Read only on LitRes

The book cannot be downloaded as a file, but can be read in our app or online on the website.

Read the book: «МАНГУ АФСОНА»

Font:

СЎЗНИНГ ТАФТИДА

…Бутун олам зимнида Сўз ётади. Кишининг даражаси у қўллаган сўзларда намоён. Tалант БЕК ҳам Сўз – Тирик Сўз воситасида кўнглини очди, кайфиятидан бохабар қилди, сирлари билан ўртоқлашди, изтиробларини бўлишди, ёпилган парданинг бир четини кўтариб, руҳ оламида сайр қилдирди. Бундан бизнинг кўнглимиз тозарди, руҳимиз тетиклашди, атрофга янада тийраклик билан назар сола бошладик…

…Жуда кўп таркибий қисмлардан ташкил топган бадиий адабиёт ўқувчи томонидан ўқилиб, ҳис этилиб, англаниб олингандагина эстетик-маънавий таъсирга эга бўлади. Ҳис этилмаган, англанмаган гўзаллик киши қалбида тозариш, нурланиш пайдо қила билмайди. Зотан, бирор математик формула ёки кимёвий бирикмани билиш-билмаслик инсон моҳиятини ўзгартирмайди, аммо бадиий сўз жозибаси ва мантиқий қудратини ҳис этган одам ҳам, уни ўраб турган олам ҳам бошқачароқ бўлиб қолиши аниқ. Бадиий сўздан бехабар одамнинг руҳияти тамкин бўлиши душвор…

…Бадиий матнни тўғри тушуниш, унинг турли жиҳатлари юзасидан асосли тўхтамга келиш учун, аввал, ёзувчининг инсон ва ижодкор сифатидаги позитсиясини англаш керак бўлади. Бунинг учун эса ижодкорнинг ҳаёт ҳодисалари, инсонлараро муносабатлар ва ижтимоий воқеликка муносабат йўсини билан таниш бўлиш талаб этилади. Ҳар бир ижодкор ҳақидаги энг тўлиқ ва тўғри маълумотни унинг битганлари беради. Зотан, бадиий асарда адиб шахсияти, у ўсиб вояга етган муҳит, истеъдоди йўналишиакс этади. Талант БЕК шахси шаклланишига уни ўраб турган муҳит, яшаш тарзи, қизиқиши, саёҳатлари каби қатор жиҳатларнинг таъсир ўтказгани ғайриоддий ҳол эмас – бир жамиятда яшаб туриб, ундан ташқарида туриш имконсиз…

 
…Сўнгакларим қақшар. Сўнги ғалаён –
Муқанна қонида. Сарҳадсиз фалак…
Шоирлар сотилган. Бари чалажон
Булутлар пойида… Изғидим ҳалак…
 

…Талант БЕК улғаяётган палла Ватан кескин ўзгаришларни бошидан кечирган, кимнинг аслида қандайлиги ҳали номаълум бўлиб турган пайтлар эди. Яшашдан мақсад энди нима бўлиши, унга қандай йўлдан борилиши, қай воситалар ёрдамида эришилиши қатъий белгилаб олинмаганди. Бугуни ва эртаси ҳақида аниқ тўхтамга кела билмаган эди. Бу Талант БЕКни ўзини таҳлил қилиш, баҳо бериш ва холис ёндашишга одатлантирди:

 
Ўзимни қилдим фош. Ўздан жудоман.
Япроқлар саргашта. Шамол елкадош.
Сасим худодандир. Жоним худодан,
Нурли юлдузчалар отилмаган тош…
 

…Бутун олам кичик зарра бўлмиш одамда жам. Кўнгилнинг турланиши, жилвалари, ранги тинимсиз ўзгаришда, шу билан бирга у ўзида ИНСОНни акс эттиради…

 
…Афишалар тургандай муқим,
Куним ўтди чорраҳаларда.
Тақводордай яшаблар кўрдим,
Эски шаҳар ва даҳаларда…
 

Сатрларда муаллиф шахсиятига хос қирралар, табиатидаги ўзига хосликлар, ҳаёт йўлидаги ўзгачаликлар намоён бўлган. Ва улардан Инибек услубининг бошқа ижодкорларникидан фарқли эканлиги сабаблари ойдинлашади – эълонлар тахтасида осилиб, бир жойдан жилмай муҳим турган афиша каби чорраҳада узоқ муддат қойим туриш, тақводорлар сингари ўзини барча ортиқча, балки еб-ичиш каби ҳаётий заруратлардан-да тийиб яшаш уни ҳозирги мақомига олиб келган. Бадиий услуб ижодкор шахсияти натижасидир…

…Талант БЕКнинг ҳар сатридан дард силқиб турувчи битиги моҳияти ва жозибасини англаб етиш туйғуларда ўзгариш ясайди, шоир хасталигини “юқтиради”:

 
Ишқ дединг. Сўрадинг умримга тилхат,
Қалтираб турардинг. Қўлингда това.
Япроқдек тўкилдим. Тўкилди дилхат –
Дунё ёлғон дедим, қиз бевафо. Ва
 

Ўқирман эътиборини дастлаб тўртликдаги оҳанг ва уни таъминлаган товушлар уйғунлиги, тиниш белгилари ҳамда банд охиридаги “Ва” боғловчиси тортади. “Ва” аслида бирор ҳаракатнинг ҳали давом этаётгани, тугалланмагини билдиргани боис сатр охирида қўлланмайди. Аммо ижодкорнинг ноодатий тартиби ўқувчини тин олдиради, юқоридаги уч сатр каби зарб билан ўқиш имконини бермайди, шу тарзда кескирлик, шиддатни бироз юмшатади. Ишқ – олов, шоир – шам. Туйғу кучайгани сари ошиқ заифлашиб, кичрайиб бораверади. Ундан ростгўйлик, тўғриликни талаб этиш – ҳақорат. Ахир ҳаммаси зоҳирда аён, бекитилгани, ёлғон аралашгани йўқ. Қиш олдидан бутун дарахтдаги заҳарли моддаларни ўзига олиб, гўзал рангда ерга тушувчи хазон ҳолидаку у. Ишқ билан тўйинган шоир бўлак туйғулардан холи – улар барглардек тўкилиб бўлган, шунинг ўзи ёлғон дунёдаги ягона ҳақиқат.

 
Кетдим, бўйга етган буғдойзорлардан,
Рангин чироқлардан изладим жамол.
Булутлар карвонин ўйнаган шамол,
Бағишлади сарсон хазонларга шаън!
 

Бахмалдек майин, бўлиқ бошоқлар қўлга теккандек, ҳиди димоққа урилгандек… Шоирнинг буғдойзор оралабми ёки буғдойзорданми кетаётгани ўқирман ихтиёрига хавола. Ҳар икки ҳолат ҳам жуда гўзал манзара яралишига хизмат қилган. Буғдойзорга бўйи етган сифатининг тақдим этилиши киши кўз ўнгида болиға қизларни, уларнинг буғдойрангидаги юзлари, маҳкам тортиб ўрилган сочларини гавдалантиради. Буғдойнинг шамолда чайқалиши тасвирида бўйга етган ўзбек қизининг шахдам одимламаслиги, тикка бош юрмаслиги, бу унинг фаҳми ва тарбиясидан дарак беришига ишора бордай… Табиатнинг сирли ва беқарор ҳодисаси шамол чирпирак учирган хазонларнинг гўзал рақсидан шоир кераксиз, қадрсиз санаган туйғулар аслида кўнгилни таркиб топтириши аёнлашади. Шунингдек, тўртликнинг “а-б-б-а” тарзидаги қофияланиши уни илкинчи банддан ўзгача оҳангда ўқишни шарт қилиб қўяди.

 
Карвонлар изини этганча тавоб,
Кетдим. Сендан кетдим кўп йироқларга.
Ойдин кечаларда бермадим жавоб,
Юрагимни чертган қўнғироқларга…
 

Хаёл ошиқда мавжуд бўлган ягона имкон. Қиз ҳақидаги хаёллар уни ҳаётга боғлайди, йўлга бошлайди, ҳаракатга келтиради. Шу билан бирга туйғунинг бежавоблиги бир ҳаводан нафас олишни азобга айлантиради. Шамол ҳайдаётган булутларнинг ерга солган соясига эргашиб кетаётган йигит… Борини ишққа совурган, ҳеч вақосиз қолган ошиқнинг қўл силташига охирги туйғу – ғурур йўл қўймайди “ойдин кечаларда” юракни титратган қўнғироқларга “жавоб бердирмайди”.

 
Шеърларим тош эмас. Сиғинма ай, жон…
Мана, илоҳ каби яшаяпман жим.
Қонталаш шафақда ичилди рашким,
Мажнун саҳросида фақат кечдим қон!..
 

Тоқ (а-б-а-б) ва жуфт (а-б-б-а) бандларнинг ўзаро қофияланиши шеърга айрича ритм, ширали овоз бахш этган. Ниҳоят, қандай хатога йўл қўйганини тушунган гўзал йигитни ортга қайтармоқчи, балки узр сўрамоқчи бўлади – аммо кеч. Карвон кетиб бўлган. Қиз ўзига аталган шеърлардангина паноҳ топа билади, уларни ўқиб, таскин топади, тафтида исинади. Бу шоир рашкини келтиради, шеърларни ўзи айнан унга атаб битган бўлса-да, севиклининг эътибори, меҳрини қизғонади. Усиз-да, у билан-да яшай олмаслигини шоир англайди:

 
Яхшимисан?!. Бошқа не деб айтарман,
Четга йиғиштириб қўй ишларингни.
Бир кун жомадонда олиб қайтарман,
Фақат сенга – сендан кетишларимни…
 

Талант БЕК ижоди асосини шундай дардчил, аммо ўктам, изтиробли, аммо завқ уйғотувчи, шиддатли, аммо мусиқий битиклар ташкил этади. Булар адабиётнинг муҳим хусусиятлари ҳамда ўқирман меҳрига сазовор бўлиш сирларидир…

Муҳайё ЙЎЛДОШ
Филология фанлари номзоди
ЎзМУ ўқитувчиси,
Адиба ДАВЛАТОВА
Филология фанлари номзоди
ЎзМУ ўқитувчиси

КЕЛАЖАККА МАКТУБ

КЕЛАЖАККА МАКТУБ

 
Тақдир чегаланиб учар тақвимдан.
Қари дарахтларнинг шохи гуллаган.
Шамоллаган қушлар очила бошлар.
 
 
Чангир буюклигин сезмаган тупроқ.
Гулчамбар тақмагил шобуксуворим.
Озодлик ярашгай ҳаттоки отга.
 
 
Намхуш таралади соғилган булут.
Сигирнинг думида ғужғон пашшалар.
Ҳилпираб турибди ватан байроғи.
 
 
Маним ҳасратимга елка тутмангиз.
Ахир, муҳтожликдан жудаям баланд
Ўзим кўтараман ўз жасадимни.
 
7.07.2013

МЕН КЕЛДИМ, САМАРҚАНД…

 
Мен келдим, Самарқанд – пештоқи фалак!
Мақбарада ётган Туркон Оқодир.
Кўк узра чирмашган овозим ҳалак,
Ватан тупроғида изим оқадир.
 
 
Кўкайи кўклаган отам орзуси…
Кечир. Мен шоирман! Онажон, кўник.
Ўзгариб бормакда фалакнинг туси,
Чўққига қарайман. Кўзларим сўник.
 
 
Бургут болалари – титраб турган жон.
Мен умримдан буюк ёлғонлар титдим.
Қушларга мақтандим: онам меҳрибон
Ҳамда қанча хатлар соғиниб битдим.
 
 
Бахтсиз болалигим олис ақида,
Топгани ғам бўлган, йўқотгани ҳам…
Айтгил, қандай ёзсин меҳр ҳақида,
Бирда меҳризори бўлмаган одам?!
 
 
Бесамар йилларим… Сарсон кезгайман.
Ўтмишим ётибди қайда бўғилиб.
Яшагим келади қайта туғилиб…
Шеър ёзмаслик нима?.. Унга ҳам шайман!
 
 
О, сўзлар! Ишлатма. Бу буғдой қишки…
Кечганим ҳаётдир. Ичганим шароб.
Остонанг чангида бўлганман хароб,
Озғин жуссам қолди. Тугатган ишқим.
 
 
Энди на шукуҳ бор! Қара! Жасадман…
Оналар бор ўғлин жангга шайлаган,
Оналар бор ўғлин шоҳ деб сайлаган,
Кўраяпсанми, қандай қора ҳасадман!
 
 
Биламан. Барчаси сен учун бир пул.
Шеърим-ку арзимас сариқчақага…
Парвозим бургутдек. Онажон, шод бўл,
Ахир, ўхшамайман шонсиз бақага.
 
 
Заминдан отилдим. Нишоним қайда?
Фалакнинг қаърига санчилади ўқ.
Қарилик майда гап. Ўлим ҳам майда.
Она! Ишонмайман ажалга… Йўқ-йўқ!
 
 
Кошкийди умримни умрингга берсам,
Берсам яшамакнинг мангу бахтини,
Сенга берсам етти олам тахтини…
Афсус… Мен бир оддий ёниб турган шам.
 
 
Ўчирар… Сезади юрак. Ул туғдек.
Томчилаб турибди шаҳидларда хун.
Тирик қабрларни қоплаганда тун,
Чақмоқдек чатнадим. Тўкилдим чўғдек…
 
 
Гар кишан кўтариб ёвлар ўраса,
Йиқилса хоинлар яралаган тан,
Бир кун ўғлим дея Ватан сўраса,
Она, туғиб бергин мени қайтадан…
 
 
Мен келдим, Самарқанд – пештоқи фалак!
Мақбарада ётган Туркон Оқодир,
Дейман ўшанда ҳам овозим ҳалак,
Фақат фалакларни изим ёқадир…
 
4.08.2013.

ШОҲ МАШРАБДАН

 
Йўллар юрдим – йўллар қадим,
Бу йўлларда қалбим надим,
Эй жон, сани кўп изладим,
Гоҳ ўзимдан, гоҳ Машрабдан.
 
 
Қалдиғочдек қанот ургил,
Дор остида мағрур тургил,
Эй жон, мани сўраб кўргил,
Ҳоҳ фалакдан, ҳоҳ Машрабдан.
 
 
Мезонлар ҳам учар зардек,
Бошим урсам тошлар пардек,
Зикр тушиб қаландардек,
Ридо кийсам роҳ Машрабдан.
 
 
Ишқ қасрида жонни узма,
Фарёд ура олам бузма,
Ғариб ошиқ, қўлинг чўзма,
Тўлиб турган моҳ Машрабдан.
 
 
Ўзан бузган дарё тинар,
Кечир, Ватан, созим синар,
Кўргил, гадо деган каслар,
Тиланади Шоҳ Машрабдан.
 
 
Мен шоиринг бўлсам агар,
Дардинг билан тўлсам агар,
Остонангда ўлсам агар,
Қолиб кетган оҳ Машрабдан.
 
10.05.2013.

ОҲИМ ЕТМАС

(Баракко)
 
1. Оҳим етмас Бойсун тоғига,
Бўғиламан. Чиқмас нафасим.
Қалб қоврилар ўзин ёғига,
Ёниб борар кўкрак қафасим.
 
 
Яралмаган аёллар гулдан!..
Қовоғида эримайди қор,
Кўзларининг алангаси бор,
Кўргил: қандай тўзғиган кулман?
 
 
Фақат унга бандаман, қулман,
Остонасин зулфига ғулман.
Кипригимга қўяй гардини…
 
 
Етар! Жоним олгин. Ол оҳим.
Тушунардинг ошиқ дардини,
Ошиқ бўлсанг агар Оллоҳим.
 
 
2. Сенсиз ҳаво… Ичиб нетайин?
Майли сўзим шакдир, исёндир.
Ўздан тондир. Имоним ёндир,
Кўзларига кўчиб кетайин!
 
 
Ошиқларни қўллайди Худо!
Ёлғон! Йўқдир мадад – шукуҳим.
Кўкдан жудо, заминдан жудо,
Аросатда кезинар руҳим.
 
 
Шафақ! Фақат, қон кўринади.
Умрим қора. Ой суринади.
Юлдузлар йўқ. Кўзи жилвагар…
 
 
Ҳийлагар қўл ишлаган боғдан
Мен кетардим сен келар чоғда
Мендек севсанг Оллоҳим агар.
 
 
3. Қумғон қайнар. Барханлар. Қум. Қор.
Чивин бижғир. Ёмғир. Жонона.
Чексиз фалак. Бўри яшар ғор.
Жасад узра йиғлаган она.
 
 
Томган симоб – ошиқлар хуни.
Ижодкорсан. Ўтилган фансан.
Осмонингдан юксакда… Уни,
Инонмам. Сен яратмагансан!
 
 
Ким тушунар ишқ шевасига?
Кўзларими? Ўзинг каби жим,
Мен ҳақимда айтар Оллоҳим.
 
 
Ўхшамайсан чарх бекасига.
Сочилганман. Сен эгасига
Тупроғимни қайтар, Оллоҳим.
 
 
4. Кимлар қайиқ тиклар хаслардан,
Маъшуқларнинг бири Лайлими?
Сўз айтмасам сенга, майлими?
Кулгим келар телба каслардан.
 
 
Қаршисига Зуҳроларни қўй.
Термул. Кошки ҳилолинг тўлса…
Бир ундадир – кўзларинг бўлса?!.
Билмайсан. У – сен билмаган куй!
 
 
Ишқ саҳроси. Жазавада тан.
Ишонганим, шу уйим куйган –
Устихоним ёнаётган уй.
Ҳовучингдан тўкилади ғам,
Ғам пойига ғам чалиб суйган
Оллоҳим ё маъшуқми сен ҳам?
 
 
5. Куй ҳасадми? Айтсин Салари.
Тасалли йўқ. Кучуклар ҳурган…
Ибодатда қанча бош кўрган
Башарият маъбудалари…
 
 
Пешонамда ёриқлар қат-қат,
Сиғинганман Ватан тошига…
О, камалак! Рангин сукунат,
Ётқизарми унинг қошига.
 
 
Нур сепади. Қадамлар мангу.
Илоҳалар ўпади изин.
Тавоб этай. Бера қол изн.
 
 
Сажда этсам хаёлимда у…
Оллоҳим, бер бир фараҳбахш кеча,
Мангуликни ҳаётим кечар.
 
 
6. Шафақ! Фақат, қон кўринади.
Менинг қоним. Пичирлайди лаб.
Тўкилмасдан Сўз уринади.
Титроқ ватан. Яшамак талаб.
 
 
Умрим қора. Ой суринади.
Сочларининг шовури дарё.
Қора тўлқин. Кўзлари денгиз.
Алаҳсийман. Чўкаяпман ё.
 
 
Ёлбораман. Ҳаётим яғир.
Ўз кўксини муштлаяпти қиз.
Куйиб борар оловли бағир.
 
 
Ишқ – бўғзимда қайнаган чоғир.
Пойингдами қазилган чоҳим.
Ажал! Тезроқ йиқит, Оллоҳим.
 
 
7. Суғурилган ханжар шарафдан!
Тириклик не югурган оҳу?
Мағлуб кимдир? Билмайман, ёҳу,
Ким тирикдир бизлар тарафдан?
 
 
Киприк қоқма. Оҳуми сайди?
Мен ташнаман. Ўлмаклик қийин.
Мени қумсаб санчилгани чин
Бу фалакка… Яна истайди…
 
 
Ҳажр дашти. Бетизгин шарар
Қуритмакда ҳислар водийин.
Ишқ ўзгармас, дунё ўзгарар.
 
 
Узилади юракдан чега.
Рашк бешафқат! Мени ўзгадан
Қизғонмайсан, Оллоҳим, нега?
 
 
8. Яралмаган аёллар гулдан!
Товон яра. Чақирли йўллар…
Нафасидан очилар гуллар,
Дарахталарга билаклари шан.
 
 
Қора тўлқин. Бошқа не дейман.
Тун. Юзида жонсиз қалқийман.
Оққуш каби шўнғийди қўллар,
Еча бошлар турмагин гирдоб.
 
 
Судралади хаёл қанғаси –
Синган қанот. Қуллик тамғаси.
Туркий ерим, беролмайман тоб…
 
 
Шамол истар. Қовжирар япроқ.
Олиб кетар бир куни саси.
Қол, Оллоҳим. Яхши қол, тупроқ.
 
2012

ФЕДЕРИКО ГАРСИА ЛОРКАНИНГ
СЎНГИ КУНИ

 
1. Федерико! Сўнги ўқнинг овози.
Жонсиз кулгуларни сочинг шамолга.
О, ойдин бир кеча – Ғарнота ёзи.
 
 
Айндамар – кўзёш булоғи азал.
Шу тунни бағишланг анов аёлга –
Ҳуркак сийнасини ҳоритган ғазал!
 
 
2. Ўлик қиз чайқалар қора ҳовузда.
Ўлдириб бўларми шоирни танҳо?
Ҳали, бирозгина бор эди кузга.
 
 
Алдар. Ғор чурвақа. Тезроқ юр, бақа.
Мен юлдуз кўрмадим, дейди Франко.
Ейди бир кўр бақа ва бир қурбақа.
 
 
3. Қари калтакесак – қардош тимсоҳга.
Яшил сайҳонликда кар чигирткалар
Шу туннинг қопини тўлдирар оҳга.
 
 
Сиёсат – ўликзор. Жирканч ботқоқлик.
Ҳаёт недир? Ҳақнинг ўзини талар.
Мададкор руҳларнинг қўллари боғлиқ.
 
 
4. Қудуққа чўккан қиз ой ҳам қудуқда.
Чайқалган сочларинг айлансин торга.
Наҳот, Тирик Сўзлар отилар ўқда.
 
 
Шоир! Борми ўзи ёруғ кунларинг?
Испанлар! Елкалаб бормакда, Лорка
Испаниянинг бор ойдин тунларин.
 
11.08.2013

ХII АСР. ҲУРМУЗДА

Беҳзод КОБУЛга
 
Ўнлаб қанғаларда тортиб келдилар,
Баҳайбат бир китнинг калла суягин.
Сунний муслимлари чопиб елдилар,
Мачит бўлар энди. У бўлади ин.
 
 
Баҳайбат тепалик. Улкан қоядир.
Тангри кўрсатгандир қудратин, кучин.
Саҳрода иссиқдан асрар соядир,
Кўзлари эшикдир одамлар учун.
 
 
Балиқ уруғланган баҳор палласи –
(Бошлар кесилса-да ва оқса-да қон,
Мачит бўлолмайди одам калласи…)
“Калла” – мачит дея қилдилар эълон.
 
 
У кўздан киради, бу кўздан чиқар,
Намоз ўқийдилар ичига кириб.
Имом ҳам, кучук ҳам бошини тиқар,
Таҳорат олади пойчасин тириб.
 
 
Кеча-кундуз қилган ибодатлари,
Нарига ўтмайди кит манглайидан.
Кўргил, гумроҳ банда. Тангри хатларин
Кўтариб турибди кит танглайида!
 
 
Кўзидан ўтганлар додимни эшит,
Китнинг суягида мунглиғ ноладир.
Бир кун майдалашар одамдек шу кит,
Кўзига одамлар сиғмай қоладир.
 
2013

ШАМОЛ ШОВУРИДА

 
Шамол шовурида шовуллаганча
Бир-бирин қучишар шамшод тераклар.
Қоқ пешинда бир ит вовуллаганча,
Қўлимга қарайди… Ўйнар эрмаклаб…
 
 
Терак япроқлари тўзонли, гардли,
Бир-бирин ўпади бизга билдирмай.
Қўшиқлар айтамиз. Увлаймиз дардли,
Бизни ташлаб кетган қизга билдирмай.
 
 
Эганг ташлаб кетди бериблар ваъда,
Қўшиқлар айтамиз тераги учун.
Қўшиқлар айтамиз ғамли, ғамзада,
Бизни ташлаб кетган юраги учун.
 
 
Шамол шовурида шовуллаганча,
Бир-бирин қучишар шамшод тераклар…
 
2006

ЖАЛОЛИДДИН РУМИЙГА НАЗИРА

 
Ял-ял ёнади ёқут
Олис дарёда кўриниб акси
 
 
Югурди сичқон
Ташланди қуш
 
 
Сичқон заминга тортди
Қуш фалакка
 
 
Қуш фалакка тортди
Сичқон заминга
 
 
Ҳуркитди шарпа
 
 
Челак кўтарган инсон
ўтиб кетди кўзи осмонда
 
 
Қайтишга умри етмас
 
2013

ТОШКЕНТ БОТАНИКА БОҒИДАГИ
ТУРОН БУРГУТИ БАЛЛАДАСИ

1
 
Фалакка ўрлаган мен тортган оҳдир,
Фалакнинг қаърида учганман, ишон.
Бу дунё шундайин томошагоҳдир,
Ҳолимга ачинма. Боқма паришон.
 
 
Разил сотқинликка нигоҳ улаган,
Жосус кўзларида мени сотишди.
Қонли қўлларида мени отишди.
Кўргил. Мен бургутман – кўкдан қулаган!
 
 
Оёғим боғлиқдир. Қанотим яра.
Йўқ. Мағрур турибман. Менда шан эсган.
О, тоғлар! О, шамол увлаган дара,
Учқур шамолларни қанотим кесган.
 
 
Ёвшанлар ястанган адирлар, қирлар,
Эгнимга суртганим Турон тупроғи.
Анов оғочларда гуллайди сирлар,
Анов арчазорлар илонлар боғи.
 
 
Мени йиқитмаган чаёнлар заҳри,
Алар-ку учмаклик бахтидан йироқ…
Теграмни ўраган тўр билан… Бироқ,
Парвозимга тордир ҳайвонот шаҳри.
 
 
Ҳаво бер! Озодлик истайди юрак.
Тикилсам – титроқлар қушлар тўшида.
Осмонга термилма, ожиз лойхўрак,
Тирноқларим изи ой оғушида.
 
 
Чўқилаб билганман юлдузлар таъмин,
Парвозим хатимдир. Ўтилдим якка.
Бошимда булутлар, пойимда замин,
Шоҳ эдим… Шоҳ эдим чексиз фалакка!
 
 
Менга тикилманглар! Бўлди. Кетинглар.
Эгилган бошларинг дардга тўлдиргай.
Озод ҳаво керак! Озод этинглар,
Темир панжаралар тирик ўлдиргай.
 
 
Довуллар ичида қадим тупроққа
Тўшалган паримни, айтгин, ким тиклар?
Дарахтдан узилди… Қара япроққа!..
Ўлимлар хунукдир, эй, ўлимтиклар!
 
 
Камалакни тортиб гирён чарх урсам,
Бошин ерга олган йўлбарслар, шерлар.
Қанийди яна бир… Бир бора кўрсам…
Турон далалари… Бепоён ерлар!..
 
 
Қуёшнинг тиғига умрим тақалар,
Кўзимга яшириб эркнинг хунини.
Ғижинаман. Сайрар ҳатто бақалар,
Эгаллаб баҳорнинг яшил тўнини.
 
 
Ёвлар-ла курашган чангалим омон,
Садақа ютмайман. Ҳаром луқмалар.
Осмон қоқ ёрилсин. Ўзим бир томон,
Бир томон майналар – юзсиз лақмалар.
 
 
Қўнғизми насибам? Тўзгинман, эй, сор!
Сайёдим деб кимлар илкин тутмакда.
Зор қақшаб очиққан полапоним бор,
Чўққилар бошида мени кутмакда.
 
 
Шафақ ёғдусида умрим елади,
Елкалаб учсам мен Турон шонини.
Ютиниб, ютоқиб ичгим келади,
Қўрқоқ қуёнларнинг қайноқ қонини.
 
2
 
Сира кўникмадим бўғиқ нафасга,
Кишанлар синмасми кўклам фаслида.
Қанотим қайрилган темир қафасда…
Қушман – озод учган қушлар наслидан!
 
 
Мени улғайтирган бўронлар саси,
Бу ерда кимларга бўлгайман ўрнак:
Сасиқпопишагу зағизғон, ўрдак,
Қарғалар, ҳаккалар яна қанчаси…
 
 
Нимжон капалакдек жони борида,
Ғўнғиллаб турибди митти куяқуш.
Мен ҳам борми дея қуш қаторида,
Лўккиллаб юрибди ҳануз туяқуш.
 
 
О, кўршапалаклар – гала шабкўрлар,
Довруғ деб ечинган… Яланғоч хасдир.
Менинг қавмим эмас ўлаксахўрлар,
Қизилиштон эви эвим эмасдир.
 
 
О, танноз хонимлар – кибор оққушлар,
Қўйинг кир чивинлар бижғиган кўлни.
Дунёга сиғмаган ўжар кўнгилни,
Ёмғирлар, дарёлар, денгизлар хушлар.
 
 
Қафасга урилган тумшуғим чега,
Ўз қалбингни ўзинг чўқишга шайсан…
Қулоғинг диккайган, эй бойқуш, нега
Вайрона бошига чиқмак истайсан?!.
 
 
Мен ҳуркиб пир этсам… Ордан ўлардим…
Агарким, кўксимга тегмаганда ўқ,
Телба деб кулмаса читтакми, чумчуқ,
“Қафасни кўтариб учган бўлардим.”
 
 
Афсус. Сайролмайман булбулдек шодон.
Бўғзимда аламдир. Кўзларга кўчган.
Бир соям тушсаки… Кўргил, эй, нодон,
Жамики қушларнинг овози ўчган!..
 
 
Ичикдим. Олисда қолди ошёним.
Соғиндим қоялар тутган ватанни.
Шоним яшар. Майли, тўкилсин қоним.
Қанотимда элтай юртимга танни…
 
 
Яшамак унвонин ўлим этар ҳал,
Мен киприк қоқмайман. Кўргил кўзимни.
Қоялар кўксига урай ўзимни,
Мен учиб жон берай… Ўлимим гўзал!
 
3.08.2013.

КУЙИНГДА КУЙ БЎЛДИМ…

1
 
Куйингда куй бўлдим ошиқ мисоли,
Сохта ҳашамлардан юмилди кўзим.
Ҳайратларга кўмди исминг висоли,
Тилингдан туғилди ҳар битта сўзим.
 
 
Тиз чўксам тиз чўкиб ерга босдим лаб,
Потила сочимдан тупроқ тўкилди.
Яшадим: юракни маҳкам чангаллаб…
Айтгин! Сенга кимлар ёлғон букилди?..
 
 
Яғринимда ёнса қуёшинг акси,
Бошингда ўзимни подшодек сездим.
Қароғимга чўкди булутлар рақси,
Оғушингда ёниб шамолдек кездим.
 
 
Қайда товонимдан тўкилган излар,
Қадрдон манзиллар – менинг ерларим.
Сенинг қизларинг-ку мен севган қизлар,
Ватан – сен ҳақда-ку барча шеърларим!..
 
2
 
Сендан яралганман. Сенга доирман.
Агарким, ўлдирса ўлдирар фироқ.
Эҳтимол, ўзимча катта шоирман,
Афсус, йўргагингда гўдакман, бироқ.
 
 
Олис хотиралар гарчи нолалик…
Сойларда чўпчиган балиқлар қайроқ,
Толбаргакларингдан кўтариб байроқ,
Яшил қирларингда ўйнар болалик.
 
 
Райҳонли ҳовлилар салқин ва соя.
Аямнинг рўмоли. Тандирнинг тафти.
Қучоқ-қучоқ қилиб боғланган поя.
Дадамнинг кетмонда қаварган кафти…
 
 
Осмонга ўрлайди ўчоқ тутуни,
Мовий осмонингга термиламан жим.
Тузалиб кетарман дея бир куни,
Ватан – деразадан термулган синглим!
 
3
 
Сўнгсиз қорли кечалар. Қишнинг палласи…
Жанггоҳлардан ғолиб ботирлар қайтди.
Бешикда янграган момом алласи,
Алпомишдан гўзал достонлар айтди…
 
 
Ўтаётган умрим бир лаҳзалик туш.
Тушларим яшайди. Мен-ку саробман.
Меҳрингдан маст бўлдим. Бўйингдан сархуш.
Симирсанг… Арзирли майман, шаробман!
 
 
Темурбек яратган энг гўзал боғлар…
Ўсган майсаларнинг куйган ранглари.
Ҳасратларингни жим кўтарган тоғлар.
Шонли озодликнинг қонли жанглари…
 
 
Майли, ҳисларимни ошкор этмасман,
Сени севиб минг бор тирилдим, ўлдим.
Энди ўлар бўлсам увол кетмасман,
Ватан, тирикликда мен сенга тўлдим!..
 
4.01.2012

ТИЛИМ. ТУРКИЙ ТИЛИМ…

 
Тилим. Туркий тилим – оқаётган шаън.
Кенг дала. Пахса уй. Милтиллайди шам…
О, элим! Кўзгуда ўзин кўрмасдан,
Кўзимга кўзгулар тутди-ку ҳар дам.
 
 
Ҳисларим обида – харобазорда –
Гўнгқарға уяси. Тилла сувли тахт.
Тобакай юрагим қондир таҳ-батаҳ
Ойни савдо этган қорабозорда.
 
 
Сўнгакларим қақшар. Сўнги ғалаён –
Муқанна қонида. Сарҳадсиз фалак…
Шоирлар сотилган. Бари чалажон
Булутлар пойида… Изғидим ҳалак…
 
 
Ўзимни қилдим фош. Ўздан жудоман.
Япроқлар саргашта. Шамол елкадош.
Сасим Худодандир. Жоним Худодан,
Нурли юлдузчалар отилмаган тош…
 
 
Ичим куйиб кетган Сўзнинг тафтида,
Оловлар тугаган. Титаяпман кул.
Ҳув тоғлар ортида – Сурхон кафтида,
Қорайиб кетгандир, билмам, Деҳқонқул…
 
 
Эслолмадим. Ким бор ундан ташқари,
Э, воҳ! Тушунмайсан барибир, нетай…
Ҳиндикушда қолди Бобур лашкари,
Жонингни бериб тур. Мен жангга кетай!
 
 
Ватан деб босилса – қадамлар шахтли,
Йиғлама. Тупроқда қолади излар…
Она! Кўряпсанми?! Нақадар бахтли –
Кўзгуга термулиб яшаган қизлар!
 
2012

Genres and tags

Age restriction:
0+
Release date on Litres:
16 May 2023
Volume:
131 p. 2 illustrations
Copyright holder:
Sharq