаплашади. Бирон марта овозини кўтарганини ҳеч ким эшитмаган. Шифокорлардан ёки ҳамширалардан кимдир жаҳлини чиқарса, вазминлик билан танбеҳ беради: “Сиз қаерда ишлаётганингизни унутманг, жон синглим. Бу ер бозор эмас, шовқин-сурон қиладиган. Бу ерга одамлар дардига даво истаб келади. Уларга аввало сизу бизнинг ширин сўзимиз зарур. Беморнинг кўнглига йўл топишга ҳаракат қилинг. Шундагина бераётган дориларингиз кор қилади… Бунинг учун асабингизни жиловлашни ўрганинг, жаҳлингизга эрк берманг, беморларнинг соғлиги қатори, сизнинг ҳам соғлигингиз муҳим биз учун…”

Одатдаги иш кунларидан бирида Муслима Шариповна бўлимлардан кундалик ахборотни олиб, таҳлил қилиб ўтирганда телефон жиринглади. Нотаниш киши на салом-алик бор, на ҳол-аҳвол сўраш бор, бирданига пўписа оҳангида бир беморнинг аҳволини сўради. Муслима Шариповна аввал салом берди, сўнгра одоб билан беморнинг аҳволи ҳақида гапира бошлади. Қўнғироқ қилувчи унинг сўзини бўлиб, овозини баландлатди: “Борганига ўн кундан ошди, бирон-бир ўзгариш йўқ. Нима қилаяпсилар ўзи?” Муслима Шариповна бемор кексалигини, бунақа дардлар кексаларда бироз оғир кечишини, хавотирга ўрин йўқлигини, барча зарур муолажалар қилинаётганини, Худо хоҳласа, онахон тез кунларда соғайиб кетишини, ҳозир аҳволи олдингидан анча яхши эканини тушунтиришга ҳаракат қилди. Аммо суҳбатдоши бу гапларни тушунмади, аниқроғи, тушунишни истамади. Бир-икки керакли-кераксиз гапларни шанғиллаб айтди-ю, шарақ этиб гўшакни қўйди. Муслима Шариповна кафтларини икки чаккасига қўйиб тирсаклари билан столга суяниб, ўйга толди. “Ким бўлди бу одам? Нега ўзини таништирмади? Онахоннинг ўғли эмас. Уни кўрганман, жуда маданиятли йигит. Бу ким? Нима учун бу аёлни сўради?” Унинг боши ғувиллаб, бутун вужуди қизиб кетди. Кўкрагида оғриқ деса оғриқ эмас, ачишиш деса ачишиш эмас, ёқимсиз бир нарса сезди, юраги санчигандай бўлди. “Нима бало, босимим кўтарилдими?..” Секин ўрнидан турди-да, ойнага қаради: юзи қизариб кетган, ҳатто жигарранг тусини олган эди. Буни кўриб, юрак уриши баттар кучайди, гупиллаши ўзига ҳам эшитилгандай туюлди. Телефоннинг “котиба” деган тугмасини босди. “Лаббай, Муслима Шариповна” деган овоз келди. “Ситора, менга Шарифа Боқиевнани чақир, тез келсин”. “Хўп бўлади, ҳозир”.

Кардиология бўлими мудираси Шарифа Боқиевна унинг ранг-рўйини кўриб қўрқиб кетди.

– Сизга нима бўлди, Муслима Шариповна?

Бош шифокор ўзини қўлга олишга ҳаракат қилди, сал жилмайди. Бироқ ўхшамади.

– Ҳеч нарса, сал мазам бўлмаяпти, билмадим, ҳаво таъсир қилдими, бугун магнит бўрони дейишган эди шекилли… Давлениям кўтарилганга ўхшайди.

Бу гап ёлғон эканини, нимадир бўлганини мудира сезди, лекин индамади. Қон босимини ўлчади. Тонометрни ечар экан, бош шифокорга маънодор қаради.

– Қанча?

Мудира ҳозир, деди-да, кабулхонага чиқди. “Ситора, бўлимдагиларга айтинг, тез портатив аппаратни олиб келсин. Опанинг юрагини кўришимиз керак”, деди.

– Нима гап, тинчликми? – деди Муслима Шариповна мудира киргач.

Мудира унинг қаршисидаги стулга ўтирди.

– Опа, босимингиз баланд… Юрагингиз уриши ҳам ёқмаяпти менга. Ҳозир аппарат олиб келади, бир кардиограмма қилайлик.

– Нималар деяпсиз, Шарифа Боқиевна? Шунчалар жиддийми?

– Безовта бўлманг, опа. Кўриб қўйганимиз яхши… Нимадандир жуда қаттиқ сиқилгансиз. Мендан яширяпсиз.

Муслима Шариповна бўлган гапни айтиш-айтмаслигини ўйлаб бироз жим қолди.

– Тўғри, – деди ниҳоят хаста овозда. – Бир киши билан телефонда сал тортишиб қолдик.

“Тушунарли”, ўзича ўйлади мудира.

Ситора кирди.

– Олиб келишди, кираверсинми?

– Ҳа, – деди мудира.

Ҳамшира эпчиллик билан электрокар диограмма қилди. Шарифа Боқиевна узун лентага диққат билан тикилди.

– Хўш, айтинг, – деди Муслима Шариповна. – Нима гап?

– Опа, сиз бирпас ётиб туринг. Ҳозир укол қиламиз, ҳаммаси ўтиб кетади.

Ҳамширани кузатган бўлиб, қабулхонага чиқди-да, қанақа дорилар олиб келишини тайинлади унга.

– Шарифа Боқиевна, мендан ҳеч нимани яширмай, борини айтинг. Гарчи кардиолог бўлмасам-да, ҳар ҳолда врачман, юрак бекорга безовта бўлмаслигини тушунаман, – деди.

Мудира бироз истиҳола билан деди:

– Опа, мен сиздан нимани яшираман. Сиздан бирон нимани яшириб ёки ёлғон гапириб бўладими. Ахир сиз билан неча йилдан бери биргамиз. Бир-биримизни яримта гапдан тушунадиган бўлиб кетганмиз-ку… Озгина чарчагансиз… Мен шу ерга ишга келибманки, сизни дам олишга чиққанингизни билмайман. Ҳатто бир-икки марта қон босимингиз кўтарилганда уч-тўртта капелница олинг, деганимизда ҳам, уйда оламан деб, кўнмагансиз… Беш-олти кун дам олинг… Иложи бўлса каттароқ мутахассисларга кўрининг. Иш қочиб кетармиди.

Ҳамшира мудиранинг кўрсатмаси билан укол қилди.

Муслима Шариповна мудиранинг тиззасига кафтини қўйди.

– Тушунарли, жоним, – деди жилмайиб. – Тушунарли. – Дори таъсир қилиб опа бироз ўзига келган эди.

– Менинг гапларимдан хафа бўлманг, опа.

Бош шифокор энди очиқ чеҳра билан кулди.

– Нималар деяпсиз, Шарифа Боқиевна. – Мен ўз шифокоримга ишонмайманми? – Бироз жиддийлашди. – Ўзим ишонмаган шифокорга беморларни ишониб топшираманми?! Унақа шифокорни бу ерда ушлаб ўтирмайман…

– Кечирасиз, Муслима Шариповна, – деди мудира.

– Раҳмат сизга. Бўлди, бораверинг ишингизга. Мен яхшиман. Айтган гапларингизни ўйлаб кўраман. Бир яхшилаб текширувдан ўтарман… Раҳмат, Шарифа Боқиевна.

Мудира ўрнидан турди.

– Яхши бўларди… Ахир ўзимиз ҳаммага айтамиз-ку касалнинг олдини олган яхши, деб.

– Тўғри айтасиз, – деди бош шифокор.

* * *

Муслима Шариповнанинг эри Мэлс Тельманович фалсафа фанлари доктори, профессор, шўро даврида институтда “илмий атеизм” фанидан дарс берган. Замон ўзгаргач, кўплар қатори “чопони”ни “янгилади”: кеча динни афюн, деб юрган профессор энди диннинг фазилатлари ҳақида маърузалар ўқий бошлади…

Шундай кунларнинг бирида Муслима Шариповна эрига ҳазиллашди.

– Энди фамилиянгизни Иброҳимов деб ўзгартирсангиз бўлар. Исмингизни-ку ўзгартириш қийин. Тўртта доҳийни кўтариб юрасиз…

– Нималар деяпсиз, Муслима Шариповна, – деди жиддий. – Мен паспортимни ўзгартирмайман. Бу отам Тельман Ибрагимовдан эсдалик…

– Ҳай, майли, ўзингиз биласиз. Лекин мен анчадан бери бир нарсани ният қилиб юрибман-да, Мэлс ака, – деди хотини.

Эри унинг гапини бўлди:

– Муслима Шариповна, сизга неча марта айтдим Мэлс ака эмас, Мэлс Тельманович.

– Ахир уйда, ўзаро гаплашиб ўтирибмиз-ку, расмиятчиликнинг нима кераги бор.

– Бу расмиятчилик эмас, Муслима Шариповна, маданият, тушундингизми, маданият. Сиз олий тоифали врач, медицина фанлари кандидати, бир больницанинг главврачи, мен философия фанлари доктори, профессор, катта вузда завкафедра бўлсам-да, бир-биримизга ака ёки адаси, ойиси, деб мурожаат қилсак ярашадими?

Муслима Шариповнанинг бироз энсаси қотди, аммо эрининг феълини билгани учун индамади.

– Бўпти, Мэлс Тельманович, икковимиз Ҳажга ёки Умрага борсакми, девдим.

Мэлс Тельмановичнинг пешонаси тиришди.

– Нима қиласиз у ерда?

– Бу нима деганингиз?.. Ожиз бандамиз, билиб-билмай қанча гуноҳ қилганмиз… Худога шукр, йўллар очилди, давлат ҳамма нарсани ташкил қилиб беряпти.

– Ҳажга борган одамнинг гуноҳлари кечирилади, деб ўйлайсизми? – деди Мэлс Тельманович. – Сиз шу гапларга ишонасизми?

– Нега ишонмай, албатта ишонаман. Ҳар бир мусулмонга буюрилган фарз амали-ку бу.

Эрнинг пешонаси баттар тиришди:

– Шу фарз-қарз деган гапларни қўйсангиз-чи, Муслима Шариповна.

Хотини эрининг гапини бўлди:

– Унақа деманг, жо-он Мэлс а… Тельманович, гуноҳ, жуда катта гуноҳ бўлади.

Мэлс Тельманович ҳафсаласизлик билан қўл силтади.

– Сказка…

– Ҳалиям атеистлигингиз қолмабди-да, а?! Коммунистлик қон-қонингизга сингиб кетган экан-да.

Мэлс Тельманович мамнун, айни чоғда ниманидир қўмсаган кўйи жилмайди.

– Биласиз-ку, мен кўп йиллар институтнинг бир факультетини эмас, бутун институтнинг партком секретари бўлиб ишлаганман.

Хотини бироз кулгига олди:

– Шунинг учун ҳозир ҳам қип-қизилсизда.

– Ҳа, сиз ям-яшил бўлганингиз каби, – деди Мэлс Тельманович. – Аммо бир нарсани билиб олинг: мен атеист эмасман, материалистман. Кўзга кўринмайдиган нарсаларга ишонмайман.

Муслима Шариповна қўрқиб кетди.

– Тавба, денг…

– Тавба десам-демасам гап шу. Бу менинг эътиқодим.

Орага бироз сукунат чўкди. Муслима Шариповна баҳсни давом эттирайми-йўқми, деган ўйга борди. Бир кўнгли қўй, тортишиб ўтирма деса, бошқа томондан фикрингни айт охиригача, деган нидо келди.

– Барча буюк кашфиётлар, ихтиролар, асарлар инсон тафаккурининг маҳсули-ку… Аввал мияда пишиб, кейин моддиятга айланади-ку, – деди сукунатни бузиб.

Хотинининг гап қайтаравериши эрнинг ҳамиятига тегди.

– Мен сизга нима бирламчи, нима иккиламчи деяётганим йўқ. Мен борлиққа, моддиятга кўпроқ ишонаман. Тушунарлими?

– У ҳолда севгига ҳам ишонмас экансиз-да, – деди Муслима Шариповна кулимсираб.

– Нега энди? Севгининг моддияти бор. Мана, сиз, сиз борсиз, шунинг учун сизни севаман. – Бироз тин олиб давом этди. – Умуман, бу гапларни қўйинг, хоним…

Муслима Шариповнанинг кўзлари чарақлаб кетди:

– Хоним! Хоним дедингизми, наҳотки сиздан ҳам шунақа сўзни эшитиш мумкин бўлса?!

Мэлс Тельманович хотинининг ҳайратига муносабат билдирмади. “Хоним” сўзини билмай, хато айтгандай тутди ўзини.

– Умрага, тем более Ҳажга боришимиз учун ҳали эрта… Жуда қариб қолганимиз йўқ…

Муслима Шариповна ажабланди:

– Ҳажга кексалар борсин, деган жойи йўқ. Аксинча, кўзда нур, белда қувват борлигида борган яхши эмасми…

– Муслима Шариповна, – деди Мэлс Тельманович бироз қизишган оҳангда. – Келинг, шу темага точка қўяйлик. Ким айтади сизни замонавий аёл, катта бир ташкилотнинг раҳбари деб…

Ортиқча гап фойдасиз эканини хотини тушунди, шу боис, бошқа оғиз очмади.

Кўргилик экан, ўша суҳбатдан кейин орадан кўп ўтмай профессор қаттиқ автоҳалокатга учради. Бир улфатининг туғилган кунида яхшигина кайф қилди. Тадбир сўнгида дўстлари қанча қаршилик қилмасин, Мэлс Тельманович ўзи машинани ҳайдаб кетди. Йўл четида турган юк машинасига бориб урилди. Ярим тун, унинг устига кайф баланд – ухлаб қолганми, Худо билади. Оёғи, иккита қовурғаси синди, боши лат еди, мияси чайқалди. Бир неча оғир операцияларни ўтказди. Беш ойдан зиёд тўшакка михланиб ётди. Муслима Шариповна у дўхтирдан бу дўхтирга чопавериб, силласи қуриди. Қизи Гулбаҳор билан навбатма-навбат қаради. Ўрнидан тургандан кейин ҳам юриб кета олмади, чап оёғининг тиззасидан кесишган эди. Каравотдан ногиронлар аравачасига ўтди. Аста-секин қўлтиқтаёқда юришга ўргатишди. Бир йиллардан сўнг Муслима Шариповна протез оёқ қилдириб берди. Унга кўникиш ҳам осон кечмади, хотини сабр-бардош билан ўргатди. Бу азоблар, оғриқлар Мэлс Тельмановични анча инжиқ қилиб қўйди. Муслима Шариповна барчасига чидади. Касалдан кўра унга қараганга оғир, деган гап қанчалар тўғри эканини ўз бошидан ўтказди.

Қизи Гулбаҳорнинг турмушга чиққанига энди уч ой бўлганди, шунга қарамай ойисига қарашиб турди. Эри, қайнонаси тушунган одамлар экан, Гулбаҳор кунда-кунора дадасининг олдига боришига қаршилик қилишмади.

Мэлс Тельманович шу кўйи ногирон бўлиб қолди. Кеча талабалар у ёқда турсин унча-мунча ўқитувчиларни ҳам оғзига қаратиб юрган профессор бугун бир оғиз ширин сўзга муштоқ, ҳайҳотдай уйда ёлғиз ўтирса… Бундан оғир кўргилик борми. Бу нима? Тақдирнинг синовими? Тақдир дегани нима ўзи? Уни ким яратади? Аллоҳданми бу?.. Мэлс Тельманович ёлғиз ўзи ўй суриб ўтираркан, хаёлда минг хил фикр чарх урарди. Гарчи бугун диннинг фазилатлари ҳақида оғиз кўпиртириб гапириб юрган бўлса-да, инсон организмида айрим оғир хасталикларнинг асорати бир умр сақланиб қолганидек, профессор миясининг бир чеккасида даҳрийликнинг асоратлари қолган эди. Ана шу асоратлар баъзан жунбишга келиб, Аллоҳ марҳаматли бўлса нега, қайси гуноҳларим учун менга бунча азоб беради. Синовми бу, деган фикрлар ғужғон ўйнарди. Гоҳида бундай фикрларидан ўзи ҳам сесканиб кетар, беихтиёр ё, Аллоҳ, ўзинг кечир гуноҳларимни, деб юборарди.

Инсон зоти борки ўзини бегуноҳ, деб билади. Бошига бир ташвиш тушганда эса қайси гуноҳларим учун бу кўргиликлар, деб Аллоҳга даъво қилади. Мэлс Тельманович ҳам ўзининг назарида фаришта бўлмаса-да, ҳарқалай, шунга яқинроқ эди…

Хотини ишдан келганда дардини сездирмасликка ҳаракат қилади. Аммо баъзида ўзи билиб-билмай ҳасратини ошкор қилиб қўяди. Муслима Шариповна эрининг аҳволини яхши тушунади, ҳис қилади. Бироқ начора? Бирдан-бир чора эрининг кўнглини кўтариш, иложи борича ёлғиз қолдирмаслик…

Йиллар ўтган сари хотинини рашк қиладиган одат чиқарди.

– Нега ҳар куни ясан-тусан қилиб кетасиз? – деди бир куни. – Ишга борасизми ёки театргами?

Бу гапдан Муслима Шариповна кулди, эрининг одатий инжиқлиги, деб ўйлади.

– Кўнглингиз хотиржам бўлсин, дадаси, – деди. – Менинг маршрутим битта: уй-иш, иш-уй. Онда-сонда бошқарма ёки вазирликка йиғилишга чақиришса, ўзгаради бу маршрут.

Мэлс Тельманович бўш келмади:

– Ишга оддийроқ кийимда борилса киритмайдими? Бунинг устига қимматбаҳо атир сепиб олгансиз.

Муслима Шариповна ўйланиб қолди. Эрига қаттиқ гапирай деса, кўнгли ярим, ёлғиз ўзи уйда ўтириб зерикади. Йил сайин асаби таранглашиб бормоқда.

– Дадаси, – деди босиқлик билан, – мен тиббиёт корхонасида ишлайман, унинг устига раҳбарман. Бундай жойда озодалик биринчи даражали талаб эканини яхши биласиз… Ўзингиз бошингиздан ўтказдингиз-ку…

Мэлс Тельманович хотинининг гапини кесди:

– Менинг ногиронлигимни юзимга солаяпсизми? – Унинг овози кескин чиқди. – Ўзим истабманми шундай бўлишимни?!

– Бу гап қаёқдан чиқди? – деди беихтиёр Муслима Шариповна. – Нега юзингизга солар эканман?! Сизнинг ихтиёрингиздаги нарса эмас-ку бу. Нима, мен шуни билмайманми, тушунмайманми… – Бироз тин олди. Иложи борича вазминлик билан давом этди. – Жон дадаси, қўйинг бунақа гапларни, асабингизни бузманг… Хоҳласангиз мен машина юборай, бир шаҳар айланиб келинг…

Муслима Шариповнанинг бу гапидан эрининг энсаси қотди.

– Ёғочоёқни дўқиллатиб яккамоховга ўхшаб битта ўзим қаёққа бораман? – Бошини эгиб, жим қолди. – Ўзи пешонам шўр экан мени…

– Дадаси, – деди босиқлик билан, – кўп куйинманг. Нима иложимиз бор, Аллоҳнинг иродаси, тақдиримизда бор экан-да.

– Нега тақдиримизда? Тақдирингизда денг… Сиз юрибсиз-ку туппа-тузук.

Муслима Шариповна нима дейишини билмай қолди. “Бу нима дегани? Нияти нима?”

– Нима қилай? Мен ҳам уйда ўтирайми?.. Ким боқади бизни…

Мэлс Тельманович ялт этиб хотинига қаради, унинг кўзлари ола-кула бўлиб кетди.

– Бир кунмас-бир кун шундай дейишингизни билардим, – деди қаҳр билан. – Ҳеч бир эркакни хотини қўлига қарагулик қилмасин экан.

Эрининг бу гапи ҳар қанча малол келмасин, Муслима Шариповна ўзини босди. Не-не инжиқ, қайсар беморларни кўрмади, улардан ҳатто ҳақоратлар эшитди. “Шу касбни танладингми, чида” деб ўзига-ўзи таскин бериб келади. Биронтасига қаттиқ гапирмади, эътироз билдирмади. “Хўп бўлади, опажон, кечиринг, акажон” деб енгди. Энди мана бу одамга – ўзи севиб оила қурган турмуш ўртоғига, ўттиз йилдан бери бир ёстиққа бош қўйиб келаётган жуфти ҳалолига заҳрини сочадими, дилини оғритадими? Қолаверса, бу киши ҳам бир беморидай гап. Битта гап камлик, иккита гап кўплик қилади. Пешонасига битгани шу экан, тақдирга тан беради. Соғлигида, ёшлигида яхши-ю, ногирон бўлиб қолганида, ёши олтмишдан ошганда ёмон бўлиб қолдими?! Йўқ, бундай фикрлар Муслима Шариповнанинг хаёлига ҳам келгани йўқ. Бундай гапларни ўйлашнинг ўзи уят!

– Бекорга ўзингизни ҳам, мени ҳам кайфиятимни бузаяпсиз, дадаси. Илтимос, жон Мэлс ака, сал кўнглингизни кенг қилинг. Ношукр бўлмайлик… Озгина сабр қилинг, индин якшанба, бирга бирон жойга бориб, айланиб келамиз. Хўпми? Ҳар хил ёмон гумонларни хаёлингиздан чиқариб ташланг, илтимос. – У эрининг ёнига бориб, эркалади. – Соғлиғингизни ўйланг, азизим. Мендан кўнглингиз тўқ бўлсин… Мен ундай ишлардан ҳазар қиламан… Ота-онам яхши ният билан шу исмни қўйишган, унга доғ туширишга ҳаққим йўқ… Майли, яхши ўтиринг, мен кеч қолаяпман, бугун мажлисим бор. – Эрининг юзидан ўпди. – Хайр, жоним.

Мэлс Тельмановичнинг лаблари пичирлади:

– Яхши бориб келинг. – Хотини эшикка яқинлашганда баландроқ овозда деди: – Ваҳлироқ келинг.

Муслима Шариповна ортига ўгирилиб, эрига қараб хайр оҳангида бармоқларини силкиди.

* * *

Гулбаҳор янги келган беморларнинг касаллик варақасини тўлдириб ўтирган эди, қўл телефони жиринглади.

– Лаббай…

– Ассалому алайкум, Гулбаҳор, яхшимисиз, кечирасиз, безовта қилмадимми, гаплаша оласизми?

– Ҳа-ҳа, бемалол…

– Мен Шарифа Боқиевнаман…

– Э, Шарифа опа, яхшимисиз? Ишлар билан чарчамай юрибсизми, уйлар тинчми, опа?

– Раҳмат, ҳаммаси яхши. Гулбаҳор, мен сизни бир масалада безовта қиляпман.

– Тинчликми, опа?

– Тинчлик, тинчлик… Гулбаҳор, нима десам экан… Шу опанинг сал мазалари бўлмади…

Гулбаҳор бирдан сергак тортди.

– Нима бўлди ойимга?

– Хавотир олманг, ҳаммаси жойида… Бироз юраклари безовта қипти. Кардиограмма қилдик, босимларини ўлчадик… Хуллас, бироз чарчаганга ўхшайдилар. Уч-тўрт кун дам олинг, десам кўнмаяптилар… Шунга ўзингиз кечқурун олдиларига ўтиб, бир гаплашиб кўрасизми, деб қўнғироқ қилаётган эдим.

– Шарифа опа, очиғини айтинг, аҳволлари яхшими? Мен ҳозир етиб бораман…

Шарифа Боқиевна Гулбаҳорнинг гапини бўлди:

– Гулбаҳор, жон синглим, безовта бўлманг, унақа ваҳима қиладиган ҳеч нарса йўқ. Кабинетларида ишлаб ўтириптилар. Зинҳор кела кўрманг. Мен қўнғироқ қилганимни ҳам билмасинлар, бўлмаса гап эшитаман. Жуда қаттиқ тайинладилар ҳеч кимга билдирманг деб. Айниқса, Гулбаҳор билмасин, дедилар… Мен сизга айтмай туролмадим. Ўзингиз бир йўлини қилиб, билиб оларсиз. Хўпми?

– Бўпти, Шарифа опа, сиз хавотир олманг. Сиз айтгандай бўлади… Ҳозир кабинетдамилар?

– Ҳа… Ишлаб ўтириптилар. Мен ҳозир олдиларидан чиқдим. Босимларини ўлчадим, Худога шукр жойида, пульслари ҳам меъёрида.

– Майли, опажон, кўнглингиз хотиржам бўлсин, сизга гап текиздирмайман. Ўзим кейинроқ қўнғироқ қиламан бирон баҳона билан.

– Раҳмат сизга, Гулбаҳор, умрингиздан барака топинг. Хавотир олманг. Хайр.

Гулбаҳор гўшакни қўйди-ю, ўйланиб қолди. “Ойим бечора тиним билмайди. Бу ёқда ишхонанинг ғалваси, у ёқда дадамнинг инжиқликлари… Отпускага чиқинг деса, чиқмайдилар… Чарчайди-да… Нима қилиш керак… Майли, кечқурун уйга бориб батафсил гаплашиб олармиз…” Ишини давом эттирган бўлди, аммо хаёлидан ойиси, Шарифа Боқиевнанинг гаплари кетмади. “Юраклари безовта қилган дедими?.. Аҳвол жиддийроқ бўлмаганда Шарифа опа қўнғироқ қилмасди…” Ўзини босолмади, хаёлини чалғитишга қанча уринди, эплолмади. Атайлаб ойисининг қўл телефонига эмас, иш телефонига қўнғироқ қилди. Котиба кўтарди гўшакни.

– Ассалому алайкум, Ситорахон, яхшимисиз, мен Гулбаҳорман.

– Ассалому алайкум, Гулбаҳор опа, саломатмисиз?

– Раҳмат… Ўзларидамилар?

– Ҳа, улайми?

– Ҳеч ким йўқми олдиларида?

– Йўқ… Ёлғиз ўзлари, компьютерда ишлаб ўтириптилар.

– Соғлиқлари яхшими? – ўсмоқчилаб сўради Гулбаҳор.

Котиба бирзум жим қолди. Сўнг ўзини тутиб олиб, деди:

– Ҳа-а, яхши… Кайфиятлари ҳам яхши…

Шу маҳал эшик қарс очилиб Муслима Шариповна чиқди.

– Мана, ўзлари чиқиб қолдилар…

– Ким? – деди Муслима Шариповна.

– Гулбаҳор опа сўраб турувдилар, – котиба шундай деб гўшакни узатди.

– Ҳа, Гулбаҳор, тинчликми, яхшимисан? – деди Муслима Шариповна бамайлихотир овозда. – Бу ёққа қўнғироқ қипсан?

– Мабодо олдингизда одам бўлса безовта қилмай дегандим-да.

– Нима гап, тинчликми?

– Ҳа, тинчлик, – деди Гулбаҳор ҳам ҳеч нарса билмаган каби. – Бугун ишдан нечида қайтасиз, олдингизга ўтмоқчи эдим, сизни, дадамни кўраман, бир оғиз маслаҳатли гапим ҳам бор эди.

– Вақтинга қараб ўтавер. Бўпти, мен обходга чиқиб кетаётган эдим. Хайр, кечгача, – деди-да, гўшакни котибага узатди. – Мен обходда бўламан. Терапия билан неврологияга айтиб қўй, кейин хирургияга ҳам ўтаман.

Шарифа Боқиевна Ситорага опадан хабар олиб туринг, бирон гап бўлса дарҳол менга қўнғироқ қилинг, деб тайинлаган эди. Муслима Шариповна қабулхонадан чиқиши билан Шарифа Боқиевнага қўнғироқ қилди.

– Опа обходга чиқиб кетдилар.

Котибанинг гапи оғзида қолди.

– Нима деяпсиз? – деди Шарифа Боқиевна. – Қанақа обход?! Бу аҳволда юриш мумкин эмас-ку.

– Билмадим, – деди Ситора бўшашиб.

Мудира телефон тугмасини босди-ю, ўзини ўзи койиди. “Нега опага бор гапни очиқ айтмадим… Кардиограммаси яхши эмас эди-ку… Айтсам, баттар бўларди… Опа, ҳамма нарсани ичига ютаверади. Бу яхши эмас. Мана, оқибати… Нима қилсам экан? Қандай қилиб бўлсаям тўхтатишим керак”.

У шундай ўйлар билан терапия бўлимига югурди. Йўл-йўлакай бўлим мудири Алимовга қўнғироқ қилиб опа бораётганини айтди, иложи борича палаталарни айлантирмай, хонангизда ушлаб туринг, деди. Бу гапдан Алимов ҳайрон бўлди. “Нега бундай деди?” Унинг хаёли охирига етмай, Шарифа Боқиевна кириб келди.

– Тинчликми, Шарифа Боқиевна? – деди Алимов. – Гапларингизни тушунмадим.

– Кейин тушунтираман… Опа келмадиларми?

– Йўқ, Ситора ҳам қўнғироқ қилувди. Ҳозир кеп қолсалар керак.

Шарифа Боқиевна тез-тез гапирди:

– Опанинг босимлари сал кўтарилган. Иложи бўлса кўп юрмаганлари яхши эди ҳозир… Фақат ўзларига билдирмаслик керак…

Шу маҳал эшик шарт очилиб бош шифокор кириб келди. У Шарифа Боқиевнани кўриб ҳайрон бўлди, аммо сездирмади. Ўзига ярашган табассуми билан иккала мудир билан кўришди.

– Нимани муҳокама қиляпсизлар?

Гапни Шарифа Боқиевна илиб кетди:

– Бир беморни кўриб қўйишимни илтимос қилувдилар. Шуни гаплашиб турувдик.

Муслима Шариповна унга маънодор қаради. Бу қараш маъносини иккови тушунди, холос. “Мендан хавотир олиб келган бу ерга”. Опа креслога ўтирди. Алимов чой узатди.

– Раҳмат. Соғлигингиз яхшими, Руслан Рустамович? – Кейин Шарифа Боқиевнага қаради. – Сиз-чи? Сиз яхши юрибсизми? Ишларингиз жойидами?

Иккала мудир баравар жавоб берди:

– Раҳмат, опа, яхши, ҳаммаси жойида. Ўзингиз яхшимисиз, чарчамаяпсизми? – Охирги гапни Шарифа Боқиевна таъкидлаб айтди.

– Яхшиман, – деди бош шифокор чойдан ҳўплар экан. – Беморларнинг аҳволи қалай? Норозилар, шикоятлар йўқми?

– Йўқ, – деди Алимов. – Барча муолажалар ўз маромида қилинмоқда. Ҳаммаси миннатдор…

Бош шифокор Алимовга қаради.

– Миннатдор денг.

Эрталаб ўзини таништирмай гаплашган одам сўраган кампир шу бўлимда эди.

– Икки томонлама зотилжам билан келган кампир бор-ку, фамилияси нима эди…

– Ҳа, уми, Иргашходжаева…

Муслима Шариповна Алимовнинг гапини бўлди:

– Нима? Иргашходжаева? Эргашхўжаева эмасми?

– Ҳужжатида шундай ёзилган-да.

– Ҳа, яхши… Аҳволи қалай?

– Олдингидан анча тузук… Ҳали бироз ётишга тўғри келади, опа.

– Шикоят қилмаяптими? Қизлар яхши қараяптими?

– Шикоят қилгани йўқ, жуда мулойим, хушмуомала онахон. Ҳаммани болам, бўтам, умрингдан барака топ, деб дуо қилади. Худо хоҳласа, кўрмагандай бўлиб кетади. – Бир нарса эсига тушгандай гапида давом этди. – Кеча бир йигит келди. Жуда пўрим кийинган, юришлари, гап-сўзлари кибрли, жуда дадил. Шу онахонни кўргани келган экан. Палатадан чиқиб олдимга кирди. Беморнинг аҳволини тушунтирдим. Негадир гапимни эшитгисиям келмади. “Яхши қарамаяпсилар, бошқа касалхонага ўтказамиз”, деб чиқиб кетди. Олдин кўрмаганман уни. – Муслима Шариповна мудирнинг гапини бўлмай эшитди, қулоғи остида эрталаб телефонда бўлган мулоқот жаранглайверди. – Очиғи, унинг кимлиги билан қизиқдим. Онахоннинг олдига кириб, секин сўрадим. “Бу бола жияним, сал ҳовлиқмароқ ўзи, деб кулди онахон. Чўнтагига беш-олти сўм тушиб ҳовлиқиб қолган. Унинг устига яқинда қандайдир идорага ишга ўтган эмиш… Сизни бошқа касалхонага ўтказаман, дейдими-ей. Йўқ, дедим, жуда яхши қарашяпти, ҳеч қаерга бормайман, дедим… Ишқилиб, сизни хафа қилмадими, болам? Унинг гапларига эътибор берманг. Мен ҳаммаларингдан миннатдорман, ўғлим”, деди.

– Шунақа денг, – деди Муслима Шариповна. – Тушунарли… Майли, ўзи билади. Бошқа жойга ўтказса, ўтказар… Онахонга ўзингиз қараяпсиз-а. Бир кўрамизми…

– Майли, – деди Алимов. – Ҳамхонаси ҳам жуда бамаъни аёл. Икковиям намозхон.

– Шунақа денг… Қани, юринг-чи. – Шарифа Боқиевнага юзланди. – Сизни ишингиз битдими бу ерда? Ишингизга бораверинг бўлмаса.

– Опа, хўп десангиз, сизни шу ерда кутиб турсам.

– Гапингиз борми менда?

– Ҳа, – деди Шарифа Боқиевна.

Ёлғон гапирмаётганини бош шифокор сезди, аммо индамади. Фақат, унга қараб тагдор жилмайди. Бу жилмайиш маъносини Шарифа Боқиевна тушунди.

Муслима Шариповна эшикка йўналар экан, Шарифа Боқиевнага деди:

– Сиз мабодо психология бўйича ҳам ўқимаганмисиз?

Шарифа Боқиевна ҳам бўш келмади.

– Турли характердаги одамлар билан, айниқса, беморлар билан гаплашавериб, одам психолог ҳам бўлиб кетар экан.

Кулишди.

– Яхши, – деди Муслима Шариповна. – Биз тез қайтамиз. – Алимовга юзланди. – Бошқа оғир беморларингиз йўқми?

– Йўқ.

– Маъқул… Бошланг…

* * *

Кечқурун она-бола узоқ суҳбатлашди. Гулбаҳор гапни айлантириб, бир амаллаб ойисининг мазаси бўлмаганини билиб олди.

– Шарифа Боқиевна айтдими? – деди Муслима Шариповна.

– Йўқ, ҳеч ким ҳеч нарса демади.

– Қаёқдан билдинг бўлмаса?

Гулбаҳор ойисига меҳр билан тикилди.

– Ойижон, сизнинг гап-сўзларингиздан, гапларингиз оҳангидан, ранги-рўйингиздан кўп нарсани англаб оламан. – Ойисини қучоқлаб эркаланди. – Ахир мен асаб касалликлари дўхтириман-ку. Невропатолог дегани психологга яқин туради.

– Шундай дегин… – Муслима Шариповна бироз маҳзун тортди. – Ҳаёт дегани фақат ўйин-кулгидан иборат эмас, қизим. Ҳар қадамингда муаммо, ташвиш… Энг ёмони, одамларнинг ёлғончилиги, иккиюзламачилиги, худбинлиги. Мана шулар одамни кўпроқ чарчатар экан, қизим. Мен шунча ёшга бориб, неча йиллардан бери раҳбар бўлиб ишлаб, энди-энди тушунаяпман буларни. Илгари ҳаммани ўзимга ўхшаган тўғрисўз, очиқ кўнгил деб ўйлар эдим. – Оғир нафас олди. – Аслида ундай эмас экан, тили бошқа-ю, дили бошқа одамлар кўп экан. Шулардан эҳтиёт бўлиш лозим.

Гулбаҳор ойисига таскин бермоқ ниятида:

– Қўйинг, ойи, сиқилманг. Ҳозир сизга бунақа нарсалар ҳақида бош қотириш тўғри келмайди… Ўзингизни, соғлигингизни ўйланг, – деди. Бир муддат сукунат чўкди. – Хўш, нима қиласиз, эртага борасизми? Қаерга бормоқчисиз?

Муслима Шариповна бир нуқтага термилиб қизининг гапларини эшитиб ўтирарди.

– Тўғри айтасан, қизим, ҳозир бу гапларнинг мавриди эмас… Қаерга боришни бир ўйлаб кўрай-чи…

– Бир дугонамнинг эри Кардиология марказида бўлим мудири бўлиб ишлайди, Маъруфжон деган йигит, яхши мутахассис дейишади. Балки шу билан гаплашиб кўрармиз, – деди Гулбаҳор.

Муслима Шариповна ўйланиб қолди. “Кимнинг олдига борганда ҳам текинга қарамайди, ўзим биламан-ку бу соҳани. Коронарография қиладими, шунтлашми – барибир, анчагина маблағ зарур бўлади”. Гулбаҳорга бу ҳақда гап очмади.

– Майли, қизим, мен ўйлаб кўрай… Ҳали дадангга айтганим йўқ. У кишидан бемаслаҳат қилмайман-ку бу ишларни.

– Нима, дадам йўқ дейдиларми? Ахир дадам дард нима эканини яхши биладилар-ку.

– Тўғри, – деди Муслима Шариповна. – Бироз пул керак бўлади. Ҳали билмаймиз, нечта стент қўйиш кераклигини. Балки шунтировани қиладими.

Гулбаҳор ойисини қучди.

– Ойижон, ҳозир буни ўйламанг… Пул топилади. Менимча, шунтлаш даражасига бормаса керак.

– Ким билсин… – Ўзига ўзи гапиргандай паст овозда гапирди. – Аҳволим ўзимга маълум.

Гулбаҳор ойисининг гапини бўлди:

– Шунақа экан, шу даражагача олиб бориш шартмиди?

Муслима Шариповна чуқур хўрсинди. Бу хўрсинишда қанча маъно-мазмун мужассам эди.

– Иш, оила, тирикчилик, деб юраверар эканмиз… Гўё биз бўлмасак иш тўхтаб қоладигандай… Аслида, биз бўлсак ҳам, бўлмасак ҳам, ҳеч нарса ўзгармайди, иш ҳам, ҳаёт ҳам ўз ўзанида давом этаверади, – қизини бағрига тортди. – Шунақа, қизим, – кулди. – Мен ҳам ўзбекман-да.

– Бу нима деганингиз? – ажабланиб қаради ойисига Гулбаҳор.

– Бу деганим шуки, ўзбек касал жонидан ўтиб кетганидан кейин боради дўхтирга. Унгача юраверади, ҳеч нарса қилмайди, ўтиб кетади, деб… Биласанми, яҳудийлар касал бўлмасдан олдин, руслар эса касал бўлиши билан борар экан дўхтирга. Энди тушундингми?

– Шунга қолганда ўзбекчиликни тарк этайлик, ойи.

Муслима Шариповна жилмайди. Эрталаб кабинетидаги аҳволини кўз ўнгига келтирди. Аммо қизига билдирмади.

– Бўпти, Гулбаҳор, энди борақол, кеч бўлди… Куёв ҳам кутиб ўтиргандир. Даданг билан маслаҳатлашиб кўрай-чи, нима деркинлар.

* * *

Маъруфжоннинг олдига икки-уч борди. Обдон текширишди, анча-мунча таҳлиллар олди. Венасидан суюқлик юбориб, томирларда қон айланишини кўрди.

– Муслима Шариповна, сиз ҳеч нарсани ўйламай ишингизга бораверинг. Барча таҳлиллар натижаси тайёр бўлгач, мен профессорга кўрсатаман. У киши нима десалар, шунга қараб сизга ўзим қўнғироқ қиламан, – деди Маъруфжон.

Инсон инсон-да, ким, қайси соҳа ёки қайси лавозимда ишламасин, соғлик масаласи кўндаланг турганда хавотирга тушиши, минг бир хаёлга бориши табиий.

Муслима Шариповна ҳам кўп йиллик тажрибага эга, олий тоифали врач, тиббиёт фанлари номзоди, қандай оғир беморларни кўравериб кўзи пишиб кетганига қарамай, ҳозир мана бу ёш йигитдан – Маъруфжондан бир оғиз ширин сўз кутарди.

– Маъруфжон, – деди, – мен ҳамма нарсани тўғри тушунаман. Шунинг учун очиғини айтаверинг, умуман аҳволим қанақа?.. Очиқ операция қилиш керакми ёки коронарографиями? Агар стент қўйиш лозим бўлса, нечта?

Маъруфжон кулди:

– Опа, ўзингиз яхши биласиз, ҳозир мен аниқ бир нарса деёлмайман… Менимча, очиқ операцияга, яъни, шунтлашга эҳтиёж йўқ… – Бирзум опага қараб турди. – Аниғини, нима лозимлигини профессор айтади… Хавотир бўлманг… Энг асосийси, унақа жиддий нарса кўрмаяпман. Кўнгилни кенг қилиб юраверинг, ўзим қўнғироқ қиламан.

Эртаси куни профессорнинг олдига борди. Кенг пешонали, сийраксиб қолган оппоқ сочлари ўзига ярашиб турган профессор Муслима Шариповнани очиқ чеҳра билан кутиб олди.

– Келинг, Муслима Шариповна, – деб унга пешвоз чиқди ва кўришиш учун қўл узатди. – Яхши юрибсизми? Кўринишингиз яхши, отлично виглядите.

Муслима Шариповна кулди. – Комплемент учун раҳмат, домла, – деди.

Профессор ўтиришга жой кўрсатди:

– Ўтиринг, Муслима Шариповна. Бу комплемент эмас, бор гап.

– Раҳмат, домла, раҳмат. Ўзингиз яхшимисиз? Ишлар билан чарчамаяпсизми?

Профессор жойига ўтиб ўтирди.

– Чарчашга вақт йўқ, Муслима Шариповна. Буни ўзингиз яхши биласиз. Ҳар куни бир нечта касал, операциялар…

Муслима Шариповна бироз хавотирга тушди. “Гапни айлантиришига қараганда, масала жиддийга ўхшайди. Қандай айтишни билмай чайналяпти… Мен тажрибали врач бўлсам, очиғини дангал айтавермайдими…”

– Шифохонада ишлар яхши кетяптими? Беморлар кўпми? – маънодор кулди профессор. – Бўлган-бўлмаган қўнғироқлар билан асабингизни бузишмаяптими?

Муслима Шариповна гапни қисқа қилди:

– Ҳаммаси жойида… Иш бўлгандан кейин ҳар хил вазият бўлади…

– Тўғри айтасиз, Муслима Шариповна, – деди профессор. – Одам ишдан чарчамайди, ҳар хил қўнғироқлар одамни асабига тегиб, чарчатади. – Муслима Шариповна томонга бироз энгашиб, паст овозда гапирди. – Турли жўжахўрозлар кўпайиб кетган, бири аммасини, бири тоғасини жойлаштирмоқчи бўлади. Яна денг, буйруқ оҳангида гапиришади, илтимос қилса обрўйи тўкилиб қоладигандай. Бунинг устига текинга. Нима, менинг шахсий клиникамми бу? Давлатнинг тартибини мен бузолмайман-ку…

Энди Муслима Шариповнанинг юраги сиқила бошлади. “Бу гапларни нега айтмоқда менга? Ёки сен ҳам текинга ётаман, деб ўйлама, пул тўлайсан, демоқчими?”

– Кечирасиз, профессор, бу ерда директор бор, бош врач бор, нега сизга қўнғироқ қилишади? Пул тўлаш масаласида тартиб-қоида бор, ҳеч ким истисно қилинмайди-ку.

Бу билан хавотир олманг, профессор, мен лозим бўлган пулни тўлайман, деди. Буни профессор тушунди ва бироз ноўрин гапирганини англади.

Профессор ростланиб, креслога ястанади.

– Кечирасиз, Муслима Шариповна, ҳамкасб бўлганингиз учун бироз дардимни ёздим-да сизга. Кўнглингизга олманг бу гапларни… Энди сизнинг масалангизга келсак, мен ҳамма анализлар жавобини синчиклаб кўрдим. Ҳозирча сизга операциянинг ҳожати йўқ. Аммо иккита, балки учтадир стент қўйиш керак. Бу коронарографияда аниқ бўлади. Сиз ҳар эҳтимолга қарши учта стент олиб келинг. Ўзим чиройли қилиб қўйиб қўяман… Бошқа жиддий нарса йўқ.

Муслима Шариповна енгил нафас олди.

Профессор гапида давом этди:

– Балки, умуман стентга зарурат бўлмас.

– Ҳозир айтдингиз-ку, иккита қўйиш керак, деб.

– Яна қайтариб айтаман, ҳаммаси коронарографияда аниқ бўлади.

Муслима Шариповна ўрнидан турди.

– Бўпти, домла, сизнинг вақтингизни олмай. Қачон келишим керак?

– Вақтингизга қараб келаверинг, бир-икки кун олдин завотделга қўнғироқ қилинг, жой тайёрлаб қўяди.

Муслима Шариповна хайрлашиш учун қўл узатмади. Профессор ҳам ўрнидан турмади.

– Майли, домла, соғ бўлинг, катта раҳмат сизга. Хайр. Мен албатта, қўнғироқ қиламан.

Ишхонасига бориб, котибадан у-бу ишларни сўради. Ситора ҳаммаёқ тинчлик, ҳеч ким қўнғироқ қилмади, дегач, битта қаҳва қил, деди.

Креслога ўзини бўш ташлаб, кўзини юмди. Ҳеч нарсани ўйламасликка ҳаракат қилди. Кошки бунинг иложи бўлса. Профессор билан суҳбат миясида ғувиллаб айланаверди. “Учта дедими? Наҳотки шундай бўлса?”

Ситора қаҳва олиб кирди-ю, хаёли бўлинди. Қаҳвадан бир-икки ҳўплади-да, қизига қўнғироқ қилди.

– Гулбаҳор, яхшимисан, қизим. – Профессор билан суҳбатни қисқача айтиб берди. – Сен бир суриштириб кўр-чи, стент қанча турар экан.

– Мен аллақачон суриштирганман, – деди Гулбаҳор. – Унинг ҳар хили бор экан. Мутахассислар иложи борича Япония, Америка ёки Европаникини олиш керак, дейишди.

– Нархи қанақа экан, билдингми?

– Ўртача минг доллар…

– Биттасими? – деди Муслима Шариповна.

– Ҳа, бир комплекти, – деди Гулбаҳор. – Стент билан яна нималаридир бўлар экан-да.

Муслима Шариповна ўйланиб қолди. Профессорнинг гапларини эслади. “Давлатнинг тартибини мен бузолмайман-ку”.

– Хизмат учун ҳам тўланса керак? – деди Гулбаҳорга.

– Ҳа, – деди Гулбаҳор. – Дугонам орқали эридан сўраганман. Уч-тўрт кун ётар экансиз. Бу тахминан тўрт-беш миллион бўлар экан.

Муслима Шариповнанинг ҳайрати ошди. Профессор бекорга пулга шама қилмаган экан-да, деб ўйлади.

– Ростданми? – деди сўнгра. – Намунча қиммат? – Гулбаҳор гўё бунинг учун ўзи айбдордай секингина “билмасам” деди. – Демак, тахминан тўрт-беш минг керак экан-да, – Гулбаҳор индамади. – Менга қара, қизим, шу зарурми менга?

– Ойи! – Гулбаҳорнинг овози энди баландроқ чиқди. – Нимага зарур эмас?! Ахир дўхтирлар бекорга айтмагандир…

Эшик қия очилиб, Ситора кўринди.

– Майли, Гулбаҳор, кейин гаплашамиз, – деб гўшакни қўйди. – Ҳа, Ситора, нима гап?

– Шарифа Боқиевна келувдилар.

– Ҳозир, бирпас ўтириб турсин.

Совиб қолган қаҳвани ичди, ойнага қараб у ёқ-бу ёғини тузатди. Телефон тугмасини босди, “Лаббай, Муслима Шариповна” деган овоз эшитилди, “Айт, кирсин”, деди.

…Кечки овқатдан кейин телевизор кўриб ўтиришганда бу ҳақда эрига гап очди.

– Қачон мазангиз бўлмади? Менга айтмадингиз-ку, – деди Мэлс Тельманович.

– Сизни безовта қилгим келмади… Уч-тўртта уколми, капилница олсам, ўтиб кетар, деб ўйлагандим, бўлмаяпти… Кейин мажбур бўлдим мутахассисларга учрашишга.

Мэлс Тельманович энсаси қотган кўйи совуққон гапирарди.

– Ўзингизда йўқми шу аппаратлар? Замонавий аппаратлар олганмиз, деб мақтаниб юрасиз-ку.

– Тўғри, замонавий аппаратлар олганмиз, лекин бу бошқа нарса-да… Стент қўйиш ҳақиқий операция ҳисобланади. Уни ҳаммаям қўя олмайди, – деди Муслима Шариповна.

Мэлс Тельманович ўша алпозда, ўша оҳангда сўради:

– Отнинг калласидай пул керакдир?

“Асосий масалага энди келдик”, деб ўйлади Муслима Шариповна.

– Ҳа… Тахминан тўрт-беш минг доллар…

Муслима Шариповнанинг гапи оғзида қолди. Эри ялт этиб қаради. Бу қарашда хотини дардига ҳамдардлик, ачиниш, раҳм қилиш эмас, қандайдир таъқиб борга ўхшарди. Муслима Шариповна эрининг бу ҳаракатидан ҳайратланди, ҳатто бироз чўчиди ҳам.

– Беш минг доллар! – деди Мэлс Тельманович таъкид билан. – Шунча пулингиз борми? Бўлса нега мендан яшириб юрибсиз?

Эри бирмунча асабий бўлиб қолганини билар, шунга қараб муомала қилишга интиларди. Ҳозир шу тартибни бузмаслик учун ўзини босди, иложи борича вазмин тутди ўзини.

– Уйда қанча пул борлиги ўзингизга маълум, дадаси. Сиздан бир сўмни ҳам яширмайман. – Вазиятни юмшатиш учун гапни ҳазилга бурди. – Худога шукр, турмуш қурганимизга ўттиз йилдан ошди. Орамизда бир-биримиздан яширган пул у ёқда турсин, сиримиз ҳам йўқ-ку, дадаси.

Хотинининг гапига Мэлс Тельманович ҳеч нарса демади. Юзини ўгирди, бошини эгди. “Ҳа, мендан яширган сирингиз бормиди, дадаси” демоқни айни ўрни келганди-ю, аммо ҳозир мавриди эмаслиги учун тилини тийди. Орага оғир сукунат чўкди. Муслима Шариповна буни эрининг розилиги аломати, деб ўйлади. Лекин чучварани чом санаган экан. Юз йил бирга яшаб ҳам инсонни билиш қийин экан.

– Бўлмаса бунча пулни қаердан оласиз? Уйдаги бор пулни ишлатсангиз тирикчилигимиз нима бўлади? – деди Мэлс Тельманович ўша ҳолда ўтирган кўйи.

– Таниш-билишлардан сўраб турарман… Гулбаҳор ҳам қараб турмас… Оч қолмасмиз, мен ишлаб турибман-ку.

Мэлс Тельманович ҳафсаласизлик билан қўл силтади.

– Номи улуғ, супраси қуруқ… – Хотинига юзланди. – Менга қаранг, шу стент қўйдирса одам ўлмас эканми?

– Ким нимадан, қачон ўлишини ёлғиз Аллоҳ билади, – деди Муслима Шариповна. – Ажалим етса стент қўйдирсам ҳам, қўйдирмасам ҳам ўламан. – Чуқур уҳ тортди. – Ниятни яхши қилайлик, Мэлс ака.

Мэлс Тельманович даҳрийлиги қўзиб кетди шекилли, бақириб юборди:

– Доим менга яхши ният қилинг, ношукр бўлманг, деб ақл ўргатасан. – Ўта жаҳли чиққандагина хотинини сенсирарди. – Яхши ният қилавериб, мана шу аҳволга тушдим. Ундан кўра ўшанда ўлиб кетганим яхшироқ эди…

Муслима Шариповна эрининг ёнига бориб, оғзини қўли билан ёпди.

– Илтимос, жон дадаси, бундай деманг, куфрга кетманг… Йўқ десангиз, қўйдирмайман шу стент ўлгурни. Фақат бундай деманг, ялинаман. Аллоҳнинг қаҳрини келтирманг… Шукр қилинг.

Оғир сукунат чўкди.

Мэлс Тельманович ўзига-ўзи гапиргандай тўнғиллади.

– Ҳар доим бир хил гап – шукр қилинг, яхши ният қилинг. Э, падарига лаънат…

Эрининг бу гапига қарши бирон нарса дейишга тили лол эди. Бир кўнгли эрига заҳрини сочмоқни ўйлади. Шу ниятда унга узоқ термилди. Аммо Мэлс Тельманович лоақал қайрилиб ҳам қарамади. Муслима Шариповна фикридан қайтди. Гап чувалашмасин, деди. Ундан кейин ортиқча гап-сўзга, баҳслашишга ҳозир на хоҳиши, на ҳоли бор. Индамай хобгоҳга кириб кетди. Эрининг гапларидан ичида қўзғалган ғалаённи босиш учун одатдаги дориларига қўшиб, ҳапдори ҳам ичди. Кўзини юмиб ётди. Хаёлини чалғитмоқчи бўлди, кошки бунинг иложи топилса, уйқуга тутинди, кошки бундай пайтда уйқу кела қолса. Эрининг гапларини унутишга ҳаракат қилган сари турли фикрлар босиб келаверди. “Наҳотки шу гапларни менинг эрим айтган бўлса? Нима демоқчи бу билан? Не-не қийинчилигу машаққатларни бирга енгиб келаётган, бу кишига садоқату вафодан ўзга нарсани хаёлимга ҳам келтирмай, оилам, эрим деб тиним билмай юрган бўлсам-да, шу гапни эшитсам. Нима, шу стент ўлгурни мен эрмакка қўйдирмоқчиманми? Бирон-бир қимматбаҳо буюм олмоқчиманми? …Дардимга малҳам бўлиш, майли, ойиси, пулни ўйлама, қарз-қавола қилиб бўлса ҳам топармиз, ўзингга қара, шунга зарурат бўлса қўйдир, дейиш ўрнига… Бу киши уйда ўтириб қолгандан бери кўнгли чўкмасин, деб ҳеч нарсани аямасам…”

Муслима Шариповнанинг ич-ичидан ўкирик келди, йиғлаб юборишдан базўр тийди ўзини. Эрининг олдида қанча кўзёши қилган, унга суяниб келган, ундан мадад кутган. Аммо ҳозир йиғлашини, кўз ёшини эри кўриб қолишини истамади. Қандайдир ғурурми, ориятми устун келди… Ҳамма нарсани унутишга ҳаракат қилиб, кўрпага бурканиб олди.

Турфа ўйлар билан ухлаб қолди.

Биров туртгандай чўчиб уйғонди. Эри ҳали ҳам ётмапти. Соатга қаради: икки! “Нега шунча ўтирмасалар… Нима бўлаяпти экан телевизорда?”

Шу хаёл билан эрининг олдига кирди. Телевизор ёниқ, қандайдир хорижий кино бўляпти. Столда бир шиша очилган ароқ, пиёла турибди. “Оббо, яна ичиптилар-да… Шунча айтдим-а, ичманг, деб… Шу ароқ орқасидан ногирон бўлиб ўтириптилар-ку…” Мэлс Тельмановичнинг боши бир томонга қийшайган, икки қўли креслонинг икки тарафида осилиб ётарди. “Ухлаб қоптилар-ку”. Уйғотмоқчи бўлди. Секин ёнига бориб елкасига қўлини қўйди, қўйди-ю, бутун вужуди сесканиб кетди. Беихтиёр ўкириб юборди:

– Мэлс ака-а-а!..

Мэлс Тельмановичнинг танаси аллақачон совиб бўлган эди…

2020 йил

ЧЎЛИ ИРОҚ

Муҳаббат эрини уйғотмоқчи бўлиб уйга кирди-ю, мириқиб ухлаётганини кўриб фикридан қайтди. Ширин уйқусини бузгиси келмади. Астагина стулга ўтирди. Бахтиёр худди ёш боладек пиш-пиш қилиб беозор ухларди. Унинг ораси очиқ қалин қошлари пирпираб қўяди. Муҳаббат эрининг қошларига термилиб, ўйлади: “Мунча ораси очиқ. Эскиларнинг гапида ҳикмат кўп. Қошларининг ораси очиқ йигитлар узоқдан уйланади, уларнинг кўнгли ҳам очиқ бўлади, деганлари рост экан. Бўлмаса, бу киши қаёқда эди-ю, мен қаёқда эдим. Етти ухлаб тушимга кирмаган… У-чи? У ўйлабдими менга уйланишни?”

Уларнинг тўйи ўтганига эндигина бир ой бўлди. Тўйдан олдин бир-бирига жуда яқин, сирдош эдилар, ҳатто тортинмас, унча-мунча гапларни бемалол айтишарди. Никоҳ кунидан бошлаб иккаласининг ҳам кўнглида ғалати бир кайфият туғилди. Бир-бирига кўринмас иплар билан чамбарчас боғланганини ҳис қилганлари сари уялиш, тортиниш туйғулари жўш урарди. Ёлғиз қолган кезлари куёвнинг ҳам, келиннинг ҳам тилига сўз келмас, гўё бир-бировини энди кўраётгандай жим ўтиришади. Онда-сонда айтиладиган гаплари ўзларига ҳам эриш туюлади. Қизиқ, нега шундай экан? Тўйдан олдин иккови икки ёқда қачон бирга бўлишни, мириқиб суҳбатлашишни, бир-бирининг дийдорига қонишни орзу қиларди. Висол онларида бири қўйиб, иккинчиси гапга тушарди. “Севасизми?” “Севаман”. “Сиз-чи?” “Мен ҳам”. Шу каби бир хил сўзлар қайта-қайта такрорланар, аммо на йигитнинг, на қизнинг ғашига тегмас, аксинча, яна эшитгиси, яна сўрагиси, яна эшитгиси келарди.

Энди-чи? Қизиқ, нега энди бунақа? Йўқ, улар бир-бирига тўйиб қолгани йўқ! Ошиқ-маъшуқлик йўриғи бўлак экан. Унда бирга бўлишларига қанчалик ишонсалар-да, барибир ҳали амалга ошмаган ширин орзу эди бу. “Ютганим ўзимники, чайнаганим гумон”, деган гап бор. Никоҳ бу гапни уларнинг кўнгилларидан чиқариб ташлади. Йўқ, ўзаро қандайдир “ётсираб” қолиши бунданмас. Улар ҳамон бир-бирига ташна, ҳамон интиқ. Фақат эндигиси бўлакча… Никоҳ ҳар кимнинг ҳам ҳаётини бошқа изга соларкан. Негадир одам ўзини салобатли, вазмин сезиб қоларкан. Олдинги шўхликлар, ҳазил-ҳузуллар энди…

Муҳаббат эрининг юзларини, сочини оҳиста силай бошлади. Бахтиёр кўзини очди. Юзлари сутга чайилгандай оппоқ, шунданми, қош-кўзлари яна ҳам қорароқ кўринган фариштасифат Муҳаббат ўтирипти. Унинг ипакдек майин қўллари Бахтиёрнинг силлиқ юзларини силади. Бир тутам қуёш ёғдуси саҳнадаги балеринани қувлаб юрган прожектор нуридек унинг юзига тушиб турибди. Келин-куёв бир-бирига унсиз узоқ термилди. Кейин кўзлар бир-бирига яқинлашди, яна ва яна яқинлашди…

Муҳаббат оҳиста бошини кўтарди. Унинг юзлари лоладек қизариб кетган. Эрининг кўзларидан кўзини олиб қочиб, унинг юзига астагина шапатилади. Бу шапатининг таъсирини на куёв сезди, на келин.

– Ёмонсиз, – деди Муҳаббат.

– Сен яхшисан, – деди Бахтиёр.

Иккаласи ҳам унсиз жилмайишди.

– Турмайсизми энди.

– Ҳали вақтли шекилли… Бугун дам олиш-ку.

– Шундай бўлсаям-да… Битта-яримта келиб қолиши мумкин.

– Ким ҳам келарди? Ҳамма ўз иши билан овора ҳозир.

– Билиб бўладими? Ахир ҳар якшанба кимдир келади-ку, эсингиздан чиқдими, – деди Муҳаббат кулиб. Чиндан ҳам тўйларидан кейин уларникига ҳар дам олишда биров келарди. Гоҳ келиннинг уруғларидан, гоҳ куёвнинг қариндошларидан, ёки уларнинг тўйига келолмаган дўстлари муборакбод этгани келишарди. Шунга улар кўникиб қолишган, бирор якшанба меҳмон келмаса, нимадир етишмаётгандай туюларди.

– Ҳа-я, рост айтасан. Саккиз яримнинг концертими? Ёз қизиқ-да, соат саккизда чошгоҳ бўлиб кетгандек кўринади. Қишда шу пайтда тонг отмаган бўларди ҳали.

“Энди Турғун Алиматов ижросида сатода “Чўли ироқ”ни тингланг”. Сухандоннинг эълони Муҳаббатнинг диққатини тортди.

– Тўхтанг, Бахтиёр ака, эшитайлик шу куйни. Жуда яхши чалади-да.

Сато тилга кирди. Бахтиёр шифтга термилиб ётар, Муҳаббат эрининг найзадек ўткир, узун ва қалин киприклари қуршаб олган жуда тиниқ, ҳаётидан мамнунлик сезилиб турган чақноқ кўзларидан нигоҳини узмайди, аммо хаёли паришон. Сато торлари инграр, гоҳ ҳазин, гоҳ баланд пардада нола қиларди. Гоҳо нафаси етмай қолиб, дами ичига тушиб кетгандай, бир сония жим бўлиб қолар, лекин орқада – худди тоғлар акс-садо қайтаргандай унинг ноласи зириллаб турарди. Мусиқа гўё аста-секин киши юрагига кириб борар, унинг пардасини ҳозир… ҳозир йиртиб юборгудай бўларди.

Муҳаббат ўзини тамоман йўқотиб қўйган, юраги ёниб адо бўлаётган шам мисоли титраётганини сезмасди. У ҳали умрида ҳеч кўрмаган жойларни ҳозир шу тобда хаёл кўзлари билан яққол кўриб турарди: Ана, поёнсиз саҳро, қум, қум… Иссиқдан оёқ куяди. Карвон кетидан бораётган ўн етти яшар соҳибжамол қизнинг мадори қуриган. Тили танглайига ёпишади. У бор кучини тўплаб “сув” демоқчи бўлади, лекин тили айланмайди, у жуда оғир, худди шишиб кетгандай. Атрофда бирон жонзот йўқ. Олдинда кетаётган нортуя бўйнидаги қўнғироқнинг майин, юракни эзувчи саси келади қулоққа. Саҳро – нон ёпишдан олдин оқартирилган тандир. Бу тандирга бордию илоҳий қудрат бир томчи сув ташласа, киприк қоққунча ўтган фурсатда қуриб қолади. Туя арқонига боғланганича бораётган гўзалнинг юзлари иссиқнинг зўридан бўғриқиб кетган, тўқ жигарранг тусга кирган. Энди лоақал кўзини очишга ҳам қуввати етмайди.

Тонг шабнамидек беғубор бу гўзални тақдир қаёқларга олиб кетмоқда? Уни кимларнинг шафқатсиз панжаси остига ташлайди. Буни ким билади? Ҳеч ким! Ҳеч ким!

О, шўрлик қиз! Не кўргиликлар бор сенинг бошингда! Қандай жафолар кутмоқда сени? Мадорсизлик, ташналик қизнинг хаёлларини алғов-далғов қилиб юборди. “Қачон етамиз? Қаерга борамиз? Муштипар онам, дасти калта отам! Қайларда қолдингиз?” Лекин буни ҳеч ким билмайди, унинг қисмати оғир, йўли йироқ. Жуда йироқ… қум, қум, қум…

Куй ўтмишдаги ана шу ғам-ғусса ҳақида сўзламоқчи бўлади, лекин гапиролмай йиғлайди. Бу ғамни ҳатто сато торлари ҳам кўтаролмай ўпкаси тўлиб кетади. Инграб, эзилиб йиғлайди, йиғлайди. Бахтиёрнинг юзига иссиқ бир томчи тушди. У шарт хотинига қаради.

Муҳаббатнинг хиёл қисиқ, аммо ҳар қандай юракни бир кўришдаёқ ўртовчи тим қора кўзларига ёш тўлган, киприклари орасидан сизиб чиқарди.

– Сенга нима бўлди, Муҳаббат?

Муҳаббат ёшли кўзларини жавдиратиб эрига термилди-ю, индамади, гапирмади.

– Сенга айтаяпман? Нима гап ўзи? – Бу сафар Бахтиёрнинг овозида бир ўктамлик зоҳир эди.

Муҳаббат чуқур хўрсинди.

– Куйи шундай бўлса ғамнинг ўзига

Қандай чидай олган экан одамзод?!

– Қўйсанг-чи, азизам, ҳар куй эшитганингда бунақа эзилаверсанг, ўзингни ўзинг адо қиласан-ку.

– Йўқ, Бахтиёр ака, – Муҳаббат эрининг сочларини меҳр билан силади, – ҳамма куйга ҳам йиғлайвермайман. Биласиз-ку, “Чўли ироқ”ни яхши кўраман. Шу куйни эшитишга ўзимнинг ҳам юрагим йўқ, безиллаб қолганман, аммо эшитмай туриб кетолмайман, журъатим етмайди.

– Бўлди! – Бахтиёр чаққон сакраб турди ўрнидан. – Одам деган бунақа пессимист бўлмайди. Ярашмайди! Қани, чой-пойингни олиб кел!

Бу – Бахтиёрнинг хотинига бошқа эркаклар каби буйруқ оҳангида илк гапириши. Буни Муҳаббат ҳам сезди, лекин у қадар эътибор бермади. Қачондир, бир кун шундай бўлишини биларди.

Ўша куни кечгача Бахтиёрнинг чиройи очилмади, кўнгли ғаш бўлиб юрди. Муҳаббатнинг йиғлагани сабабини ўзича таҳлил қилар, турли хаёлларга борарди. “Нега бунча эзилди у? Йиғидан ўзини тутолмади. Нега? Хўш, куйни яхши кўрса нима бўлибди? Мен ёмон кўраманми? Ёки шунчалик тошбағирманми? Йўқ! Куйни яхши кўрган одамнинг ҳаммасиям йиғлайвермайди-ку. Бирон сабаб борки, йиғлайди, эзилади шунчалик. Эҳтимол, шу куй билан боғлиқ бир гап бордир? Албатта, менга айтармиди…” У ўйлаган сари хаёлига турфа фикрлар келар, гўё излаган нарсасини ҳозир топадигандек туюларди: “Балки ҳув анави гапи бекоргамасдир: “Қандайдир бир ашулачимией, созандами-ей менга уйланмоқчи бўлиб юрарди. Лекин ота-онам унга икки дунёда ҳам бермасди. Ўзим-ку ўлдирса ҳам тегмасдим”. Эҳтимол, бу билан қўрққан олдин мушт кўтарар қилгандир. Ҳарқалай бир гап бор. Ўзи эрталаб ўрнимдан турмасимдан келиб эркаланишидан юрагим шиғилловди-я. Хотин киши ё ёмон туш кўриб чиқса, ёки ҳаром йўлга қадам қўйса, ҳеч бўлмаса олдинги жазманини ўйлаб юраги сиқилса, эрини эркалашга, унга суйкалишга тушади, дейишарди. Шу гап ростга ўхшайди. Шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди. Одамлар минг йиллик тажрибаларидан кейин бир хулосага келадилар.

Бу фикрлар Бахтиёрнинг ичини сичқондек кемирар, юраги гупиллаб урарди. “Хотин зотининг энг соддаси ҳам айёрликда тулкига дарс беради”. Буларни ўйлаган сари қайсидир ўртоғидан эшитган ана шу гап ёдига келар ва унга ўзини ўзи ишонтирарди.

Бахтиёр важоҳатини босолмади. Ҳозир хотинини чақириб, очиқ-ойдин гаплашиб олмоқчи бўлди. “Темирни қизиғида босган маъқул”.

– Муҳаббат!

Ошхонадан Муҳаббатнинг овози эшитилди.

– Лаббай.

– Менга қара… Бу ёққа кел!

Муҳаббат кирди. У пешбанд тутиб олган, қия қилиб ўралган ялтироқ рўмоли ярашиб турарди. Муҳаббатнинг ёноқлари иссиқдан қизариб кетган, қайрилма қошлари қалдирғоч қанотидек ингичка, қуралай кўзлари ўтдек ёниб турарди. Рўмоли остидан тошиб чиққан қоп-қора сочлари оппоқ бўйнида эркаланиб ётарди.

Қоронғи жойдан бирдан ёруққа чиқса одамнинг кўзи қамашади. Бахтиёр ҳам шундай ҳолга тушди. У ҳозиргина ўтин чўғидек ёниб, куйиб турувди. Муҳаббат билан юзма-юз бўлди-ю, кўзи жимирлаб, дами ичига тушиб кетди.

О, гўзаллик! Сенинг олдингда кимлар тиз чўкмаган! Не-не баҳодир-у паҳлавонларни лол қолдирмагансан?! Сенинг меҳру сеҳрингга не-не азаматлар асир бўлмаган!

– Чақирдингизми? – Муҳаббатнинг табассуми Бахтиёр қалбидаги алангага сув сепди. У хотинига қараб туриб симобдек эриб кетди.

– Ҳа, чақирувдим. Гугурт борми?

– Гугурт, ҳа, бор. Мана, – у пешбандининг чўнтагидан олиб берди.

– Раҳмат…

* * *

Бахтиёр уйга келса, Муҳаббат йиғлаб ўтирибди.

– Яна нима бўлди?

– Ҳеч нима. Ўзим шундай.

– Яширма мендан, барибир билиб оламан. Кейин хафа бўласан.

– Нимани яшираман сиздан, Бахтиёр ака. Эшитяпсизми, мусиқа, “Чўли ироқ”.

Бахтиёр баттар тутоқди.

– Эшитяпман. Шунинг учун сўраяпман. Хўш, “Чўли ироқ”ни яхши кўрсанг нима бўпти? Шунга йиғлайсанми? Ахир бир марта бўлмаса, икки марта бўлмаса… Ҳар доим шу аҳвол. Турмуш қурганимизга бир йил бўляпти-ю, ҳамон ўша куйни эшитсанг йиғлайсан. Бўлди-да энди.

– Турмуш қуришимизнинг нима алоқаси бор бунга. Илгари ҳам шунақа эди. Бундан кейин ҳам…

– Демак… куй замирида кимдир бор. Уни эшитганингда ўшани эслайсан… “Чўли ироқ” яхши куй эмиш. Билдик яхшилигини…

– Бахтиёр ака! Нималар деяпсиз? Наҳотки… наҳотки мени…

Муҳаббат ўзини Бахтиёрнинг кўксига отди.

– Алдама мени. Лақиллатаман деб ўйлама. Сен ўйлаган лақмалардан эмасман.

Муҳаббат кўзларида ғилт-ғилт ёш билан эрига термилди.

– Ўтинаман сиздан, бунақа фикрларни хаёлингиздан чиқариб ташланг. Ахир бу мен учун ҳақорат-ку. Сиздан бўлак бирон киши ақалли қўлимни ушлаган бўлса, тил тортмай ўлай!

– Қасам ичма!

– Ишонмасангиз нима қилай ахир? Ҳеч нарсани, ҳеч кимни эсламайман. Билмадим, нимага ундай? Шу куйни эшитсам юрагим сиқилиб, йиғлагим келаверади…

– Бўлди. Бас қил куй-пуйингни.

Муҳаббат пиқ-пиқ йиғлар, ўзини босмоқчи бўлгани сари баттар ўпкаси тўлиб келарди. Бахтиёр айвонга чиқди-да, сигарет тутатди.

* * *

Куни билан Бахтиёрнинг кайфияти бўлмади. Юраги хижил, кўнгли хира. Бошлиғидан эшитган дашноми ярага туз сепгандай бўлди. Ишхонадан эртароқ чиқдида, буфетга бурилди. Одатига қарши у ердан бир стакан ароқ олиб ичди. Газак ҳам қилмади.

Уйга келса, хотини ҳали ишдан қайтмабди. Қоронғи тушиш палласини – ғира-ширани ёқтирмасди у, юраги сиқилиб кетади. Шунинг учун ҳовлида ўтиролмади. Ичкари кириб ечинмасданоқ каравотга чўзилди. Ётган жойида сигарет тутатди.

Радиода концерт бўляпти. “Энди “Чўли ироқ”ни тингланг”. Бахтиёр радиони ўчирмоқчи, суғуриб олиб ҳовлига ирғитмоқчи бўлди. Лекин қандайдир куч, ирода уни бу фикридан қайтарди. “Радиода, куйда нима айб. Ўчирганим билан…” Сигаретни босиб-босиб тутатаркан, куйнинг сеҳрли тўрига илиниб қолганини – берилиб тинглаётганини ўзи ҳам сезмасди. Сатодан таралаётган мунгли куйни сигарет тутунига қўшиб ичига ютаётгандай, бу оҳанг юрак пардаларини зириллатаётгандай бўлди. Энди куй садолари ичидан эшитилаётгандай туюлди.

О, сеҳрли куй! Неча асрлардан буён қанча-қанча одамларнинг юрагини зирқиратасан? Не-не тошбағирларни мумдай эритмадинг! О, буюк халқ! Она халқим! Сенинг бетимсол даҳонгга таъзим! Минг бор тасанно! Шу куйларинг, шу сеҳркор мўъжизаларинг бўлмаганда, фарзандларинг ҳам шу қадар мулойим, одамохун, бағрикенг бўлармиди! Минг бор қуллуқ сенга, она халқим!

Куйнинг кўз илғамас тўри Бахтиёрни маҳкамроқ сиқиб борарди. У нигоҳини бир нуқтадан олмай тубсиз ўйга ғарқ бўлди. Китобларда ўқигани, киноларда кўргани, раҳматлик бувисидан эшитганлари – ўтмиш, ғамли, аламли ўтмиш кўз олдига келди. Куй ўша узоқ мозий ҳақида, унинг юракларни силқитувчи дардлари ҳақида йиғлаб, фарёд солиб ҳикоя қиларди. Олисдан, жуда олисдан кимнингдир нолакор, аммо шиддатли, исёнкор, мардона овози чалинди қулоғига:

 
Баски қўйдим мен фалакнинг елкасига ғам юкин,
Кийди мотам тўнинию, бўлди қадди ҳам дуто.
 

Эшик карс очилиб Муҳаббат кирди. Чироқни ёқди. У эрининг бу аҳволда ётганини кўриб қўрқиб кетди.

– Сизга нима бўлди?

Бахтиёр гапирмади. Фақат “жим” дегандек қўлини кўтарди-да, радиога ишора қилди. Шундагина Муҳаббат куйни эшитди. У эрига қаради. Қаради-ю унинг кўзларида чироқ нурида ялтираб турган ёш томчиларини кўрди. Бу ҳол уни ҳайкалдек қотириб қўйди. Куй тинди.

– Сизга ярашмас экан, – деди Муҳаббат оғир тин олиб.

Бахтиёр индамай ўрнидан турди. Секин келиб хотинини қучоқлади. Юз-кўзларидан ўпди. Бу бўсалар Муҳаббатга ҳаммасидан – тўйдан олдинги ўғринча бўсалардан ҳам қайноқроқ, меҳрлироқ туюлди.

1977 йил

ГЛАДИОЛУС

 
Қуриган, ҳиди йўқ, унутилган гул,
Китобни очаркан, кўриб қолдим мен.
 
А.ПУШКИН

Қабрга тупроқ тортиб бўлинди. Қорининг тиловати ҳам ниҳоясига етди. Ҳамма юзига фотиҳа тортди: Кимдир ҳозиргина тупроққа қўйилган марҳумнинг савол-жавоби осон бўлишини сўради, кимдир ўзининг ота-онасини эслаб, улар ҳақига дуо қилди, кимдир шунчаки юзига фотиҳа тортиб қўя қолди.

Хуллас, дафн тугаб, ҳамма тарқала бошлади. Кимлардир ўзаро пичирлашиб, баъзилар индамай ерга қараб ўйчан кетмоқда.

Жалил Ниёзович ҳам кўп қатори бир-бир босиб, жимгина борар, онда-сонда икки тарафдаги қабрларга назар ташлар, аммо қабртошлардаги ёзувларга аҳамият бермас, бутун хаёли ҳозиргина дафн этилган дўсти Акмалда эди: “Қандай бақувват, хушчақчақ одам эди-я… Қаердан йўлиқди бу бало унга. Ўзини жуда эҳтиёт қилиб юрарди-ку. Шу пандемия бошланибдики, уни ниқобсиз кўрмаганман. Ниқоб тақмаган ходимларига, ёри-биродарларига дакки бериб юрарди, раҳматли… Куни битса иложи йўқ экан-да… Аллоҳ раҳматига олсин… Бу коронавирус дегани қанча-қанча одамларнинг ёстиғини қуритди…”

Унинг олдида кетаётган икки кишининг суҳбати Жалил Ниёзовичнинг хаёлини бўлди. Улар йўлакнинг бир чеккасига ўтди-да, ўнг томондаги қора мармар қабртошга ишора қилиб, бири иккинчисига деди: “Азиза опаям шу ерга қўйилган экан-да”. Иккинчиси: “Қайси Азиза опа?” Биринчиси: “Жаҳон мусиқасидан дарс берадиган домламиз бор эди-ку, Азиза Эшонхўжаева. Ана, қаранг”. Улар қабр томонга юрди. Жалил Ниёзовичнинг эти жимирлаб кетди, баданига чумоли ўрмалагандай бўлди. “Наҳотки бу ўша Азиза бўлса?” Шу ўй-фикр хаёлини чақмоқдай кесиб ўтди. У ҳам беихтиёр тўхтади. Ҳалиги икки киши чўнқайиб ўтирди-да, тиловат қила бошлади. Жалил Ниёзович ҳам уларга қўшилди. “Аллоҳ раҳмат қилсин”, деди пичирлаб ва юзига фотиҳа тортди. Нотаниш кишилар “Сиз ҳам танирмидингиз?” дегандек Жалил Ниёзовичга юзланди. У “Ҳа, танирдим” деган маънода бош ирғади. Шу билан сўзсиз суҳбат тугади. Улар ўз йўлида давом этди. Жалил Ниёзович ҳам. Лекин унинг оёқлари ўзига бўйсунмас, негадир жуда оғирлашиб, бутун вужуди титраб, совуқ тер босгандай, мадорсиз бўлиб қолгандай эди. Қандайдир куч “Шошма, бироз тўхта”, дерди. Аммо ҳозир бунинг иложи йўқ, издиҳомдан ажралиб қолиш яхши эмас. Ўзини қўлга олиб, оқимга қўшилди. Қабристон дарвозасидан чиққач, кимдир автобусга, кимдир енгил машинага ўтирди. Жалил Ниёзович машинаси томон юрди.

– Гул магазинига ҳайда, – деди.

Ҳайдовчиси ажабланиб қаради.

– Фотиҳага бормаймизми?

– Кейин, – деди Жалил Ниёзович, – кейин борамиз.

Жалил Ниёзович Акмал ака билан қил ўтмас қадрдон эканидан ҳайдовчиси хабардор, аммо дафндан кейин марҳумнинг уйига бориб фотиҳа қилиш кераклигини хўжайин яхши билади-ку, нега ҳозир бундай қиляпти, деб ҳайрон қолди. Гулни эртага қўйсак ҳам бўлади-ку, демоқчи бўлди, аммо журъат этмади. Жалил Ниёзовичнинг ҳозирги ҳолати бунга изн бермасди.

– Қаерда гладиолус сотади? Ўша ерга ҳайда.

Хўжайиннинг бу гапи ҳайдовчини янада ҳайратга солди. “Қабрга қанақа гул қўйишнинг нима аҳамияти бор?”

Икки-уч гул дўконига кирди, не-не гуллар бор – кўзни қамаштиради: архидея, лилия, атиргулнинг минг бир хили. Жалил Ниёзовични бирортаси қизиқтирмади, фақат гладиолус сўради. Баъзи гулчилар ҳатто кулишди ҳам – ҳозир унақа гул йўқ, модадан қолган. Товба, гулнинг ҳам модаси бўладими? Ҳа, ҳамма нарса қатори замонга қараб гулларнинг ҳам урф бўлиши ўзгариб турар экан. Бир вақтлар гул сотувчилар борки, албатта, гладиолус бўларди – оқи, қизили, тўқ қизили, жигарранги, пуштиси, танлаб, саралаб олардингиз. Жалил Ниёзович ёшлигида бу гулни қадди-қомати расо қизларга ўхшатарди. Чунки гладиолус тик ўсади, ғунчалари ҳам ёнига эмас, юқорига қараб очилади.

Гладиолус топилмагани сари Жалил Ниёзович баттар тундлашиб, асаби қўзирди, наҳотки шундай катта шаҳарда шу гул топилмаса, деб жаҳли чиқарди. Йўқ, уруғи қуриган экан, топилмади.

– Энди нима қиламиз, хўжайин? – деди ҳайдовчи.

Жалил Ниёзович ўйчан бошини кўтарди:

– Бор, олиб чиқ.

– Қанақасидан?

– Барибир… Гладиолус бўлмаганидан кейин қанақа гул бўлишининг аҳамияти йўқ. Олиб чиқавер.

Бироздан кейин ҳайдовчи бир даста қип-қизил атиргул кўтариб чиқди.

– Бўладими?

Жалил Ниёзович ҳайдовчисининг саволига жавобан деди:

– Қабристонга ҳайда…

* * *

Жалил илмий-тадқиқот институтида ишларди. Бир куни хонасига ўттиз ёшлардаги жувон кириб келди. Ўрта бўйли, қадди-қомати келишган, барги карам нусхали атлас кўйлаги жуда ярашган. Хонага кириши билан қимматбаҳо атир бўйи йигитнинг димоғига урилди. “Фаранг атри, “Кристиан Диор”микан ё “Шанел”ми?”

– Кечирасиз, Жалил Ниёзов сизмисиз? – деди жувон.

– Ҳа, менман, – деди Жалил, – келинг, ўтиринг.

Жувон Жалилнинг ёнидаги стулга омонатгина ўтирди. Ял-ял ёниб турган кўйлагини ғижим бўлишидан эҳтиёт қиларди чамаси. Ёнига яқин келганидан сўнг хушбўй Жалилни ром қилди. Бирзум ўзини йўқотгандай сезди. “Инсон ҳам шу қадар гўзал, назокатли бўладими?” Жалилнинг кўз ўнгида тирик гладиолус тургандай эди.

– Бир илтимос билан келдим олдингизга.

– Бемалол.

– Сизни рус тилидан ўзбек тилига яхши таржима қилади, дейишди.

Жувон гапираяпти-ю, Жалилнинг қулоқлари остида майин мусиқа янграётгандай туюлди. У аёлга разм солди: чақнаб турган кўзлари қоп-қора, киприклари узун-узун, қоп-қора қошлари қалдирғочнинг икки қаноти каби. Соҳиби қудрат бу бандасини яратганда ҳеч нарсани аямагандай эди.

Жалил унинг гапларини эшитмас, бу малак олдида эс-ҳушини йўқотиб, карахт бўлиб қолган эди. Жувон буни сезди, аммо ажабланмади. Чамаси бундай ҳолат унинг учун янгилик эмас эди.

– Сиз музикани, айниқса, классик музикани яхши кўрар экансиз, деб эшитдим.

– Мусиқани ким яхши кўрмайди…

Аёл кулди. Унинг кулгиси бир чиройига ўн чирой қўшди. “Ё қудратингдан Парвардигор! Шунчалар ҳам гўзал қилиб яратасанми бандангни…”

– Яхши кўриш билан яхши кўришнинг фарқи бор, – деди жувон. – Кимдир шунчаки, вақт ўтказиш учун эшитади, кимдир юрак-юракдан туяди музикани.

– Таржимага бунинг нима алоқаси бор?

– Алоқаси бор, – деди жувон жилмайиб. – Ман консерваторияда ишлайман, отим Азиза. Жаҳон классик музикаси ҳақида китоб ёзган эдим. Шуни ўзбек тилига таржима қилиш керак. Сизни тавсия этишди. Музикани чин юракдан севадиган одам таржима қилса яхшироқ чиқади, деб ўйлайман… Тўғриси, бир-икки кишига учрадим, улар музикадан узоқ одамлар экан. Шунга…

Жалил унинг гапини бўлди:

– Мен ҳам мусиқашунос эмасман.

– Биламан, лекин музикашунос бўлиш шарт эмас. Кечирасизу, айрим музикашуносман, деб юрганлар бор, лекин музикани тушуниш у ёқда турсин, тинглашни ҳам билмайди.

Энди Жалил кулди, росмана кулди. Бу жувонни ажаблантирди, ҳатто бироз ранжигандай туюлди.

– Кўнглингизга олманг, – деди Жалил вазиятни юмшатиш учун. – Мен ҳам жуда сиз ўйлаганчалик мусиқани тушунмайман, фақат мусиқа, айниқса, ўзимизнинг мумтоз мусиқаларимиз ва жаҳон классик мусиқалари жиннисиман, холос. Айтайлик, мақомлар жон-дилим, Бетховен, Моцарт, Шостакович каби композиторлар асарларини севиб тинглайман. Мақомларимиз, мумтоз ашулаларимиз қатори Ботир Зокировни ҳам, Майкл Жексонни, Алла Пугачева, Анна Герман, Муслим Магомаевни ҳам жонқулоғим билан эшитаман.

Жувоннинг кўзлари чарақлаб кетди.

– Шунинг ўзи етарли, – деди ҳаяжон билан. – Музика жиннисиман, деган гапингизни ўзи кўп нарсани айтиб турипти… Сиз, айнан сиз кераксиз манга, китобимни сизга таржима қилдираман. – У гапирган сари ҳаяжони ошиб борар, гўё Жалил йўқ, таржима қилмайман, вақтим йўқ, дейишидан чўчигандай, уни қўлдан чиқармасликка ҳаракат қилаётгандай туюларди. – Меҳнат ҳақингизни бераман, қанча десангиз бераман, фақат йўқ деманг, илтимос…

Жалил унинг гапларини тинглар экан, ҳақиқий мусиқа жинниси шу экан-ку, деб ўйлади. У кириб келганида, консерваторияда ишлашини билганида, айниқса, ундан қимматбаҳо фаранг атри ифори таралиб, ақлу ҳушини олганида роса димоғдор, унча-мунчани менсимайдиган аёлга ўхшайди, бу кибор хонимнинг мен ғарибда нима иши бор экан, деб ажабланган эди. Суҳбатлашгани сайин фикри ўзгариб борди.

– Бу гапларни қўйинг, Азиза опа, – деди Жалил. – Меҳнат ҳақи ўз йўлига. Мусиқа ҳақидаги китобни таржима қилиш осон эмас, унинг ўзига хос терминлари бор, энг асосийси, мусиқа ҳақидаги китобнинг мусиқа каби ўз оҳанги бўлади, уни топмаса, сақламаса таржима чиқмайди. Мен мусиқа ҳақидаги бир-икки мақолани таржима қилганман, биламан. Яхшиси, китобингиздан бир парча олиб келинг, таржима қилиб кўрай. Сизга маъқул бўлса, қолганини кейин гаплашамиз.

Бу таклиф Азизага маъқул тушди.

Жалил китобнинг бир-икки бобини таржима қилди. Азиза билан бирга солиштириб кўрди. Азиза ҳар бир жумлани, ҳар сўзни Жалилдан қайта-қайта сўрар, русчадаги маъно-мазмун ўзбекчада қанчалар тўғри, оҳангдор чиққанига эътибор қаратар эди. Сўзларни кўрсатиш учун Жалилга тиқилиб келар, унинг атири ифори билан майин нафаси Жалилни сархуш қилар, шу боис, Жалил стулини сал суриб олар, Азиза ҳам беихтиёр яна у томонга яқинлашар эди.

Ишдан бўш вақтларида, кўпроқ шанба кунлари, шу тарзда ишлашди.

Китобнинг мазмуни, унда баён қилинган маълумотлар Жалилни қизиқтириб қўйди. Боз устига Азизанинг ўз ишига масъулияти, мусиқани жон-дилидан севиши, композиторларни осмонларда тасаввур қилиши Жалилни ром этди. “Бундай фидойи инсон, билимдон олима билан ишлаш кишига завқ беради, одам ишлаб чарчамайди…” Жалил шундай хаёллар билан китоб таржимасига, Азиза билан ишлашга берилиб кетди. Аста-секин шанба келишини орзиқиб кутадиган бўлди.

Бир шанба Азиза келмади, қўнғироқ ҳам қилмади. Жалил ўзини қўярга жой тополмади ўша куни. Хонасида кечгача кутди уни, ана келиб қолар, мана келиб қолар, деган умидда. Қўли ишга бормади. Кўз ўнгидан Азизанинг сиймоси кетмади, қулоғидан унинг майин, ширали овози, димоғидан хушбўйи аримади.

Тушкун кайфиятда уйига қайтди. Ўша куни илк марта хотинининг гапларига терс жавоб қайтарди. Бундан хотини ҳайрон, ҳатто ўзи ҳам. “Менга нима бўляпти ўзи? Ўзингни қўлга ол, Жалил… Келмаса келмас… Сенга нима, у сенгамас, сен унга кераксан-ку. Чўзилса унинг иши чўзилади”. Шу фикрларни ўйлагани сари кўз ўнгида Азиза намоён бўлаверди. Амаллаб якшанбани ўтказди. Унинг назарида бир кун бир йилдай туюлди. “Душанба куни ишга борсам қўнғироқ қиламан”.

Душанба ҳам келди. Жалил ҳеч қачон ишга бугунгидай ошиғич келмаган эди. Айниқса, душанба кунлари. Хонасига ҳам кирмай директорнинг қабулхонасидаги телефондан Азизанинг ишхонасига қўнғироқ қилди. Гўшакни эркак киши кўтарди. “Азиза опани мумкинми?” У ёқдан йўғон, қўпол овоз эшитилди: “Йўқ Азиза!”. Жалил у киши қаерда, қачон келади, деб сўрамоқчи эди, унгача гўшак шарақ этиб қўйилди. “Товба, консерваторияда ҳам шунақа қўпол одам ишлайдими?…”

Кечгача қўнғироқ бўлишини кутди. Бўлмади қўнғироқ. Эртасига ҳам, индинига ҳам. Бунга сари Жалилнинг ичини ит тирнай бошлади. Қўнғироқ қилмоқни ўйлайди-ю, бояги дағал овозни эслаб, юраги бетламайди. Жалил паришонхотир бўлиб қолди, на ишида унум бор, на ейиш-ичишида ҳаловат бор. Гоҳо ўзига ўзи дакки беради: “Эй, Жалил, ўзингни қўлга ол, сенга нима бўляпти? Кимни ўйлаяпсан? У ким, сенга ким бўлади? Бор-йўғи бир муаллиф, шунчаки таниш, холос…” Кошки бунинг иложи бўлса эди. Аксинча, хаёлига шоирнинг “Мен қўрқаман севиб қолишдан” деган сатри келаверади…

Ана шундай кутишлар, асабийликлар, паришонхотирликлар билан уч ҳафта ўтди. Жалил ишим маъқул бўлмади, шекилли, айтишга истиҳола қилиб, жим бўлиб кетди, деб ўйлади-да, таржимани йиғиштириб қўйди.

* * *

Жалил Ниёзовичнинг телефони жиринглаб, хаёли бўлинди. Ёрдамчиси қўнғироқ қиляпти.

– Ҳа, Феруз, нима гап?

– Узр, хўжайин, безовта қилдим… Вазир қўнғироқ қилди. Воқеани айтдим. Имкон топиб, менга қўнғироқ қилсин, деди. Зарур гапи бор экан.

Жалил Ниёзович гапни қисқа қилди:

– Яхши, тушундим.

* * *

… Ажойиб кунларнинг бирида директорнинг котибаси Жалилни телефонга чақирди.

– Лаббай, – деди ҳаяжон билан.

У ёқдан ёқимли овоз янгради:

– Ассалому алайкум, Жалил, яхшимисиз?

Жалил тилла топган девонадай яйраб кетди.

– Ўзингиз яхшимисиз? Тинчликми, соғ-саломатмисиз? Кўринмай кетдингиз. Ёки таржима ёқмадими?

– Йўқ-йўқ, – деди Азиза ҳаяжон билан. – Ман командировкага кетган эдим. Яқинда келдим… Агар йўқ демасангиз бир таклифим бор. Фақат катталикка йўйманг, илтимос. Олдингизга борай десам, у ерда ишлаш бироз ноқулай экан, шеригингизга халақит берамиз. Шунга, хўп десангиз, консерваторияга ёки мани уйимга келсангиз, бемалол ишлар эдик… Яхшиси, уйга кела қолинг, ҳар хил словарлар бор. Консерваторияда ҳам, ўзингиз биласиз, шовқин бўлиб туради.

Жалил унинг гапини тинглар экан, ўйлар эди: уйига бориш ғалати эмасми, эри нима деб ўйлайди. Фикрини тилига чиқарди.

– Уйингизга бориш…

– Сиз сира хижолат бўлманг, – деди Азиза унинг гапини бўлиб. – Бемалол келаверинг, қизимдан бошқа ҳеч ким йўқ уйда, у ҳам кундузи боғчада бўлади.

Азиза шундай оҳангда гапирдики, Жалилнинг эътироз билдиришига ёки бошқа таклиф айтишига имкон қолмади. Беихтиёр “хўп” деб юборди.

Белгиланган куни, белгиланган вақтда Жалил Азизанинг уйига борди. Уйга кириб унинг оғзи очилиб қолди. Жувоннинг ўзи қанчалар озода, ораста ва гўзал бўлса, уйи ҳам шунақа саранжом-сариштали, ҳамма нарса – стол-стуллар, диван-креслолар, деворлардаги суратлар, шкафдаги сувенирлар – барчаси нозик дид билан жойлаштирилган, бирон-бир ортиқча ҳашам йўқ, лекин ҳар қандай одамнинг ақлини шоширадиган даражада шинам, мисоли мўъжаз бир музей каби эди.

Жалилни креслога таклиф этиб, ўзи иккинчи креслога ўтирди. Креслолар ўртасидаги кичик столда писта-бодом, конфет, битта вазада мева қўйилган. Азизанинг эгнида ҳарир халат, жиякли атлас лозим. Мана шуниси Жалилни ҳайратга солди. “Тошкент келинлари ҳам жиякли лозим кияр экан-да”, деб ўйлади. Азиза замонавий хонимларга хос назокат билан сўради:

– Чойми, кофеми?

Жалил ўзини бироз ноқулай сеза бошлади. Муҳит ишлашга эмас, кўпроқ меҳмондорчиликка хос эди.

– Қўйинг, овора бўлманг. Ишни бошлайлик, – деди Жалил.

Азиза ўрнидан турди.

– Аввал биттадан кофе ичайлик, одамни бироз тетиклаштиради. Сиз ҳам, мен ҳам ишхонада чарчаганмиз, – деди-да, ошхона томон йўналди.

Қаҳва ичиш асносида Азиза Жалилни у-бу нарса енг, деб қистади, аммо Жалил тортинди, ийманиб қаҳвани ичди, холос.

– Энди бу ёққа юринг, – деди Азиза ва кичикроқ бир хонага бошлади. – Бу менинг ишхонам.

Бу ерда ёзув столи, айланадиган кресло, пианино турибди, хонанинг бир тараф деворини полдан шифтгача китоб тўла жавон эгаллаган. Столда бир неча қоғоз папкалар, қўлёзмалар, тунчироқ.

Аёл креслога ишора қилди:

– Ўтиринг. Мана таржимангиз. Хўп десангиз, ман русчасига қараб турсам, сиз ўзбекчасини ўқисангиз. Ўзингиз айтгандай оҳангини эшитар эдик.

Хона четидаги стулни Жалилнинг ёнига келтириб қўйди-да, ўзи ўтирди. Азизанинг атири ва гўзал аёлларга хос дилни қитиқловчи бўй Жалилнинг дилига ғулғула солди. Унинг хаёлини мураккаб матнни таржима қилишдан, луғатлардан баъзи сўзларнинг муқобилини қидиришдан кўра бошқа нарсалар банд эта бошлади. У Азизага қаради, Азиза унга.

– Таклифим маъқулми?

Жалил беихтиёр бош ирғади, аммо у бутун вужудини кўзга айлантириб, Азизанинг кўзларига термулди. Қаердадир ўқиган эди: оҳунинг айби кўзларида. “Мана шу кўзларга термулиб ўтириб, таржима деган бир қора ишга қандай қўл урасан!..” Йигит ўрнидан туриб кетганини ўзи ҳам сезмай қолди. Азиза ажабланди:

– Нима бўлди сизга?

– Азиза опа… Мени кечиринг, мен бундай ҳолатда ишлай олмайман.

Азиза ҳам ўрнидан турди.

– Билардим… билардим бир куни шундай бўлишини. Тушунаман… Мани опа деманг, ёшимиз атиги уч ёш фарқ қилади… Истасангиз сан дейишингиз мумкин… Лекин… лекин… – Унинг чиройли кўзларида ёш йилтиради. – Мани кечиринг, Жалил, узр, ўзимни тиёлмадим… Ўзи кейинги пайтда кўнглим сал бўшашиб қолган. Сал нарсага йиғлаб юбораман. Узр, мандан хафа бўлманг.

Орага оғир сукунат чўкди. Иккови ҳам ўз хаёллари оғушида қолди. “Эй, Жалил, нималарни ўйлаяпсан? Қандай бемаъни хаёлларга боряпсан-а?! Гулдай хотининг бўлса… Бу аёл сени ҳурматингни қилиб уйига таклиф қилса-ю, сен эса… Эҳ, галварс…”

Азиза: “Бу йигит санга холис хизмат қилса, мураккаб китобингни қўшиқдай таржима қилса… Сани дарду ҳасратингни эшитгани келдими у?”

Сукунатни Азиза бузди.

– Келинг, яхшиси бирон-бир куй чалиб берай сизга, – деди-да, пианино олдига ўтирди. – Нима чалай, кимдан чалай? Ўзимизнинг композиторларданми ёки жаҳон классикасиданми?

– Ўзингизга ёққанини чалаверинг…

Азизанинг нозик бармоқлари пианино клавишлари узра ўйнаб кетди. Беихтиёр хиргойи қила бошлади:

 
Хаёлимда бўлдинг узун кун,
Сени излаб қирғоққа бордим.
Оч тўлқинлар пишқирган тунда,
Топиб бер деб, ойга ёлвордим.
 

Азиза куйлаган сари мусиқа ва шеър сеҳрига берилиб борарди. Йигит ашулани, мусиқани сел бўлиб тинглади.

– Ёқдими? – деди Азиза.

– Жудаям. Ажойиб овозингиз ҳам бор экан.

– Икром Акбаровнинг шу музикасини жуда яхши кўраман. Шеър ҳам, ижро ҳам ўз ўрнига тушган… Юрагим сиқилса шуни хиргойи қиламан… Энди юринг, кофе ичамиз.

Жалил кулди.

– Таржимани қачон кўрамиз?

– Улгурамиз…

Азиза қаҳва олиб кирди.

– Олинг, конфет билан ичинг. Ёки озгина коньяк қуйиб берайми кофега?

Азиза шкафнинг қайсидир бўлмасидан чиройли шиша олди.

– Бу тоза коньяк. Озарбайжонларники, “Кўккўл”. Кофега озгина қўшилса, жуда хушхўр бўлади, кайфиятни кўтаради.

Коньякни таърифлаш жараёнида аввал Жалилнинг финжонига, кейин ўзиникига қуйди коньякдан.

– Ичиб кўринг, ёқади сизга.

Жалил хижолатомуз кулди. Коньяк аралаш қаҳванинг ёқимли ҳиди томоғини қитиқлади.

– Коньяк ичиб олсак, таржимани ким кўради?

– Ўн грамм коньякка маст бўлиб қолмассиз, – деди Азиза маънодор кулиб. Шоирлар ичиб олиб ижод қилади, дейишади-ку.

– Биз шоир эмасмиз-ку.

– Шунинг учун озгина, яна кофега аралаштириб ичаяпмиз-да… Парво қилманг, ҳаммасига улгурамиз, – деди. Бироз тин олди. – Жалил, аввало сиздан миннатдорман. Китобни таржима қилишга рози бўлганингиз учун. Яширмайман, биринчи боб таржимасини устозимга кўрсатдим. У киши профессор, ўзбек ва рус тилларини жуда яхши билади. Таржимангизни ўқиб, тасанно айтди. Музика ҳақидаги китобни бу қадар ширали, оҳангдор таржима қилиш ҳар кимнинг қўлидан келмайди. Худо хоҳласа, китобингиз қўлма-қўл бўлиб кетади. Менинг номимдан таржимонга раҳмат айтинг, деди.

– Миннатдорман, сизга маъқул бўлганидан хурсандман. – Қаҳва ҳўплади. – Қаҳва ҳам, коньяк ҳам яхши экан. Дидингизга қойилман.

Азиза кулди:

– Раҳмат…

Жалил яна қаҳва ҳўплади-да, суҳбатдошига юзланди.

– Азиза… – биринчи марта “опа” демади. Бунга Азиза ҳам эътибор берди, аммо билдирмади. – Агар тўғри тушунсангиз, бир нарса сўрамоқчи эдим.

– Бемалол…

– Танишганимизга, аниқроғи, ҳамкорликда ишлаётганимизга анча бўлди… Қизингиз ҳақида икки-уч гапирдингиз, аммо унинг дадаси тўғрисида бирон марта ҳам оғиз очмадингиз. У киши (негадир эрингиз дегиси келмади) нима иш қилади?

Аёлнинг хандон чеҳраси бироз тундлашди. Кулиб турган кўзларига маъюслик югурди. Жалилга бир қараб олди-да, кўзини олиб қочди. Индамай қаҳва ичди. Жалил ноўрин гапирганини англади.

– Узр, кўнглингизга теккан бўлсам кечиринг…

– Йўқ-йўқ, – деди Азиза. – Зарари йўқ. Шундай савол беришингиз табиий… Биласизми, очиғини айтаман, сиз билан қанчалик яқинлашганимиз сари шу темада гап очиб қолмасайди, деган хавотирим ошиб борди. Лекин…

Йигит унинг гапини бўлди:

– Истамасангиз айтманг… Мени кечиринг…

Жувон ўзини қўлга олди. Энди чеҳрасию кўзларидаги маҳзунлик ўрнини бояги хуш кайфият эгаллади.

– Хижолат бўлманг, Жалил… Аслида ман шу темада гапиришни ёқтирмайман…

– Ундай бўлса…

Жалилнинг гапиришига имкон бермади.

– Лекин сизга айтаман… Ҳа, айтаман… Негадир сизни кўп йиллардан бери биладигандайман. Рости сиз сўрамасангиз ҳам, айтмоқчи эдим. Фақат қачон айтишни ўйлаб юргандим. Мана, мавриди келди. – У бирзум жим қолди. Оҳу кўзларини йигитга қадади. Жалил ҳам унинг кўзларига термулди. Азиза Жалилдан нигоҳини узмаган кўйи давом этди. – Ҳар қандай эркак аёл билан, айниқса, гўзал аёл билан, – шу сўзларни таъкидлаб айтди ва чиройли жилмайди, – ёлғиз қолганида турли хаёлларга бориши аниқ. – Энди найза каби киприкларини ерга қаратди. – Аёллар ҳам фаришта эмас… Хусусан… сиз сингари келишган, ақлли, билимли йигитлар олдида. Шу сабаб бор нарсани очиқ айтмоқчиман… – Жалилнинг юраги гупиллаб ура бошлади. – Биз эрим билан севиб-севилиб турмуш қурган эдик. – “Эдик… Демак, ҳозир эри йўқ экан-да”, ўйлади йигит. – Аммо бу севги узоққа чўзилмади… Беш йил бирга яшадик, борйўғи беш йил. – У бироз маъюс тортди. Овози титради. Нигоҳини бир нуқтага қадаб сўзида давом этди. – Шундай бўлди, Жалил… Ҳолбуки, биз беш йил бирга ўқидик, беш йил севишдик, беш йил не-не орзулар қилдик. Бу беш йилнинг кучи бор-йўғи беш йилга етди, холос… Тўйдан кўп ўтмай, негадир муносабатларимиз ўзгара бошлади… Йўқ, ман эримни айбламайман, ундан ҳеч қандай ёмонлик кўрмадим. Эримнинг ота-онаси ҳам, ака-укалари, сингиллари ҳам тилла одамлар… Аммо турмушимиз бўлмади. Сабабини тушунтириб беролмайман… Тўйдан олдинги орзу-ҳаваслар бошқа, оила бошқа экан. – Унинг атиргулнинг ғунчасидек лабларида кулгию, шаҳло кўзларида ёш жилваланди.

– Нималар деяпсиз, Азиза? – деди Жалил. Севиб турмуш қуриб, қўша қариганлар камми?

– Тўғри айтасиз, бундайлар кўп, эллик йил, ундан ҳам кўп бирга яшаганлар бор. Лекин, биласизми, Жалил, улар ақл билан иш кўрган, ақл билан яшаган, ақл билан оилани сақлаб қолган, оила – муқаддас, уни барбод қилиш гуноҳ, деган ақидага амал қилган. Ман билган оилаларнинг баъзилари бурч юзасидан, айримлари фарзандларини ўйлаб, яна бошқаси жамиятдаги мавқеини, мансабини йўқотишдан қўрқиб яшаяпти. Тўғри, муҳаббат билан яшаётганлар ҳам кўп… Ман уларга ҳавас қиламан, шундай қилиш кераклигини биламан. Лекин биз, аниқроғи, ман шуни эплай олмадим, қўлимдан келмади. Буни тан оламан.

– Ростданам, оила – муқаддас, бир никоҳ бузилса арш ларзага келади, дейишади. Қийинчиликларга чидаш керак…

Азиза Жалилнинг гапини бўлди.

– Бўлди, Жалил, бу гапларни кўп эшитганман… Ўзим ҳам биламан… Мани фамиллямни биласиз, адамнинг исми Пўлатхўжа эди. Оиламизда диний темада ҳам суҳбатлар бўлиб турарди… Никоҳ муқаддаслигини, у Аллоҳ томонидан буюрилганини… Ҳаммасини биламан. Яна шуни ҳам биламанки, айнан диний нуқтаи назардан, келинга ҳурмат билан қараш керак. Кечирасизу баъзи оилаларда келинга чўридай муносабатда бўлишади. Ё нотўғрими?.. Йўқ, ман келин бўлиб тушган оила ундай эмас. Улар жуда замонавий оила… Ман умуман айтаяпман-да… Аммо юракка, кўнгилга буйруқ бериб бўлмас экан-да. Нима қилай?.. Сиз нима деб ўйлайсиз, Жалил, нима учун илгари, яъни, ота-боболаримиз даврида ажралишлар кам бўлган?

– Одамларда имон, эътиқод, орият кучли бўлган. Аёллар иболи, ҳаёли бўлган.

– Нима, ҳозирги аёллар ҳаёсиз, ибосизми? Йўқ, ундай дея олмайсиз. Енгил табиатли аёллар ҳам, шунақа эркаклар ҳам ҳар доим бўлган. “Майиз емаган хотин”лар илгари ҳам бўлган, ҳозир ҳам бор. Балки ҳозир кўпроқдир… Аммо менинг назаримда, бунинг сабаби бошқа. Илгари ёшлар асосан ота-онасининг хоҳиши билан турмуш қурган, севдим-куйдим, деган гаплар деярли бўлмаган. Ёшликда, осмонда учиб юрганда ҳаётнинг мураккаб томонлари кўзга кўринмас экан. Турмушнинг икир-чикирлари шу қадар кўп эканки, унга чидаш осон эмас экан. Ёки нотўғрими?

– Тўғри, – деди Жалил. – Аммо бу борада аниқ бир қоида йўқ-да. Оила қуришни зиммага олгандан кейин, унинг аччиқ-чучигига чидаш керак… Ҳар бир оила ўзи бир олам, ўзи бир дунё. Лев Толстойнинг гапи гап: “Бахтли оилаларнинг ҳаммаси бир-бирига ўхшайди, бахтсиз оилаларнинг эса ҳар бири ўзича бахтсиздир”. Ҳар бир ажрашган оилада эр ҳам, хотин ҳам ўзини оқлашга сабаб, асос қидиради ва ўзича топади ҳам.

Азиза Жалил томонга бироз энгашди. Секин, аммо қатъий оҳангда сўради:

– Қани манга айтинг-чи, бир-бирига етишган ҳақиқий муҳаббат эгалари борми?.. Мана, сиз адабиётни, тарихни яхши биласиз. Борми шундай севишганлар? Тоҳир ва Зуҳрами, Фарҳод ва Ширинми, Лайли ва Мажнунми, Ромео ва Жульеттами? Ким, қайси бири? Бир-бирига етишган ошиқлар ҳақида одамлар асрлар давомида севиб ўқийдиган асарлар яратилганми? – Жалил гапиришга оғиз жуфтлади, бироқ Азиза имкон бермади. – Биламан, Отабек билан Кумуш демоқчисиз. Кечирасиз, аввало Қодирийнинг асл мақсади бу романи орқали фақат икки ёш муҳаббатини улуғлаш эмас. Китобни ўқимай, кинони кўрган одам шундай хулоса қилади… Қолаверса, Отабек билан Кумушнинг севгиси неча йил яшади?.. – Орага оғир сукунат чўкди. Азиза бир кўтаришда қаҳвани ичиб юборди. – Биламан, бу гаплар бизнинг менталитетимизга тўғри келмайди ва ман кўнгил, деб, сал нарсага оилани бузиб кетавериш керак, дейишдан йироқман. Йўқ! Асло! Ҳатто ўзимнинг ҳаракатларимни ҳам оқламайман. Фақат, муҳаббат оила қургандан кейин ҳам сўнмаса, дейман…

– Муҳаббат ҳақиқий бўлса, ҳеч қачон сўнмайди.

– Балки…

– Бир нарсани сўрасам майлими? – деди Жалил.

Азиза маънодор кулди.

– Яна нима?

– Қўрқманг, дилингизни оғритмайман.

– Нега қўрқар эканман, – деди аёл ўктам. – Истаган нарсангизни сўрайверинг.

– Яна кимнидир севиб қолишингиз мумкинми?

Азиза кулди. Шифтга қараб жим қолди. “Сизними?” демоқчи бўлди-ю, ўзини тийди.

– Билмадим… Балки…

– Борди-ю шундай бўлиб қолса, нима қиласиз? Сизнингча, турмуш қуриш муҳаббатни сўндиради-ку.

– Ўзимнинг калтагим билан ўзимни урмоқчи бўляпсиз-а.

– Йўқ… Шунчаки сўрадим-да…

– Бордию шундай бўлиб қолса, ўшанда кўрамиз нима қилишни. Оила қуриш учун жуда катта масъулиятни зиммага олиш керак. Буни яхши биламан. Бошимдан ўтказдим… Бу ишга яна қўл уришимга кўзим етмайди… – Муғомбирона кулди. – Мабодо кимнидир севиб қолсам, шунчаки севаман.

– Яъни?

– Яъни, қалбан севаман. Машҳур асарларнинг қаҳрамонлари бир-бирининг лоақал қўлини ҳам ушламаган. Тўғрими?

– Сиз ҳам бирон асарга қаҳрамон бўлмоқчимисиз?

– Қўйсангиз-чи… Одамни масхара қилманг…

– Нега энди… Ҳай, майли, бу гапларни қўяйлик. Сиз қанақа гулни яхши кўрасиз?

– Навбатдаги саволингиз туғилган кунингиз қачон, деб сўрайсиз? Шундайми?

Жалил кулди.

– Топағон экансиз.

– Шундай бошланади ҳаммаси… Ман гладиолусни яхши кўраман… Иккинчи саволингизга жавоб йўқ. Чунки туғилган кунимни ўзим ҳам билмайман.

– Буниси ғалати бўлди-ку.

– Ман шунақа ғалатироқ одамман. Сезмадингизми? – Азиза ўрнидан турди. – Таржимани кўрамизми?

– Кўрамиз, – деди Жалил, – фақат битта илтимосим бор.

– Эшитаман…

– Нима десам экан… – Жалил фикрини қандай ифодалашни ўйлади.

– Айтаверинг, тортинманг, – деди Азиза.

– Фақат мени тўғри тушунинг, илтимос… Мендан сал узоқроқ ўтирасиз…

Азиза шарақлаб кулди. Унинг кулгиси шу қадар беғубор, шу қадар шодон, айни чоғда киноямуз чиқдики, Жалил ўзининг гапидан ўзи уялиб кетди. Қулоқларигача қизариб, юзлари ловуллади.

– Қўрқманг, – деди Азиза ва Жалилнинг қўлтиғидан олди. – Юринг, сиздан бир километр узоқда ўтираман… Нақадар юраги тоза, софдил йигит экансиз-а… Сизни учратганимдан, сиз билан ҳамкорлик қилаётганимдан жуда хурсандман. Яна айтаман, аксарият эркаклар аёлларга, айниқса, чиройли аёлларга бўри қўзичоққа қарагандай қарашади… Сиз эса тескариси… Қўрқманг, сизни еб қўймайман… Аслида, сизни китобга қаҳрамон қилиб олиш керак.

– Йўғ-э. Сиз турганда бизга йўл бўлсин. Ўша Ширину Лайлидан, Кумушу Раънодан қаерингиз кам. Сиз улардан ўн чандон гўзалсиз, латофатлисиз… Очиғи, сизни биринчи марта кўрганимда кўзларимга ишонмаганман – шу қиз ҳам инсон боласими ёки фариштами, бу малак, бу паризод қаердан келди, тушимми ё ўнгимми, деб гангиб қолганман.

– Лофни ҳам жа-а оларкансиз-да…

– Йўқ, Азиза, бу лоф эмас, хушомад ҳам эмас, бор гап. Шунинг учун сизга яқин боришдан, ёнма-ён ўтиришдан қўрқаман. Сиз мисоли ловуллаб турган қип-қизил чўғсизу яқинлашсам, куйиб қоладигандайман.

 
Кўз бирла қошинг яхши, қабоғинг яхши,
Юз бирла сўзинг яхши, дудоғинг яхши.
Энг бирла менгинг яхши, сақоғинг яхши,
Бир-бир не дейин, бошдин аёғинг яхши.
 

Навоий ҳазратлари шу рубоийсини сизга бағишлагандай гўё.

Азиза кулди. Жалилнинг мақтовлари унга ёқаётгани сезилиб турарди.

– Ў-ҳў, жуда ошириб юбордингиз-ку. Навоий қаёқда-ю биз қаёқда.

Шу куни кечгача гашлашдилар. Аммо таржиманинг бор-йўғи беш бети кўрилди, холос.

Китобнинг таржимаси салкам ярим йилга чўзилди. Иккаласи ҳар бир жумла, баъзан бир сўз борасида узоқ тортишган пайтлар бўлди. Бу аснода Жалил қанча ғазаллар ўқиди, Азиза не-не мусиқаларни ижро этди, ашулалар куйлади. Бундай ҳамкорликда ишлаш Жалилга ҳам, Азизага ҳам хуш келди. Бошида бу китобни таржима қилгунимча она сутим оғзимга келса керак, деб ўйлаганди Жалил. Аммо бир-икки бобини ўгириш ва Азиза билан ҳамкорликда ишлаш жараёнида мусиқага, мусиқа илмига ишқи кучайди. Олдин таржимани қачон битираман, деб ўйлаган бўлса, кейинчалик уни тугатишни пайсалга сола бошлади.

Ҳар бир ишнинг ибтидоси бўлгани каби интиҳоси ҳам бўлади. Таржима ҳам тугади. Китоб нашриётга топширилди…

* * *

Яна жиринглади Жалил Ниёзовичнинг телефони. Яна ёрдамчиси. Сал малолланиб олди телефонни.

– Яна нима гап, Феруз?

– Эртага соат тўққизда йиғилиш боракан.

– Қаерда?

– Вазирликда, – деди Феруз.

Йиғилиш қайси масала бўйича, ким ўткизади – сўрамади. Ёрдамчисининг гапини кесди.

– Биринчи ўринбосар борсин… Мени сўраса, бетоб десин, – шундай дедию, телефонини ўчирди.

* * *

Жалил илмий иши бўйича домласи айтган таклифларни ишлаб ўтирганди, телефонга чақиришди.

– Лаббай, – деди Жалил гўшакни оларкан.

Ўзига қадрдон қўнғироқдай овоз жаранглади:

– Жалил, мани табрикланг… Китоб чиқди, бугун етти нусха беришди.

Жалилнинг юраги ҳаприқиб кетди. Худди ўзининг китоби чиққандай астойдил суюнди.

– Табриклайман, чин қалбимдан табриклайман, – деди ҳаяжон билан. – Азиза… мен ҳозир…

Гўшакни қўйдию, хонасига югурди. Стол устидаги қоғозларини апил-тапил йиғиштирди-да, кўчага отилди. Учинчи қаватдан зиналардан эмас, гўё қанот боғлаб учиб тушди.

Бир соатлардан кейин Азизанинг эшиги қўнғироғи қаттиқ жиринглади. Азизанинг юраги гупиллаб урди. У сезди, у билди – Жалил келди. Эшикни очди. Остонада бир қучоқ оловдай қип-қизил гладиолус кўтариб Жалил турарди. У таклифни ҳам кутмай, ичкарига кирди. Азиза оппоқ, нозик қўлларини Жалилнинг бўйнига солди. У биринчи марта Жалилни қучоқлади, астойдил, меҳр билан, муҳаббат ила қучди.

Йигит буни кутмаган эди. Бирзум ўзини йўқотди. Аёлнинг кўзларига термулди. Унинг кўзлари шу қадар яшнаб турардики, Жалил ўзини тиёлмади. Ўша кўзларга лабини босди. Сўнг уларнинг лаблари қовушди. Бу ҳолат қанча давом этди, Жалил билмайди, аммо бир умрга муҳрланди бу лаҳзалар. Қачон эсига тушса, бутун вужуди титраб кетади, Азизанинг ақиқ дудоқлари таъми ҳали ҳам лабида тургандай бир тамшаниб қўяди.

Азиза секин, жуда секин шивирлади:

– Раҳмат сизга, жо… Жалил… Борингизга шукр. Мани осмону фалакларга чиқариб қўйдингиз… Раҳмат… жоним… – Охирги сўз эшитилар-эшитилмас чиқди.

Жалил Азизанинг кўзларидан кўз узолмай деди:

– Сизни…

Азиза унинг лабларига ингичка, нафис бармоқларини босди.

– Бас… бошқа гапирманг… Илтимос…

Жалил ўзини йўқотган эди. У бу дунёда эмас эди гўё.

Ҳаяжонли ва ҳароратли бу лаҳзаларни қанчалар истамасин, иккови ҳам ўзини тийишга куч топа олди.

– Юринг, китобни кўрсатаман, – деди Азиза.

Журнал столида бир нечта китоб турарди. Азиза улардан бирини олиб, Жалилга тутди.

– Мана…

Китоб жуда чиройли нашр этилган эди. Қаттиқ муқовали, осмон рангида, рассом муқова безагини дид билан ишлабди. Бир қарашдаёқ мусиқа ҳақида экани билинади. Таржимон китобни оҳиста варақлади.

– Яна бир бор табриклайман, – деди Жалил китобни столга қўяр экан. – Жуда чиройли чиқибди, ўзингиз каби. Бардавом бўлсин…

– Сизга катта раҳмат… Унутмайман… Сизнинг ҳам шунақа китобларингиз чиқишини истайман.

– Раҳмат…

Азиза ўзига хос назокат билан сўради:

– Чойми, кофеми?

– Шарт эмас… Мен кетаман.

– Қаёққа?! – деди Азиза ҳайрат билан. – Шундай кунда бир пиёла чой ичмай… Ҳозир кофе олиб келаман.

Қаҳва ичиш асносида у ёқдан-бу ёқдан суҳбатлашдилар.

– Янги китоб ёзаяпсизми? – деб сўради Жалил.

– Аввал диссертациямни ҳимоя қилиб олай. Кейин кўрамиз.

Жалил кулди.

– Таржима қилардик-да.

Азиза ялт этиб Жалилга қаради. Юзлари қизарди. Сўнгра ўйчан ҳолда ўзига-ўзи гапирган каби шивирлади:

– Ёзаман… Ҳали кўп китоб ёзаман… Уларни сиз таржима қиласиз… Фақат сиз…

…Аста-секин уларнинг учрашуви, суҳбатлари сийраклашди. Зотан, бунга сабаб ҳам, баҳона ҳам йўқ эди.

Бу орада Жалил масъул идорага ишга ўтди. Кейин катта бир ташкилотга раҳбар этиб тайинланди. Бутун вужуди билан ишга шўнғиб кетди. Кунда-кунора мажлис, турли топшириқлар. Сўфи азон айтмай ишга келади, икки хуфтонда уйга қайтади. Бир қолипга тушди-қолди. На тўй-ҳашам бор, на улфатчилик, на байраму дам олиш… Барчаси лексиконидан ўчирилди. Фақат иш, йиғилиш, ҳисобот, мажлис.

Азиза уч-тўрт қўнғироқ қилди. Бир марта қисқагина саломлашди, бемалол гаплаша олмади. Ўзим қиламан, узр, ҳозир жуда банд эдим, деди. Аммо қилмади, қилолмади, минг хил ташвиш билан ёдидан кўтарилди. У банд эди, жуда банд эди. Ёлғон бўлмасин, бир марта қўнғироқ қилди. “Терилган номер тармоқда мавжуд эмас”, деган жавоб келди. “Демак, Азиза рақамини ўзгартирибди… Майли, ўзи қилиб қолар…” Йўқ, қилмади, Азиза бошқа қўнғироқ қилмади. Жалил билади – Азиза ўз қадрини биладиган, мағрур жувон. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ғурурини ерга урмайди.

* * *

Жалил Ниёзович шу тотли хаёллар билан машинадан тушди. Гулни олди.

– Сен шу ерда қол, – деди ҳайдовчисига.

Азизанинг қабрига борди, авайлаб гулларни қўйди. Қуръон тиловат қилди. Қабртошдаги ёзувга разм солди. Икки йил бўпти-да вафот этганига… Нега мен эшитмадим. – Ўзини ўзи койий бошлади: “Қаердан эшитасан? Кечаю кундуз ишдан бўшамасанг… Болаларингни, невараларингни неча кунлаб кўрмайсан-ку… Азизани охирги марта қачон кўрувдинг, у билан қачон гаплашувдинг… Эсингда йўқ, ҳа, ҳатто эслай олмайсан… Наҳотки, иш деб одамгарчиликдан чиқиб кетган бўлсам… Нимадир илтимос қилувдими… Қизи хорижга кетиб, ўзи ёлғиз қолган, дейишувдими… Энди буларни эслашдан нима фойда…»

Жалил Ниёзович қабртошдаги Азиза Эшонхўжаева деган ёзувларга узоқ термулди. Рўпарасида бундан ўттиз йил олдинги Азиза тургандай туюлди. Кўзлари намланди, лаблари пичирлади: “Азиза, мени кечир… Сендан хабар ололмадим… Бугун сен яхши кўрадиган гулни ҳам топиб келолмадим. Мендан рози бўл… Жойинг жаннатдан бўлсин, азизам…”

У қабристондан чиққанда қош қорайиб қолган эди. Ҳайдовчиси унинг аҳволини кўриб ҳайрон бўлди. “Унча-мунчага бўйин бермайдиган, қанча ташвишларга парво қилмаган одам бугун нега мунча ғамгин, тушкин?” Ўйларини тилига чиқармади.

– Идорагами? – деди, холос.

– Йўқ… уйга…

Жалил Ниёзовичнинг овози жуда маҳзун чиқди…

2021 йил

МОМАҚАЛДИРОҚ

Райком бюроси тамом бўлганда ёмғир шариллатиб қуярди. Шунданми, район маркази кўчаларида одам сийрак. Аҳён-аҳёнда ўтаётган машиналар кўчанинг ҳалқоб жойларидаги ёмғир сувларини икки тарафга сачратиб кетади.

Искандар раис бюродан сувга тушган латтадай шалвираб чиқди. У ҳеч қачон бунчалик шаллинг бўлмаган эди. Бутун вужуди зирқираб қақшар, ўзини бир замбил лойдай, балки ундан-да, оғирроқ ҳис қиларди. Хром этикларини кўтаришга гўё мадори етмасди.

У ҳафсаласизлик билан мармар зиналардан тушди. Йўл четида турган машинасига боргунча уст-боши жиққа ҳўл бўлди. У буни сезмади, хаёлидан ҳар хил фикр кечди: “Нега мундай бўлди? Биринчи нима учун мени бунчалик қаттиқ савалади? Яна бюрода, ҳамманинг олдида-я! Нега?”

Раис машина эшигини қандай очганини билмади. Ўзини “Волга”нинг орқа ўриндиғига ташлади. Раисни бунақа аҳволда кўрмаган Бўривой ҳайрон қолди.

– Қаёққа?

– Гўрга.

Бўривой раисга ўгирилиб қаради.

– Нимага ўқраясан? Ҳайдасанг-чи!

– Назокатхонникигами?

– Ўчир овозингни! – ўшқирди раис. – Фаросат борми ўзи?!

– Ахир ҳамиша бюродан кейин…

– Бўлди, қисқа қил! Уйга ҳайда…

Машина чироқлари қоронғулик бағрини ханжардек тилиб бормоқда. Раис миқ этмас, гоҳи-гоҳида уф тортиб қўярди. У хаёлини тизгинлаб ололмас, секретарнинг дашномига ўзича сабаб қидирар, аммо бирон-бир жўяли асос тополмай, дили хуфтон бўларди.

“Йўқ, секретарь бекорга саваламади. Бу ерда бир гап бор. Кимдир ғаламислик қилган, унга олди-қочди гапларни етказган. Чигит экиш кечиккан бўлса менда нима айб? Жўрттага орқага сурганим йўқ-ку! Менам вахлироқ экиб олай, дейман. Осмоннинг таги тешилгандай ёмғир тинмаса, қўлимиздан нима келади?! Табиий шароитни ҳисобга олишмаса… Бунақа масалада Қодир Собирович маладес эди. Тушунарди. Ҳа, энди у киши бошқа одам эди-да. Булар нимани биларди. Деҳқончилик қилиб юриптими. Академик бўлсаям деҳқончиликни билмаса қийин-да. Экиш уч-тўрт кун кечиккан билан, осмон узилиб тушмайди-ку! Ёки экувсиз қоп кетармиди? Барорини берса бас. Олдин-кейин экканга қарамайди. Эрта баҳордаёқ доварага дов солиб, экишни тугалладик, деб рапорт берганларни кўп кўрганмиз. Чигитни қайта-қайта экади, қанча уруғ кетади ортиқча, ўзиникини тамомлаб, қўни-қўшнидан қарз ҳам олади. Қанча меҳнат, оворагарчилик… Ғалвир сувдан кўтарилган паллада эса илдизини қурт еган палакдай шалпайиб, дами ичига тушиб қолади. Қийғир урган беданага ўхшаб бўйнини ичига тортиб, атрофга жавдирайди. Баҳонаси – чигит қайта экилган… Жўжани кузда санайдилар…”

Раис сигарет тутатди. Сал ҳовуридан тушди.

– Менга қара, Бўривой. – У машина ўриндиғига ўмганини ташлади. – Бир неча йилдан бери бирга ишлаймиз. Сендан яширадиган сирим йўқ. Айтгин-чи, борди-ю, мен сени кўпчиликнинг ўртасида ноҳақдан-ноҳақ изза қилсам нима қилардинг?

Бўривой раиснинг аҳволига энди тушунди. “Ҳа, демак бюрода калтак еган. Зўрдан зўр чиқипти-да. Мени сўзимни иккита қиладиган одам ҳали туғилмаган, деб ҳаммани зор қақшатасан. Арзимаган нарсага одамларнинг дилини оғритасан. Бировни менсимайсан. Сени шохингни қайирадиган ҳам топилипти-ку? Шунақа, пешонаси тошга текканда очилади одамнинг кўзи. Шу машинанинг тили бўлса айтсин, қанча сўккансан мени. Қанча эрмак қилгансан. Андишанинг оти қўрқоқ… Энди ўзингга кепсан”. Бўривой бу гал ҳам андиша чегарасини бузиб ўтолмади. Дилидагини тилига чиқармади. “Ўзи-ку бўлганча бўпти, менам ўлганнинг устига чиқиб тепмайин. Марднинг ишимас бу. Иззаи мўмин – ҳаром”.

– Билмадим, раис бова.

Раис яна тутақиб кетди.

– Ҳей, қанақа одамсан ўзи? Қачон бир нима сўрасам “билмадим”, дейсан. Нимани биласан ўзи?! Бирон нарса десанг-чи, ахир, мундай.

Искандар раиснинг бу гапига Бўривойнинг жаҳли чиқмади, аксинча, кулгиси қистади. Лекин кулмади. “Қаттиқ савалапти-да”. У ўйланиб қолди. Кўзлари машина чироқлари ёритиб кетаётган ўйдим-чуқур йўлларда. Ёмғир шаррос қуяр, машина ғилдираклари тез-тез кўлмакларга тушиб чиқарди.

– Тўғрисини айтсам майлими, раис бова? – деди Бўривой.

– Хўш, гапир…

– Борди-ю, мени биров бекордан-бекор сўкса, юзимни шувут қилса, ўша одамнинг бетига қайтиб қарамасдим.

Раис ойнадан сигарет қолдиғини ирғитди-да, орқага суянди. “Буям бало. Гап нимадалигини тушунганга ўхшайди”.

– Лекин ука, дунёнинг ишлари сен ўйлаганчалик осон эмас. Шунақа пайтлар бўладики, бегуноҳ эканингни билиб турсанг ҳам танқид қилган одамга қарши бирон нарса деёлмайсан, ҳақлигингни исботлаёлмай қоласан. Ичингда ғижинасан, асабийлашасан, ўша одамни болохонадор қилиб сўкасан ҳам, аммо кўзига тик қараб бир оғиз сўз қайтаролмайсан. Билдингми, ука?

– Нимага шундай, раис бова? – ўсмоқчилади Бўривой.

– Ким билади дейсан. Балки одамлар ўзидан қўрқар…

– Йўқ, раис бова, ким билади эмас, ҳамма билади. Уннан кейин, одамлар ўзларидан эмас, мансабидан, столини тортиб олишларидан қўрқадилар. Ахир ҳаммаям шундаймас-ку, – раис ҳайдовчининг гапларига жиддий қулоқ солди. – Масалан, мен кимдан қўрқаман, ёки менинг нимамни тортиб олади? Олса мошинасини олади. Бу мошина бўлмаса бошқаси, бошқасиям бўлмаса, кетмон. Кетмонни ҳеч ким ололмайди.

– Лекин кетмон билан ҳеч қаёққа бориб бўлмайди-да ҳозир.

Бўривой кулди:

– Ҳеҳ, раис бова, қаёққа ҳам борардик. Нима қилсак ҳам, ким бўлиб яшасак ҳам, барибир энг сўнгида кетмонга, кетмончига ишимиз тушади… Бусиз бўлмайди.

Раиснинг ғаши келди. У Бўривойни кўпдан билар, аммо бунчалик гапдонлигини сезмаганди. Аслини олганда раис ҳайдовчиси билан ҳеч қачон яқинроқ, самимий гаплашмаган. Искандар раис буни ҳозир биринчи марта ҳис қилди. Бунинг учун Бўривойга қарши миқ этмади. Қайтанга гап бошлаганидан афсусланди.

– Дурустсан-ку, – деди аччиқ киноя билан. – Шунча гапларни биларкансан-у, мендан яшириб юрибсан-а.

Бўривой раиснинг пичингини фаҳмлади.

– Тўғри гап туққанингга ёқмас экан, – ҳайдовчи раисга қараб қўйди.

– Тилинг жуда узун бўлиб кетипти-ку, Бўривой?!

Бу гап Бўривойнинг жаҳлини чиқарди. У озғин, чайир қўллари билан машина рулини маҳкамроқ сиқиб ушлади. Ўрнидан бир қўзғалиб қўйди.

– Сизга осон: гапим ёқса ёлғондан бўлсаям мақтаб қўясиз, ёқмаса уришасиз, сўкасиз… Менга ўхшаган бечоралар эса…

– Бўлди! Ўргилдим сендақа “бечора”дан… Ўз иззатини билмаган нонкўр! Кийикдай машинанинг рулини тутқазиб қўйибман-а, сен кўрнамакка!

– Нима дўқ қиласиз менга. Бўлди-да, энди. Қачон бир жойдан феълингиз айнаб чиқса, аламини мендан оласиз. Нима, сизга ўйинчоқманми? Нари борса битта аравакашда, истаганимча ҳақорат қилавераман, қўлидан нима келарди, дейсиз-да. – У тобора қизишиб борарди. Ўзини босмоқчи бўлар, аммо ички бир туғён, дард бунга йўл қўймас, юрагида тош бўлиб ётган дардларини тўкиб солишга ундарди. – Йўқ, ундай эмас раис бова, мавриди келганда айтиб қўяй, мени кўп калака қилаверманг. Бўлди! Бошқа чидаёлмайман. Охирги гапим шу: менинг қоп кетадиган давлатим ҳам, сағир қоладиган болам ҳам йўқ. Бир сўққабош одамман. Шунинг учун ҳеч кимдан, ҳеч нарсадан қўрқмайман.

Искандар раис Бўривойга еб қўйгудек бўлиб тикилди. Бўривой буни сезмади. “Бу тирранча мени қўрқитмоқчими ёки ҳаммаси лалми дўқми? Райкомдаги гаплар етмовдими? Тавба! Ҳали бурнини эплаб артолмайдиган зумраша гап қайтаряптими?! Мени ким деб ўйлаяпти ўзи бу? Райкомдаям менга бунақа муомала қилишмаган-а! Анави секретарь гапирди қўйди-да. Зарари йўқ, ҳали янги, яхши билмайди мени. Аста-секин тушуниб олади. Яна шунақа катталик қилса ўзим биламан нима деб жавоб қайтаришни. Мен билан беллашган не-не азаматларнинг пихини қайириб, попугини пасайтириб қўйганман”.

– Сен бунақа баландпарвоз гапларингни бас қилгин, бола. Лайлак билан тенглашаман деб, чумчуқнинг бути йирилганини эшитганмисан?!

Бўривой ўзини тутолмади:

– Мен сиз билан тенг бўлмоқчимасман. Сиз кимсиз – Искандар раиссиз, мен-чи, оддий шофёр. Буни биламан. Лекин сизнинг етимчангиз эмасман! Сиз ҳам шуни билиб қўйинг!

– Ўчир унингни! – бақирди Искандар раис. – Менга гап қайтаришни ким қўйипти сенга?! Тилингни…

Бўривой раиснинг гапини охиригача эшитмади. Чапдастлик билан моторни ўчирди-да, машинанинг калитини суғуриб олиб раисга отди:

– Олинг матаҳингизни! – Унинг тим қора, думалоқ кўзлари яна ҳам йириклашди, рангпар юзлари оқариб кетди. Аъзойи бадани титраб, гапиролмай қолди. – Нима мен… Нима мен… си-и-зга к-калака бўлдимми?.. Катталигингизни бошқа одамга қ-қиласиз… Мен кўтармайман…

Бўривой шартта машинадан тушди-ю, эшикни зарб билан ёпди. У шаррос қуяётган ёмғирга ҳам, кетма-кет гулдираётган момақалдироққа ҳам парво қилмай илдамлаб кетди. Ўчирилмай қолган машина чироқлари ёруғида раис уни аниқ кўриб турарди. Бўривой кўздан ғойиб бўлгунча икки марта кўлмакка оёғини тиқиб олди. Аммо у ҳеч қаёққа қарамай, ҳеч нарсага эътибор бермай жадал илгарилаб борарди.

Раис ҳанг-манг бўлиб қолди. Бўривойнинг бу даражага боришини етти ухлаб тушида кўрмаганди. Бўлмаса, бунақа ғиди-бидилар, э-ҳе, неча марта бўлган. Ҳаммасида ҳам Бўривой ранжиган, кўнглига олган, аммо елкасини қисиб ишини қилиб кетаверган. “Бугун нимага бундай қилди? Қаердан пайдо бўлди бу юрак унда? Ё биров ўргатдимикан?.. Ҳаммасини кўнглига тугиб, пайт пойлаб юрган экан-да. Ҳа, тирмизак, роса вақтини топди лекин”.

Раис босиб-босиб сигарет тортди. Ёмғир зўрайгандан-зўраяр, машинанинг устида биров ўйинга тушаётгандай дапир-дупир қиларди. Ялт этиб чақмоқ чақди. Раис беихтиёр Ёмонжардаги Бургутқояга қаради. Болалигида Ёмонжар, Бургутқоя ҳақида кўп ваҳимали гаплар эшитганди. Ҳозир уларни эслашга ҳам юраги дов бермасди. Назарида баҳайбат қоя момақалдироқ зарбидан қулаб тушаётгандек туюлди. “Падарингга лаънат. Келиб-келиб шу ерда қолдирасанми?!” Раис жаҳл билан тишларини ғижирлатди. Ҳайдовчиси ҳозир олдида бўлса бўридай ғажиб ташларди. “Ҳеҳ, тавба, камбағалнинг орқа томири таранг бўлади, деб бекорга айтишмасакан-да. Сенга ким қўйипти дўнгмўйинликни. Ундан кўра, ака деб қўлтиғимга кирмайсанми аҳмоқ. Бу туришингда гўр бўлармидинг. Ҳаммагаям шунақа хўққилик қилсанг, йиғиштир тахта-ўқловингни деб орқангга тепадики… Сенинг ҳалоллигингу, ор-номусинг – ҳаммаси бир пул… Ҳали кўзи очилмаган кучукваччасан. Эҳ, гўдак! Осмонда юрганга ўхшайсан. Шошмай тур, ўзим тушириб қўяман ерга. Шунда очилади ўша кўр кўзларинг…”

Ёмғир тобора авжига чиқар, йўллар, ариқлар бўтана сувга тўлиб оқарди. Раис дам-бадам Бургутқояга қараб қўйди. Ёмонжар томондан ниманингдир увиллаётгани эшитилди. Раиснинг эти увушиб, баданига чумоли ўрмалагандай туюлди. Бу қўрқувданми, совуқданми – англолмади. Бир мишиқи шу қора ёмғирли тунда нотавон қилиб кетгани алам қилди унга. Бўривойнинг орқасидан югурмоқчи, унга етиб олиб роса калтакламоқчи бўлди. “Адабини бериб қўймасам… Тўхта, Искандар! Нималар деяпсан? Урасан. Кимни? Ўғлинг қатори бола билан ёқалашиб ўтирасанми? Йўқ, у безбет ҳеч нарсадан қайтмайди. Ўлар ҳўкиз болтадан тоймас, қайтариб солса борми… Нима деган одам бўласан? Биров эшитса гап-сўз кўпайиб кетади. Унга-ку, барибир. Қайтанга Искандар раисни урдим, деб мақтанади”.

Раис шуларни хаёл қилди. Ўрнидан қўзғалишга, машина эшигини очишга қуввати етмас, аниқроғи ботинолмасди. Плашини елкасига ташлаганча қунишиб ўтирар, фараларнинг хира тортиб бораётган ёруғида чор атрофга олазарак термиларди. Бургутқоянинг учгинасида момақалдироқ жуда қаттиқ гумбурлади. Осмоннинг бир парчаси узилиб тушгандай бўлди.

Чақмоқ, момақалдироқ, кучли ёмғир Искандар раис юрагида ғулғулани оширар, у ғужанак бўлиб қолганди. Раис энди ҳеч нарсани ўйламас, ўйлай олмас эди…

Машина чироқлари батамом ўчди. Ёмғир челаклаб қуяр, яқин атрофда йилт этган учқун кўринмасди…

1977 йил

ҲАЛОВАТ

Туман ҳокими Комил Қаюмов уйқудан бироз ланжроқ уйғонди. Соатга қаради: тўрт бўпти. У ҳали-ҳамон кеча оқшом вилоят ҳокими ўтказган селектор йиғилиши таъсирида эди. Ҳоким жуда куйиниб гапирди. Ҳеч кимни, ёшидан, тажрибаси ва лавозимидан қатъий назар, аямади. Талаб барчага бир хил – натижа керак. Аравани қуруқ олиб қочмоқчи бўлган бир-икки раҳбарни қаттиқ койиди. Шундан кейин йиғилиш руҳи ҳам ўзгарди – бироз асабий тус олди.

Вилоят ҳокими бу лавозимга келганига икки йил бўлди. Дастлаб уни кўрганлар ёш йигит экан, шундай катта вилоятни қандай эплайди, деб бироз шубҳа билан қарашди. Аммо орадан ярим йил ўтар-ўтмас унинг бошқарув маҳоратига, салоҳиятига, муомала маданиятига барча бирдай тан берди. Одамлар вилоят ҳокими билан учрашувни интиқиб кутадиган бўлишди. Чунки ҳоким ҳар бир соҳа вакили билан уларнинг ўз тилида гаплашади: деҳқон билан суҳбатлашса, одамлар унинг асли касби қишлоқ хўжалиги соҳаси бўлса керак, дейди. Ўқитувчилар билан суҳбатда дарс ўтиш методикаси, ўқувчиларда ўз фанига қандай қилиб қизиқиш уйғотиш лозимлиги хусусида, шифокорлар билан суҳбатида беморнинг дардига малҳам бўлиш учун нималарга эътибор бериш керакли тўғрисида гапиради. Мутахассислар ўзларининг соҳаси бўйича янгиликларни, унинг нозик сир-асрорларини ҳокимдан эшитиб, ҳанг-манг бўлиб қолади. У ёшига, кўринишига нисбатан анча вазмин, ҳар гапини салмоқлаб, асослаб гапиради. Мураккаб вазиятларда ҳам ўзини йўқотмайди, ортиқча қизишмайди, овозини кўтармайди. Аммо шундай қатъий, ўктам, кесиб гапирадики, ҳар қандай одамнинг юрагига етиб боради. Вилоят аҳли, айниқса, оддий одамлар хурсанд: “Вилоятимиз халқининг бахти бор экан, шундай ақлли, инсофли, одамлар тақдирини ўйлайдиган ҳоким келди. У бир йилда одамларнинг кўзини очди, уйғотди, қорнини тўйғизди”, деб таъриф берадиган бўлишди. Ҳоким бундай мақтовларга эътибор бермайди, ҳаммадан, аввало раҳбарлардан ишни сўрайди, ҳар қандай масала бўйича очиқ ва тўғри гапиришни талаб қилади, хаспўслашни ёмон кўради…

Қаюмов бироз бадантарбия билан шуғуллангач, анча тетиклашди. Ҳовлидаги столга келини тайёрлаб қўйган нонуштадан енгил тамадди қилди. Невараларини уйғотиб юбормаслик учун хотини ва келини билан паст овозда хайрлашиб, кўчага чиқди. Уйидагилар унинг одатига ўрганиб қолган: эрта тонгда кетади, ярим тунда қайтади. Баъзиларга ўхшаб тушликда уйга келиб, овқатдан кейин бироз мизғиб олиш унинг хаёлига ҳам келмайди. Айрим ҳамкасблари бу ҳақда гап очса “шуни эплаёлмаяпмиз-да”, деб кулиб қўя қолади.

Дарвозада турган “Кaptiva” машинасига ўтирди. Шу пайт қўл телефони жиринглади. Мониторда ёрдамчисининг исми кўринди. “Ҳа, Илҳом, тинчликми, нима гап?”, деди. “Узр, Комил ака, безовта қилдим… Бугун соат ўнда хорижлик инвесторлар билан учрашувингиз бор, шуни эслатиб қўймоқчи эдим”, деди ёрдамчи. “Эсимда, Давронга айт, мен айтган фикрларни албатта, киритсин. Ўзи яна бир диққат билан қарасин. Ҳамма қоғозларни тайёрлаб қўйсин. Ўзи қаерда?” “Даврон ака ҳамма ҳужжатларни сиз айтгандай қилди, юрист билан синчиклаб кўрди. Ҳозир идорада. Улайми?” “Йўқ, шарт эмас. Тайинлаб қўй унга, керакли одамларни чақирсин. Мен бир-икки объектларни кўриб, тўққиз яримда идорада бўламан”. “Тушундим”, деди ёрдамчи.

Қаюмов ҳайдовчисига, янги қурилаётган мактабга ҳайда, деди. Атрофга назар солди. “Буғдой ўроққа кеп қопти. Эрта-индин ўримни бошласак бўлади”.

Телефон қўнғироғи унинг хаёлини бўлди. “Эшитаман. Ҳа, Даврон”. Муовини Даврон Қўлдошев экан. “Ассалому алайкум, Комил ака, яхши дам олдингизми? “Раҳмат, ўзингиз яхшимисиз?” “Комил ака, хорижлик инвесторларга ҳамма лойиҳани таклиф этамизми ёки бир-иккитасини ажратиб оламизми?” деди Қўлдошев. “Менимча, ҳаммасини кўрсатганимиз тузук. Сиз нима дейсиз? Ёки бошқа фикр борми?” “Йўқ. Менимча ҳам шундай қилсак яхши бўлади. Шерикларимизга танлаш имконини берайлик. Лойиҳалардан қайси бири маъқул бўлсаям биз учун ютуқ. Энг муҳими, хориж инвестицияси киради, янги иш ўринлари яратилади”, деди муовин. “Маъқул, Давронжон. Ҳаммасини тахт қилиб қўйинг. Мен етиб бораман, улар билан учрашишдан олдин ўзимиз яна бир маслаҳатлашиб оламиз”.

Хорижлик шериклар билан бўладиган мулоқотни ўйлаб кетди. “Қайси лойиҳани илгари сурганимиз маъқул? Гилам фабрикасиними ёки пиллани қайта ишлайдиган корхонаними? Ғишт заводини ўзимиз ҳам қила оламиз, уни туман марказида эмас, бирон қишлоқда қуриш лозим. Аслида, туманимизга бир нечта ғишт заводи керак. Иморат солаётганлар кўпайиб бормоқда. Уларга ёрдам бериш зарур. Одамларимиз қачонгача пахса уйларда яшайди. Етар энди. Бизга шуям бўлаверади, деган тушунчани одамларнинг онгидан чиқариб ташлаш даркор.Четдан биров келса туман марказини, нари борса шу атрофдаги бир-иккита қишлоқни кўрсатамиз. Аслида тумандаги ҳамма қишлоқда замонавий уйлар қурилиши лозим. Узоқ қишлоқларда яшайдиган одамларнинг нима айби бор? Нима учун улар бошқалар қатори замонавий уйларда яшамаслиги керак?! Одам боласи қандай шароитда яшашига қараб онгу тафаккури, дунёқараши ҳам ўзгариб бораверади… Хорижлик шерикларга ана шу узоқ қишлоқларда кичик корхоналар қуриш бўйича таклифларимизни айтишимиз керак. Агар бу ишлар амалга ошса, ёшларнинг кўча-кўйда санғиб юришини олди олинади, аёллар рўзғор юмушларидек бир хил, зерикарли ишлардан бироз бўлса-да, чалғийди, ҳам даромад кўради…”

“Каptivа” янги қурилаётган мактаб ҳовлисида тўхтади. Қаюмов машинадан тушиб, қурувчилар билан ҳорманг-бор бўлинг, қилди. Мактаб биноси тикланган, сувоқ-пардозлаш ишлари бошланган эди. Прораб қурилишнинг бориши ҳақида ҳокимга қисқача ахборот берди. Қаюмов атрофни назардан ўтказди.

– Яхши, – деди. – Ишни бўшаштирманглар. Ён-атрофни ободонлантириш ишларини ҳам бошланглар. Нима ёрдам керак бўлса, айтинг, фақат вақтида айтинг. Кеч қолмайлик . Болалар янги ўқув йилини янги мактабда бошлаши шарт.

Бошқа зарур топшириқларни берди-да, машинага ўтирди.

– Турклар қураётган қўшма корхонага ҳайда, – деди.

Ҳамкорликда гап кўп, яна ўйга толди Қаюмов. Агар ҳамкорлик тўғри йўлга қўйилса – ҳар томонлама фойда. Корхона қуриб, янги иш ўринлари яратиш билан бирга, янги дўстлар орттирилади. Туманимиздаги қўшма корхоналар туфайли одамларимиз қанча хорижликлар билан ошна бўлди, улар билан бир дастурхонда овқат емоқда, улар бизнинг, биз уларнинг урф-одатларини ўрганмоқдамиз. Илгари одамларимиз бирон-бир чет элликни кўрса, оғзи очилиб термиларди, гўё у ойдан тушгандай. Ҳолбуки, хорижлик ҳам ўзимиз қатори бир одам, фарқи – тили бошқа, холос. Энди шу ҳуркишлар, анграйиб қарашлар йўқ… Бу ишларда Даврон Қўлдошевнинг хизмати катта бўлаётир. Унинг инглиз тилини билиши жуда қўл келмоқда. Умридан барака топсин, жуда меҳнаткаш, ҳалол, фидойи йигит. Шуни ўринбосар қилиб олиб, хато қилмадим. Бошида ёшлик қилмасмикан, эплаб кетармикан, деган хавотирда эдим. Хайриятки, хавотирим ўринсиз бўлиб чиқди. Ишга тез киришиб кетди. Топшириқ кутиб ўтирмайди. Ўзида фикр бор, ғоя бор, ташаббус ва ғайрат бор. Айниқса, хориж инвестициясини жалб этишда ёнимга кирди. Кўп ишларни ўзи мустақил ҳал қилмоқда. Қисқа вақтда бир неча давлатга бориб, ишбилармонлар билан туманимизда қўшма корхоналар қуриш, маҳсулотларимизни экспорт қилиш бўйича музокаралар ўтказгани самара бера бошлади. Кўз тегмасин, экспорт бўйича вилоятда биринчи ўринга чиқдик. Ишимиз шу зайлда давом этса, худо хоҳласа, ҳали жуда катта ютуқларга эришамиз.

Қаюмов қўшма корхона қурилиши билан танишди. Қурувчилар билан обдон суҳбатлашди. Корхонанинг дастлабки босқичини мустақиллик байрами арафасида ишга тушириш лозимлигини уларга қатъий уқтирди.

– Корхона ишга тушса, ўнлаб одам ишга киради, – деди ҳоким.

– Қолаверса, пайпоқ ўзимизда ишлаб чиқарилса нархи ҳам арзон бўлади. Одамларнинг дуосини оласизлар. Худо қувват берсин сизларга.

Комил ака йўл-йўлакай яна бир-икки объектга кириб ўтди-да, ҳокимиятга келди.

…Хорижлик инвесторлар билан музокара анча чўзилди. Даврон Қўлдошев лойиҳаларнинг ҳар бири ҳақида батафсил гапирди. Бу лойиҳалар қандай самаралар бериши, сармоя киритувчилар ҳам катта фойда кўриши тўғрисида эринмай тушунтирди.

Қаюмов ўринбосарининг инглиз тилида равон, тутилмай сўзлашига, нутқига мос ҳаракатларига, хорижлик ҳамкорларга ҳар бир лойиҳа бўйича худди ишлаётган, маҳсулот бераётган корхона ҳақида сўзлаётгандек тушунтиришига ич-ичидан ҳаваси келди. Давроннинг олдида бизнинг инглизчамиз ҳеч нарса бўлмай қолди, деб ўйлади. Айни чоғда Даврон Қўлдошев ҳақида турли миш-мишлар тарқалгани кўнглига бироз соя солди. Биров уни бошқа туманга ҳоким қилиб жўнатармиш деса, бошқаси вилоятнинг қайсидир ташкилотига раҳбар қилиб олармиш, дейди. Қаюмов ёшларнинг ўсишига қарши эмас, албатта. Аммо Даврон бошқа ишга кетса у бошлаган хайрли ишларни ким давом эттиради? Хорижликлар билан ҳамкорлик қилиш, чет эл инвестициясини жалб этиш, экспорт билан шуғулланиш энг долзарб масалалардан. Бунинг учун Давронга ўхшаган замонавий йигитлар керак. Туманда бундай кадрларни топиш осон эмас. Даврон шу даражага етгунича унинг қанча меҳнати сингди…

Хорижлик шериклар билан музокаралар иккита лойиҳа бўйича ишни бошлаш ҳақидаги ҳужжатларни имзолаш билан якунланди.

Меҳмонларни кузатгач, Комил ака Давроннинг қўлини олди:

– Раҳмат, Давронжон. Умрингиздан барака топинг. Худо хоҳласа, бу ишлар амалга ошиб, корхоналар ишга тушса қанча одам ишли бўлади, демак, уларнинг рўзғорига қут-барака киради. Маҳсулотларни экспорт қилсак, туманимизга, аҳолимиз чўнтагига пул тушади. Халқимиз бундай эзгу ишларни унутмайди. Кам бўлманг. Сиздан миннатдорман.

Давроннинг юзига қизиллик югурди. Хижолатомуз ерга қаради.

– Қўйсангиз-чи, Комил ака. Ҳаммаси сизнинг саъйҳаракатларингиз билан бўляпти-ку. Қолаверса, булар бевосита бизнинг ишимиз. Ахир шунинг учун маош оламиз, – деди кулиб. – Бизга ишониб шу вазифани топширган экан, демак, ишлашимиз керак-да…

– Тўғри, – деди Қаюмов унинг сўзини бўлиб. – Ҳаммаям маош олади. Лекин, афсуски, ҳаммаям шундай ўйламайди, шундай ишламайди-да. Мен биламан, сиз фақат лавозим тақозосига кўра ишламайсиз. Ҳар бир ишга чин дилдан, виждонан ёндашасиз. Шу элга бирон-бир нафим тегсин, деб ишлайсиз. Мени ана шу хурсанд қилади… Майли, Давронжон, сиз ишингизни давом эттиринг. Мени яна кўрадиган объектларим бор. Тепақишлоқ аҳолиси билан учрашишим керак. Қолган гапларни кечқурун гаплашамиз.

… Ҳоким соат тўққизга яқин қайтди идорага. Столида тахланиб турган ҳужжатларни, мурожаатларни бирма-бир синчиклаб кўра бошлади. Қаюмов баъзи раҳбарлар сингари ёрдамчиси ёзиб келган топшириқномага имзо қўйиб бермайди. Ҳар бир ҳужжатни, айниқса, одамлардан келган мурожаатларни диққат билан ўқийди. Кўтарилган масалаларни ҳал қилиш йўлларини қидиради. Шунга қараб ўзи топшириқнома ёзади.

Ёрдамчи бош мутахассис Холбой Бешимов келганини айтди. Қаюмов эшик тепасидаги соатга қаради.

– Ўҳу, соат ўн бир бўп қопти-ку. Кеч бўлганда нима зарур иши бор экан Холбойнинг, – деди.

– Билмадим… Менга айтмади, – деди ёрдамчи.

Ҳоким столда турган сигаретдан олиб тутатди. Шу билан бироз енгил тортгандай сезди ўзини. Аслида Қаюмовни чекувчи, деб ҳам бўлмайди. У ҳеч қачон ёнида сигарет олиб юрмайди, кўча-кўйда, машинада, айниқса, уйида умуман чекмайди. Фақат ишхонада, унда ҳам асосан, кечки пайт икки-уч дона чекади. Сигаретдан уч-тўрт тортди-да, қолганини кулдонга эзғилаб ўчирди.

– Майли, айт, кирсин, – деди.

Ҳаво иссиқ бўлишига қарамай Бешимов костюм кийган, галстук тақиб олган эди.

– Ассалому алайкум, Комил Қаюмович. Узр, кеч бўлганда безовта қилдим, – деди Холбой.

Ҳоким мийиғида кулди. Унинг кийиниши билан ўзининг кийиниши кулгисини қистатди. (Қаюмов енги калта катак кўйлакда эди).

– Ҳа, Холбой, куёв болага ўхшаб юрибсиз… Нима гап?

Бешимов бироз чайналди.

– Холбой, сиз билан бирга ишлаётганимизга ҳам анча йил бўлиб қолди. Шундайми?

– Шундай, шундай, – деди Бешимов.

– Шундай бўлса, менинг одатимни яхши биласиз, гапни чўзганларни ёқтирмайман. Шап-шап дегунча шафтоли, деб қўя қолиш керак. Мақсадга ўтинг.

– Анчадан бери сизга бир нарсани айтмоқчи бўлиб юрибману ҳеч мавриди келмаяпти…

– Мана, мавриди келди. Айтинг, – деди Қаюмов кулимсираб.

– Анчадан бери Даврон Қўлдошевич …

Ҳоким унга киноямуз қаради:

– Хўш, нима бўпти Даврон Қўлдошевичга?

Комил ака “вич-вич” деб мурожаат қилишни унга хуш кўрмас, оддийгина фалончи ака, деб қўя қолмайсанми, дерди. Ҳозир шунга ишора қилган эди. Буни Бешимов англади.

– Узр, Комил ака, тил қурғур кетиб қолаверади-да.

– Тўғри айтдингиз, – деди Қаюмов. – Бошқарилмаса, суяксиз тил нималар демайди. Хўш, давом этинг.

– Даврон Қўлдошев ҳақида турли гаплар юрибди. – Нима деркин, деган маънода у ҳокимга қаради. Аммо ҳоким муносабатини билдирмаслик учун сигаретга қўл чўзди. – Бошқа ишга кетармишми-ей. Буям майли, – Бешимов жойлашиброқ ўтирди. Энди ўзини бироз тутиб олган, эркинроқ гапира бошлади. – Тумандаги ишларни асосан мен қиляпман, хорижлик инвесторлар билан фақат мен гаплаша оламан. Мана, қанча сармоя кирди туманимизга. Бир нечта кичик корхоналар очдик. Юзлаб иш ўринлари яратдик. Буларнинг бари менинг меҳнатим туфайли, деб юрганмиш. – Бешимов ҳоким ҳозир тутақиб кетади, деб ўйлади-да, унга синчковлик билан термилди. Қаюмовнинг юзида ҳеч қандай ўзгариш сезилмади, гўё суҳбатдошининг гапларини эшитмаётгандай бамайлихотир сигарет чекарди. Бешимов давом этди. – Ахир бу инсофсизлик-ку, Комил ака. Туманимизда нима иш, қандай янгилик бўлса ҳаммаси сизнинг ташаббусингиз, кўрсатмангиз билан амалга ошириляпти-ку. Бир-икки мақтаб қўйганингизга ҳаддидан ошаяптими, дейман-да. Ўзи бир ёш бола бўлса. – Холбой ҳоким индамай ўтирганини ўзининг гаплари ёқаяпти, деб ўйлади. – Бунинг олдини олиш керак, Комил ака. Бу гапларни ҳаммага, ҳатто вилоят раҳбарлари олдида ҳам айтиб юрганмиш. Унинг нияти нима ўзи? – Қаюмов индамади. Сигарет қолдиғини кулдонга эзғилаб ўчирди. Яна нима гапинг бор, дегандек Холбойга қаради. У ростданам мавриди келди, деб отини баттар қамчилади. – Ўзини замонавий, ташаббускор раҳбар қилиб кўрсатмоқчи шекилли. Ҳойнаҳой, сизнинг жойингизга кўз тикканга ўхшайди, Комил ака.

Қаюмов бирзум Холбойга маънодор тикилди, сўнг деди:

– Шу гапларингиз ростми?

Бешимов яна ҳам дадиллашди.

– Рост, Комил Қаюмович… Э, кечирасиз, Комил ака… Ишонмасангиз қасам ичаман…

– Шошманг, шошманг, – деди Қаюмов унинг гапини бўлиб. – Қасам ичиш шарт эмас… Ахир сиз ёш бола эмассиз-ку, гапингизга ишонмасам…

– Шундай, Комил ака.

Қаюмов тугмачани босиб ёрдамчисини чақирди.

– Лаббай, Комил ака, – деди Илҳом.

– Давронни чақир. Шу ердами ўзи, кетиб қолгани йўқми?

– Шу ерда, компьютерда ишлаб ўтирувди.

Бешимов аввалига бир мамнунлик ҳис қилди. “Ҳозир боплайди, таъзирини беради”, деб ўйлади. Аммо бошқа жиҳатдан менинг олдимда гапирмагани маъқул эди, мен айтганимни билиб қолади, деган хавотир чулғади бутун вужудини.

Иш дафтарини кўтариб Даврон Қўлдошев кириб келди.

– Чақиртирган экансиз, Комил ака.

– Ҳа, чақирдим. Ўтиринг, – деб Холбойнинг рўпарасидаги стулни кўрсатди. Бешимов ҳокимнинг юзига, кўзига қанча термилмасин, ичидагини била олмади. Унинг бутун вужуди музлаб, пешонасидан совуқ тер чиқди.

Ҳоким Холбойга юзланди:

– Ҳозир менга айтган гапларингизни бир бошидан битта қолдирмай қайтаринг, – деди.

Бешимов қўлга тушган ўғридай довдираб қолди.

Қаюмов қотма гавдасини бироз эгиб, икки тирсагини столга қўйди. Бешимов томонга бироз энгашди ва паст, аммо кескир овозда деди:

– Қайтаринг, бояги гапларингизни… Мабодо айтишга улгурмай қолган гапларингиз бўлса, уларни ҳам айтинг. Эшитамиз…

Даврон Қўлдошев нима гаплигини билолмай ҳайрон – гоҳ ҳокимга, гоҳ Бешимовга қарайди. Холбойнинг ранги оқариб кетган, боши хам, кўзини столдан узолмасди.

Оғир, жуда оғир сукунат чўкди. Эҳтимол бу сукунат уч дақиқа ё беш дақиқа давом этгандир, аммо Бешимовга бир соатдай, балки бир кундай туюлди. “Ундан кўра уришгани, сўккани, ҳатто ургани афзал эди… Бундай бўлиши хаёлимга ҳам келмаганди…”

Қаюмов сигарет олиб узоқ эзғилади, сўнг шошилмай тутатди. Ҳамма ўз хаёли билан банд. Ҳоким босиб-босиб сигарет торти-да, номаълум томонга қараганча дардли бир овозда сукунатни бузди:

– Сизларга рухсат…

Қаюмов бир нуқтага термилганча узоқ ўтирди.

Ҳозирги суҳбатдан дили ранжиди. Холбойни бамаъни, мулоҳазали одам, деб ўйларди. У ҳақда яхши ниятлари бор эди. Олдин ҳам бир-икки шунга ўхшаш гапларни гапирганда насиҳат қилган, бундай ишлар яхшиликка олиб келмаслигини мисоллар билан тушунтирган эди. Афсуски, одам боласини ўзгартириш қийин экан. Нима етмайди унга? Мансабми? Муовин бўлмоқчими? Бунинг учун ғийбат, иғво билан шуғулланиш керакми? Дардини очиқ айта қолмайдими… Аслида бунга ўхшаганларга мансаб ҳам бериб бўлмайди, ҳамма нарсани шахсий манфаатига буради, фақат ўзини ўйлайди, одамларнинг тақдири заррача қизиқтирмайди уларни… Бўлмаса, ёнида юрган, кўз ўнгида ўсиб-улғайган ёш йигит шу даражага етганидан қувонмайдими? Дўстнинг дўстлиги оғир кунлардан кўра, қувончли кунларда кўпроқ билинади, деган гап рост экан-да. Эссиз… Ҳасад, кўролмаслик, ёшларнинг йўлига ғов бўлиш… Қачон қутуламиз бундай иллатлардан?.. Бунақа одамлар, бу каби суҳбатлар киши дилини хуфтон, ҳафсаласини пир қилади.

Комил ака ўрнидан оғир қўзғалди. Жавон олдига бориб, Навоий “Девон”ини олди. Бирон нарсадан сиқилса Навоийни ўқийди, бундан дардига малҳам топгандай бўлади, кўнгли бироз ёзилади. Тўғри келган саҳифани очди:

 
Нокасу ножинс авлодин киши бўлсин дебон,
Чекма меҳнатким, латиф ўлмас касофат олами.
 

Давомини ўқимади, ўқигиси келмади.

Кўзини юмиб, ўйга толди. “Эй, ожиз банда, бунчалар тубан бўлмасанг. Ғийбату, фисқу фасодга, худбинлик балосига бунчалар гирифтор бўлмасанг… Бир эшикдан кириб чиқасан, бир дастурхонда овқатланасан… Қайси юз билан гапирдинг шу гапларни? Яна қасам ичаман, дейди-я… Эртага уни, мени юзимга қандай қарайсан?..”

Китобни жойига қўйди. Сўнг ўрнига келиб ўтирди-да, ён дафтарига ушбу сўзларни ёзди. “Мажидиддинлар ҳали батамом йўқ бўлмаган… Йўқ бўлармикан? Билмадим-ов… Демак, доимо ҳушёр ва сергак бўлмоқ керак…”

Эшик қия очилиб, Илҳом кўринди.

– Нима гап? – деди Қаюмов.

– Кечирасиз, Комил ака… Соат ўн икки бўляпти…

Ҳоким девордаги соатга кўз ташлади.

– Ҳа-а, ўн икки дегин… Бўпти, машинани чақир.

– Хўп бўлади, – ёрдамчининг овози бироз дадил, хурсанд эшитилди.

Бундан ҳокимнинг юзига майин табассум югурди. Гўё ёрдамчиси олдида ўтиргандай секин гапирди: “Менку ишни, одамлар дардини эшитишни, иложи борича уларга ёрдам беришни ўзим учун ҳаловат, умрим мазмуни, деб биламан… Сен-чи, Илҳом? Сен ҳам бунга кўника олармикансан? Шу тахлит ишлаб кета оласанми?.. Ўрганасан. Ахир неча йилдан бери ёнимдасан-ку. Мана, Даврон эплаб кетди-ку. Кутганимдан ҳам зиёда қилиб бажараяпти ишларни. У ҳам бир пайтлар сенга ўхшаган ёрдамчи эди… Фақат ҳалол, виждонан ишласанг бас… Анави Холбойларга ўхшаб қолмасанг бўлди… Худо асрасин…”

2018 йил

РАПОРТ

Еттинчи бригада бошлиғи Темир ака қош қорайганда ҳовлиққанча колхоз идорасига кириб келди. Котиб йигит телефонда ким биландир қаттиқ-қаттиқ гаплашаётган экан. Бригадир шундан фойдаланиб раис хонасининг эшигини очди. Тамаки тутунига кўмилиб, аллақандай қоғозларни титкилаб ўтирган раис эшик томон ўгирилди. Эгни-бошига пахта ёпишган, юзлари, қош-киприклари, мўйлабигача оппоқ гард ўтирган, новча, қотмадан келган Темир ака раисга қувонч билан боқиб турарди.

У тупроққа ботган катта этиги билан полда из қолдириб, раисга яқин келди. Темир ака нимадандир қаттиқ ҳаяжонда эди. Доимо босиқ, ўн гапирганда бир гапирадиган, саволларга “ҳа” ё “йўқ” деб жавоб беришдан нарига ўтмайдиган бригадирни бу аҳволда кўрган раис саросимага тушди.

– Ё тавба, ё тавба, – деди раис ўрнидан қўзғалиб Темир акага қўл узатаркан. – Тушимми, ўнгимми? Темир ака, ўзингизми? Нима бўлди? Бахайрликми?

Бригадир раиснинг қўлини олиб қаттиқ қисди. Унинг киртайган, аммо қувонч порлаб турган кўзлари раиснинг қизаринқираган қисиқ кўзлари билан тўқнашди. Темир ака чўнтагидан бир парча қоғоз олиб узатди:

– Табрикланг, раис! Табрикланг, бизни! Бригадамиз планни бажарди. Биринчи бўлиб! Ҳали райондаям ҳеч ким бажармаган бўлса керак. Бир ҳафтада! Табрикланг! Юқорига хабар беринг!

Раис қоғозни олди-ю, шошилмай кўз югуртирди. Ярмигача чекилган сигаретни кулдонга қўйиб, кўйлагининг ёқасини тўғрилаган бўлди:

– Яхши, жуда яхши, Темир ака.

Раиснинг оғзини пойлаб турган бригадир севинчини ичига сиғдиролмасди.

– Хабар қилинг юқорига. Тезроқ бўлсангиз-чи, бошқа колхоздан хабар келиб қолмасин тағин! – Телефон трубкасини раисга узатди. – Биласиз, ҳозир бир дақиқаям ғанимат.

Раис Темир аканинг қўлидан трубкани олиб жойига қўйди.

– Шошилманг, Темир ака. Сиз бунақа эмасдингиз-ку, – деди бамайлихотир. – Шунга шунча ҳовлиқасизми? Эшикдан кириб келганингизни кўриб, янгам яна Ҳасан-Ҳусан туғипти-да, деб ўйлапман-а.

– Бўла қолинг, раис. Янгангизнинг эгиз туғиши янгилик эмас. Лекин бригадамиз ҳали бирон мартаям районда биринчи бўлиб бажармаган планни. Бултур бор-йўғи бир соат кечикувдик! Мана, Худога шукр, бу йил юзимиз ёруғ бўлди.

Раис Темур ака берган қоғозни лоқайдлик билан унинг олдига суриб қўйди.

– Афсуски, бу йил ҳам ярим соат кечикдингиз-да. Тўртинчи бажарипти. Мадиёр ҳозиргина келиб кетди.

– Нима?! – Темир аканинг оёқ-қўли бўшашиб, тиззалари қалтиради. Стулга омонатгина ўтириб қолганини ўзи ҳам сезмади.

– Парво қилманг, Темир ака, бултургидан ярим соат олдин бажарибсиз. Келаси йил яна бир ғайрат қилсангиз, тўртинчидан, албатга, ўтиб кетасиз.

Бригадир бу гапларни эшитмади. Ҳозиргина раиснинг хонасига қушдай учиб кирган Темир ака ўрнидан зўрға турди, судралиб хонадан чиқди. Бригадирнинг бу қадар шалвираб қолганини кўрган котиб йигитнинг кайфи учди.

– Ҳа, Темир ака! Сизга нима бўлди? Тинчликми?

Темир ака қайрилиб ҳам қарамади. Оғир қадамлар билан ташқарига чиқди. Гулзор четига қўйилган ўриндиққа бориб ўтирди-да, икки кафти билан чаккаларини қаттиқ сиқди: “Э, Худо! Нима деган гап бу?! Камбағалнинг ови юрмас, ови юрсаям дови юрмас, деб шуни айтса керак-да. Қанча ҳаракат қилдик… Энди одамлар олдига қайси юз билан бораман? Уят-ку!” Машина тормози чинқириғидан Темир ака сергак тортди. Ёнида биров тургандай хижолат бўлиб, бошини кўтарди. Атрофга аланглади: хайрият, ҳеч ким йўқ экан. “Катта кўчада шекилли машина, – ўйлади Темир ака. – Нима дейман одамларга? – Бригадирнинг кўз ўнгидан йўлини сабрсизлик билан пойлаб ўтирган колхозчилар бирма-бир ўтди. – Яна тўртинчи ўтиб кетипти, дейманми?!

Шу пайт Темир аканинг миясига бир нарса урилгандай бўлди. Хаёлини йиғиштириб, ўзини қўлга олди: “Шошма, шошма. Нимага энди бултурам, бу йилам ҳаммадан олдин тўртинчи бажаради? Бу йилги пахтаси-ку, маълум: кални сочидай бўп ётипти. Қандай қилиб яна биринчи бўлиб олди? Раисдан нега шуни сўрамадим, рапорт қоғозини талаб қилмадим?! Индамасанг бир чеккага суриб қўяверишади-да. Ҳозир бориб аниқлайман”.

Темир ака шаҳд билан идорага қайтиб, раис хонаси томон йўналди. Котиб йигит унинг важоҳатини кўриб ҳайрон қолди: “Нима бало, тинчликми ўзи? Темир ака куйиб-пишиб у ёқдан-бу ёққа югуриб юрипти. Оғир одамнинг жаҳли чиқиши қийин. Борди-ю, жини қўзиса, охири ёмон бўлади, дейишади. Бу кишига нима бўлди? Бир ғалвани бошламаса гўрга эди…” Котиб шу хаёллар билан Темир аканинг йўлини тўсди:

– Темир ака, бироз сабр қилинг. Раис бува бандлар. Телефонда райком билан гаплашяптилар.

Темир ака котиб йигитга хўмрайди-да, уни четлаб ўтмоқчи бўлди. Котиб энди унинг қўлидан ушлаб олди:

– Темир ака, эшитяпсизми, раис бува…

– Э, раис бувангниям, сениям?.. – Темир ака шундай деб қўлини силтаб тортганди, котиб йигит мункиб кетди. Бригадир шартта эшикни очиб, ичкарига кирди. Раиснинг телефонда гаплашаётгани рост экан. Темир ака шахдам юриб, унинг олдига борди, тикка турганча гаплашиб бўлишини кутди. Раис ўқрайиб бригадирга қаради-ю, гапини тугата қолди:

– Бўпти, кейин ўзим қўнғироқ қиламан, – трубкани қўйиб, Темир акага юзланди. – Ҳа, Темир ака, яна нима гап?

– Рапортни беринг.

Раис ҳайрон бўлиб елка қисди:

– Рапортни? Қайтариб олдингиз шекилли?!

– Мадиёрди рапортини айтяпман. Қани, менам бир кўрай-чи.

Раис зўрма-зўраки илжайди.

– Ҳа, бундай денг… Нима қиласиз уни?

Темир ака ҳамон жаҳлидан тушмаган, қовоқлари солиқ, лаблари пирпирарди.

– Кўраман-да… Қани, ҳар йили биринчи бўлиб бажарадиган Мадиёр шернинг рапортини бир кўриб қўяйлик-чи…

“Оббо палакат-эй, бу фикр қаёқдан келди унинг калласига? Бу аммамнинг бузоғидан бунақа гап чиқмайди. Кимдир ўргатган бунга. Оббо ярамаслар-эй. Ким гиж-гижлади экан буни? Ё менга, ё Мадиёрга хусумати борлардан бирига йўлиқипти-да, бу галварс. Ўзига қолса мулла минган эшакдай бўлиб, гапимга ишониб кетаверардику-я…” Раис ўзини дадил, жиддий тутди.

– Хўш, нима демоқчисиз, Темир ака? Менга ишонмаяпсизми? Сиздай одамни алдайманми? Ахир менинг ҳам бола-чақам бор. Ёлғон гапириш менга зарилми?

Темир аканинг баттар хуноби ошди. Қоядан туриб пастдаги ўлжасини кузатган бургутдай раисни таъқиб остига олди. У раиснинг кўзларига қаттиқ тикилди. Одамнинг дилидаги ниятини кўзидан билса бўлади. Тил гапираверади, аммо кўз алдаёлмайди. Ҳозир раиснинг кўзлари ҳам Темир аканинг ўткир қарашларига дош беролмади. У ноилож нигоҳини олиб қочди. Қўллари эса билинар-билинмас титрар, раис буни сездирмаслик учун столни доира қилиб чертарди. Раиснинг бу ҳаракатлари Темир аканинг шубҳасини яна ҳам орттирди. “Товба, кап-катта одам, яна кимсан бир колхознинг раиси бола-чақасини ўртага солиб, кўзини лўқ қилиб ёлғон гапириб ўтирипти-я. Товба…”

– Бола-чақани ўртага қўйиб нима қиласиз, раис! Тўғрисини айтавермайсизми? Бор бўлса мана денг, кўрсатинг. Йўқ бўлса…

– Йўқ бўлса, йўқ бўлса, – унинг гапини бўлди раис. – Йўқ бўлса рапорт берди, дермидим. Кимларнингдир иғвосига учиб, номингизга, ёшингизга ярашмаган ишни қилишга уялмайсизми, Темир ака!?

– Кимнинг иғвосига учибман?

– Ўзингизни гўлликка солиб нима қиласиз. Бу гаплар сиздан чиқмаган-ку, ахир. Нима, мени ҳеч балони билмайди, лақма деб ўйлаяпсизми?!

Бригадир ғалати бўлиб кетди, гўё ҳамма уни иғвогар деяётгандай туюлди. Яхшиямки, атрофда ҳеч ким йўқ. У раисга яқинроқ борди.

– Менга қаранг, раис. Шунча вақт бировнинг иғвосига ишонмаган одам энди, ёшим элликдан ошганда, ишонаманми? Бунақа олди-қочди гапларди нима кераги бор! Қурвақаниям ҳадеб босаверсангиз охири “вақ” этади-да. Ахир мен одамман-ку!

– Биз сизни босиб нима қилдик, нега туҳмат қиласиз одамга, Темир ака. Инсоф борми ўзи?

Раиснинг гаплари тобора Темир аканинг ҳафсаласини пир қила бошлади. Бу одам колхозга раис бўлиб келганида баъзи бировлар у-бу гапларни гапиришган, лекин Темир ака ишонмаганди. Одамларнинг одатдаги олди-қочди гаплари-да, деган хаёлга борувди. Раиснинг мана бу қилиқларини, муомаласини кўриб, ўша гаплар бекорга айтилмаганини сезди. Шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди-ку.

Темир ака вазмин бўлишга ҳаракат қилар, аммо ичидан, кўксидан отилиб чиқаётган бир куч, туғён уни ўз ихтиёридан чиқиб кетишга, аччиқ-аччиқ гаплар айтишга мажбур қиларди.

– Инсофни мендан эмас, ўзингиздан сўранг, раис.

– Икки йилдан бери биринчи бўлиб бажарамиз, лекин тўртинчини олдинга ўтказиб юборасиз. Мен-ку майли-я, одамларга раҳмингиз келмайдими? Уларнинг бетига қаролмай қолдим-ку… Мадиёрди рапорти бўлса беринг, бир кўрай, кейин одамларга бориб айтай. Еб қўймайман-ку, ахир…

Раис иккала қўли билан столга бир уриб, ўрнидан турди. Унинг думалоқ, қип-қизил юзлари шолғом рангига кирди. Қовоқлари салқиб турган кўзлари айёрона қисилди.

– Менга қаранг, Темир ака, сиз бекордан-бекорга мени ёлғончига чиқаряпсиз. Буни оқибати ёмон бўлади-я!

Темир ака энди ўзини кулгидан тиёлмади.

– Кечирасиз-у, раис, ҳозир ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, бир-биримизни хафа қиляпмиз. Рапорт бўлса, кўрсатинг, вассалом. Кетаман. Бўлмаса…

– Бўлмаса-чи?

– Бўлмасами? Бўлмаса, мана менинг рапортим! Хабар беринг районга.

Раис столни айланиб ўтиб, гўё унга сирли бир гап айтадигандай яқинроқ келди. Бир қадар сокинлик, аммо қатъий ишонч билан деди:

– Тушунсангиз-чи, Темир ака. Мениям, ўзингизниям қийнаб нима қиласиз. Барибир сизнинг рапортингизни қабул қилишмайди. Мадиёр биринчи бўлиб бажариши керак. Ҳозир унинг келишини кутиб ўтирибман. Борди-ю, бугун келмаса, эртага азонда келади, районга хабар берамиз.

Темир аканинг ичидан бир нарса узилгандай бўлди. Кўз олди қоронғилашиб, сон-саноқсиз юлдузчалар пирпираб кетди. Бир ҳафта на уйқуни, на оромни билмагани, бутун бола-чақаси билан, ҳатто биринчи синфда ўқийдиган қизигача чиқиб пахта тергани кўз олдида жонланди. Улар ҳам умидвор бўлиб, йўлга термилиб ўтиришибди.

– Тушундингизми энди? – Раис Темир аканинг елкасига қўлини ташлади. – Юқоридан буйруқ шундай… Хафа бўлманг, сиз иккинчи бўласиз…

– Ахир бу қаллоблик-ку! – Темир аканинг товуши жуда хаста, секин чиқди.

Раис стол устидаги сигаретдан бир дона оларкан, ўзича Темир акага ачингандай бўлди:

– Иложимиз қанча. Юқорининг буйруғини бажармасак бўлмайди. – Гапини биров эшитиб қолишидан чўчигандай атрофга бир аланглади-да, Темир аканинг қулоғига шивирлади: – Биласизми, шу гап шу ерда қолсин-у, Мадиёр қаҳрамон бўлиши керак…

– Қаҳрамон?

– Секинроқ, – деди раис ҳовлиқиб.

– Ким айтди шуни сизга, раис?

– Мени кечиринг-у, Темир ака, сизни ҳурмат қилганимдан шу гапларни очиқ айтдим. Энди бу ёғини суриштириб ўтирманг. Рапортингизни қолдириб кетинг, Мадиёрдан сўнг сизникини етказаман.

Темир ака раисга лом-мим демади. Бир-бир босганча хонадан чиқиб кетди. Унинг хаёллари чувалашган, мияси ғувилларди. Фақат оёқларигина уни уйи томон бошлаб борар, ўзи эса қаерда, қаёққа кетаётганини ҳам билмасди. “Ростми, шу гап? Наҳотки шундай бўлса? Шунақа қилиб қаҳрамон бўладими? Бошқа қаҳрамонлар-чи? Улар ҳам шунақа қаллоблик билан қаҳрамон бўлишганми?” Темир аканинг тасаввурида турли йиғилишларда суҳбатлашгани, телевизорда кўрганлари – кўксини қўша-қўша орденлар безаб турган илғор бригада бошлиқлари жонланди. Уларга доим ҳаваси келар, ўзи ҳам ўшалардай бўлишни орзу қиларди. Эртаю кеч шу ният билан ишларди. Ҳозир ўша нишондор бригадирлар қаллоб, кимнингдир ҳисобига қаҳрамон бўлгандай кўриниб кетди. “Наҳотки шундай?! – Ўзининг фикридан ўзи уялди. – Йўқ! Мумкин эмас! Қаллоблик ҳеч маҳал яхшиликка олиб келмайди. Раиснинг гаплари ҳам ёлғон! Юқоридан бундай буйруқ бермайди. Ишонмайман!.. Шошма-шошма, районга борсам-чи! Рапортни тўппа-тўғри райкомга топширсам-чи! Нимага колхозингга топширмадинг деса, бор гапни айтаман. Борди-ю, раиснинг гапи рост бўлиб чиқса-чи? Райкомдан шундай буйруқ берилган бўлса-чи?! Унда нима бўлади!.. Йўқ, менимча, бу гаплар ёлғон! Раиснинг ҳийласи? – Темир ака бу фикридан суюниб кетди, кўнгли бироз ойдинлашгандай бўлди: Бораман! Таваккал! – Чўнтагига қўл солди. Бармоқларига бир парча қоғоз илинди. – Демак, рапорт ёнимда!”.

Бригадир қадамларини тезлатди.

– Хотин, мошинди калитини опчиқ! – дарвозадан кирар-кирмас бақирди.

Ичкаридан хотинининг овози эшитилди:

– Шу пайтда калитни нима қиласиз? Қаерга борасиз?

Бригадир вақтни қизғаниб, гапни қисқа қилди:

– Районга. Зарил иш чиқиб қолди.

Хотини калитни олиб Темир ака томон келаркан, оғзи тинмасди:

– Болалар сизни кутиб ўтириб, овқатиниям егани йўқ. Рапортингизни топширдингизми? Ҳеч бўлмаса бугунги хурсандчиликда болаларминан ўтириб овқатлансангиз бўларди…

Хотинининг гапи Темир аканинг ярасига туз сепди. У тутақиб кетди:

– Мунча жаврадинг? Калитни ол дегандан сўнг обке-да. Қаёққа боришим билан нима ишинг бор? Зарилдирки бораман районга, томошага кетаётганим йўқ-ку! – Хотинининг қўлидан калитни юлқиб олди. Машинани орқаси билан юргизиб чиқиб, катта йўлга ўнглаб оларкан, дарвозани ёпиш учун келган хотинига қаради: – Овқат еяверинглар. Мени кутманглар…

– Қайтиб келасизми бугун?

– Билмадим.

Темир ака шундай деб соатига қаради. Тезроқ бориш керак. Мадиёр кеп қолса, раис телефонда айтиб қўйиши мумкин.

Машинага қаттиқ газ берди. Қоронғилик бағрига шўнғиб кетган “Москвич”нинг орқа чироқлари анчагача қизариб борди-да, охири сўнди. Темир аканинг хотини кўкрагини тўлдириб келган хўрсинишдан энтикиб кетди. “Товба”, деб қўйди. Дарвозани ёпаркан, ўйларди: “Яхшиликмикан ишқилиб, бемаҳалда районда нима қилади. Ўзинг асра ишқилиб, худойим…”

Темир ака қишлоқ кўчасидан чиқиб, район марказига олиб борадиган катта асфальт йўлга бурилди. Бригадир яна соатига қаради: ўндан ўнта ўтипти. Районга ҳали ўн беш километр бор. Шошилиш керак…

Хаёлида шуларни ўйлаган сари оёғи машина газини қаттиқроқ босар, “Москвич” тобора тезлаб борарди. Рўпарадан келаётган юк машиналари, пахта ортилган тележкалар зип-зип ўтади. Темир ака икки қўли билан руль чамбарагини маҳкам ушлаганча ўйлаб борарди: “Тўғри райком секретарининг олдига кираман. Рапортни топшираман. У киши яхши одам. Раисга ўхшаб тулкилик қилмайди. Рапортимни қабул қилади. Табриклайди…” Шу тобда уч йил олдинги воқеа унинг эсига тушди. Ўшанда райком котиби Темир акага “Ҳурмат белгиси” орденини топширганди. Қўлини қаттиқ қисиб, самимий табриклаганди. “Райкомимиз ажойиб одам”, бригадир ўзича жилмайиб қўйди.

Шу маҳал нимадир қарс этди. Темир аканинг бошига бир нарса урилгандай бўлди, кўзолди қоронғилашди. Машина ағдарилдими ёки ўзими – билолмайди…

У базўр кўзини очди. Атрофга разм солди: деворлар, шифт оппоқ. Вужуди оғир, қимирлаёлмайди. “Касалхона-ку… Демак, мошинди урибман-да… – Боши лўқиллаб кетди. Инграб юборди. – Чатоқ бўпти-ку. Рапорт қаерда қолди экан”. Киссасини кўрмоқчи эди, қўлини кўтаролмади. Юрак-бағри ўртаниб кетди. Ҳалқумига нимадир тиқилиб, кўзига жиққа ёш келди. Шифт, деворлар оппоқ пахтазорга ўхшаб туюлди. Бирзум уларга термилди, сўнгра кўзларини чирт юмди, қаттиқроқ юмди…

1982 йил

УКА

Акмал Москвага олдин ҳам келган. Унда шунчаки, томоша қилиб кетган эди. Бу гал иш билан юрибди – семинарда қатнашяпти. Ҳар кун эртадан-кечгача лекция, сира тиним йўқ.

Бугун жуда хуноби ошди. Бор-е, деб Самарқандга қайтиб кетмоқчи ҳам бўлди. Метро вагончаларининг бир маромдаги шақ-шуқига қулоқ солиб борар экан, миясида турли-туман фикрлар ғужғон ўйнарди. “Шунча йўлдан овора бўлиб келдим. Бир ҳафтадан бери тентираб юрибман. Энди, нима бўлса ҳам охиригача чидай. Шу ҳолда қайтиб борсам, директор ҳам ранжийди…”

У меҳмонхонага шалвираб кириб келди. Ҳамхонаси йўқ, ҳали қайтмабди. Қават навбатчисидан чой илтимос қилди. Юмшоқ креслога ўтириб иссиқ чойдан ҳўплади.

Эшик тақиллади. Акмал хаёлини йиғиштириб олди-да:

– Ким, у? – деди.

Эшик яна тақиллади. У ўтирган жойидан турмади. Эринди. “Ким бўлди экан? Манави бўлса индамай кириб келаверар эди…”

– Кираверинг!

Эшик секин очилди. Бир киши аста мўралади. Акмалга таниш қиёфа. У қўлидаги стаканни столга қўйди-да, ўрнидан сакраб турди.

– Нормат!

– Салом, ака… – деди Нормат.

Ака-ука қучоқлашиб кўришди…

* * *

Акмал оилада тўнғич фарзанд. У ўрта мактабни битириб, Самарқанддаги меъморчилик институтига ўқишга кирди.

Нормат ўрта мактабни Акмалдан бир йил кейин битирди.

Отаси: “Сен ҳам шаҳарга ўқишга борасанми, ўғлим?” – деди бир куни Норматга. У отасининг ажин босган юзларига, негадир бироз ғамгин чеҳрасига тикилди. Отаси жуда қариб қолгандай туюлди. Ҳозирги саволида ўзига нисбатан илтижо, ялиниш оҳангини сезди. Бунинг боиси бор.

Ҳайит ака нисбатан кечроқ фарзанд кўрди. У ўттиздан ошганда Акмал туғилди. Бунинг устига, ёшлигида кўп қийинчилик кўргани учунми, тез қариди. Йўқ, қариганда у куч-қувватдан қолмади. Ҳозир ҳам билагида кучи, юрагида ўти бор. Фақат шашти пастдай кўринади. Акмалнинг қўлидан энди иш келиб, оғирини енгил қиламан, деганда ўқишга кириб кетди. Оила-рўзғор ишлари яна Ҳайит аканинг ўзига қолди.

Нормат вояга етди. Эрта-индин у ҳам ўқишга жўнаса… Кейин нима бўлади? Ҳовлидаги токларни чопиш, суғориш, баҳорда очиб, кузда кўмиш яна Ҳайит аканинг гарданига тушадими?

Ҳайит ака Норматдан бояги саволни бекорга сўрамади. Савол замирида чуқур маъно, бир-бирига боғлиқ саволлар бор. Нормат буларни билади. Билгани учун ҳам отасининг нуроний чеҳрасига узоқ термилди.

– Нимайди, ота? – деди у ниҳоят.

Ҳайит ака оқ оралаган соқолини оҳиста силади. Норматга қарамай, узоқ-узоқларга, тоғнинг қуёш тегай-тегай деб турган чўққисига термилганча, хаёлчан бир аҳволда деди:

– Ўзим… Шунчаки, сўраяпман-да, ўғлим. Мактабниям битирдинг. Қайси ўқишга бормоқчисан, деб сўраяпман-да.

Ҳайит ака ўғлига қандайдир ҳам маънодор, ҳам савол назари билан қаради.

– Акам ўқишда бўлса… Мен ҳам кетсам, уйнинг ишларини ким қилади? Ёлғиз ўзингиз куймаланиб юрасизми? Одамлар нима дейди? Икки ўғил ўстириб кўрган роҳати шуми, демайдими?

Ўғлининг ақл-фаросатидан Ҳайит аканинг кўнгли ёришди. Аммо дилида кечган мамнунликни тилига чиқармади. Ҳайит аканинг одати шундай: ўғил-қизларидан хурсанд бўлса ҳам, ранжиса ҳам ўзини тия олади. Ортиқча суюб, эркаламайди, шовқин-сурон солиб, бақирмайди. Фарзандлари ҳам отасининг бу одатини билишади. Фақат унинг юз ифодаси, гапириш оҳанги дилида кечаётган ўйларни аён қилиб қўяди. Ё ўйчан, камгап бўлиб қолади, ё чиройи очилиб, ёш боладай ҳазил-ҳузул қилади.

– Иш қочиб кетмас, – деди Ҳайит ака салмоқлаб. – Лекин сен ўқишинг керак. Бир вақти келиб: “Отам мени институтга юбормаганлар”, деб хафа бўлиб юрсанг яхши эмас-да.

– Вақт-соати келса, ўқиб оларман. Лекин ҳозир бормайман. Ундан кўра бир ишнинг бошини тутай. Акам битириб келсин. Кейин бир гап бўлар.

Нормат айтганини қилди. Тракторнинг рулини тутди. Уй ишларини эса тамоман ўз елкасига олди.

… Баҳорда Ургут тоғлари ям-яшил либос кияди. Лолалар зангор гиламдаги қип-қизил гулларни эслатади. Атрофга қараб кишининг кўзи тўймайди. Ҳавонинг тозалигини айтинг.

Акмал иккита ўртоғи билан қишлоғига келди. Меҳмонлар бироз дам олишгандан кейин Нормат акасини секин четга имлаб чақирди:

– Меҳмонларни уйда димиқтириб олиб ўтиравермайлик. Тоққа олиб чиқайлик. Айланиб, дам олиб келишади.

– Яхши бўларди. Машинангда чиқамизми? – деди Акмал.

– Албатта-да. Шундай кунда минмасак, қачон минамиз. Яхши кунларимизга ярасин, деб яхши ният билан олганман.

Улар Омонқўтон тоғига чиқишди. Нормат учун Омонқўтондан гўзалроқ жой йўқ. Ўртадан шарқираб сой оқади. Суви тип-тиниқ, муздай. Тошдан тошга урилиб оқишига термилиб ўтиришнинг ўзи кишига завқ бағишлайди. Икки томон баланд тоғ – кўм-кўк ўрмон. Шаҳардан келган меҳмонлар жаннатга тушгандай бўлиб қолдилар. Арча ўтинида пиширилган тандир кабоб, кийикўт тўғралган қўйнинг қатиғи.

Нормат бир-иккита жўраси билан кабоб елпияпти.

– Акмал, укангиз нима иш қилади? – деб сўради меҳмонлардан бири.

– Колхозчи, трактор ҳайдайди.

– Колхознинг бирон-бир раҳбарлариданми, деб ўйлабман, – деди иккинчиси. – Бунча зиёфат қилиш учун…

Акмал кулиб қўйди. Аслида унинг ўзи ҳам укасига тан бераётган, қойил қолаётган эди. Қаерга бормасин ҳамма у билан қуюқ кўришади, хизматда бўлайлик, деб қўлини кўксига қўяди. Нормат: “Раҳмат, раҳмат, кейинги сафар”, деб ўтиб кетади. Шунча обрў-эътибор, иззат-ҳурмат…

Меҳмонлар уч кун туришди. Уч кун ичида Нормат уларни қаерларга олиб бормади, нималар билан меҳмон қилмади. Охири машинасида Самарқандга элтиб қўйди. Хайрлашаётганда меҳмонлардан бири Норматнинг қўлини қаттиқ сиқар экан:

– Уканг бўлса, шундай бўлса-да. Кўз тегмасин. Омадингни берсин, ука, – деди.

Нормат акасини ётоқхонага олиб борди. Акмал машинадан тушаётганда Нормат унга қоғозга ўроғлиқ нарса узатди.

– Нима бу? – деди Акмал.

– Олиб қўйинг, ака. Керак бўлади.

Акмалнинг вужуди жимирлаб кетди: “Наҳотки? Ука акага пул берса! Нега энди! Аслида бу ишни мен қилишим керак эди-ку!

Аканинг бурчи, вазифаси эмасми?! Укам менга ёрдам беряпти… У жуда уялди. Хижолат чекди.

– Нормат… Керак эмас, ҳаммаси етарли, – деди ниҳоят.

Нормат кулди. Акасининг хаёлидан кечган фикрларни уққандай эди.

– Борида олаверинг, ака. Хижолат тортманг. Эрта-индин катта меъмор бўлиб кетсангиз, сиз менга ёрдам берасиз.

– Қачон уйга борсам тинмай хизмат қиласан, – деди Акмал. – Ҳозир жўраларимга шунча зиёфат бердинг. Шунинг ўзи бас, ахир. Мени хижолат қилма. Ака бўлиб нима қилиб қўйдим сенга.

– Айтдим-ку, ҳозир сиз олиб туринг, вақти келса мен оларман. Ўшандан кейин Акмал анча пайт қишлоғига бормади. У Норматга кўринишдан уялди… “Унинг кўзига қандай қарайман? Мени деб ўқишга кирмади. Менинг ўрнимга уй ишларини қиляпти. Ота-онамга қараяпти. Бу ҳам етмагандай менга ёрдам беради. Қайси ука шундай қилади? Акалар, ҳатто оталар-чи?!”

… Ёзнинг жазирама кунлари. Имтиҳонлар тугаган. Акмал диплом ишининг ташвиши билан юрибди. Бир кун иссиқдан бўшашиб қайтди. Ётоқхона эшиги олдида турган қизил “Москвич” кўзига таниш кўринди. Номерига қаради. “Ие, Норматнинг машинаси-ку! Тинчликмикан?” Шу хаёллар билан машина эшигини тортди: қулф. Қаерга кетди экан? Ётоқхона томонга бурилиши билан ичкаридан Нормат чиқди.

– Ҳа, Нормат? Тинчликми?

– Тинчлик, – деди Нормат салом бериб. – Ўзингиздан сўрасак? Соғ-саломатмисиз? Уйга бормайсизам.

“Чолу кампир хавотир олишган. Ҳар ҳафтада боришимга ўрганиб қолишган-да”.

– Отам билан энам ишдан қолдиришибди-да, сени, – деди Акмал ҳол-аҳвол сўрашиб бўлгач.

– Нимага?

– Нимага бўларди, бир ой бормаганимга хавотир олиб сени жўнатишибди-ку.

– Йўқ, улар билишмайди. Ҳаяллаб кетганингизга бир бориб хабар олиб келай-чи, деб ўзим келдим. Отамгаям, энамгаям айтганим йўқ. У куни энам “Акангдан дарак бўлмаяпти-я, болам”, девдилар. “Кеп қолар, иши кўпайиб кетгандир-да”, дедим. Энамни алағда бўлмасинлар дедим-у, ўзим турли хаёлларга бордим. Кейин уларга билдирмай бу ёққа жўнадим.

– Бекор овора бўпсан. Нима, мен ёш боламидим. Диплом ишлари билан югуриб юрибман. Бугун бу ерини тузатаман, эрта у ерини.

– Қачон ҳимоя қиласиз?

– Кейииги ҳафта, жума куни.

– Бўпти, мен кетдим. Ўша куни келаман.

– Келишингнинг нима ҳожати бор. Ишдан қолиб юрасанми?

Нормат индамай машинага ўтирди. Акмал унинг орқасидан ҳавас билан термилиб қолди.

Жума куни диплом ҳимоясидан сўнг терлаб-пишиб коридорга чиқди. Эшик олдида қўлида бир даста гул билан Нормат кутиб олди. У гулни акасига тутқазиб, уни маҳкам қучоқлади.

– Табриклайман, ака! Отам билан энам ҳам табриклаб юборишди.

Акмал севинчини яширолмади.

– Раҳмат, ука…

У бошқа гапирмади, гапиролмади.

Акмалнинг бир дўсти югуриб келиб Нормат билан кўришди. Нормат уни таниди. Баҳорда қишлоғига борган, тоққа чиққан йигитлардан бири эди.

– Ётоқхонага борамизми? – деди ҳалиги йигит.

– Ҳа, – деди Акмал, Норматга: – Сен ҳам юр. Беш-олтита жўраларим боради. Бирпас ўтирамиз.

Ўн чоғли йигит-қиз Акмалнинг хонасига келишди. Улар стол атрофига ўтириши билан Нормат ишга тушиб кетди. Бирзумда столнинг усти турли ноз-неъматлар билан лиқ тўлди. Пиширилган гўшт, тандир кабоб, қатпатир, мева-чева… Акмалнинг оғзи очилиб қолди.

– Оҳо, зўр-ку, – дейишди меҳмонлар. – Бу ҳақиқий банкет-ку.

Йигит-қизларнинг бири қўйиб, иккинчиси сўз олди. Ҳаммаси Акмалнинг таланти юксаклигини, диплом иши сифатида тақдим этган лойиҳаси юқори баҳоланганини, келажакда ундан катта меъмор чиқишини қайта-қайта таъкидлашди.

Нормат бир чеккада уларнинг сўзини тинглаб ўтирар, шундай истеъдодли акаси борлигидан ғурурланар, сўз айтувчилар Акмални мақтаётганида “Бу менинг акам, кўриб қўйинглар!”, деб овозининг борича ҳайқиргиси келар эди…

Йиллар ўтди. Бу орада Акмал ҳам, Нормат ҳам уйланди. Бола-чақали бўлди. Ҳар иккала тўйнинг оғирини Нормат кўтарди. Лекин буни ҳеч ким билгани йўқ. Одамлар: “Ҳайит ака ўғилларининг тўйини жуда яхши ўтказиб берди”, – деб гапириб юришди. Бу гапни эшитган Нормат астойдил севинди. “Отамнинг шаънига одамлар яхши сўз айтишса бас. Менга шунинг ўзи кифоя”.

Тақдирнинг тақозоси билан Акмал шаҳарда яшаб қолди. Дўстлари башорат қилганидек, у катта меъмор бўлиб етишди. Унинг лойиҳаси бўйича бинолар, майдонлар, хиёбонлар қурилди. Буларнинг ҳар бири давлат комиссияси томонидан қабул қилинганда, тантанали очилиш маросимларида Нормат акасининг ёнида бўлади. Кимдан эшитиб, қаердан билиб келади – бунга Акмалнинг ақли етмайди. Сўраса – билдим-да, деб гапни қисқа қилади. Акмалнинг номига мақтов сўзлар айтилганда, Норматнинг кўкси тоғдай кўтарилади.

Дўстлари, бошқа жойлардан келган жўралари билан шаҳарга тушиб қолса, албатта, Акмалнинг лойиҳаси бўйича ишланган биноларни кўрсатади. Майдонларни айланиб, хиёбонларда бир нафас бўлса-да, ўтириб ҳордиқ чиқаради. “Мана шу бинонинг лойиҳасини менинг акам ишлаган. Мана бу майдонни, хиёбонни ҳам. Қаранглар, қандай чиройли, ажойиб. Ҳаммаси жой-жойида. Меъмор чизиб чиқмаса бунақа баланд иморатларни қуриб бўлмайди”. Одамларга ана шундай деб мақтанишни яхши кўради.

Бу севинчларини, мақтанишларини Акмалга айтмайди. Бироқ Акмалнинг ўзи сезади. Сезиб укасидан хурсанд бўлади. “Менинг ижодимга шунчалик қизиқади, шунчалар жон куйдиради-я…”

* * *

Норматнинг ўқиши учун “вақт-соати келмади”. Бугун бу деди, эрта у. Бир ишни тугатса, иккинчиси чиқиб турди. Оилалик бўлгандан кейин, иш қайнагандан қайнади. Йил ўтган сари ота-онаси қариб, оғир ишларга ярамай қолаверди. “Иқтисодий жиҳатдан сал ўзимни ўнглаб олсам, кейин ўқийман”, деб хаёл қилган эди. Йўқ, аксинча бўлди. “Иқтисодий жиҳатдан ўзини ўнглади”, аммо оилавий шароит тобора мураккаблашиб бораверди. Бирин-кетин сингилларини турмушга узатди. Ота-онасининг ёнида эса ёлғиз ўзи қолди. Энди уларни ўз ҳолига ташлаб кетолмайди.

Ота-онасининг соғ-саломат юрганидан, сингиллари бахтини топиб, уйли-жойли бўлганидан кўнгли тўқ. Қўшни қишлоқларда бирон-бир тўйми-таъзиями бўлиб қолса, ота-онасини машинага миндириб олиб боради. Фақат ота-онасини эмас, бошқа қарияларни ҳам ола кетади. Шунда чолу кампирлар уни алқайди: “Умрингдан барака топ, болам. Бизнинг ёшимизга етиб юр. Омадингни берсин. Бола-чақангнинг ҳузурини кўр”.

Ана шундай кезларда у ўқиёлмай қолганидан кўнгли ўксимайди, пушаймон қилмайди. “Тўртта одамнинг кўнглини олсам – шунинг ўзи бас-да. Тақдирда бор экан, ўқиёлмадим. Лекин кимдан камчилигим бор? Ўқишни битириб, номи улуғ, супраси қуруқ бўлиб юрганлар ҳам бор-ку!” Шуларни ўйласа, хаёлига лоп этиб акаси келади. “Йўқ, менинг акам унақалардан эмас! Тўғри, унинг тагида машинаси, кассада минг-минг пули йўқ. Аммо акамни ҳамма ҳурмат қилади. Меъмор Ҳайитов, деб гапиради. Радиодан, телевизордан акам қурган биноларни мақтайди. Акам машҳур одам. Кўп пул топиш осон, лекин машҳур одам бўлиш қийин. Қани, кимнинг акаси шунақа машҳур? Кимсан, Акмал Ҳайитов! Меъмор Ҳайитов! Ана шу одам менинг акам бўлади! Биз у билан бир қориндан талашиб тушганмиз”.

Болалигида Акмал билан Норматнинг гавдаси бир хил эди. Танимаганлар уларни эгизак, деб ўйларди. Бирининг кийимини иккинчиси кийиб қочар, шундан икковининг ўртасида тез-тез “жанжал” чиқиб турар эди. Отаси ёки онаси Акмалга иш буюрса, у Норматга айтади, Нормат эса ўзинг қил, дейди.

Бир марта қизиқ бўлган. Ўшанда Акмал ўн тўртда, Нормат ўн уч ёшда эди. Ҳайит ака Акмалга: “Ариқдан сув боғлаб кел, ҳовлидаги токларни суғорамиз”, деди. Акмал отасига индамади-ю, ташқарига чиқиб, Норматга: “Ариқдан сув боғлаб келаркансан. Отам айтдилар, токларни суғорар эканмиз”, деди. Нормат: “Алдама, ўзингга айтган. Бор ўзинг”. Униси у деди, буниси бу. Бу машмашани Ҳайит ака эшитиб қолди. Ўғилларига миқ этмади. Кетмонни елкасига ташлаб, ариқ томонга чиқиб кетди. Ака-ука отасининг мақсадини тушуниб, орқасидан эргашди. Ҳайит ака ўғиллари ортидан келаётганини сезди. Сезди-ю, билмаганга олиб кетаверди. Акмал чопиб бориб: “Ота, кетмонни беринг. Ўзим боғлаб келаман”, деди. Ҳайит ака бамайлихотир ҳолда: “Қўй, ўғлим! Сенларга бир ишни айтгунча, тинчгина ўзим қилиб қўя қолганим маъқул”, деди.

Бу гапдан Акмал ҳам, унинг орқасидан бурнини тортиб эргашиб бораётган Нормат ҳам изза бўлди. Ака-ука бир-бирига қаради. Бу қарашда “уялмайсанми?” деган маъно бор эди…

…Нормат етилиб, юзлари тўлишиб қолди. Оғир-вазмин йигит. Офтоб тиғида қорайган билакларидан йигитлик кучи ёғилиб турибди. Анча улуғсифат кўринади. Билмаганлар уни Акмалнинг акаси, деб ўйлайди. Акмал чуваккина бўлиб қолди: Ранг-рўйи бир аҳволда. Ёнғоқ соясида қолган ниҳолдай нимжон. Нормат буни акасининг кўп ишлашидан, иши оғир ва диққинафас эканлигидан, деб билади. Қачон унинг уйига борса, Акмал катта оқ қоғозга термилиб, учи игнадай қилиб очилган турли қаламлар, ҳар хил жазварлар билан нималарнидир ўлчаб, чизиб ўтирган бўлади. “Меъморлик ҳам қийин иш экан-да”. Акасига раҳми келиб кетади. “Ака, ҳадеб хонага қамалиб олиб чизма-чизиқ қилавермай, ҳар замонда қишлоқ томонларга бориб бир айланиб келинг. Ҳаво алмаштирасиз. Соғлиғингизга ҳам фойда”, дейди. Акмал сигаретни бурқситиб тутатади-да, укасининг меҳрибон кўзларига термилади. “Хўп, мана шу ишимни тугатай. Кейин, албатта бораман. Тоққа олиб чиқасанми?” “Албатта, олиб чиқаман”. Қаёқда, у иш тугар-тугамас яна бир иш топилади. Шундай қилиб баҳор ўтади, ёз ўтади, куз кетидан қиш келади. Акмал эса катта оқ қоғоз устига игнадай учли қаламлар билан одам ақли етмайдиган чизиқлар тортишдан на бўшайди, на чарчайди…

* * *

– Нима қилиб юрибсан буёқларда? – деди Акмал укасини қучоғидан қўйиб юбормай. – Бирон иш билан келдингми? Менинг бу ердалигимни қаердан билдинг?

– Ўзим, шундай, томоша қилгани келдим.

Ака-ука иккита креслога қарама-қарши ўтиришди.

Акмал Норматга чой узатди.

– Ҳар ҳолда бекорга келмагандирсан?

Нормат кулди. Акаси узатган илиқ чойдан бир ҳўплаб, Акмалга маъноли қаради.

– Нимага ундай деб ўйлайсиз? Москвага фақат сиз келаверасизми? Бизлар ҳам томоша қилайлик-да Москвани – стаканни Акмалга узатаркан, кулимсиради. – Кўргазмага келувдик.

– Шунақа дегин, – деди Акмал. – Кўпчиликмисизлар? Қачон келдиларинг?

– Анча киши бор. Кеча кечқурун келдик.

– Хўш, менинг бу ердалигимни кимдан эшитдинг? Қандай топиб келдинг?

– Нима, бизни жуда саводсиз, деб ўйлайсизми? Сўраб-сўраб, топиб келдим-да.

Норматнинг “бизни саводсиз, деб ўйлайсизми” деган гапи Акмалнинг юрагига санчилди. У ҳамиша укасининг ўқимай қолгани учун ўзини гуноҳкор санаб юрар эди. Лекин бу ҳақда Нормат бирон марта бир оғиз гапирмаган… Акмал гап очса ҳам: “Бу гапларни қўйинг, ака”, деб мавзуни бошқа томонга бурарди. Бугун билибми-билмайми, шуни айтди. Яна қаерда, уйдан, ота-онасидан, бола-чақасидан узоқда. “Барибир кўнглида бор экан-да. Юрагида тугун бўлиб қолган экан-да…”

Акасининг индамай қолгани Норматни ҳайратга солди. Акмал хомуш тортиб, сигарет тутатди.

– Сизга нима бўлди, ака? – деди Нормат ҳайрат ва ҳаяжон билан.

Акмал сигарет тутунини ичига тортаркан, ўйчан деди:

– Мени кечир, Нормат. Ишимга берилиб кетиб, сенинг ўқишинг билан шуғулланолмадим.

Норматнинг эсига лоп этиб боя айтган гапи тушди. “Эҳ, каллаварам! Нималар дединг ўзи? Нима учун келдинг-у, нима қилиб қўйдинг?!”

– Ака, – деди айтган сўзидан пушаймон бўлиб. – Бемаъни гапим учун мени кечиринг. Гап бу томонга айланиб кетишини ўйлаганим йўқ. Хурсандчилигимдан сизга ҳазиллашдим, деб, қовун тушириб қўйибман-ку.

– Йўқ, тўғри гап, – деди Акмал ўйчан.

Нормат ўрнидан ирғиб турди. Акмалнинг рўпарасига келди.

– Ака! Агар мени укам десангиз шу гапни хаёлингиздан чиқариб ташланг! Шу ҳақда шу пайтгача ўйлаган бўлсам ёки энди ўйласам… сафарда турибман…

– Бас! – Акмал ҳам ўрнидан турди.

Ака-ука тик турганча бирзум бир-бирларига термилиб қолишди.

– Мен нима учун бу ерга келдим? Биласизми? – деди Нормат жимликни бузиб. Акмал “Билмайман”, деган мазмунда елка қисди. Нормат акасининг кўзларига термилди. – Ахир бугун туғилган кунингиз-ку!

Ака-ука беихтиёр бир-бирининг қучоғига ўзини отди. Улар узоқ вақт шу алпозда туришди… Акмалнинг елкаси силкинди. Буни Нормат сезди. Сездию… Ўзининг ҳам елкаси титраганини билмай қолди…

1984 йил

“ЎЙИН”

Вақт ярим тундан ошганда райком секретари Журъат Ғиёсовнинг уйида телефон жиринглади. Унинг юраги ғашланди. Барча тайёргарлик ишларини кўриб келган, эндигина овқатланиб бўлган, ҳали ётишга ҳам улгурмаган эди. “Яна қандай муаммо чиқди экан?” деб ўйлаганча телефон турадиган хонага ўтди. Район телефони эмас, тўғридан-тўғри обком билан боғланадиган телефон жиринглаётган эди. Ғиёсовнинг ғашлиги яна ортди. “Тинчликмикан ишқилиб? Бемаҳалда обкомдан қўнғироқ…” Ғиёсов гўшакни кўтарди-да, “Ассалому алайкум” деди. У тарафдан бироз бўғиқ, асабийроқ овоз эшитилди: “Ўртоқ Ғиёсов яхшимисиз?” – Бу обкомнинг пропаганда бўлими мудири Донобековнинг овози эди. Ғиёсов оғиз очишга ҳам улгурмади, Донобеков кескин тарзда давом этди: ”Эртанги тадбирга ҳамма нарса тайёрми?”. “Раҳмат, ўртоқ Иброҳим Аҳмедович, ҳамма нарса тайёр. Боя ўзингиз ҳам кўрдингиз…”

Кундузи Донобеков келган, доҳий ҳайкалини очишга бағишланган маросимга тайёргарлик ишларининг ипидан игнасигача текширган, сўзга чиқадиганларнинг айтадиган гапи матнини қайта-қайта ўқиб, анчасини тузатиб берган, уларни бир-икки маротаба гапиртириб кўрган эди. Ғиёсовга буларни яна ҳам пухтароқ тайёрланг, яна эртага ўртоқ Бобоев олдида довдираб, гапини йўқотиб ўтирмасин. Ҳаммамиз шарманда бўламиз. Шармандалик майли-я, мутасаддиларнинг калласи кетади, биринчи галда сизнинг каллангиз кетади. Республикадан вакиллари келиши эҳтимоли бор”, деб тайинлаб кетган эди.

Бу гапдан Ғиёсов бироз хотиржам бўлди. “Ҳар эҳтимолга қарши яна бир сўраб қўяй, деб қўнғироқ қилипти-да”, деб ўйлади. Аммо унинг хотиржамлиги узоққа бормади. Донобековнинг гапириш оҳанги кескин ўзгарди: “Бизда бир хунук хабар бор”, деди. Ғиёсов сергак тортди: “Қанақа хабар?”, дея олди, холос. “Доҳийнинг бурни қани?” Донобековнинг бу саволи Ғиёсовга қаҳратон қишда устидан бир пақир совуқ сув қуйгандек бўлди. Бирзум нима жавоб беришини билолмай қолди. Ҳатто бироз кулгиси ҳам қистади. “Саволингизга тушунмадим, Иброҳим Аҳмедович”, деди базур. Донобеков яна ҳам ўктамроқ, кескинроқ оҳангда деди: “Нимасини тушунмайсиз… Ленин ҳайкалининг бурни қани, деб сўраяпман. Энди тушунарлими?” Ғиёсовнинг хаёлида минг бир фикр чарх урди. Шулар орасидан оғзига келганини айтди: “Ҳайкалнинг бурни қаерда бўларди, ўзида”. “Ишончингиз комилми? – деди Донобеков. – Бориб кўринг!.. Шуни сизга яна бир марта эслатиб қўймоқчиман: эртага соат ўнбирда улуғ доҳиймиз Ленин ҳайкалининг тантанали очилиш маросими бўлади. Бу унча-мунча тадбир эмас, Владимир Ильичнинг туғилган кунига бағишланган маросим-а, эсингиздан чиқмасин. Ўртоқ Бобоев шахсан ўзлари очадилар республикадан келадиган вакиллар иштирокида… Агар каллангиз, мансабингизни айтиб ўтирмай, керак бўлса кўзингизни очинг… Мен ҳеч қандай ёрдам беролмайман”. Шундай дедию, шарақлатиб гўшакни қўйди.

Ғиёсов гўшакни қўйдими-йўқми – билмайди, миясига қон қуйилгандай, боши ғувиллаб ўтириб қолди. Хаёли минг бир кўчага кириб чиқди. “Нега бундай деди? Ҳайкалнинг бурнига нима бўлди? Нима учун бундай деб сўради? Қаёққа кетади ҳайкалнинг бурни? Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас…”

Журъат Ғиёсов ўзини қўлга олди. Соатга қаради: бир! Нима қилиш керак? Ҳар дақиқа ғанимат. Гўшакни кўтарди-да, ўзи ишонган йигитларга қўнғироқ қилди. Уларга зудлик билан ҳайкал олдига келишни тайинлади. Ўзи апил-тапил кийиниб йўлга тушди.

Улар ҳайкал олдида тўпланганда соат бир ярим эди. Ҳайкал оқ мато билан ўралган, аммо унинг бурни чиндан ҳам йўқ эди. Ғиёсовнинг ичида бир нарса узилгандай бўлди. Бироқ буни ҳеч кимга билдирмади. Ёнидагилардан сўради:

– Нима қилиш керак? Буни тузатишнинг қандай иложи бор?

– Милиция бошлиғини, прокурорни чақириш керак, – деди кимдир.

– Улар ҳозир нима қилиб беради? … Масалани разбор қилиб ўтиришга вақт йўқ. Зудлик билан буни тузатиш чорасини кўрмоғимиз шарт… – У ўйга толди.

Йигитлардан бирини четга тортди. Иккови алланималарни гаплашди. Ғиёсов тушунтирар, йигит бош ирғаб маъқулларди.

Ғиёсов ёнидаги бошқа йигитдан сўради.

– Ҳайкалтарош шу ердами?

– Ҳа. Меҳмонхонада дам олаяпти.

– Ичмаганми, ишқилиб?

– Йўқ, – деди йигит. – Кечқурун овқат пайти ичмоқчи эди, қўймадик, эртага сўзга чиқасиз, раҳбарлар олдида ҳиди келиб турса бўлмайди. Тадбир ўтгандан кейин қанча ичсангиз бемалол, дедик.

– Яхши қилган экансизлар. Аҳмад билан унинг олдига боринглар. Секин уйғотиб, ўзига келтириб, ётиғи билан вазиятни тушунтиринглар. Ваҳима қилмасин, оғзидан гуллаб қўймасин. Кўнглини топинглар, рози қилинглар. Бу ерга олиб келинглар. Бир-икки соат ичида шу ишни тўғрилаб бериши шарт. Унга нима керак бўлса, ҳаммасини топиб беринглар.

Ҳамма ўз ишига тарқалди.

Ғиёсов бир чеккадаги скамейкага ўтирди. Гарчи апрель охирлаб қолган бўлса-да, ҳаво анчагина салқин эди. Бунинг устига тун. Ғиёсовнинг бўйи баланд, қадди-қомати келишган, кийим жуда ярашиб туради. Бунинг устига мунтазам спорт билан шуғулланади. Район аҳли райкомимиз доимо қиличдай бўлиб юради, деб фахрланади. У чиниққани учун унча-мунча совуққа парво қилмайди. Ҳозир эгни енгил бўлганиданми ёки вазиятданми эти жунжикди. Бироқ буни ўйлайдиган пайт эмасди. Унинг миясини бир савол пармадек ўярди: “Кимнинг иши бу? Кимга, нима учун керак бўлди бу ўйин? Донобеков қаердан билди? Ким айтди экан унга? У менга нима учун хабар қилди? Бир чеккаси ўзига ҳам тегишидан хавотирга тушдими? Унинг ўзи бу ишга масъул-ку! Шундан қўрққан! Ҳа, худди шундай. Бўлмаса икки дунёда ҳам менга хабар бермасди… Хўш, хабар беришдан мақсади нима? Ҳозир уни қандай қилиб тузатиш мумкин?.. Мени инфаркт қилмоқчими? Нега? Менда нима қасди бор? Нима ёмонлик қилдим унга?..”

Донобековнинг Ғиёсовда қасди бор эди. Аммо буни Ғиёсов билмасди…

Ўн беш кунча олдин Журъат Ғиёсовни обкомга чақиришди. Биринчи котибга кирасиз, дейишди. Нима гаплигини айтишмади. Ғиёсов турли хаёлларга борди. “Нима бўлиши мумкин? Бобоев нега чақиртирди экан?” Ғиёсов кейинги йилларда қилган ишларини, районнинг кўрсаткичларини бирма-бир хаёлидан ўтказди, таҳлил қилди. Бирон-бир ножўя ишни кўрмади, аксинча, вилоят раҳбарларидан, ҳатто республика вакилларидан ҳам раҳмат эшитиб келади.

…Бобоев Ғиёсовни очиқ чеҳра билан кутиб олди. Ўрнидан туриб, қўл бериб саломлашди.

– Келинг, ўртоқ Ғиёсов, – деди ва ўтиришга жой кўрсатди. – Хўш, Журъатжон ишлар қалай? – Ғиёсов биринчи котибни йиғилишларда кўп кўрган, нутқларини эшитган, аммо бир-икки мартагина яккама-якка суҳбатда бўлган эди. Бу одам бошқалар таърифлагандай, анча мулойим, вазмин, суҳбатдошини ўзига ром қилиб оладиган инсон экан.

Раҳбарнинг қабулига киришидан олдин мутасаддилар Ғиёсовни роса “ўқитиш”ган эди: кўп гапирманг, саволларига қисқа, лўнда жавоб беринг, асосий гапингиз “раҳмат” дейиш бўлсин, иложи борича исм-шарифларини камроқ айтинг, у киши ортиқча тавозени хуш кўрмайдилар, очиқ, дангал гапни ёқтирадилар.

Ғиёсов ана шу “йўл-йўриқлар”га риоя қилиб гапни қисқа қилди.

– Раҳмат… яхши…

Бобоев тўрт-бешта қаламни икки кафти орасида айлантириб, Ғиёсовга район, вилоят, умуман, республикага доир икки-учта савол берди. Ғиёсов билганича қисқа-қисқа жавоб қайтарди. У зимдан раҳбарнинг кўзига қаради – жавоблари маъқулми ёки йўқми – билмоқчи бўлди. Лекин Бобоевнинг ўтиришидан, юз ифодасию қарашларидан бирон нарсани англаб олиш қийин эди. Ғиёсовни ҳаяжон, тер боса бошлади. Буни раҳбар сезди шекилли, ўзига хос майин табассум қилди.

– Журъатжон, – деди самимий оҳангда. – Нега ҳаяжонланасиз? Мен ҳам сизга ўхшаган бир одамман, сизга ўхшаган раҳбарман. Фарқимиз – ёшимиз ва лавозимимизда. Тўғрими? – Ғиёсовни баттар тер босди. Чўнтагидан рўмолча олиб, пешона терларини артгиси келди. Бироқ “йўл-йўриқ”да бу кўрсатилмагани учун ўзини тийди. Бобоевнинг саволига жавоб ҳам бермади. Секин бош ирғиб қўйди, холос. Энди раҳбарнинг гапириш оҳанги бироз ўзгарди, озгина расмий тус олди. – Ўртоқ Ғиёсов, биласиз, вилоятимиз учун иқтидорли ёш кадрлар керак. Афсуски, бу борада мақтанолмаймиз. – Бобоев бироз сукут сақлади. Қаламларни кафтлари орасида ишқалашни тезлаштирди. Сўнгра яна ҳам жиддий оҳангда сўзини давом эттирди. – Хабарингиз бор, идеология бўйича секретаримиз анчадан бери бетоб. Жиддий операцияни бошидан ўтказди. Энди у кишининг ишга чиқиши даргумон… Албатта, унга бирон-бир енгилроқ иш берамиз. Аммо олдинги вазифасида ишлаши қийин… – Бобоев оғир тин олди. – Биласиз, Журъатжон, бу соҳа жуда оғир, энг ғалвали соҳа. Саноатда, қурилишда, қишлоқ хўжалигида ҳам қилинган иш кўринади: фалон иншоот қурилди, режа мунча фойизга бажарилди ва ҳоказо. Идеология бундай эмас, бу соҳадагилар одамларнинг онги билан, қалби билан ишлаши керак, уларнинг дунёқарашини, тафаккурини ўзгартириши лозим. Бу энг қийин масала. Ўнта завод қуришдан ўнта одамни тарбиялаш, тўғри йўлга бошқариш оғирроқ. – Гап андови қаёққа кетаётганини Ғиёсов англади. Ва бу таклифга нима жавоб беришни ўйлай бошлади. – Қолаверса, бугун талаб бошқача, замон ўзгача. Мафкурага эътибор кучайган. Соғлиғи яхши бўлмаган, давр билан ҳамқадам юролмаган одам катта бир вилоят мафкурасини бошқариши қийин. Сиз нима дейсиз, гапим тўғрими?

– Тўғри, – деди Ғиёсов беихтиёр, вилоят раҳбарининг гапини нотўғри, деб бўлармиди.

Бобоев Ғиёсовга қаттиқ, айни чоғда қандайдир меҳр билан қаради.

– Тўғри бўлса, – деди рад этиб бўлмас даражада кескин оҳангда. – Энди шу соҳага сиз раҳбарлик қиласиз.

Ғиёсов ўрнидан туриб кетганини билмай қолди.

– Ахир мен…

– Ўтиринг, – деди Бобоев вазминлик билан. – Ёшман демоқчимисиз. Қирққа кирган одам ёш бўладими? Бизнинг ота-боболаримиз йигирмага бориб-бормай юрт сўраган. Биз қирқда ёшман десак, элликдан кейин, қариман десак… Мен сизни яхши биламан, ишларингиздан ҳам, районнинг кўрсаткичларидан ҳам хабардорман. Мутахассислигингиз ҳам шу соҳа бўйича… Қўрқманг. Нима муаммо бўлса, менга айтасиз… Фақат битта илтимос бор сизга. – Ғиёсов ялт этиб раҳбарга юзланди. “Шундай одамнинг менга қандай илтимоси бўлиши мумкин?” – Сал дадилроқ бўлинг… Ҳа, айтгандай, исмингиз нима эди?

– Журъат, – деди Ғиёсов ва ўйлади “Бир неча марта отимни айтди-ку ўзи”.

– Баракалла, Журъатжон. Исмингизга муносиб бўлинг, яъни, журъатли бўлинг. Ҳар кимдан, ҳар нарсадан ҳайиқиб, қўрқиб юрсангиз ҳеч иш қилолмайсиз. Тушунарлими, Журъатжон? – Ғиёсовнинг гапиришига ҳам имкон қолдирмай, сўзида давом этди. – Хабарим бор, районингизда Ленин ҳайкали ўрнатиляпти. Доҳий туғилган кунда тантанали очилиш маросими ўтказамиз. Ундан кейин бир Тошкентга бориб келасиз, эҳтимол Москвага ҳам борарсиз. Қачон борасиз, кимга учрашасиз, сизга айтишади. Кейин обкомнинг пленумини ўтказамиз. Унгача бу гапларни ҳеч ким билмаслиги керак, ҳатто келин ҳам. – Энди гап тамом дегандай қаламларни қаламдонга солди-да, ўрнидан турди ва Ғиёсовга қўл узатди. – Сизга муваффақият тилайман.

Бу суҳбатдан кейин Ғиёсов анча кунгача ўзига келолмай юрди. “Нега мени танлашди? Ким тавсия этди экан?.. Бундай оғир соҳани бошқариш осонми?! Эртага эплолмай қолсам, нима бўлади? Шармандалик-ку!” Лекин орқага йўл йўқ. Раҳбар шундай гапирдики, рад этиш у ёқда турсин, фикр билдиришга ҳам имкон қолдирмади. “Майли, нима бўлса бўлди… Худо ўзи бир йўлга бошлар”.

Бугун бурунсиз ҳайкал олдида ўтириб, негадир шу суҳбатни эслади. Ва у яна бир нарсани эслади: Донобеков обкомнинг идеология секретари бўлармиш, деган гапни кимдандир эшитувди. Лекин эътибор бермаган эди. Чунки бунақа гаплар кунда-кунора чиқади, кимлар ҳақида бўлмайди.

Ҳозир шу гаплар миясида айланаверди. Бугунги воқеа билан шунинг алоқаси йўқмикан, деган фикр ўтди хаёлидан. “Балки мен суҳбатга борганимни у ҳам эшитгандир… Мени ўзига рақиб, деб билдимикан? Шунинг учун шу ишга қўл урдими? Наҳотки? Наҳотки шу даражага борса? Бундай қабиҳликка боргандан кўра, ўзимга очиғини айтмайдими? Одам деган, яна раҳбар дангал бўлмайдими?! Ахир бу ўтакетган тубанлик-ку”. Ғиёсов баҳор тунининг салқин ҳавосида бир сесканди. Бу хаёлларини йиғиштириб олиш имконини берди. “Шошма, Журъат, нималар деяпсан, нималарни ўйлаяпсан? Ҳеч қандай асосинг йўқ-ку, бу фикрларга. Балки унинг иши эмасдир. Эҳтимол қайсидир номарднинг ишидан хабар топиб, раҳми келганидан огоҳлантиргандир мени. Ундан кейин бу хунук иш унинг ўзига ҳам яхшилик олиб келмайди-ку. (Обкомнинг идеология котиби бетоб бўлгандан бери унинг ишларини Донобеков бажариб келаётган эди.) Шошилма, Журъат, хулоса чиқаришга ошиқма. Вақти-соати келади, ҳаммаси очилади, аён бўлади… Ҳозир муаммони бартараф этиш чорасини кўр. Вақт кетяпти… Нега ҳайкалтарош келмаяпти? Кўнмадимикан? Йўғ-э. Тушунадиган одамга ўхшади-ку… Иложи бормикан?.. Иложини топиш керак, топиш шарт. Бошқа йўл йўқ! Акс ҳолда…” Асабий ҳолда у ёқдан-бу ёққа юра бошлади…

Донобеков уйига келиб, овқатланиб бўлгач, юраги ғашлана бошлади. Ҳозиргина йигитлар айтган воқеани энди чуқурроқ ўйлай бошлади. Ўйлаган сари ваҳима босаверди. ”Шу иш тўғри бўлдими ўзи? Болаларнинг гапига қулоқ солиб жуда қалтис ишга қўл урдимми, дейман-да. Эртага ўртоқ Бобоев борса, республикадан вакил келса, юзлаб одам йиғилса… Ўртоқ Бобоев ҳайкални очса. Оқ мато туширилса… бу пайтда одамлар чапак чалади. Қарасаки, ҳайкалнинг, яъни, доҳийнинг бурни… йўқ…” Донобеков Лениннинг бурунсиз ҳайкалини тасаввур қилди. Бутун вужудини совуқ тер босди. Беихтиёр сигарет олди, қўли титраган ҳолда ёндирди, босиб-босиб тортди. “Булар ўзи менга дўстми ё душманми? Қандай қилиб уларнинг режасига рози бўлдим? Шайтон йўлдан урдими мени? Ўртоқ Бобоев биринчи галда мендан сўрайди-ку. Ҳозир вилоятда идеологияга мен масъулман-ку. Бундай хунук ишдан кейин ким мени идеология секретари қилиб қўяди… Ҳозирги ишим ҳам кўплик қилиб қолади. Иш ҳам гўрга, жоним омон қолиши ҳам даргумон. Чунки бу иш шундай қолмайди, сур-сур бошланади. Менга ”садоқатини” кўрсатмоқчи бўлганлар, қистовга олса, сотиб қўйиши ҳеч гапмас… Нима қилиш керак? Буни қандай қилиб тузатиш мумкин?” Ўйлаб-ўйлаб, охири Ғиёсовга қўнғироқ қилди. Шундан кейин ҳам ўзига келмади. “Хўп, Ғиёсов ҳозир нима қила олади? Эртага ўртоқ Бобоевга мен Ғиёсовга айтувдим, дейманми? Шундай десам, ўз тилимдан тутиламан-ку. Сиз қаёқдан билдингиз, демайдими? Дейди! Нима жавоб бераман?”

Донобеков тун бўйи мижжа қоқмай чиқди. Уйқу дори ҳам фойда бермади. Эрталаб ювингани ваннага кирганда ойнада ўзини кўриб ачиниб кетди. Арчилган тухумдай ялтираб турадиган юзлари офтобда қолган бодринг каби сўлғин, кўзлари ҳорғин, қовоқлари осилган эди. Кўриниши бир неча кун ухламай, овқат ҳам емай кетмон чопган одамга ўхшарди. Муздай сувга ювинар экан, ўзини ўзи койирди: “Эй, аҳмоқ! Нималар қилиб қўйдинг? Яна бир неча соатлардан кейин сени нималар кутаётганини биласанми? Эҳ, нодон…”

…Тонг отмай ҳайкалтарош ҳамма ишни битирди. Атроф ёришган сари Ғиёсовнинг кўнгли ҳам ёриша бошлади.

Йигитларга, ҳайкалтарошга бугунги воқеа ҳақида ҳеч кимга ҳеч қачон оғиз очмайсанлар, деб тайинлади.

Район милицияси бошлиғини чақиртирди. Унга керакли топшириқларни берди. Йигитларнинг ҳар бирига вазифа юклади. Ўзи кийимини алмаштириб келиш учун уйига кетди…

Соат ўн яримда обкомнинг биринчи секретари Бобоев республика вакили ва Донобеков билан районга келди. Донобеков олдинроқ бораверай, деган эди, Бобоев бирга борамиз, деб рухсат бермади. Келгунча Донобековнинг ичини ит тирнаб келди. Қўрқув ва ваҳимадан юраги ёрилай, дерди. Район чегарасида уларни Ғиёсов бошчилигидаги район раҳбарлари кутиб олди. Бобоев аввал Ғиёсов билан, кейин бошқалар билан кўришди. Донобеков Ғиёсов билан кўришаётганда унинг юзига, кўзига диққат билан қаради. Ғиёсов ҳеч нарса бўлмагандай хуш кайфият билан кўришди. Бундан Донобеков ҳайрон бўлди. “Нега бунчалар бепарво? Нима бўлди экан?”

Салом-аликдан кейин Бобоев Ғиёсовдан сўради.

– Ҳамма нарса тайёрми? Одамлар келганми?

– Ҳаммаси тайёр, ўртоқ Раҳим Бобоевич. Кеча Иброҳим Аҳмедович келиб, ҳамма нарсани бирма-бир кўриб, тушунтириб бердилар. Сўзга чиқувчилар билан ҳам ўзлари шахсан суҳбатлашдилар.

“Сота бошлади”, деб ўйлади Донобеков.

– Яхши, – деди Бобоев. – Бўлмаса бошлаймизми?

– Марҳамат, – деди Ғиёсов. Меҳмонларни ҳайкал ўрнатилган майдон томонга бошлади.

Донобеков ҳамон эс-ҳушини йиғиштириб ололмас эди.

Майдонга йиғилган одамлар меҳмонларни қарсаклар билан кутиб олишди.

Ғиёсов қисқача кириш сўз билан тадбирни очиб, обкомнинг биринчи секретарига сўз берди. Бобоев, ундан кейин кекса коммунист, сут соғувчи, комсомол йигит, ҳайкалтарош, аълочи ўқувчи қиз сўзга чиқди. Ўқувчи қиз сўзга чечан экан, Ленин бобога бағишлаб шеър ҳам ўқиди.

Донобеков диққат билан оқ мато ўралган ҳайкалга термилди: “Бурни борга ўхшайди-ку”.

Ниҳоят, ҳайкални очадиган ҳаяжонли дақиқалар бошланди. Бобоев бир томондан, республикадан келган вакил иккинчи тарафдан ипни тортиб, ҳайкал устидаги оқ матони тушира бошлади. Атрофни гулдурос қарсаклар тутди. Донобековнинг ичига чироқ ёқса ёришмасди. “Нима бўлар экан?”, деб тиззалари қалтирар эди. Мато сирғалиб ҳайкал устидан тушди. Донобеков не кўз билан кўрсинки, ҳайкалнинг бурни бор эди. “Ё, тавба, ё қудратингдан Аллоҳ” деб юборди коммунистлиги ҳам эсидан чиқиб. Яхшиям шовқин-сурон билан атрофдагилар унинг шукронасини эшитмади. Ялт этиб Ғиёсовга қаради, у атайлаб бошқа томонга юзланган эди. Донобеков нима бўлганини, ҳайкалнинг бурни қандай жойига келиб қолганини тушунмади. Кеча йигитлар мени алдашипти чоғи, деган хаёлга борди. Нима бўлганда ҳам бу ҳолдан у суюнди, ич-ичидан Аллоҳга шукроналар келтирди…

Маросим тугаб, меҳмонлар кетишга шайланди. Шунда республикадан келган вакил Ғиёсовни четга тортиб, эртага Тошкентга боришини, у ердан Москвага бориши мумкинлигини, шунга тайёргарлик кўриб қўйишини тайинлади.

Ғиёсов бу гапдан ҳайрон бўлиб, уч-тўрт қадам нарида турган Бобоевга қаради. Бобоев унинг қараши маъносини тушунди ва шундай қилинг, деган мазмунда бош ирғади.

Донобеков Ғиёсовдан ҳайкалнинг бурни хусусида сўрамоқчи бўлди, аммо мавриди келмади. Ҳар ҳолда тунд юзига бироз чирой югурди. Ғиёсов билан ҳам очиқ чеҳра билан хайрлашди. Унинг қўлини қаттиқ қисиб:

– Раҳмат сизга! Ҳаммаси учун жуда катта раҳмат! Қойилман! Омадингизни берсин, – деди. Кеча ўзи бошлаган “ўйин”да бугун ўзи мағлуб бўлганини тан олди. Аммо бу мағлубиятдан ачинмади, аксинча, суюнди.

Ғиёсов вазминлик билан:

– Сизга раҳмат, Иброҳим Аҳмедович, – деди. – Бундай муҳим тадбирни ўтказишда бизга жуда катта ёрдам бердингиз. Районимиз халқи буни сира унутмайди. Омон бўлинг.

2018 йил

The free sample has ended.

Genres and tags

Age restriction:
12+
Release date on Litres:
29 June 2023
Volume:
490 p. 1 illustration
ISBN:
978-9943-6130-4-1
Copyright Holder::
Adabiyot
Download format:

Similar books