Тахмина

Text
Read preview
Mark as finished
How to read the book after purchase
  • Read only on LitRes Read
Font:Smaller АаLarger Aa

Кўзимни очсам, тепамда Истам турипти.

– Тўйиб ухлаб олдингми, Тахмина?

Ўрнимдан беҳол турдим-да, иккала қўлим билан юз-кўзларимни тўсиб олганча ўтирволиб, яна йиғига тушдим.

– Ие, нега йиғлаяпсан, тентак? Мен ахир сени нотўғри йўлдан қайтардим, холос.

– Керак эмас. Мен бу ерда яшамайман.

Истам бир дам жимиб қолди-да, кейин ёнимга ўтирди.

– Жиннилик қилма. Ман сани бахтингни ўйлаяпман, холос, – деди у ва бир қўли билан сочларимни силамоқчи бўлувдики, мен уни силтаб юбордим.

– Мени тинч қўйинг. Мен ўша йигит билан бахтлиман.

– Йўқ. Сен у гадойвачча билан хор-зор бўласан. Сани бахтинг мана шу уйда, бахт калитинг мани чўнтагимда…

Мен унинг кўзларига нафрат билан боқдим.

– Сиз ҳали менга уйланмоқчимисиз?

– Хўш, уйлансам нима қипти?

– Мен ахир…

– Сен қари тулки Донини хотини эдинг, шуни айтмоқчимисан? Мен Истамга ҳеч нима деёлмадим, яна хўрлигим тутиб йиғлаб юбордим. – Бас қил. Бу ерда йиғи билан иш битмайди, – деди у ўрнидан туриб. Кейин ҳалиги боғлоғлиқ ит ёнида турган машина томон қичқирди. – Олиб келинглар, манжалақини!

Ҳайрат ва даҳшат ичида бошимни кўтардим. Не кўз билан кўрайки, сочлари тўзиган, ранглари докадек оқарган Сурайёни тушириб, биз томон олиб келишди.

– Тахмина, нима қилиб қўйдинг? Акмал қани? – қалтираб сўради Сурайё мендан.

Истам унга ўшқириб берди:

– Ўчир овозингни! Бу ерда мен гапираман!

У шундан сўнг менга юзланди:

– Тахмина, сендан илтимос. Фақат ростини айт. Агар рост гапирсанг, ўша Акмал деганингни тинч қўямиз…

Мен ҳеч нарсани тушунолмай, унга ҳайрат билан тикилиб турибман. – Сени Акмалга қўшиб Сурайё қочирдими ёки ўзларинг…

– Бизни ҳеч ким қочиргани йўқ, – дедим Истамнинг нимани аниқламоқчи эканлигини дарҳол тушуниб. – Биз ўзимиз кетдик…

– Сурайё қаерда эди?

– Бозорчага тушиб кетувди.

– Айтмадимми ахир… – яна сўзга қўшилди Сурайё.

Бу гал Истам унга ҳеч нима демади. Бир четда турган, мен йўлда бетига тупурган ўша малласоч йигитга буюрди:

– Сурайёни уйига элтиб қўйинглар.

Чиқиб кетар чоғида Сурайё мендан қайта сўради:

– Акмал қани, Тахмина?

– Акмал… Ато билан қолган,–дедим-да, шошиб Истамга юзландим.–Менга жавоб беринг. Сурайё билан уйимга кетаман.

Истам бир дам жимиб қолди-да, кейин менга кинояли оҳангда жавоб қайтарди:

– Сен энди бетон уйларга ярашмайсан, Тахмина…

Хуллас, Сурайёни олиб кетишди, мени эса зўрлаб олиб қолишди. Осмон узоқ, ер қаттиқ экан. Қафасга тушган қушдек потирлаб қолавердим. Оҳу додимни бу баланд деворлар оша эшитадиган, ёрдам қўлини чўзадиган бирон кимсам йўқ эди. Йиғлай-йиғлай кўз ёшларим ҳам қуриди. Тақдирга тан бердим, бошга тушган савдоларга кўникдим, зўравонлик олдида тиз чўкишга мажбур бўлдим. Ўзимни ўлдириб қутилишга эса журъат қилолмадим…

Бироқ булар ҳали ҳолва эканлигини билмаган эканман, Собир ака. Истам мени шунчалар таҳқирлаб, шунчалар устимдан мазах қилиб кулдики, у аламлар жароҳати бир умр битмаса керак.

У мени роса бир ҳафта ҳеч қаёққа чиқармай бирга яшади. Йигитлари хизмат қилиб туришди. Мен бу ердаги хўрлик ва танҳоликдан тўртбеш кундаёқ адои тамом бўлдим. Ҳафтанинг охирига бориб, мажолсизланиб ўрнимда ётиб қолдим. Оёқ-қўлларим қалтираб, пешонамни муздай тер боса бошлади.

Истам менинг ночор аҳволимни кўриб, бирон нима рўй бериб қолса ғавғога дучор бўлишидан қўрқди шекилли, йигитларидан ўша малласочга ўз уйига элтиб қўйинглар, деб буюрди.

Мен Истамга савол назари билан боқдим. У ўртамиздаги муносабатларни батамом унутган одамдай лоқайд ва совуққонлик билан: – Биз бугундан бошлаб бир-биримизга бегонамиз. Ман сани, сан мани танимайсан. Мабодо бирон жойда оғзингдан гуллагудек бўлсанг, жонингдан умидингни узавер. Ана энди Акмалгами, бошқасигами, кимга истасанг тегавер, – деди.

Кўз олдим қоронғулашиб, ҳаммаёқ чархпалак бўлиб айлана бошлади. Яна ҳушимдан кетибман. Кимдир мени даст кўтариб, ташқарига олиб чиққани ва машинанинг орқа ўриндиғига чўзилтириб ётқизганини элас-элас эслайман.

Бир вақт устимга тегирмон тошини ётқизиб қўйгандек сездим ўзимни. Минг азоб билан ҳушимни йиғиб, кўзларимни очдим. Очсам, қайси бир ўтлоқзорда ётибман. Энди ўша малласоч… Мени оч бўридай қийнаб, ғажиб ётипти…

Тахмина шу жойга келганда хомуш тортди. Юз-кўзларини қўллари билан бир дам ишқалаб турди-да, кейин менга юзланди:

– Ана шундай, Собир ака, – деди. – Ҳаётимда бир марта, биринчи марта ёруғ оламга чиқмоқчи бўлдим-у, лекин кўзларимни ўйиб олдилар. Бошқалар қатори, тенгқурларим қатори тоза ҳаводан нафас олайин, дедим-у, лекин мени бўғиб ташладилар…

– Энди наилож, чекингга тушган қисмат шундай экан, Тахмина,дедим мен ҳам у чеккан изтироблардан бўғилиб. Ўлиб кетганларни ёмонламаймиз. Улар туфайли сен шундай бадбахтликларга гирифтор бўлганингни минг гапирмайлик, бундан энди асло фойда йўқ. Лекин сен ақалли шунча воқеалардан кейин кўзингни очишинг, ўзинг учун тўғрироқ йўл танлаб олишинг мумкин эди.

– Шундай дейсиз-у, бироқ ночорликка, танҳоликка дуч келган ғўр ёшлик, айниқса қаёққа етакласа, ўша ёққа эргашиб кетаверадиган қўйдек гап экан.

– Ночорликка, танҳоликка тушиб қолган ғўр ёшлар йўқ эмас, албатта. Лекин ҳаммаси ҳам қўймижоз эмас. Одам дегани худо берган ақлни мундоқ ишга солади, яхшиларни ўзи қидириб топади, уларга эргашади. Худога шукр, ҳарҳолда очликдан, яланғочликдан ўлиб кетадиган жойда яшаётганимиз йўқ. Ҳалоллик қидирган одам ҳеч вақт хор қолмайди.

– Бу айтишгагина осон, Собир ака. Сиз мендақаларни атрофингизда йўқ, деб ўйлаяпсизми? Мен сизга, агар керак бўлса, бундайларни топиб беришим мумкин. Энди тасаввур қилинг, кўз олдингизга келтиринг: мен ўшандан кейин ўша аҳволда қаерга боришим, кимга учрашиб, ўзимнинг кимлигимни кимга ёрилишим, кимдан яхшилик кутишим мумкин эди?

Мени, ҳали айтганимдек, бир аҳволда уйимга келтириб ташлашди. Яхшиям Сурайёнинг борлиги, бўлмаса, ўлиб кетишим аниқ эди. Икки ҳафтагача ўзимга келолмай ётдим. Қўлимизда бир чақа пул йўқ, ҳол сўраб ит ҳам ўрмаламайди. Уйимиздан қоқиштириб кетган нарсаларим Атоникида қолиб кетаверди. Униям мелиса олиб кетипти, қамаб қўйишибди. Донилар гуруҳида аллақандай ишлар билан шуғулланган экан. Менга буни Акмал айтиб берди.

– Дарвоқе, Акмал сени излаб келдими? – унинг сўзини бўлдим. – Ҳа. Бир марта келиб кўриб кетди. Туркияга ўқишга кетяпман, деди. Мендан узр сўради, нима учунлигини билмадим, йиғлаганча қолавердим.

Ўшандан кейин, ягона Акмал ҳам мен билан хайрлашгандан кейин, кўнглимнинг бир бурчагида ҳануз сақланиб қолган бир чимдим умид куртагиям қуриди. Мен энди ҳеч нарсага, ҳеч кимга, айниқса, эркак зотига мутлақо ишонмай қолдим. Эркаклар, шундан сўнг, мен учун у яхшими-ёмонми, ёшми-қарими, хунукми-чиройлими, бунинг аҳамияти йўқолди. Уларнинг ҳаммаси бир гўр, мен энди улар устидан кулиб, мазах қилиб, эшакдек ишлатиб миниб, улардан керагича ўч олиб яшашим керак, деган қарорга келдим. Мени кечиринг, Собир ака…

– Тушунаман, бу гаплар фақат фоҳишабоз эркакларгагина тааллуқли.

Тахмина менга «ялт» этиб қараб қўйди, фикримни тушунди. Юзига бироз норозилик аломатлари югургандек бўлди. Лекин сир бой бермасликка уриниб, гапида давом этди;

– Сурайё иккимиз ҳадемай оёққа туриб олдик. Кейинроқ Феруза опани топдик. Шундан кейин ишимиз юришиб кетди. Жуда кўп шаҳарларни кездик, жуда кўп танишлар орттирдик. Бу орада… Сиздан яширмайман, бир йил ўтириб ҳам чиқдим. Касаллик тарқатганда айблашди. Бир прокурор чол бор эди. Андижонда. Ўша жудаям ваҳима қилиб юборди. Нима эмиш, фоҳишалар атом бомбасидан ҳам кучлироқ офат. Жамиятга, халққа атом бомбасидан кўра кўпроқ кулфат ва қирғин келтириши мумкинмиш. Сен ҳали шошма, қамоқдан қайтгач, сени барибир топаман, сенга ҳали атомимни кўрсатиб қўяман, деб қасам ичдим. Лекин у ердан қайтгач, уч-тўрт киши бўлиб Андижонга ўтсак, аллақачон ўлиб бўпти. «Қарғишимизга» қолди.

Мен Тахминанинг бу гапларидан беихтиёр ичимда кулиб қўйдим, лекин раҳматли прокурор жуда тўғри топиб гапирган экан, деган фикрга келдим. Мен энди ўртага бошқа савол ташламасдан тек ўлтирганимни кўриб, Тахмина ҳам жимиб қолди. Кейин сигарет тутатди. – Бемаъни ҳасратларим билан сизни роса эздим… – деди хаста товушда.

Индамай ўрнимдан турдим. Туриб бориб, деразадан ташқарига боқдим. Шаҳар ҳали сукутда, сон-саноқсиз неон чироқлар тобора ойдинлашиб келаётган тонг зиёсидан бўзариб бормоқда эди.

XII

– Собир ака, тонг ҳам ёришиб қолипти…

Мен уни тушундим: «Кетсангиз бўларди», демоқчи.

– Эҳтимол бирга кетармиз?..

Тахмина бир дам сукут сақлаб, кейин сўз қотди:

– Бизнинг йўлларимиз ҳеч вақт туташмайди, Собир ака. Менга шундай яхши. Мен энди бунга кўникиб қолганман.

Шу пайт кутилмаганда эшик қўнғироғи кетма-кет жиринглаб қолди. Икковимиз ҳам ҳушёр тортдик.

– Каллаи саҳарлаб… ким ташриф буюрдийкин? – хотиржамлик билан сўрайман ундан.

– Бу ерда вақт танламайдилар, Собир ака,–жавоб берди Тахмина.–Иккинчидан, хавотирланманг, бу ерда биров билан бировни иши йўқ. Фақат…

– Нима фақат?

– Бу ерда қолдириб кетадилар, бу ердан олиб кетишмайди…

– Тушунмаяпман.

– Мени олиб кетиш фикрингизни сираям билдира кўрманг. Шундагина тинч чиқиб кетасиз… – Тахмина шундай дея шошиб ўрнидан турди. Бориб аста эшикни очди, бахмал парда орасидан нариги хонани кузата бошлади. Беихтиёр мен ҳам унинг ёнига бордим. Куйдирги ичкарига бир бесўнақай одамни эргаштириб кирди. Унинг иккала қўлидаям дипломат. Атрофга гуп этиб наша ва коньяк ҳиди ёйилди.

– Шамси полвон, – аста шивирлаб қўйди Тахмина.

Куйдирги полвоннинг қўлларидагини бир четга олиб қўйди, кейин келиб унинг бўйнига занжир бўлди.

– Росаям соғинтирдингиз-ку, Шамси ака!

Полвон ҳам ўз ўрнида уни суйиб-эркалаб, обдон қучоқлаб, кайф аралаш эҳтирос билан дўриллади:

– Дўндиғим…

– Рости билан мени соғиндингизми?

– Ҳмм… сениям соғиндим,–Шамси бўйнидан Куйдиргининг қўлларини беозор олди-да, тўрироққа қўпол қадам ташлади.–Ухлаб ётувдингми?

 

– Ҳа. Соқолларингиз ўсиб кетипти, – Куйдирги қўллари билан унинг юзини сийпалади, – бетимни шилиб юборди.

– Мен юрган йўлларда соқол олинмайди. Қани бўл, закусмакускангни келтир,–дейди Шамси креслога оғир чўкаркан. Тахмина ухлаяптими?

– Ҳа… – Куйдирги афтидан «ичкарида одам бор» деган гапни ҳам илова қилмоқчи бўлувдики, улгурмади.

– Мен уйғоқман, полвон ака…

Шамси «ялт» этиб Тахмина томон ўгирилди. «Ваҳ, бормисан!?»–дея ўрнидан шарт турди-да, қиз томон қулоч ёйиб, икки қадам олдинга ташланди. Тахмина ҳам унга томон талпинади. У энди Шамсининг ярим очиқ кўксига сингиб кетди…

Мен ўз кўзларимга ишонмай қоламан. Нималар бўляпти ўзи?! «Наҳот! Наҳот?!» дея аччиқ ҳайрат ичида ўз-ўзимга беихтиёр савол бераман. Наҳотки ҳозиргина «меники» бўлиб турган, менинг туйғуларим, эҳтиросларим билан ўйнашишга ҳадди сиғиб, тунни мен билан ҳамнафас, бедор ўтказган, менда ўзига нисбатан оз-моз бўлса-да, ишонч ва умид уйғота олган Тахмина шу қиз бўлса?! Эҳ-ҳа…

– Эсон-омон қайтдингизми?.. – ялтоқланади Тахмина.

Шамси унинг юз-кўзлари, бўйинларини ялаб-юлқийди. Куйдирги бу ҳолатга мутлақо лоқайд боқади.

У стол устига майда-чуйда келтириб қўяркан, полвонга дейди:

– Бир ювиниб олсангиз бўлармиди…

– Халақит берма, Феруза, – уни рад этади полвон, Тахминани ўз оғушида эркалашда давом этаркан. – Кейинроқ чўмиламан. Юр, Тахмина, ичкарига кириб чиқамиз.

Тахмина полвоннинг кўкрагидан беозор итарган бўлиб, унинг оғушидан оз-моз бўшалади-да, кейин:

– Ичкарида одам бор, – дейди.

Шамси устидан бир челак сув қуйгандек музлайди қолади. Куйдиргига ўқрайиб боқади:

– Мен сенга айтувдим-ку, Тахминани кўпам ишга солаверма, деб. – Бугун кириб келишингиздан бехабар эдик, – унга бепарво жавоб беради Куйдирги. – Ундан кейин… шефимиз даромаднинг ранги ўчяпти, деганлар.

– Парво қилма, – дейди Шамси, – Тахмина учун ўзим балогардон. Полвон билан Куйдиргининг гапларини жим кузатиб турган Тахмина орага қўшилади:

– Мени тинч қўйинглар. Мен эркин қушман. Хоҳлаган пайтимда, хоҳлаган кишим билан яйрашга ҳақлиман.

– Шундайку-я, лекин мен сени ҳеч кимга ўхшатмайман, – ғўлдирайди полвон. – Сени деб ўнтасининг калласини олишгаям тайёрман!

– Бу гапларни қўйинг, Шамси ака, – Тахмина уни ҳовуридан туширмоқчи бўлади. – Пулларингиз ўзингизга сийлов. Мен… истаган вақтингизда қучоғингиздаман.

Полвоннинг юзи ёришади:

– Қани, юр. Ваннахонага кириб, бирга ювиниб чиқамиз…

Мен энди ортиқ чидолмайман. Томошабин бўлиб тураверишни ортиқча ҳисоблайман: – Тахминани тинч қўйинглар!

Шамси полвон ҳам, Куйдирги ҳам, Тахминанинг ўзи ҳам мен томон «ялт» этиб ўгирилишди.

– Эй, сен – тўнгак! Мен сенга айтяпман! – чапаниликни лозим топиб Шамси полвонга еб қўйгудек ўқраяман.

Шамси полвон кутилмаган дағдағадан бир зум эсанкираб қолади. Кейин дарров ўзини ўнглаб, ўнг қўли билан соқоллари патаклашиб кетган иягини қашиганича, Куйдиргига ўгирилади:

– Бу чурракбоз афтидан, кимга рўпара келиб қолганини билмайди чоғи?

Мен Шамси томонга яқинроқ бораман-да, Куйдиргига ўгирилиб дейман:

– Бу бегемот агар Тахминага қўл тегизса, ҳозироқ чавақлаб ташлайман!

Шамси беихтиёр сергак тортади. У ҳайратга тушган. Сезиб турибман, ичида ҳойнаҳой: «Бу тирранча нимасига кучаняпти ўзи! Эҳтимол, каратэчидир. Ё, мелисамикан? Чўнтагида пистолети бўлишиям мумкин. Ҳарҳолда эҳтиёт лозим. Бунинг устига, келтирилган дориларни хўжайинга эсон-омон топширишим керак ҳали», деган фикрлар ҳам кечаётган бўлса керак.

У энди буёғини қандай силлиқлашга қийналиб турган ҳам эдики, Тахминанинг ўзи жонига оро кирди:

– Ўзингизни босинг, Шамси ака. Бу киши қариндошим чиқиб қолди, ўшанчун рашк ўтида ёняптилар…

– Э-ҳа-а, бундай денг? – Шамси полвон дарҳол юзига хотиржам қиёфа берди-да, мендан узоқлашиб, креслога бориб ўтирди.–Қизиқ, қизиқ… Нима, меҳмоннинг қариндоши билан ўйнашиш мумкин эмас эканми?

Мен унга: «Қани, гапириб ол-чи», деган маънода хўмрайиб боқиб турибман.

– Меҳмонга мабодо менинг қариндошим тўғри келиб қолса, истаганча ўйнашаверсин. Бундан менинг ҳеч қаерим оғримайди…

– Ориятсиз экансан, ҳайфи инсон кет! – мен ундан нафрат билан юз ўгириб, Тахминага юзланаман:

– Бўл, кийиниб чиқ. Бу ахлатхонани тезроқ тарк этайлик!

Бу гапим энди уй эгаларида қаттиқ безовталик ва ғазаб уйғотди. – Менимча, сиз чегарадан чиқиб кетдингиз! – дейди Куйдирги қошларини чимириб, қўлларини дуркун кўкраклари устида чалиштирганча. – Бизга худди бирон нима ўтказиб қўйгандек гапирасиз-а!

– Ундай деманг, Феруза опа, – ногоҳ орага қўшилади Тахмина. – Бу киши мен учун катта пул тўладилар-у, лекин дийдоримга тўя олмадилар. Менимча, қайтимини олмагунча чиқиб кетолмайди…

Тахмина шундай дея ёнимга келади. Унинг юзига энди кечаги бефарқлик ва шаккоклик қиёфаси инган, тунги изтироблар аксидан ном-нишон ҳам қолмаган.

Шу пайт бир лаҳзадаёқ… Унинг эгнидаги хитойи халат, оқ ҳарир сийнабанд ўз-ўзидан бирма-бир ечилиб, оёғим остига тушганини, кўз олдимда яна кечаги Тахмина пайдо бўлганини сезмай қоламан. У энди чаққонлик билан менинг елкамга қўлларини ташлаб, вужудимга чирмовуқдай ўралиб олади…

Ҳа, бу мен учун сира кутилмаган даҳшатли бир ҳол эди. Мен ўзимни йиғиштириб ололмайман, уни фақат ўзимдан нари итараман, холос. Куйдирги билан Шамси бундай қилиқларга ўрганиб кетишган чоғи, икковиям бир четда бизга масхараомуз қараб туришарди.

Тахминанинг ишораси билан Куйдирги магнитофон тугмасини босди. Аллақандай нотаниш шўх куй янгради. Яланғоч қиз энди мени ўз оғушидан чиқармаган ҳолда, минг бир нағма-усул билан ўйинга солмоқчи бўлади.

– Собир ака, мана мен… Мени тўйиб-тўйиб кўриб олинг…

Мен энди бошқа тоқат қилолмайман. Алам ва нафрат титроғида Тахминанинг юзига зарб билан тарсаки тортиб юборганимни сезмай қоламан. Маккора вужуд гилам устига чалқанчасига ағдарилиб тушади.

Шамси билан Куйдирги қотиб қолишган. Аста бориб бурчакдаги стол устида турган дипломатимни қўлга оларканман, ортимдан Тахмина яна нозу истиғно билан ўрнидан туради. Ҳамон янграётган куй мавжида мастона тебраниб креслога айиқдек чўкиб ўтирган Шамси полвоннинг ёнига боради. Беозоргина унинг тиззасига қўнаркан, мен томонга ўкинчли бир нигоҳ ташлайди:

– Қайтимини олдингиз, шопир тоға. Бу ёғига хафа бўлмай кетинг. Тахмина деган дайди қиз билан бир кеча бирга бўлганингизни унутманг… Ҳа, мен бугун Тахмина исмли бир дайди қиз билан бирга яшадим, унинг аччиқ, изтиробли тақдир сўқмоқларини бирга кезиб чиқдим. У мендан ҳеч нимани яширмади, ўз умри давомида биринчи марта учратган ёки топиб олган яқин кишисидек билиб, бор кечмишларини мен билан дадил ўртоқлашди. Бироқ унинг тош қотган совуқ қалби, мен унга астойдил ачинганлигимни, унга кўмак қўлимни узатишим мумкинлигини ҳис этолмади. Тахмина менга ишонмади, ишонишни истамади ҳам.

Шундай килиб редакциянинг ўша топшириғи бажарилмай қолаверди. Бу ҳақда ёзишни кўнглим кўтармади. Тахминалар, Сурайё ва Куйдиргиларнинг аянчли ва фожиали ҳаётига, уларни ўраб турган манҳус қобиқ ичига хаёлан бўлса-да, қайта кириб бориш мен учун жуда оғир, ачинарли ва изтиробли эди.

Ўша воқеадан сўнг тез орада хорижга мухбирликка кетиб қолдим. Қайтишда Тошкентга тушдим. Азим шаҳарнинг энг гавжум кўчаларидан бирида такси тўхтатмоқчи бўлиб турувдим, ногоҳ олдимдан яп-янги «Мерседес» ўтиб бориб, ҳов нарироқда тўхтади. Эътибор бермай туравердим. Бир вақт унинг ҳайдовчиси – ёши каттароқ бир одам машинадан тушиб келиб: «Сизни хоним сўраяптилар», деб қолди.

Ҳайрон бўлиб, ҳайдовчига эргашдим. Етиб боришга улгурмаёқ, орқа эшик очилиб, ундан қора кўзойнак тақиб олган, ғоят келишимли ёшгина бир жувон тушди.

– Салом, Собир ака…

Кўзларимга ишонмай қолдим .

– Тахмина?!

– Ҳа, топдингиз. Қани, кетдик.

У мени қўярда-қўймай, бир-икки соатга дея қаергадир олиб кетди. «Энди чўчимасангиз ҳам бўлар, сизни яхши жойга олиб бораман», деди Тахмина ширин жилмайиб. Индамадим. Йўл-йўлакай узуқ-юлуқ ҳол-аҳвол сўрашишдик. Мен унга хориждан Фарғонага қайтаётганимни маълум қилдим. У эса Тошкентга келиб қолганлиги ва шу ерда яшаб, ишлаётганлигини айтди. Ишониб-ишонмай боравердим.

Шаҳарнинг энг сўлим жойларидан бирида тўхтаб, машинадан тушдик. Қаршимизда пештоқига… «Тахмина» деб ёзилган хушбичим, олди ойнаванд заргарлик дўкони турарди!

– Бу меники, хусусий! – деди у ғурур билан, менинг ажабланиб турганимни кўриб. «Табриклайман», дедим. Ичкарига кирдик. Қимматбаҳо буюмлар билан жиҳозланган кабинетида ўтирдик. Мини юбкада юрган чиройлигина бир ўрис қиз бизни кофе ва коньяк билан сийлади. Мен Тахминани саволга тутмадим. Унинг ўзи ўтган ишларидан қисқача ҳикоя қилиб берди:

– Ўшанда, уйдан чиқиб кетаётганингизда… Нима учун бемаъни қилиқлар қилганлигимни сабаблари бор эди, Собир ака. Мени кечиринг. Мен шунга мажбур эдим. Сизни ўша ердан тезроқ чиқиб кетишингизни, мени ёмон кўриб қолишингизни истардим…

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, бизникилар ҳаммаси қўлга тушишди. Нашаю қорадори билан. Суннатов деган бир капитан бор экан. Ўша қўлга туширди. Лекин ўзи ўқ еб ўлди. Пенсияга чиқадиган одам экан, увол бўлди. Мен бир четда қолиб кетдим. Ўшалардан қутулиб олганимга минг шукурлар қилдим. Кейин яна уйга, Сурайёнинг ёнига қайтдим.

Сурайё бечора, минг раҳмат унга, мени Тошкентга олиб келиб Мумтоз деганлари билан таништирди. Машҳур қўшиқчи бор-ку, ўша билан. У ҳозир артистликни ташлаган, энди номи чиққан бизнесмен! Тошкентда савдо дўконлари бор. Мол-мулки беҳисоб. Чет мамлакатлар билан алоқа қилади. Мени яхши кўриб қолиб… магазинларидан бирини дарров номимга ўтказиб берди. Сентирда беш хонали уйимиз бор. «Мерседес»имиз, шопиримиз бор, кўриб турибсиз…

Тахминанинг бу ҳикоясидан юрак-бағрим ачишиб, вужудимга титроқ кирди. Капитан Суннатовнинг фожиасидан бир куйсам, Тахминанинг ҳаётидаги янги фожиа энди устига-устак эди! Эсиз Хуршида, ўз кўзинг билан кўриб кетган бадбахтликлар каммиди сенга. Энди қабрингда ҳам жим ётолмайдиган бўлдинг…

– Собир ака, нега жимиб қолдингиз? Наҳотки менинг эндиги ишларим ҳам сизга маъқул тушмаётган бўлса?

Ҳалқумимга нимадир тиқилгандек бўлди. «Йўқ, мен сендан хурсандман» деёлмайман.

– Мен Суннатовга ачинаман. Тўй қилмоқчи эди…– базўр шундай дея олдим, холос.

Шундан кейин гапимиз қовушмади. Турган гап, Тахмина менинг ногаҳоний авзойимдан ажабланди. Кейин ўрнидан туриб бориб, сейфни очди. Ичидан бир неча боғлам доллар олиб келиб, олдимга қўйди.

– Собир ака, мени кечиринг. Мени тўғри тушунинг… Сиз… дадамни таниган ягона қадрдонимсиз. Мана шуни қабул қилинг. Мен топган бойликларимни кимгаям, нимагаям сарфлардим. Ўзиз биласиз, мен бир умрга танҳоликка ҳукм қилинган одамман…

Мен унга ачиниш билан боқдим. Индамай ўрнимдан турдим.

– Хайр. Мен кетдим, – дедим кўзлари ёшланиб турган Тахминага. – Бу дунёда пул билан ўлчанмайдиган, ҳеч қандай бойлик билан баҳолаб бўлмайдиган бир нарса бор, Тахмина. У инсонлик шаъни, ғуруридир, бунисини ҳам шояд вақти келиб тушуниб олсанг…

Мен Тахминанинг ташвиш ва саросимада, ички бир алам ва изтироб титроғида: «Ақалли машинада олиб бориб қўяйин?»– дейишига ҳам кўнмадим.

Шундан сўнг ортимдан унинг:

– Мен сизни барибир топиб оламан! – деб қичқирганини эшитдим, холос.

Сершовқин кўча ёқалаб ўйчан қадам ташлайман. Ўз ишлари, ташвиш ва қувончлари билан шошиб турган одамларга бепарво боқаман. Хаёлимда фақат Тахмина чарх уради. Ҳамон гўл, ҳамон бахтиқаро, жирканч фаҳш ва очкўзлик риёкорлари қўлида навбатдаги қурбонлик учун бўғизланган гумроҳ Тахмина…

Қулоғим остида унинг сўзлари жаранглайди:

– Собир ака, нега жимиб қолдингиз? Наҳотки менинг эндиги ишларим ҳам сизга маъқул тушмаётган бўлса?…

You have finished the free preview. Would you like to read more?