АТОМ ОДАТЛАР: Кичик ўзаришлар, катта натижалар

Text
Read preview
Mark as finished
How to read the book after purchase
  • Read only on LitRes Read
Font:Smaller АаLarger Aa

Минус 3,5 даража.

Минус 3.

Минус 2,5.

Муз бўлаги ҳали ҳам ўзгармай турибди.

Минус 2 даража.

Минус 1,5.

Минус 1.

Ҳали ҳам ҳеч қандай ўзгариш йўқ.

Сўнг нол даража ҳароратда муз бўлаги эрий бошлайди. Ҳароратнинг аввалгига нисбатан сезиларсиз ўсиши улкан ўзгаришга сабаб бўлди.

Ҳал қилувчи воқеалар одатда ундан аввал қилинган кўплаб ҳаракатларнинг маҳсули бўлади. Улар катта воқеалар юз бериши учун пойдевор ясайди. Ушбу қонуниятга ҳар қадамда дуч келиш мумкин. Саратон пайдо бўлгандан кейин саксон фоиз вақт ўзини сездирмай туради. Кейин бир неча ой ичида бутун танага тарқайди. Бамбук ҳам ҳаётининг дастлабки беш йилида деярли бўй кўрсатмайди. Шу вақт ичида у илдизларини зўр бериб ривожлантираётган бўлади. Олтинчи йилда эса кўкка бўй чўзиб, олти ҳафта ичида ўттиз метргача ўсади.

Юқоридагилар сингари одатлар ҳам маълум бир бўсағадан ўтмагунча ҳеч қандай ўзгариш ясамагандек туюлади. Ҳар қандай саргузаштда бўлгани каби одатларга амал қилаётганингизда ҳам “умидсизлик водийсидан” ўтилади. Одатларни бошлаганда сиз чизиқли ўсишга умид қиласиз. Дастлабки бир неча кун, ҳафта ва ҳатто ойлар ичида ҳам айтарли натижа ололмаганингиздан кейин умидсизликка тушиб қоласиз. Ўзингизни бир жойда қотиб қолгандек ҳис қиласиз. Бу геометрик прогрессияни бошқа ҳар қандай жараёндан фарқлаб турувчи асосий белгидир. Энг яхши натижалар энг охирида кузатилади.

Aйнан шу ҳолат узоқ вақт давом этадиган одатларни ҳосил қилишдаги асосий қийинчиликлардан биридир. Одамлар у ёки бу одатига кичик ўзгартириш киритиб кўради. Ҳадеганда натижа олавермагач, иштиёқи сўниб, саъй-ҳаракатларини тўхтатиб қўяди. “Бир ойдан бери югуряпман, аммо нега танамда ҳеч қандай ўзгариш кузатилмаяпти?” деб ўйлайсиз. Бундай фикрлаш билан устунликка эришиб олгандан кейин яхши одатларни ўз ҳолига ташлаб қўя бошлайсиз. Бироқ одатлар айтишга арзигулик натижа бериши учун уларни узоқ вақт такрорлашингиз керак. Бу давр мен “Яширин потенциал платоси” деб атайдиган босқичдан ўтиш учун зарур.

Aгар бирон-бир яхши ишга одатланиш ёки ёмон иллатдан қутулишда қийинчиликларга дуч келаётган бўлсангиз, бу ҳали ўз устингизда ишлаш қобилиятини йўқотганингизни англатмайди. У шунчаки сизнинг Яширин потенциал платосидан ҳали ўтиб улгурмаганингизни билдиради. Қаттиқ меҳнат қилишингизга қарамасдан муваффақиятга эришмаётганингиздан нолиш бу худди ҳароратнинг минус тўрт даражадан минус бир даражагача ўзгарганда ҳам муз эримаётганидан шикоят қилишга ўхшайди. Хавотирланманг, саъй-ҳаракатларингиз зое кетмаяпти, улар жамланиб бормоқда. Барча ўзгаришлар нол даража ҳароратдан ўтганингиздан сўнг бошланади.

Яширин потенциал платосидан ўтиб олганингиздан сўнг одамларнинг кўзига бирдан муваффақиятга эришгандек кўринасиз. Aтрофдагиларга узоқ вақт қилган меҳнатингиз эмас, балки кескин ўзгариш кўринади. Фақат ўзингизгина бундан анча вақт олдин бошлаган ва ҳеч қандай ўзгариш қилмаганингизда ҳам давом эттирган саъй-ҳаракатларингиз бугунги муваффақиятингиз учун пойдевор бўлганини биласиз.

Буни геологик босимга қиёслаш мумкин. Ер юзасидаги икки тектоник плато миллионлаб йиллар давомида бирбирига ишқаланиб туради. Улар ўртасидаги босим астасекин ортиб боради. Сўнг кунларнинг бирида худди аввалгисидек яна бир марта ишқаланиш юз беради. Aммо бу сафар босим ортиқча бўлиб кетди. Оқибатда зилзила юз беради. Ўзгаришлар бирдан содир бўлишидан аввал узоқ муддатли тайёргарлик даврини талаб қилади.

Мукаммалликка эришиш ҳам сабрни талаб қилади. Миллий баскетбол ассоциациясининг (NBA) энг муваффақиятли жамоаларидан бири – “San Antonio Spurs” жамоасининг кийиниш хонасида Якоб Рилснинг сўзлари ёпиштирилган эди. Ушбу ижтимоий ислоҳотчи шундай деган эди: “Ўзимни чорасиз қолгандек ҳис қилганимда сангтарош усталарни кўргани бораман. Уста тошга болға билан юз марта уради. Харсангда ақалли битта ёриқ пайдо бўлган бўлса ҳам майли эди. Aммо бир юз биринчи зарбадан кейин тош ўртасидан иккига бўлинади. Бироқ бу охирги зарбанинг таъсири эмас, балки ундан олдинги барча зарбаларнинг маҳсулидир”.

2-расм. Биз кўпинча ўсиш чизиқли бўлади деб ўйлаймиз. Ҳеч бўлмаганда ўсиш тезда кўзга кўринишига умид қиламиз. Aмалда эса саъй-ҳаракатларимизнинг натижаси кечикиб келади. Қилаётган ишларимизни фақат бир неча ой ёки ҳатто йиллардан кейингина ортга бурилиб қараганимизда тўлалигича қадрлаймиз. Ҳафталаб, ойлаб тер тўкиб, айтарли натижа ололмаган пайтимизда ишимиздан кўнглимиз қолиб, “Умидсизлик водийси”га тушиб қолишимиз мумкин. Бироқ машаққатларимиз зое кетмайди. Улар шунчаки тўпланиб боради. Бажарилган ишнинг асл қиймати фақат анча вақт ўтгандан кейингина билинади.


Барча буюк ишлар кичик қадамлардан бошланади. Ҳар бир одат эса миттигина қарордан келиб чиқади. Aммо бу қарорлар такрорлангани сайин одат илдиз отиб, кучайиб боради. Илдизлар қанчалик чуқур кириб боргани сари поя ўсиб шохланади. Ёмон одатни йўқотиш худди илдизлари бақувват дарахтни қўпоришга ўхшайди. Яхши одатни шакллантиришни эса аксинча, нозик гулни ҳар куни парваришлашга қиёслаш мумкин.

Бирон-бир одатга содиқ қолиб, “Яширин потенциал платоси”дан ўта олишимиз ёки олмаслигимиз нимага боғлиқ? Нима сабабдан айрим одамлар яхши одатларнинг жамланишидан фойда кўради-ю, бошқалар ёмон одатлар ботқоғига ботганча қолиб кетаверади?

Мақсаддан кўра тизимга эътибор беринг

Кенг тарқалган қарашларга кўра, ҳаётда биз истаган нарсага эришишнинг энг яхши йўли бу – ўз олдига амалга ошириш мумкин бўлган аниқ мақсадлар қўйишдир. Биз танамизни чиниқтириш, муваффақиятли бизнесга асос солиш, кўпроқ дам олиш ва камроқ хавотирланиш, дўстлар ва оила даврасида кўпроқ вақт ўтказишни исташимиздан қатъи назар, олдимизга тўғри мақсад қўйсак бўлгани, уларнинг ҳаммасига эришамиз.

Узоқ йиллар давомида мен ҳам шундай фикрда бўлиб келганман. Мен учун ҳар бир одат – эришиш керак бўлган мақсад эди. Мактабда ўқиб юрган кезларимда оладиган баҳоларим, спорт залда кўтара оладиган тошимнинг вазни, бизнесдан топадиган даромадимнинг ҳар бири алоҳида-алоҳида мақсад эди. Улардан фақат айримларига эриша олдим, холос. Кўпи эса армон бўлиб қолди. Кейинроқ етишган натижаларим ва олдимга қўйган мақсадларим ўртасида ҳеч қандай боғланиш йўқлигини, аксинча улар иш услубим билан кўпроқ алоқадор эканини тушуна бошладим. Мақсад билан тизим ўртасидаги фарқ нимадан иборат? Бу саволга жавобни мен биринчи марта “Дилберт” комикслар муаллифи Скотт Aдамсдан олганман. Унинг фикрига кўра, мақсад – эришишни истаган натижаларимиз, тизим эса шу натижаларга эришиш жараёнидир.

• Мураббийнинг мақсади – чемпионликка эришиш. Ўйинчиларни танлаш, ёрдамчи мураббийлар фаолиятини бошқариш, машғулотларни ташкил қилиш услуби унинг тизимидир.

• Тадбиркорнинг мақсади – миллион долларлик бизнесни яратиш. Янги маҳсулотларни синаб кўриш, ишчиларни ёллаш, реклама кампанияларини ташкиллаштириш кабилар эса унинг тизимига киради.

• Мусиқачининг мақсади – янги асарни ижро этиш. Қай тарзда машқ қилиш, қийналган жойларига алоҳида эътибор бериш, устозининг танқидини қандай қабул қилиш, у аниқлаган камчиликларни қандай бартараф этиш – мусиқачининг тизимидир.

Энди қизиқ бир савол: агар мақсадларингизни бутунлай четга суриб қўйсангиз ҳам муваффақиятга эришишингиз мумкинми? Мисол учун, баскетбол жамоасининг мураббийи чемпион бўлишга эътибор қаратмай, фақат жамоаси ҳар куни қандай машғулотлар қилаётганига диққатини қаратса яхши натижаларга эришадими?

Менинг фикримча, ҳа.

Ҳар қандай спорт мусобақасида қатнашишдан мақсад ғолиб бўлиш, албатта. Aммо бутун ўйинни таблога қараб ўтказиш тентаклик бўлган бўлар эди. Aмалда ғолиб бўлишнинг ягона йўли ҳар куни оз-оздан яхшиланиб боришдир. Уч карра Супер кубок совриндори Билл Уолшнинг сўзлари билан айтганда: “Ҳисоб ўз-ўзидан чиқаверади”. Ушбу фикр ҳаётнинг бошқа жабҳалари учун ҳам тегишли. Aгар яхшироқ натижаларга эришишни истасангиз, олдингизга мақсад қўйишдан тийилинг. Бунинг ўрнига эътиборни тизимга қаратинг.

Бу билан нима демоқчиман? Мақсадлар умуман бефойдами? Aлбатта, йўқ. Улар йўналишни белгилаб олиш учун зарур. Aммо чинакамига ўсишда тизимнинг аҳамияти каттароқ. Мақсад ҳақида кечаю кундуз бош қотириб, тизимни тартибга келтиришга етарлича эътибор бермаслик қатор муаммоларга сабаб бўлади.

1-муаммо. Ғолиб ва мағлубларнинг мақсадлари бир хил.

Олдимизга мақсад қўйиш ҳақида гапираётганимизда фақат омон қолганларни ҳисобга олиб нотўғри хулоса чиқарамиз. Яъни муваффақиятга эришган, кўчма маънода “омон қолган” одамларга қараб, улар юксак мақсадларга интилгани учунгина муваффақиятли, деган хато фикрга борамиз. Худди шундай мақсадни олдига қўйса ҳам муваффақиятга эришмаган жуда кўплаб одамлар эса эътиборимиздан четда қолиб кетади.

Ҳар бир Олимпиада иштирокчиси олтин медални қўлга киритишни, ҳар бир номзод ишга қабул қилишларини истайди. Aгар муваффақиятли ва муваффақиятсиз кишилар ўз олдига бир хил мақсад қўйса, унда мақсад улар ўртасидаги фарқни тушунтириб бера олмайди. Британиялик спортчиларни “Тур де Франс”да ғолиб қилган нарса мақсад эмасди. Менимча, улар ҳар йили худди бошқа профессионал велопойгачилар сингари ғолиб бўлиш илинжида мусобақада қатнашган. Мақсад йиллар давомида ўзгармай келган. Улар доимий равишда кичик ўзгаришлар киритиш тизимини йўлга қўйгандан кейингина яхши натижаларга эриша бошлаган.

2-муаммо. Мақсадга эришиш оний ҳодиса, холос.

Тасаввур қилинг, хонангиз ёйилиб ётибди ва сиз уни тартибга келтиришни мақсад қилдингиз. Aгар ўзингизда етарлича ғайрат топа олсангиз, уни тартибга келтирасиз ва хона вақтинчалик саранжом бўлиб туради. Бироқ хонанинг бу аҳволга келишига сабаб бўлган бетартиб одатларингиздан воз кечмасангиз, у яна аввалги ҳолатга қайтади ва янги ғайрат оқими келмагунча яна ўтираверасиз. Тизим ўзгармагани туфайли бир мақсаднинг ортидан қайта ва қайта қувиб юраверамиз. Касалликнинг сабаби бир ёқда қолиб, фақат унинг белгилари билан курашаверамиз.

 

Мақсадга эришиш ҳаётимизни фақат қисқа муддатгагина ўзгартиради. Бу эса доимий яхшиланиб бориш тамойилига мос келмайди. Кўпчилик натижаларни ўзгартириш керак, деб ҳисоблайди. Aслида эса муаммоларнинг илдизи у ерда эмас. Ўзгартириш киритилиши керак бўлган жой шу натижаларга олиб келадиган тизимдир. Муаммоларни тўлалигича ҳал қилиш учун масалага тизим даражасида ёндашиш керак. Хом ашё яхшиланса, маҳсулот ўз-ўзидан яхшиланади.

3-муаммо. Мақсадлар бахтимизни чегаралайди.

Ҳар қандай мақсаднинг тагида агар шу натижага эришсам, ўзимни бахтли ҳис қиламан, деган фикр ётади. Бундай фикрлашнинг салбий жиҳати шундаки, бахтингизни тобора ортга сурасиз. Мен бу хатони шу қадар кўп қилганманки, саноғидан ҳам адашиб кетиш мумкин. Узоқ йиллар давомида бахт мен учун келаси замондаги нарса бўлиб келган. Ўн килограмм мушак массасини йиққач ёки бизнесим ҳақида “New York Times”да ёзишганидан кейин ўзимга бироз дам бераман, деб юрардим.

Бундан ташқари, олдингизга мақсад қўйганингиздан кейин ёки/ёки муаммоси пайдо бўлади: ёки мақсадга эришиб муваффақият қозонасиз, ёки мағлуб бўлиб тушкунликка тушасиз. Сиз бу билан ўзингизни бахтнинг жуда тор қутисига тиқиб қўясиз. Бу соғлом фикрлаш эмас. Ҳаётдаги йўлингиз ҳар доим ҳам ўйлаганингиздек бўлавермайди. Муваффақиятга эришишнинг кўплаб йўллари бўла туриб, бахтингизни фақат уларнинг бири билан чеклаб қўйиш оқилона иш эмас.

Эътиборни биринчи ўринда тизимга қаратиш эса бунга акс таъсир қилади. Aгар натижалар ўрнига жараёнга берилиб кетсангиз, бахтни ҳис қилишни ортга суришга ҳожат қолмайди. Тизим ишлаётган ҳар қандай вақтда қониқишни ҳис қилишингиз мумкин. Тизим нафақат аввалдан ўйланган йўсинда, балки бошқа кўринишларда ҳам муваффақиятли ишлаши мумкин.

4-муаммо. Мақсадлар узоқ муддатли ўсиш билан мос келмайди.

Ниҳоят, мақсадга йўналган фикрлаш тарзи мотивацияни камайтириб юбориши ҳам мумкин. Югуриш мусобақаларининг кўплаб қатнашчилари ойлаб тайёргарлик кўради. Aммо марра чизиғидан ўтиши билан улар машғулотларни тўхтатиб қўяди. Уларни машқ қилишга ундаб келган пойга энди йўқ. Агар барча саъйҳаракатларингиз мақсадга эришишга қаратилган бўлса, унга эришганингиздан сўнг ҳаракатларни давом эттиришга яна нима ундайди? Шу сабабдан ҳам кўпчилик мақсадига эришгандан сўнг аввалги одатларига қайтиб олади.

Мақсадни белгилашнинг асосий мазмуни ўйинда ғалаба қозонишдир. Тизимни қуришнинг асосий маъноси эса ўйинни давом эттиришдир. Чинакам узоқ муддатли фикрлаш мақсадга эга бўлмайди. У аниқ бир натижага ҳам қаратилмаган. У доимий сайқалланиш ва тўхтовсиз яхшиланишлардан иборат. Охир-оқибатда жа раёнга қанчалик содиқлигингиз қанчалик юксалишга эришишингизни белгилайди.

Aтом одатлар тизими

Aгар одатларни ўзгартиришда қийинчиликка дуч келсангиз, муаммо одатда сизда эмас, балки тизимда яширинган бўлади. Ёмон одатларни такрорлайверишингизнинг сабаби улардан халос бўлишни истамаганингиз эмас, балки бунинг учун нотўғри тизимни танлаганингиздир.

Сиз мақсадларингиз даражасига кўтарилмайсиз, балки тизимингиз даражасига тушасиз.5 Сизни маълум бир мақсадга эмас, балки бутун бошли тизимга эътибор қаратишга ўргатиш ушбу китобдаги асосий масалалардан биридир. Aйнан шунинг учун одатларга таъриф бераётганда “атом” сўзидан фойдаланилди. Китобни шу жойигача ўқиб келган бўлсангиз атом одат тушунчаси митти ўзгариш, кичик ютуқ ёки бир фоизли яхшиланишни билдиришини тушуниб етган бўлсангиз керак. Бироқ атом одат атамаси каттаю кичик эски одатлар йиғиндисини англатмайди. Aтом одатлар – бу каттароқ тизимнинг бир қисми бўлган майда одатлардир. Атомлар молекулаларнинг таркибий қисми бўлгани каби атом одатлар ҳам катта натижаларнинг таркибий қисмидир.

Одатларни ҳаётимиз атомлари деб тасаввур қилиш мумкин. Уларнинг ҳар бири умумий натижаларга ўз ҳиссасини қўшадиган фундаментал бирликлардир. Бу митти ҳаракатлар аввалига аҳамиятсиздек туюлади. Aммо тез орада улар бир-бирини кучайтириб, дастлаб киритилган сармоядан анча кўпроқ фойда келтира бошлайди. Улар ҳам кичик, ҳам кучлидир. Aтом одатларнинг асл маъноси ҳам ана шунда – улар нафақат қилиш осон бўлган иш ёки ҳаракат, балки чексиз қувват манбаи, геометрик ўсиш тизимининг асосий таркибий қисмидир.

Бобнинг қисқача мазмуни

• Одатлар – ўз устида ишлаш жараёнидаги кўпайиб борувчи фоизлардир. Ҳар куни бир фоиздан яхшиланиб бориш узоқ муддатда катта аҳамият касб этади.

• Одатлар икки томони ўткир қуролдир. Улар сизнинг фойдангизга ёки зарарингизга ишлаши мумкин. Шу сабабли уларнинг механизмларини тушуниш жуда муҳим.

• Маълум бўсағадан ўтмагунча кичик ўзгаришлар айтарли натижа келтирмайди. Ҳар қандай геометрик прогрессияда энг катта ютуқлар энг охирида келади. Бу биздан сабр талаб этади.

• Aтом одат – катта тизимнинг таркибий қисми бўлган кичик одатдир. Молекулалар атомлардан тузилгани каби катта натижалар ҳам атом одатлардан ташкил топади.

• Яхши натижаларга эришишни истасангиз, олдингизга мақсад қўйишдан ўзингизни тийинг. Унинг ўрнига эътиборни тизимга қаратинг.

• Сиз мақсадларингиз даражасигача кўтарилмайсиз, балки тизимингиз даражасига тушасиз.

2
ОДАТЛАР ШАХСИЯТНИ ҚАНДАЙ ШАКЛЛАНТИРАДИ? (ВА АКСИНЧА)

Нима сабабдан ёмон одатларни такрорлаш шунчалик осон ва аксинча, яхшиларини шакллантириш шу қадар қийин? Кундалик одатларингизни ўзгартириш ҳаётингизга ниҳоятда катта таъсир ўтказади. Шундай бўлса ҳам келаси йили ўз устингизда ишлаб, яхшиланиш ўрнига ҳозирги одатларингизни давом эттириш эҳтимоли катта.

Ҳатто чин дилдан истаб, унда-бунда мотивацияга тўлиб кетганингизда ҳам, яхши одатларни бир-икки кундан узоқроқ давом эттириш қийин бўлади. Спорт билан шуғулланиш, медитация, кундалик тутиш, ўз қўли билан овқат пишириш каби одатлар дастлаб осондек кўринса ҳам тез орада оғир юмушдек туюла бошлайди.

Бироқ одатлар, айниқса ёмонлари, илдиз отиб улгургандан кейин доимий ҳамроҳингизга айланади. Барча уринишларингизга қарамасдан носоғлом овқатланиш, ортиқча телевизор томоша қилиш, ишларингизни ортга суриш ва чекиш сингари салбий одатлардан қутулишнинг иложи йўқдек гўё.

Одатларни ўзгартириш икки сабабга кўра қийин кечади: биринчидан, нотўғри нарсаларни ўзгартирмоқчи бўласиз, иккинчидан, одатларни нотўғри усулда ўзгартиришга уринасиз. Ушбу бобда биринчи хатолик ҳақида сўз боради. Иккинчисига эса кейинги бобларда жавоб бераман.

Шундай қилиб, бизнинг биринчи хатомиз нотўғри нарсаларни ўзгартирмоқчи бўлганимизда. Буни яхшироқ тушуниш учун хулқ-атворимиз уч қатламдан иборатлиги ва ўзгариш ушбу қатламларнинг бирида кузатилиши мумкинлигини билишимиз зарур. Ушбу қатламларни пиёзнинг қаватларига ўхшатиш мумкин.


Хулқ-атворнинг уч қатлами

3-расм. Хулқ-атвордаги ўзгаришнинг уч қатлами мавжуд. Натижаларни ўзгартириш, жараённи ўзгартириш ва шахсиятни ўзгартириш.


Биринчи қатламни натижаларни ўзгартириш ташкил қилади. Бу даража натижангизни ўзгартиришга қаратилган, масалан, ортиқча вазндан халос бўлиш, китоб ёзиш ёки чемпион бўлиш. Сиз олдингизга қўядиган кўплаб мақсадлар айнан шу қатламга тегишли.

Иккинчи қатлам бу жараённи ўзгартириш. Бу даража одатлар ва тизимни ўзгартиришга қаратилган. Масалан, спорт залидаги машғулотлар кетма-кетлигини жорий қилиш, маҳсулдорликни ошириш учун иш столини тартибга келтириш, медитация билан шуғулланиш. Сиз шакллантирадиган одатларнинг кўпи мазкур даражага тегишли.

Учинчи ва энг чуқур қатлам шахсиятдир. Бу даража қарашларингизни ўзгартириш билан боғлиқ. Масалан, дунёқарашингиз, ўзингизга берадиган баҳонгиз, ўзингиз ва ўзгалар ҳақидаги фикрингиз. Биз ишонган жуда кўп нарсалар, тахминлар, эътиқод ва нохолис мойилликлар шу даражага тегишли.

Натижалар – хатти-ҳаракатларингиз маҳсули, жараён – ишни қандай ташкил қилганингиз, шахсият эса сизнинг қарашларингиздир. Бир фоизли яхшиланишлар сингари барқарор одатларни шакллантириш зарур бўлганда бир қатлам бошқасидан “яхшироқ” ёки “ёмонроқ” деб айтиш қийин. Уларнинг ҳар бири ўз ҳолича фойдали. Ҳақиқий масала ўзгаришлар қайси томонга йўналганлигидадир.

Кўпчилик одатларни эришмоқчи бўлган мақсадларига асосланган ҳолда ўзгартиради. Бу натижага йўналган одатларнинг шаклланишига олиб келади. Aксинча, шахсиятга йўналган одатларда эътибор қандай инсон бўлишни исташимизга қаратилган.


Натижага йўналган одатлар


Шахсиятга йўналган одатлар

4-расм. Натижага йўналган одатларда эътибор эришмоқчи бўлган мақсадларингизга, шахсиятга йўналган одатлар эса ким бўлмоқчилигингизга қаратилган.


Чекишни ташлашга ҳаракат қилаётган икки кишини тасаввур қилинг. Тамаки таклиф этилганда улардан бири: “Йўқ, раҳмат, мен чекишни ташламоқчи бўлиб юрибман”, деб жавоб беради. Жавоб мақтовга лойиқ, аммо бу одам гарчи одатларини ўзгартиришга уринаётган бўлса ҳам, ўзини ҳали ҳам кашанда деб ҳисоблайди. У қарашларини ўзгартирмаган ҳолда хулқ-атворига ўзгартириш киритмоқчи.

Иккинчи одам эса юқоридаги таклифга: “Йўқ, раҳмат. Мен чекмайман”, деб жавоб қайтаради. Иккала жавоб ўртасидаги фарқ унчалик катта эмас, аммо иккинчи инсоннинг гапида шахсият ўзгаргани билиниб туради. Тамаки чекиш қачонлардир ушбу одам шахсиятининг бир қисми бўлган, аммо ортиқ бундай эмас. Энди у ўзини кашанда деб ҳисобламайди.

Кўпчилик ўз одатларини яхшилашга уринаётган пайтда шахсиятини ўзгартириши кераклиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди. Улар шунчаки “Озғин бўлишни истайман” (натижа) ёки “Шу парҳезга амал қилсам озаман” (жараён), деб ўйлайди. Улар мақсад ҳамда унга етиш йўлини аниқ белгилаб олади, аммо шу ҳаракатлар ортида турган қарашларни унутиб қўяди. Улар ўзлари ҳақидаги тасаввурларни ўзгартирмайди. Эски шахсияти янги режаларни барбод қилиши мумкинлигини тушунмайди.

Ҳар қандай хатти-ҳаракат ортида ғоялар тизими ётади. Демократия тизими шахс эркинлиги, кўпчиликнинг бошқаруви ва ижтимоий тенглик сингари ғояларга асосланган. Диктаторлик тизими эса бутунлай ўзгача, яъни абсолют ҳокимият ва тўлиқ бўйсуниш сингари ғоялар тизимига таянади. Демократик жамият одамларни сайловда қатнашишга жалб қилишда ишлатадиган усуллар диктаторлик тизимида иш бермайди. Чунки улар тизим ўзлигига мос келмайди. Ушбу ғоявий тизимда (диктаторлик) овоз беришга ўрин йўқ.

Aлоҳида шахслар, ташкилотлар ёки жамоаларга яқиндан назар ташлаганимизда ҳам ушбу қонуниятга гувоҳ бўламиз. Ҳар қандай тизим ортида фикрлар, ғоялар ва қарашлар тўплами ётади. Ҳар бир одат ортида шахсият яширинган.

Шахсиятга мос келмайдиган хулқ-атвор узоқ вақт давом этмайди. Бадавлатроқ бўлишни исташингиз мумкин, аммо шахсиятингиз ишлаб чиқарувчидан кўра кўпроқ истеъмолчиникига ўхшаса, даромад қилишдан кўра кўпроқ пул сарфлашга мойилроқ бўласиз. Саломатлигингиз мустаҳкам бўлишини хоҳлаётган бўлсангиз ҳам юксак натижаларга нисбатан қулайликни устун кўрадиган бўлсак, машғулотларга қатнашдан кўра дам олиш томонга кўпроқ оғасиз. Эски одатларингизга сабаб бўлган қарашларни ўзгартирмасдан туриб хулқ-атворингизни ўзгартириш қийин кечади. Янги мақсад ва янги режалар пайдо бўлаверади, аммо ким эканингиз ўзгармай қолади.

Боулдерлик (Колорадо штатидаги шаҳар) тадбиркор Брайан Кларк ҳақидаги ҳикоя бунга яққол мисол бўла олади. “Эсимни таниганимдан бери тирноқларимни тишлардим, – дейди Кларк. – Бу ёшлик пайтларимда асабийлашганимда такрорланадиган одат ўлароқ бошланиб, кейинроқ ўзимга оро беришдаги ёқимсиз маросимга айланиб қолди. Кунларнинг бирида тирноқларим бир қадар ўсмагунча уларни ўз ҳолига қўйишга қарор қилдим. Фақат иродамга таяниб, бу ишни амалга ошира олдим”.

Сўнг Кларк кутилмаган йўл тутди.

“Мен хотинимдан биринчи маротаба маникюрлаш хизматига навбатга ёздириб қўйишини сўрадим”, – дейди у. – Aгар тирноқларимни яхши сақлаш учун пул сарфласам, уларни ортиқ тишламасман деб ўйладим. Ғоя иш берди. Фақатгина молиявий сабабларга кўра эмас. Маникюрдан кейин тирноқларим умримда биринчи маротаба чиройли кўрина бошлади. Маникюрчининг сўзларига кўра тирноқларим соғлом ва чиройли эди. Уларни ғажиш одатимни ҳисобга олмаса, албатта. Бирдан ўз тирноқларимдан фахрлана бошладим. Гарчи бунга интилмаган бўлсам ҳам, айнан шу ҳолат ҳал қилувчи рол ўйнади. Ўшандан бери тирноғимни бирор марта ҳам ғажимадим. Бундай фикр ҳатто хаёлимдан ҳам ўтмади. Чунки уларга етарлича эътибор бераётганимдан фахрланардим”.

 

Одат шахсиятнинг бир қисмига айланиши бу ички мотивациянинг энг олий шаклидир. Қандайдир тоифа инсонга айланишни хоҳлайдиган одам бўлиш қаёқда-ю, шундай тоифадаги одам бўлиш қаёқда.

Шахсиятингизнинг қайси бир жиҳатидан фахрлансангиз, шу жиҳат билан боғлиқ одатларни такрорлашга кўпроқ мотивацияга эга бўласиз. Aгар сочингиздан ғурурлансангиз, уни парвариш қилиш билан боғлиқ турли-туман нарсаларга одатланасиз. Aгар елка мушакларингизни кўз-кўз қилишни ёқтирсангиз, тош кўтариш машғулотларини ҳеч қачон қолдирмайсиз. Aгар ўз қўлларингиз билан тўқиган шарфларингиз ўзингизга манзур бўлса, соатлаб тўқиб ўтиришингиз мумкин. Фахр туйғуси аралашгандан кейин одатларингизни ҳимоя қилиш учун тиш-тирноғингиз билан қуролланасиз.

Хулқ-атворни ўзгартиришнинг асл усули ўзликни ўзгартиришдир. Бирор нарсадан мотивация олиб қандайдир одатни бошлашингиз мумкин, бироқ ушбу одат шахсиятингизнинг бир бўлагига айланганидагина уларга содиқ қоласиз. Ҳар қандай одам ўзини бир-икки марта спорт залига ташриф буюриш ёки соғлом овқатланишга мажбурлаши мумкин. Бироқ токи хулқ-атвор ортидаги қарашлар ўзгармас экан, бошланган ишни узоқ вақт давом эттириш қийин кечади. Токи ўзлигингизга сингиб кетмас экан, барча ўзгаришлар вақтинчалик бўлади.

• Мақсад китоб ўқиш эмас, балки китобсеварга айланиш.

• Мақсад марафонда қатнашиш эмас, балки яхши югурадиган спортчига айланиш.

• Мақсад бирон-бир мусиқа асбобини ўрганиш эмас, балки мусиқачи бўлишдир.

Хулқ-атворингиз, одатда, ўзлигингизни акс эттиради. Нималар қилаётганингиз онгли ёки онгсиз равишда ўзингизни қандай инсон деб ҳисоблашингизнинг кўрсаткичидир.6 Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, инсон ўзлигининг бир қисмига қаттиқ ишонса, у катта эҳтимол билан шу қарашга мос равишда иш тутади. Масалан, ўзини “овоз берувчи” деб ҳисоблайдиган одамлар шунчаки “овоз беришим керак” дейдиганларга нисбатан сайловларда кўпроқ қатнашади. Худди шунга ўхшаб, жисмоний машқлар қилиш онгига сингиб кетган инсон ўзини машғулотларга мажбурлаши шарт эмас. Тўғри йўл тутиш қийин эмас. Aхир одатлар ва шахсият бир-бирига тўлиқ мос келгандан кейин албатта, хулқ-атворни ўзгартиришга ортиқ уринмайсиз. Шунчаки ўзингизни қандай инсон сифатида кўришингиздан келиб чиқиб ҳаракат қиласиз.

Одатларни шакллантиришнинг барча жиҳатлари сингари бу ҳам икки томони ўткир қиличдир. Сиз учун ишлаётганда шахсиятни ўзгартириш – ўз устида ишлашда энг кучли воситага айланиши мумкин. Сизга қарши ишлаётганда эса худди қарғишдек таъсир қилади. Қандайдир ўзликни қабул қилганингиздан сўнг ундан осонликча ўзгаришларга мойиллигингизни оширишда фойдаланиш мумкин. Кўплаб одамлар умрини шахсияти билан боғлиқ нормаларга кўр-кўрона амал қилиб ғафлатда ўтказади.

• Йўналишни белгилашда қийналаман.

• Мен эрта турадиганлардан эмасман.

• Одамларнинг исмини эслаб қололмайман.

• Доим кеч қоламан.

• Янги технологияларни унчалик тушунмайман.

• Математикага иқтидорим йўқ.

… ва яна минглаб бошқа вариантлар.

Юқоридаги жумлаларни йиллар давомида ўзингизга ўзингиз такрорлайверсангиз маълум бир фикрлаш қолипига тушиб қоласиз ва уларни ҳақиқат сифатида қабул қила бошлайсиз. Вақт ўтгани сайин “Шахсиятимга тўғри келмайди”, деган баҳоналар билан у ёки бу ишни қилишга қаршилик кўрсата бошлайсиз. Ҳар бир инсонда ўзи ҳақидаги тасаввурларни муайян тарзда сақлаш ва шунга мос тарзда ҳаракат қилишга ички талаб мавжуд. Ички дунёнгиз билан номутаносиблик юзага келмаслиги учун у қўлидан келган барча ишни қилади.

Маълум фикр ёки ҳаракат шахсиятингиз билан қанчалик чамбарчас боғланган бўлса, уларни ўзгартириш шунчалик қийин бўлади. Гарчи нотўғри эканини билиб турсангиз ҳам, маданиятингизга хос қарашларга (гуруҳ шахсияти) ёки ўзингиз ҳақингиздаги фикрларга (индивидуал шахсият) содиқ қолишга уринасиз. Якка шахс, жамоа ёки бутун бир жамият даражасида бўлсин, яхши одатни шакллантириш олдидаги энг катта тўсиқ бу шахсият билан номутаносибликдир. Яхши одатлар мантиқан тўғри бўлиши мумкин, бироқ шахсиятингизга мос келмаса, уларга амал қилишда муваффақиятсизликка дуч келасиз.

Бир кун жуда банд бўлганингиз, ҳаддан ортиқ чарчаганингиз ёки юзлаб бошқа сабабларга кўра одатларни бажаришга қийналишингиз мумкин. Аммо узоқ муддат давомида уларни қилиш-қилмаслигингиз одатларнинг ўзингиз ҳақингиздаги тасаввурларга мос келиш ёки келмаслигига бориб тақалади. Шу сабабдан шахсиятингизни сақлаб қолишга қаттиқ уриниш мақсадга мувофиқ эмас. Олдинга ҳаракатланиш учун ўзлигингизнинг айрим жиҳатларидан воз кечишингиз зарур. Ривожланишдан тўхтаб қолмаслик учун қарашларингизни вақти-вақти билан таҳлил қилиб туришингиз, шахсиятингизни кенгайтириб, янги даражаларга кўтарилишингиз зарур.

Шу тарзда фикрлашда давом этадиган бўлсангиз, олдингизда қатор саволлар пайдо бўлади: агар дунёқарашингиз ва фикрларингиз хулқ-атворингизга шунчалик катта таъсир кўрсатадиган бўлса, уларнинг ўзи қандай пайдо бўлади? Шахсият қандай шаклланади? Шахсиятнинг ўсишига кўмаклашадиган жиҳатларини қандай кучайтириб, халақит берадиганларини аста-секин сўндириш мумкин?

Шахсиятни ўзгартиришнинг икки босқичи

Шахсият одатларингиздан шаклланади. Сиз ҳозирги қарашларингиз билан туғилмагансиз. Ҳар бир фикр, шу жумладан, ўзингиз ҳақингиздаги тасаввурлар ҳаёт давомида шаклланади ва ўзгаради.7

Янада аниқроқ қилиб айтганда, сиз шахсиятингизни одатларингиз орқали намоён қиласиз. Ҳар куни ўрнингизни йиғиштирганингизда тартибли инсон эканингизни, ҳар куни янги бир нарса ёзганингизда ижодкор инсон эканингизни, ҳар куни спорт билан шуғулланганингизда соғлиғига беэътибор бўлмаган одам эканингизни намоён қиласиз.

Бирон-бир одатни қанчалик кўп такрорласангиз, шахсиятингизнинг ушбу одат билан боғлиқ жиҳатини шунчалик кўп мустаҳкамлайсиз. Аслида, шахсият сўзи қадимги лотин тилида бўлиш маъносини билдирувчи “essentitas” ҳамда қайта-қайта маъносини берувчи “identidam” сўзларидан келиб чиққан. Яъни сўзма-сўз таржима қилинганда ушбу атама “такрорланувчи ўзлик” деган маънони билдиради.

Ўзингизни ким деб ўйлашингиздан қатъи назар, бундай фикрлашга далиллар мавжудлиги учунгина шундай фикрлайсиз. Йигирма йил давомида ҳар якшанба черковга қатнаган бўлсангиз, диндор эканингизни исботловчи далилга эгасиз. Aгар ҳар куни кечқурун бир соат вақтингизни биологияни ўрганишга сарфласангиз, тиришқоқ эканингизга далил бор. Об-ҳаво қандай бўлишидан қатъи назар спорт билан шуғулланишингиз – соғлом турмуш тарзига амал қилишингизга далилдир. Шахсиятингизнинг бирон-бир жиҳатини исботловчи далиллар қанчалик кўп бўлса, ўзингиз ҳам унга шунчалик кўп ишонасиз.

Aвваллари ўзимни ёзувчи деб ҳисобламас эдим. Aгар мактаб ёки университетдаги ўқитувчиларимдан мен ҳақимда сўрасангиз, улар мени ўртамиёна ёзиш кўник маларига эга талаба сифатида эслашларига гувоҳ бўласиз. Ёзувчилик фаолиятимнинг дастлабки йилларида фақат душанба ва пайшанба кунлари биттадан янги мақола ёзар эдим, холос. Aммо улар менинг ёзувчи эканимни исботловчи далилга айланди ва ижодкорлик шахсиятимнинг бир қисмига айлана бошлади. Дастлаб ёзувчи эмас эдим. Эндиликда одатларим орқали ёзувчига айландим.

Шахсиятингизнинг шаклланиши фақатгина одатларга боғлиқ эмас, албатта. Aммо одатлар кўп такрорлангани туфайли энг муҳим омилга айланади. Бошингиздан ўтказган ҳар бир воқеа шахсиятингизга ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Бироқ бир марта тўп тепиш билан ўзингизни футболчи ёки битта эскиз чизиб рассом деб ҳисобламайсиз. Бироқ юқоридаги ҳаракатлар такрорланиб, далиллар сони ортиб боргани сайин ўзингиз ҳақингиздаги тасаввурлар ҳам ўзгара бошлайди. Вақт ўтган сайин бир марталик воқеанинг таъсири камаяди, одатларники эса ортиб боради. Бошқача қилиб айтганда одатлар сизнинг шахсиятингиз қандайлиги ҳақидаги энг кўп далил билан таъминлайди. Шу маънода янги одатларни яратиш жараёнини ўзлигингизни шакллантиришга тенглаштириш мумкин.

Бу узоқ вақт талаб қиладиган жараён. Янгича одам бўлишга қарор қилганимиздан сўнг бир зумда ўзгариб қолмаймиз. Ўзгаришлар кундан-кунга, бир одат ортида бошқаси ўзгариши тарзида юз беради.8 Шахсиятимизда доимий равишда митти эврилишлар рўй беради.

Ҳар бир одат “Балки, мен шундай одамдирман?” деган таклифни бераётганга ўхшайди. Битта китобни ўқиб тугатган бўлсангиз, балки, китобсевар одамдирсиз? Спорт залига борсангиз, балки спорт билан шуғулланишни ёқтирадиган инсондирсиз? Гитара чалишни машқ қилсангиз, балки, мусиқани севадиган шахсдирсиз?

Ҳар бир ҳаракатингиз қандай инсон бўлишингизга берилган овоздир. Aлоҳида воқеа ўз ҳолича қарашларингизни ўзгартира олмайди. Бироқ овозлар йиғилиб янги шахсиятингиз, ўзлигингизни тобора кўпроқ тасдиқлай бошлайди. Шу сабабдан сезиларли ўзгариш учун кескин бурилиш шарт эмас. Кичик одатлар ҳам шахсиятингизни сезиларли даражада ўзгартира олади. Ўзгариш сезиларли экан, демак, у катта ҳамдир. Aйнан шу ҳодиса кичик ўзгаришлар парадоксидир.

5Ушбу фикрга Архилохнинг “Биз умидларимиз даражасигача кўтарилмаймиз, балки тайёргарлик даражамизгача тушамиз” деган ибораси туртки берган.
6Ҳушсиз, онгсиз ёки онгости атамаларининг барчаси огоҳлик ёки фикрлаш йўқлигини англатади. Ҳатто илмий доираларда ҳам улардан бир-бирининг ўрнини боса оладиган тушунчалар сифатида фойдаланилади. Ҳам биз онгли бошқара олмайдиган жараёнларни, ҳам шунчаки атрофдаги воқеаларга эътибор бермаётганимизни англатгани учун мен кенг маънога эга онгсиз атамасини танлашга қарор қилдим. Ушбу атама ҳозирда онгли равишда фикрламаётган ҳар қандай ақлий жараённи билдиради.
7Табиийки, шахсиятимизнинг айрим жиҳатлари вақт давомида ўзгармайди. Масалан, ўзимизни баланд ёки паст бўйли деб ҳисоблашимиз. Аммо шу сингари доимий белги ва сифатларни ижобий ёки салбий қабул қилишимиз ҳаётимиз давомида турли воқеалар таъсирида ўзгариб туради.
8Атом одатлар шу сабабга кўра ҳам ўзгаришларнинг самарали кўринишидир. Агар шахсиятимизни жуда тез ўзгартириб, қисқа вақт ичида бутунлай бошқа одамга айланадиган бўлсак, худди ўзлигимизни йўқотиб қўйгандек ҳис қиламиз. Аммо шахсиятимизни аста-секин янгилаб, кенгайтириб борсак, бир вақтнинг ўзида ҳам янги шахсият ҳосил қиламиз, ҳам аввалги ўзлигимизни сақлаб қоламиз. Аста-секин бир одат кетидан бошқасига, бир мисолдан кейингисига ўтганимиз сайин янги ўзлигимизга кўникиб борамиз. Атом одатлар ва кичик ўзгаришлар ўзликни йўқотмасдан туриб уни ўзгартиришнинг калитидир.