Read the book: «Ахлоқи кабир»
УСТОЗИ АВВАЛ
Арасту – (милоддан аввалги IV аср) – барча замонларнинг олимлари учун устоз ҳисобланган буюк юнон файласуфларидан бири. Милоддан аввалги 384 йилда Эгей денгизи бўйидаги Стагир шаҳрида туғилган (шу туфайли гоҳо Арасту Стагирий дейилади). Эллада Иттифоқидан ажралиб чиққан бу мустақил шаҳар-давлат кейинроқ Македония таъсирига тушади. Арастунинг отаси Никомах табиблар наслидан бўлиб, Македония шоҳи Эминта III саройида хизмат қиларди.
Арастунинг отаси Македония шоҳининг ўғли Филипп II билан ўртоқ эди. Филипп II тахтга чиққач, Арасту унинг ўғли Искандарга мураббийлик қила бошлади. Арасту ўсмирлигида табобатда отасига ёрдам бериб юрар эди. 369 йилда 15 ёшли Арасту ота-онасидан етим қолди ва табиблик касбини тутди.
Отаси ўрнига мураббийлик, васийлик қилувчи Проксен йигитчанинг қизиқишлари доираси кенгайганлигини билиб, уни илм-фанлар маркази Афинага ўқишни давом эттиришга юборди.
Арасту 367 йилда Афинада машҳур Афлотун академиясига ўқишга кирди ва у ерда 12 йил Афлотун фалсафий мактабида шогирдликни ўтади. Сўнг шу академияда мударрислик қила бошлади. Афлотун шогирди Арасту билан фахрланарди ва уни бошқа, дангасароқ шогирди Ксенократга таққослаб, «Бунисини қамчи билан уриб туриш, унисининг жиловини тортиб туриш керак» дер экан.
347 йилда Афлотун вафот этгач, Арасту унга бағишлаб марсия ёзди. Афлотуннинг билимсизроқ жияни (Спевсипп) Академияга раҳбар бўлиб қол гач, Арасту дўсти Ксенократ билан Афинани тарк этдилар.
Шундан сўнг Арасту кичик Осиёдаги Ассос шаҳрига келиб қолади. Бу ерда Афлотуннинг икки шогирди маҳаллий ҳоким Гермийга фалсафадан устозлик қилар эдилар. Арасту ҳам улар сафига қўшилди. Бу ерда у билимларини чуқурлаштирди ва ҳоким Гермийнинг жияни Пифайага уйланди. Уч йилдан сўнг у оиласи билан қўшни Лесбос оролидаги Митиленага кўчиб келди. Бу орада Ассос ҳокими Гермий Македонияга содиқлиги учун форслар қўлида қаҳрамонларча шаҳид бўлди. Эллада қаҳрамони сифатида унга Дельфада ҳайкал ўрнатилди, Гермий ўлими олдидан файласуф дўстларига мактуб юбориб, фалсафага, адолатга заррача хиёнат қилмаганлигини билдирди. 340 йилларда Арасту Македония пойтахти Пеллага Филипп II томонидан таклиф этилиб, 13 ёшли Искандарга мураббий этиб тайинланди.
Арасту Искандарни Ҳомернинг «Илиада» достонида куйланган қаҳрамонликлар руҳида тарбиялади. Кейинчалик Искандар «Мен Арастуни отам қатори ҳурматлайман, чунки отам менга ҳаёт берди, Арасту ҳаёт қадриятларини берди», деган экан. 339 йилда Искандар отаси қатори подшоҳ бўлгач, Арасту она шаҳри Стагирга қайтди. Филипп II вақтидаги урушларда вайрон этилган бу шаҳарни Искандар устози ҳурмати учун тиклаб берди. Бунинг учун Стагир халқи Арастуга миннатдорчилик билдириб, ҳар йили унинг шарафига байрам ўтказар эди.
Милоддан аввалги 336 йилда Арасту ҳаётининг иккинчи Афина даври бошланди. Эллик ёшида, ақли етишган вақтида Арасту Афинада Искандарга ноиб бўлиб турган лашкарбоши Антипатр ёрдамида ўз академиясини – фалсафа мактабини очди. Афинанинг шарқ тарафидаги Ликей боғларида айвон-равоқлар қурилди. Бу айвон-равоқлар юнонча перипатус деб аталгани учун Арасту фалсафа мактаби издошларини перипатетиклар деб атай бошладилар. Афина ликейида (лицейида) Арасту 12 йил мударрислик қилди.
Искандарнинг Бобилда 323 йил 13 июнида ўттиз уч ёшида вафот этиши (у заҳарлаб ўлдирилган деган тахмин бор) Арасту тақдирига ҳам таъсир кўрсатади. У Ликей академиясидан қочишга мажбур бўлади. Ва Эвбея оролида онасининг ҳовли боғида вафот этади.
Қадимият файласуфи Диоген Лаэртийнинг ёзишича, Арасту жуда бой фалсафий мерос қолдирган. Қадимий каталогларда Арастунинг бир неча юз асарлари тилга олинади. У асарларида фалсафий ғоялардан ташқари 158 хил давлат тузумини таъриф қилган. Арастунинг ўғли Никомах унинг асарларини асраб, нашр эттириш билан шуғулланган. Арасту асарларидан машҳурлари – «Эвдем», «Софист», «Политик», «Мнексен» (диалоглар), «Ғоялар ҳақида», «Фаровонлик ҳақида», «Биринчи аналитика», «Иккинчи аналитика», «Категориялар», «Софистларга раддия» (мантиқ фанига доир бу асарлар «Орғанун»га жамланган); «Физика», «Метафизика», «Ҳаёт тарихи», «Жон ҳақида», «Никомах ахлоқи», «Эвдем ахлоқи», «Ахлоқи кабир», «Сиёсат», «Поэтика», «Риторика» ва бошқалар.
Арастунинг бадиий-эстетик қарашлари кўпроқ «Поэтика» ва «Риторика» асарларида ўз ифодасини топган.
Қадимият маданиятининг атоқли тадқиқотчиси А.Ф.Лосевнинг ёзишича, Арасту гўзаллик ёки ажиблик ҳақидаги фикрларида ақлий идрок ва ҳиссий идрок уйғунлигига эътибор беради. Арасту фикрича, ҳар қандай сезги, истак-майл ёки ўй-хаёл бирор нарса, ҳодисага (хилқатга. – М.М.) интилар экан, ўша нарсадан қандайдир роҳат-фароғат олади, шу маънода ўша ҳодиса ажиб ёки гўзал (ёки баркамол) бўлади. Ўша хилқатни тилаш, майл ёки ҳамдардлик билдириш билан у ҳақда фикр билдириш мувофиқ, уйғун келиши керак. Бошқача айтганда, хаёлдаги хилқат билан ўша нарса ҳақидаги хаёл (асар) мутлақо уйғунлашгандагина баркамоллик юзага келади.
Арастунинг «Поэтика» («Нафис санъатлар ҳақида») китобида ҳозирги замон тушунчасидаги шеърият эмас, балки умуминсоний нафосат, санъат қонун-қоидалари баён қилинади. Алломанинг бу асари Шарқ халқлари эстетик тафаккури ривожига ҳам катта таъсир кўрсатган. Атоқли шарқшунос олим Абдусодиқ Ирисов «Аристотель «Поэтика»си ва унинг Шарқдаги издошлари» номли илмий асарида юнон алломасининг асари қандай қилиб Шарқда тарқалганлигини тадқиқ қилади. «У маҳалларда, – деб ёзади Абдусодиқ Ирисов, – араб тили ҳали илмий тил сифатида танилмаган, кўп асарларни, шулар жумласидан, кўп юнон муаллифларининг таълифларини сурёний тилига таржима қилиш одат эди. Ҳатто «Калила ва Димна» китоби ҳам арабчага таржима қилинишидан анча олдин санскрит (қадимги ҳинд) тилидан сурёний тилига кўчирилган эди». Кейинчалик, X асрга келиб «Поэтика» сурёний тилидан арабчага таржима қилинди. Арастунинг эстетик қарашлари, у қўйган муаммолар ҳақида фикр юритиш, шу соҳада айрим рисола асарлар ёзиш, Абдусодиқ Ирисов таъкидлаганидай, олимларнинг олижаноб бурчи ҳисобланган. Арастунинг «Поэтика» асарига бағишлаб дастлаб Абу Исҳоқ ал-Киндий (801–866), сўнг Абу Наср Форобий (878–950), Ибн Сино (980–1037), Ибн Рушд – Аверроэс (1126–1198) каби атоқли олимлар китоблар ёзишган ва буларда ўзларининг эстетик қарашларини баён этишган.
Ал-Киндийнинг таржимаи ҳолидан маълум бўлишича, у юнон тилини яхши билган ва шунинг учун Арасту асарининг асл нусхасидан баҳраманд бўлган ва бу тўғридаги мулоҳазаларини битиб кетган, дейиш мумкин.
Араб олими Абу Усайбиа гувоҳлик беришича, Исҳоқ ибн Хунайн Арастунинг «Софистика», «Хитоба» («Риторика») ва «Поэтика» асарларини араб тилига таржима қилган.
Ўрта асрлардаёқ Ғарбда ва Шарқда Арасту «Соҳибу-л-мантиқ» сифатида танилган. Шунингдек, илк замонларда ҳам Арасту «Орғанун» асарининг «Биринчи аналитика» қисмидан айрим категориялар – назарий тушунчалар маълум эди. Мантиқ фани ўз даврида қувватли янги – афлотунчилик ҳаракати таъсирида янада ривожланганлигини Паулус Перса ўзининг «Аристотел мантиқи» номли асарида шарҳ этган, дейилади туркча «Ислом энсиклопедияси» да.
Арастунинг тил, мантиқ, физика ва тиббиёт соҳасидаги қарашлари бир тарафга қўйилса, исломиятдаги фалсафий тафаккур манбалари, тамал тошлари Арастуга эмас, балки Афлотун, Фисағур (Пифагор) ва Ҳермесга тақалади. Туркча «Ислом қомуси»да ёзилишича, Арасту асарларининг Шарқда атрофлича ўрганилишига унинг олам тузилиши ҳақидаги қарашлари ислом ақидаларига номувофиқ эканлиги халал берди. Шарқда бу қарашлар ҳақида шиддатли баҳслар авж олди. (Ал-Киндий, Форобий асарлари). Турли мазҳабларга мансуб каломчилар янги-афлотунчилар изидан бориб, Арасту қарашларига қарши чиқдилар. Булар орасида шиа Хишом б-ал-Ҳаким (ваф. 845), муътазилачи – басралик Абу Ҳошим (ваф. 933) ва Ал-Ашъарий (873–935) ларни ёдга олиш мумкин.
Арасту асарлари Ибн ал-Кифтий ва Ибн Абу Усайбиага суяниб ёзишларича, 100 китобдан иборат. Бу асарлардан арабчага таржима этилганлари рўйхати ёзилган бир кутубхона дафтари топилган.
Ривоятларга кўра (Фихрист, Флюгель нашри, 243-бет) халифа ал-Маъмун тушида Арасту ҳакимни кўради. Юнон донишманди унга ақлий ва ҳиссий билимларни уйғунлаштирмоқ зарурлигини тушунтиради. Ал-Маъмун, сўнг Ал-Мансур даврида фақат Арасту эмас, балки деярли барча юнон алломаларининг асарлари сурёний насронийлари ва мусулмонлари томонидан араб тилига таржима этилди, уларга шарҳлар ва тафсирлар ёзилди.
Арасту асарлари асосан 4 синфга бўлиниб тасниф этилади: мантиқ, физика (табииёт), метафизика (руҳият) ва этика – ахлоқ фанларига оид асарлар. «Орғанун»да Арастунинг 8 хил асари: «Категориялар» («Маъқулот»), «Ҳерменевтика» («Ал-Ибора» ёки «Ат-тафсир»), «Аналитика» («Ал-қиёс») ва «Поэтика» («Санои нафиса») тилга олинади. Бу асарларнинг ҳаммаси шарқ тилларига таржима қилинган: «Физика» (Ас-Само ат-Табиия») кўкка, фалакиётга доир «Ас-само ва-л оълам», «Ал-Кавн ва-л-фасод», «Метеорология» – «Ал-асар ал-алавия», «Психология» – «Ан-Нафс» («Руҳ») «Ал-Кавн-Хосс ва-л Махсус», ҳайвонот (ҳаёт) тарихига доир – «Ал Ҳайовон», яна баъзи фанларга (ўсимликшунослик, маъданшуносликка) доир асарлари юқоридаги китоблар қаторига кирган. Арастунинг «Политика» («Сиёсат») асари Афлотуннинг «Республика» – «Жумҳурият» ва «Қонунлар» асарлари руҳидадир. Баъзиларига Ибн Сино ҳам шарҳ ёзган.
Араб тилидаги асарларни кўздан кечирганимизда, – дейилади «Ислом Қомуси»да, биз ҳақиқий ва сохта аристотелчиликни фарқлашимиз зарур. Аввалги асрларда Арасту асарларига ёзилган шарҳлар ва тафсирларда янги афлотунчиларнинг қарашлари аралашиб кетган. Эски даврнинг энг холис арасту чиси Ибн Рушд ўз асарларида Арасту фалсафасига янги афлотунчи Порфирий ва Фемистий изоҳларини афродизиялик Александр изоҳларидан устун қўяди. Милоднинг V–IV асрларида ўтган Плотиннинг «Эннеада» асарининг мухтасар тафсири бўлган «Теология» асарини Ал-Киндий ва Форобий Арастунинг асари деб ўйлайдилар. (Эҳтимол, бу – Арастунинг «Жон – руҳ» ҳақидаги асари бўлса керак. – М.М.). Бундан ташқари, Арастунинг руҳ абадийлиги ҳақидаги «Фаэтон», турли мавзуларга оид «Китоб ал-туффоҳ», физиогномика (одамнинг қиёфасига қараб, тақдирини билиш) ҳақидаги «Секретум секреторум» («Сиррул-асрор») асарларини, шунингдек, Искандар Зулқарнайнга ёзган бир туркум мактубларини тадқиқотчилар тилга оладилар. Алломанинг сеҳр ва нужумга доир қарашлари Штейншнайдер асарларида тадқиқ этилган.
Алишер Навоийдан уч аср аввал ўтган Шарқ маданиятининг буюк алломаси Низомий Ганжавий «Хамса» асарининг сўнгги достони «Шарафнома»да Арасту ҳақида қизиқарли ҳикоятларни келтиради. Мисрлик Марям исмли малика Шом (Сурия) подшоҳи бўлиб турганида, қудратли Ҳабашистон (аввалги номи – Нубия, сўнг – Эфиопия) давлати қўшинлари ҳужумларидан оғир аҳволда қолади. Марям Мисрия ўз давлатини ва халқини душмандан ҳимоя қилиш учун ёрдам сўраб, Юнон подшоҳи Искандарнинг қошига боради. Искандар Марямнинг арзини тинглаб, маслаҳат учун Арасту ҳакимнинг ҳузурига юборади. Маликага ҳарбий ёрдам беришдан аввал Арасту унга илми ҳикматга оид жуда кўп билимларни ўргатади.
Низомий достонида тасвирланишича, Арасту ҳакимнинг Искандар ҳузуридаги мартабаси шу қадар юксак эканки, подшоҳлар ва маликалар Арасту қўлини юваётганида кўза кўтариб, сув қуйиб туришни орзу қилар эканлар. Хусусан, мисрлик Марям ҳам шу шарафли хизматга муяссар бўлади.
Арасту маликага ўз давлатининг қудратини ошириш учун қўшинларга ва халққа ғамхўрлик қилиш зарурлигини уқтиради. Бунинг учун эса Арасту бойлик, сийму зар кераклигини айтиб, Марямга мисларни олтинга айлантиришга имкон берувчи кимё илмининг сир-асрорларини ўргатади. Малика бу илмларни ва адолатли бошқаришни ўрганиб, ўз давлатини кучайтиришга эришади.
Низомий Ганжавий яна тасвирлашича, Арасту ҳаким Искандарга яқинлиги, ўз феълидаги мағрурлик туфайли бир вақт жуда кибрланиб, Афлотуннинг устозлигини унутиб, ўзини биринчи устоз деб, бошқаларни писанд қилмай қўяди. Бундан дили ранжиган Афлотун шогирдига гўзал бир сабоқ беради. У ғоят нафис, нозик оҳанглар чиқарувчи руд чалғусини ихтиро қилади. Афлотун бу созни чалганида бутун борлиқ, табиат – ҳайвонлар, қушлар сеҳрланиб, куйга сел бўлиб, ухлаб қоладилар. Афлотун куй оҳангларини ўзгартирганида – яна барча мавжудотлар уйғониб, ҳушига келади.
Арасту ҳам устозидан қолишмаслигини исботлаш учун руд созининг бошқа хилини ихтиро қилади. У созни чалганида ҳам гуллар, ҳайвонлар ва қушлар сел бўлиб эриб, ухлаб қоладилар. Аммо, сўнг Арасту ҳар қанча маҳорат билан чалса ҳам – улар уйғонмайдилар. Мудроқлигича қоладилар. Бу ишни шоҳ ва аъёнлари, халойиқ кузатиб турган эди. Табиатни уйғотолмай, шарманда бўлган Арастунинг кибру ҳавоси осмонга учиб, устози қошига бориб, узр сўрайди. Ва ундан яна чолғуда маҳорат ўргатишни илтимос қилади.
Афлотун ҳаким гина сақламасдан, Арастуга соз санъатидаги бор маҳоратини ўргатади. Шундан кейин Арасту куй чалиб, табиатни уйғотади. Сўнг устозига бир умр садоқатли шогирд бўлиб қолади.
Алишер Навоий «Хамса» достонларида Арастунинг фалсафий қарашларига кенг ўрин ажратган.
Алишер Навоий «Садди Искандарий»да Арасту ҳақида ёзади:
«Машриқ ва мағриб мамлакатлари фотиҳи Искандар устози Арастудан сўради:
– Эй, тафаккуринг билан осмону фалакни лол қолдирган донишманд! Манзилга қайси йўл яқинроқ? Ва у манзилга қайси йўл билан бориш маъқулроқ?
Устози аввал Арасту подшоҳи оламга бундай жавоб берди:
– Агар одамнинг давлати кўп бўлса, эл-юртга хайру саховат қилиш имконияти ҳам кўпроқдир. Бадавлат одамнинг саховатидан кўпчилик умидвордир. Кимки савоб ишларни кўпроқ қилган бўлса, унинг Ҳақ висолига етиш умиди кўпроқдир.
Арасту ҳаким яна тушунтириб айтадики, молу давлатни нималарга, кимларга ва қанча сарфлаш муҳим аҳамиятга моликдир. Арзимас ва ўринсиз ишларга кўп саховат кўрсатиш бефойдадир. Ва агар қилган хайрли ишлари ўринли бўлса, бу хайр-саховати, албатта, Ҳақ даргоҳида қабул қилинур.
Арасту ҳакимнинг қуйидаги маслаҳатлари барча замонларнинг подшоҳлари учун ҳам аҳамиятлидир:
– Биров шоҳнинг ҳузурига отланган бўлса, у аввало ўз йўлида учрайдиган қароқчилардан – шоҳ қабулига етгунча йўлда туриб олган порахўрлардан эҳтиёт чораларини кўриши шарт. Қароқчилар билан иттифоқ бўлган шахс (вазир ёки бошқа мансабдор) шоҳ мажлисида ўтиришга нолойиқдир. Подшоҳ барча яхшиликларини беғараз, холис, фақат Худонинг розилиги учун қилса – бу энг олий мартабадир. То қиёматгача унинг номи абадий қолади».
Навоий айтади: «Гавҳарлар эгаси Арасту бу дурларни шу тарзда сочгач, савол берувчи (яъни, Искандар) садафдек жим бўлиб қолди. Яъни, у айтилган маслаҳатларни қабул қилди.
Навоий «Тарихи анбиё ва ҳукамо» асарида айтади: «Аристотолис – Афлотуннинг шогирдидур. Искандарнинг вазири эрди. Анинг сўзларидан будурким: «Подшоҳ улуғ рудға (дарёга) ўхшар, ва атбои (ўз тобелиғидаги) ариғларғаким, ул руддин айрилдилар, руд суйига (сувига) ҳар ҳол бўлса, ариғлар суйига ҳам ул ҳолдур. Ул (дарё) чучук бўлса, булар (ундан айрилиб чиқувчи анҳор ва жилғалар) ҳам чучук. Ул (дарё) аччиқ бўлса, булар ҳам аччиғ. Ул (дарё) соф бўлса, булар соф.
Бас, подшоҳға ғоят ҳикмат ва эътидол ила (барча ишни меъёрида, ҳаддан оширмай ва камайтирмай) маош қилмоқ (ризқ ва мартаба улашмоқ) вожибдур, то хайл ва ҳашами (вазирлари, ҳокимлари, қариндош-уруғлари) анга мутобаат қилғайлар (доимо тобеъликда бўлғайлар. – М.М.).
Шоҳ – дарё ва халқ эрур – анҳор,
Иккисининг сувида бир маза бор».
Навоий Арасту ҳакимнинг бу фикрини «Маҳбубул-қулуб» асарида янада ривожлантириб, бундай дейди:
«Кимки шоҳга хизматкор ва қарам бўлса, иши ва (одамларга) муносабати ҳам шоҳникига ўхшаш бўлади. Агар шоҳ адолатпарвар бўлса, вазирлари, аҳолисида ҳам адолатпешалик бор. Агар шоҳнинг одати халққа зулм қилиш эса, эли ҳам зулмга мойилдир. Агар шоҳ иймон, эътиқодли бўлса, халқ ҳам ислом динига амал қилувчидир. Агар шоҳ кофиртабиат бўлса, қўл остидаги тобеъларида ҳам худди шундай кофирлик феъли авж олади». Шундан сўнг Навоий Арасту ҳаким фикрини келтиради:
«Донишмандлар шоҳни улуғ, сермавж дарёга, аҳолиси ва яқинларини эса, дарё атрофидаги анҳорларга ўхшатадилар» («Маҳбубул-қулуб», саҳ. 22.)
Арасту ҳакимнинг бу фикрини Навоий юксак баҳолашининг сабаби маълум – шоир ёшлик чоғларида беҳад гўзал орзулар билан, дўсти Султон Ҳусайн билан биргаликда донишмандлар даврасида адолатли тузум ўрнатиб, элни шод, юртни обод қилишига ишонган эди. Мутафаккир шоир бу орзусини қисман амалга оширди. Аммо кейинчалик, султон Ҳусайн атрофидаги олчоқ, бахил, уришқоқ, баднафс амирлар ва ҳокимларнинг сўзларига учиб, салтанат у ёқда турсин, ўз оиласида, фарзандлари орасида ҳам тинчлик ва адолат ўрнатолмади. «Тожу тахтимга кўз олайтирди» деб, севимли набираси, келгусида адолатли ҳукмдор бўлиши кутилаётган етук инсон – Мўмин Мирзони қатл этди. Халқ гарданига оғир солиқлар солиб, жабр-зулмни кучайтирди.
Бу ҳодисада биз Арасту фикрининг тескарисини ҳам кўрамиз. Яъни, дарёга келиб қўшилаётган ирмоқларнинг тиниқ ёки лойқа бўлиши дарё сувининг ҳам қандайлигини ҳал этади.
Алишер Навоий «Садди Искандарий» достонида улуғ салтанат раҳбари Искандарнинг ўз устози Арасту билан суҳбатларини келтиради. Достоннинг XXII бобида қуйидаги шоҳбайтларни ўқиймиз:
Яна шоҳ Арастуға қилди хитоб,
«Ки, эй дониш-ойину ҳикмат-маоб!
Шаҳеким, эрур адлнинг жозими,
Не ишлар экан адлнинг лозими?»
Яъни, шоҳ устози Арастудан «Адолатли подшоҳ бўлишга жазм қилган одам адолатни қарор топтириш учун не ишлар қилиши зарур?» деб сўради.
Арасту ҳаким жавоб берди:
Деди: «Шаҳки, адл ўлса ойин анга,
Мусаххардурур дунёю дин анга…
Шаҳеким, анга адл бунёд ўлур,
Натижа буким, мулки обод ўлур.
Чу мулки ўлди ободу халқи ғаний,
Яқиндурки, маъмур ўлур махзани…
Яъни, агар подшоҳ адолатни бунёд этса, мулки – эл-юрти ҳам обод, халқи ҳам бадавлат ва шод, хазинаси ҳам мўл-кўл бўлади. Давлат хазинаси адолатсиз ундирилган бойлик билан тўлганида эса подшоҳ, вазирлар халқнинг қарғишига учрайди. Халқ бой-бадавлат, фаровон ҳаёт кечирганида хазина тўлса, давлат ҳам бойийди.
Навоий фикрича, агар шоҳ халқнинг дилини ранжитар экан, ўз жонини дўзах ўтига тайёр қилган бўлади. Халққа зулм қилган шоҳ ёки ҳоким аслида бу зулмлар ўзига қайтишини тушунмайди. Қуръон оятларида келганидек, «Улар фақат ўзларига зулм қилувчилардир». Навоий бундай одамлар ҳақида «Зулмкорликни ўзига мақсад қилиб олганлар эл кўнглига ёқмайдиган, номи бу дунёда ҳам (яхши маънода) тилга олинмайдиган бадном кишилардир», дейди. Бу тоифа шахслар, Навоий фикрича, бошқа оламдан ўзларига жой ахтариб ўтирмайдилар, чунки улар ҳеч қаерда тўхтамай, тўппа-тўғри жаҳаннамга равона бўлмоқлари лозим. Қайси шоҳ адолатдан узоқлашса, ўз жонига жабр қилади. Агар шоҳ ёки ҳоким адолат ҳунарини касб қилиб олса, унинг қўлидан фақат яхшилик келади.
Адолат булоғидан сув ичганлар бу табаррук булоқнинг кўзини очган раҳбарни доимо дуо қилиб, унга ҳамиша яхшилик, икки олам саодатини тилай дилар. Адолатпарвар инсон Навоий назарида абадий ҳаётда жаннат булоқларидан қониб сув ичади.
Арастунинг Искандарга яна бир насиҳати барча замонларда раият, халқ билан подшоҳ, ҳокимлар ўртасида чиқадиган низоларнинг олдини олиш учун муҳим аҳамиятга моликдир. Навоий «Садди Искандарий»нинг 26-бобида ёзишича, подшоҳ Арастудан «ҳар қандай низоларни хирад – ақл, донолик рад этади, бирор ноёб жойда – йўл топилғаймуки, анда низолар келиб чиқмаса?» – деб сўрайди.
Арасту бу саволга шундай жавоб беради: «Ақл низоларни рад этиши тўғри, аммо баъзида ақл низони ҳам зарур, деб билади. Биров (подшоҳ ёки вазир) нодилпазир – халқ кўнглига ёқмайдиган иш қилади (солиқларни ҳаддан оширади ва ҳоказо). Бундан норози томон дарҳол низо чиқармай, ўз норозилигини одоб, маданият билан айтиши зарур».
Аммо подшоҳ, вазир шунда ҳам ўжарлик қилиб, халқ ман этган ишни тарк этмаса, икки орада низо чиқиши табиийдур. Яхши одамларнинг подшоҳга насиҳати ҳам қаттиқ ва қўпол сўзлар билан эмас, мулойим оҳангда, аниқ қилиб айтилса яхши.
Форс адабиёти тарихида асрлар давомида ўқиладиган «Арастунинг Искандарга насиҳати»да анча қаттиқ гаплар ҳам учрайди. Аммо булар барчаси доно, фойдали насиҳатлардир.
Арастунинг бундай доно маслаҳатларига амал қилган Искандар адолат билан жаҳонни фатҳ этди. Бу – Навоий Искандари. Асл Искандар устози Арастунинг насиҳатларига ҳар доим амал қилганми?
Искандар ҳаётини ишончли манбаларга асосланиб тадқиқ этган австриялик атоқли тарихчи Фриц Шахермайер ўз китобида унинг подшоҳлик тахтига ўтириши билан қилган ишларини муфассал ёритган. Тарихчининг ёзишича, Искандар отаси Филиппга суиқасд қилиб ўлдирган жиноятчини топиб, қатл этгач, бу ишга алоқадор ва алоқасиз жуда кўп одамларни «келгусида тахтга даъвогар бўлмасин» деб, битта қолмай ўлдиртиради. «Буларнинг авлодлари мендан ўч олишга уринади», деб, уларнинг каттаю кичик барча фарзандларини ҳам бошини кестиради. Фақат отасининг сафдошлари – қўшинларда катта таъсир кучига эга бўлган Антипатр, Парменион ва бошқа саркардалар омон қоладилар. Улар кейинчалик Искандар учун жаҳон мамлакатларини забт этишда фаол қатнашадилар.
Ф.Шахермайер қадимият тарихчиси Плутарх асарига суяниб ёзишича, подшоҳ Филипп ва ўғли Искандарни йўқотиш режасини тузган фитначилар бошида малика Олимпиада турган. У мана шу фитна амалга ошса, Македония тахтига ўз авлодларини қўймоқчи эди. Аммо Искандар подшоҳлик тахтига чиқиши билан ўгай онасига қарши ҳеч қандай чора кўролмаган. Аксинча, жуда кўп айбсиз зодагонлар ва саркардаларни ўлимга ҳукм этган. «Ҳар қалай подшоҳ Александр ўз ҳукмдорлигини одамларни ўлдириш ва жиноий жавобгарликка тортиш ишлари билан бошлади, – деб ёзади Ф.Шахермайер. – Унинг бундай шафқатсиз чоралар кўришини давлат зарурияти деб ҳам оқлаш мумкин эмас … Бу шафқатсизликларни Александр жаҳл устида эмас, балки пухта ўйлаб амалга оширган».
«Қуръони карим»нинг (18) «Каҳф» сурасида золим подшоҳдан қочиб, Ғорда 309 йил ухлаб қолган ўсмирлар қиссасидан сўнг Зулқарнайн қиссаси келади: «Дарҳақиқат, биз унга (Зулқарнайнга) бу Ерда салтанат – ҳукмронлик бердик ва (ният қилган) барча нарсасига йўл – имконият ато этдик. Бас, у (аввал Ғарбга қараб) йўл олди. То кун ботадиган жойга етгач, у (Қуёшнинг) бир лойқа булоққа ботаётганини кўрди ва у булоқ олдида бир қавмни учратди. (Бу кофир қавмлар янглиш эътиқод билан булоқдаги қуёш аксига сажда қилаётган бўлса керак). Биз: «Эй Зулқарнайн, ё (уларни) азобга дучор қилурсан ёки уларга яхши муомалада бўлурсан», дедик. У айтди: «Золим бўлган кимсани, албатта, азоблагаймиз. Сўнгра, парвардигорига қайтарилгач, у зот уни яна даҳшатли азоб билан азоблар. Энди, иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотга келсак, унинг учун гўзал оқибат – жаннат мукофот бўлур…» (18-84-88). Шундан сўнг, Қуръон оятларида хабар берилишича, Зул-қарнайн халқнинг илтимоси билан Яъжуж ва Маъжужга қарши улкан девор қуриб беради. Алишер Навоий Қуръонни ва унинг тафсирларини жуда яхши билган, шунинг учун ўз достонини ҳам «Искандар девори» деб атаган.
Қуръонда «Зулқарнайн» сўзи бору, «Искандар» сўзи йўқ, бундан ташқари, Қуръонда Зулқарнайн пайғамбар эканлиги ҳақида ҳам сўз йўқ. У фақат Оллоҳ фармонига итоат этгувчи, даҳрийларни жазоловчи подшоҳ сифатида кўрсатилган. Шу сабабли Рабғузий ва бошқаларнинг тафсирларида ҳам Луқмон билан Зулқарнайн пайғамбарлигида ихтилофлар борлиги айтилади.
Хуллас, тарихдаги Искандарни буюк Низомий ўз «Хамса»сида Қуръондаги пайғамбар деб баҳоласа-да, биз бу шахслар бошқа-бошқадир, деб ўйлаймиз.
Маҳкам Маҳмуд Андижоний, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети фалсафа куллиётининг мударриси